FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги № 997-сон қарори билан “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида актёрлик санъати таълим йўналишида махсус сиртқи бўлимни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Республикадаги барча театрларни етук ва малакали мутахассислар билан таъминлаш, театрларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш ва уларни тайёрлаш тизимини сифатли ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди: 1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида (кейинги ўринларда Институт деб аталади) актёрлик санъати таълим йўналишида махсус сиртқи бўлимни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги Институтда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб актёрлик санъати таълим йўналишида махсус сиртқи бўлим учун қабул квоталарини белгиланган тартибда шакллантирадилар. 3. Белгилаб қўйилишича: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 16 ноябрдаги ПҚ-3 389-сон қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг актёрлик санъати таълим йўналишидаги махсус сиртқи бўлимга ушбу ёки турдош таълим йўналишлари бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига, театр ва бошқа маданият муассасаларида таълим йўналишига мувофиқ камида уч йил амалий иш стажига ҳамда белгиланган тартибда тавсияномага эга бўлган иқтидорли абитуриентларни қабул қилиш кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилади; Институтда махсус сиртқи таълим жараёнини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади; Махсус сиртқи таълим шаклида ўқиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади.