FATTOHHON.COM

« Все новости

КЛИПСИЗ, ПРЕМЬЕРАСИЗ ҲАМ ҚЎШИҚ МАШҲУР БЎЛИШИ МУМКИНМИ? 15.12.2017 09:36

 photo (3)

 

Одатда бирор қўшиқни оммалаштириш, уни тингловчилар кўнглидан жой олиши учун катта маблағ сарф этилиб, кучли ҳаракат қилинади. Қўшиқ премьера қилинишидан аввал анонс, сўнг премьера бўлиб, радиоларда янграйди. Унга клип суратга олинади ва ТВ эфирларга берилади. Аммо, Улуғбек Раҳматуллаев “Гўдак ноласи” қўшиғини куйлаганда, бу ишларнинг ҳеч бирини қилгани йўқ! Қўшиқ унинг янги концерт дастурида илк бор янграганидаёқ тингловчилар эътиборига тушди ва уни кўзида ёш билан тинглашди! Шундан сўнг, талабларга биноан интернетда, кейин эса, ҳеч қандай анонс ва премьераларсиз радиоларда янгради ҳамда, қанот ёзиб, ҳамманинг кўнглини забт этишни бошлади! Ҳаттоки, аввал Улуғбек Раҳматуллаевнинг қўшиқларини ёқтирмаганлар, уни тингламаганлар ҳам, шу қўшиқдан сўнг, унинг ижодига алоҳида эътибор билан қарай бошлашди. “Гўдак ноласи” учун унга раҳмат айтганлар қанча! Қўшиқнинг интернетга қўйилган видеоси,  ҳали бир ой бўлмай туриб, 1 миллионга яқин томошабин томонидан кўрилган.

 

photo (1)

 

Улуғбек Раҳматуллаевнинг ўзи эса, шу мавзуда суҳбатлашганимизда камтарлик билан шундай деди: - Ўзим ҳам ҳайрон қолдим! Ростдан ҳам қўшиқни алоҳида премьера қилмадик! Қўшиқ биринчи бўлиб, янги “Ёнимда” мусиқий альбомимдан жой олган эди ва концертда янграгач, жуда кўпчилик сўраганлари учунгина интернетда ўз профилимга жойлаштирдим! Радиоларда анонс ва премьерасиз, шунчаки бердик. Кутилмаганда оммалашиб, тарқалиши бошланиб кетди! Ҳозир қаёққа борсам, “раҳмат ака, шу қўшиқни яхши куйлабсиз, зўр чиқибди, эшитиб йиғладим” деган гапларни айтишяпти. Ҳаттоки, баъзилар олдин мени қўшиқларимни тингламаган бўлишса, шу қўшиқдан кейин ҳурмати ошиб, мухлис бўлганлигини билдириб, ижтимоий тармоқлар орқали ёзишяпти... Тўғриси, бу қўшиққа бунчалик эътиборни кутмаган эдим! Ҳали ТВ орқали берилмай туриб, шунчалик бўляпти, ҳали ТВ да кетса, билмадим... Концерт версиясини сўрашди, яқинда намойиш қилмоқчимиз! Ўзи азалдан янги қўшиқ яратганда, доим биринчи навбатда қўшиқ сифати, унинг мазмунига эътибор қаратиб келганман, лекин “Гўдак ноласи”дан сўнг,  янада жиддий ва мазмунли, янада таъсирли, тингловчилар қалбига етиб борадиган қўшиқлар яратиш, ижоддаги асосий мақсадимга айланди!

 

photo (2)

 

Чиндан ҳам, асосий эътиборни қўшиқ мазмунига қаратиш зарурлигини, шунда ҳеч қандай премьера, клип ва промасиз ҳам, қўшиқ тингловчилар кўнглидан чуқур жой олишини, ҳозирданоқ жуда кўплаб тингловчилар томонидан “Йилнинг энг яхши қўшиғи” деб, эътироф этилаётган Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Гўдак ноласи” чинакамига исботлаб бера олди!

 

Феруза Фаттохова