FATTOHHON.COM
« Все новостиҲар йили Конституция куни арафасида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилиб, турли унвонлар, орден ва медалларга сазовор бўлган ҳамюртларимизга мукофотларни тантанали равишда топшириш яхши анъанага айланган.
7 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида давлат мукофотларини тантанали топширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни юксак унвонлар, орден ва медалларга сазовор бўлгани муносабати билан самимий қутлади. Улар орқали барча ватандошларимизни Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги билан муборакбод этди.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар Конституциямиз ва Ҳаракатлар стратегиясига асосланишини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари якунига етиб бораётган йилда амалга оширилган ишларга тўхталар экан, халқ билан мулоқотда бўлиб, одамларнинг оғирини енгил қилишга асосий эътибор қаратилганини қайд этди.
Дарҳақиқат, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да оддий одамлар билан мулоқотнинг мутлақо янги ва самарали тизими яратилди. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1,5 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушди ва уларнинг 1 миллиондан ортиғи ижобий ҳал этилди.
Бугунги кунда дунёдаги нуфузли эксперт ва мутахассислар ҳам халқ билан мулоқотнинг бундай усули жиддий самара бераётганини эътироф этмоқда.
- Халқимиз Яратгандан аввало тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада, албатта, улкан ишлар амалга оширилди. Участка профилактика инспекторларига хизмат машиналари ва уй-жойлар ажратилмоқда. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” сифатида белгиланди. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Айниқса ёшларимиз учун уларнинг соғлом туғилишидан то мустақил ҳаётга қадам қўйгунича барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани эътиборлидир. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош ассамблеясининг сентябрь ойида бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани бу борадаги янада бир муҳим қадам бўлди.
Жорий йилда бошқа муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тузилиб, барча давлат органлари ва маҳаллаларда ёшлар масалалари бўйича раҳбар ўринбосари лавозимлари ташкил этилди.
Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг энг олижаноб қадрияти ҳисобланади. Шу маънода, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини жонлантириш, хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, ҳаётий манфаатларини таъминлаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида турибди.
Шу билан бирга соғлиқни сақлаш соҳасида улкан янгиланишлар рўй берди. Дори-дармон таъминоти, тез тиббий ёрдам, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан яхшилаш, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ муҳим вазифалар амалга оширилди. Қишлоқ врачлик пунктлари негизида 800 га яқин оилавий поликлиника, 400 дан ортиқ тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Қишлоқда ишлайдиган 700 га яқин шифокор хизмат уйлари билан таъминланди.
Хориждаги нуфузли клиникаларда ишлаётган 60 га яқин ўзбекистонлик малакали шифокор юртимизга олиб келиниб, қулай шароит билан таъминланди. Улар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилмоқда. Шунингдек, хориждаги йирик тиббиёт масканларининг шифокорлари Ўзбекистонга келиб, мураккаб операцияларни амалга оширмоқда. Ҳудудларда пойтахтдаги ихтисослашган тиббий марказларнинг филиаллари ташкил этилди. Патронаж ва скрининг масаласига энг асосий вазифа сифатида қаралмоқда.
Бугунги кунда юртимизда йўл-транспорт инфратузилмаси, коммунал хизмат даражасини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Қишлоқ жойларга тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш бўйича катта-катта дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда янги маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, кинотеатрлар, кўргазма заллари, кутубхоналар бунёд этилмоқда.
Шаҳар ва қишлоқларда янги лойиҳалар асосида замонавий, арзон уй-жойлар қурилаётгани таҳсинга лойиқдир. Жорий йилда шаҳарларда 191 та кўп қаватли, қишлоқ жойларда янгиланган намунадаги 24 мингта уй-жой барпо этилди. Натижада 33 мингдан зиёд оила, жумладан, 7 минг ёш оила янги уй-жойга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни барқарор ривожлантириш мавзуига тўхталиб, ўнлаб янги саноат корхоналари бунёд этилаётгани, валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, тадбиркорларга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, бу соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар туфайли юртимизда янги-янги саноат корхоналари, хизмат ва сервис шохобчалари ташкил этилмоқда, энг муҳими, минглаб одамлар иш билан таъминланмоқда.
Бу йилги мавсумда мураккаб иқлим шароити, об-ҳаво инжиқликларига қарамасдан, миришкор деҳқон ва фермерларимиз улкан ғалла ва пахта хирмонларини кўтариб, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди. Шавкат Мирзиёев шуни таъкидлар экан, бу йил юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида қонун қабул қилингани, шу кунларда барча вилоят ва туманларда ана шу сана ҳосил байрами сифатида кенг нишонланаётганини қайд этди.
Илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам қатор қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳалар вакиллари билан бир неча бор учрашиб, улар олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилди. Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга зарур маблағ ва ресурслар ажратилди. Янги илмий марказлар, технопарклар ташкил этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилгани бу борада муҳим янгилик бўлди.
- Илм-фан – тараққиёт асоси, - деди Шавкат Мирзиёев. - Замонавий илм-фан ютуқларига, инновацион ғояларга таянмаган давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам келажаги йўқ. Фақат илм ва маърифат, интеллектуал салоҳият, ҳар томонлама билимли кадрлар ҳисобидан биз Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқа оламиз.
Кейинги бир йилда юз берган ва яққол кўзга ташланадиган яна бир воқеа – узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Чегара масалаларида тарихий келишувларга эришилди. Юртимиздаги миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳити мустаҳкамланди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, халқ билан бамаслаҳат иш олиб борган одам ҳам, давлат ҳам ҳеч қачон кам бўлмаслигига, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб, ўзининг эзгу мақсад-муддаоларига албатта эришишига барчамиз кундалик ҳаётимизда ишонч ҳосил қилаётганимизни алоҳида таъкидлади.
Шундай экан, бу йўлда бошланган хайрли ишлар келгусида ҳам албатта давом этаверади.
Prezident.uz дан олинди