FATTOHHON.COM
« Все новости
Қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз байрамларини катта шодиёна билан давом эттиришмоқда. Маданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, байрам муносабати билан Тошкент шаҳрига Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган қишлоқ хўжалиги ходимлари, айни пайтда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат Академик катта театрида Комде ва Моданнинг оташин муҳаббатини тараннум этувчи Шароф Рашидовнинг “Икки дил достони” асари асосида саҳналаштирилган балет намойишини, Ўзбек Миллий Академик драма театрида эса Э.Хушвақтов асари асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ф.Абдуллаев саҳналаштирган “Кўнгил” (лирик комедия) спектаклини томоша қилишди. Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театирига ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишлаб тайёрланган концерт дастурини томоша қилишди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига ташриф буюрганлар Қ.Норқобил асари асосида Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов томонидан саҳналаштирилган “Дилдаги доғ ёхуд қопқон” деб номланган икки пардали мусиқали драмани томоша қилишди. Намойиш этилган ушбу спектакллар қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрамига муносиб туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қишлоқ хўжалик ходимлари бўлган эътибор ва ишонч, ҳамда маданий тадбирлар уларни янада руҳлантириб, янгича руҳда меҳнат қилишга ундайди.