FATTOHHON.COM
« Все новости17 декабрь куни Ал-Қувайт шаҳрида Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон маданият кунларининг очилиши Ўзбекистонни мадҳ этувчи фотокўргазмалар намойиши билан бошланди. Қувайт Давлати марказидаги “Ал-Адвания” кўргазмалар галереяси ўзбекона рухда миллий безатилди. Кўргазма зали марказига йирик ўлчамдаги баннер, давлат байроқлари ва Давлат Раҳбарларининг портретлари ўрнатилди.
Кўргазма асосан 5 қисмдан иборат: Ўзбекистон - Ислом маърифати ва алломалар юрти; Халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмлари намойиши (ҳаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, кандакорлик, каштачилик, атлас ва адрас); Ўзбекистоннинг саёҳлик салоҳияти (15 турдаги махсус буклет, видеороликлар намойиши); Ўзбекистон тарихи ва бугунги жадал тараққиётини ёрқин акс эттирувчи фотокўргазмалар намойиши ўтказилди. Меҳмонларни миллий лисоблардаги ўзбек қизлари ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олди.
Қувайтда Ўзбекистон маданияти кунлари расмий очилиш маросими соат 10.00да давлат мадҳиялари ва Қурони Каримдаги оят билан бошланди.
Олдиндан тайёрланган махсус дастурга мувофиқ, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков очиб берди.
Тадбирда Қувайт Маданият, санъат ва адабиёт миллий кенгаши бош котиби Али Хусейн ал-Юха (лавозимига кўра – вазир) ва унинг вакиллари, шунингдек, Қувайт давлатидаги Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев ҳамда, элчихона ходимлари қатнашди.
Тадбирнинг расмий очилиши маросимида томонлар ўзаро эсдалик совғаларини бир бирларига тақдим этишди.
Тадбирда ўн бешдан ортиқ давлатнинг Фавқулодда ва мухтор элчилари, бошқа мамлакатларнинг элчихона ходимлари, Қувайтликлар ва Қувайтдаги ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Кўргазманинг ҳар бир бўлими, айниқса, ҳаттотлик ҳамда халқ ҳунармандчилик буюмлари, Ўзбекистон маданий мероси Али Ҳусейн ал-Юха ва тадбирнинг бошқа иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Масалан, ҳаттот Ҳабибулло Солиҳ меҳмонлар иштирокида Ўзбекистонда сақланаётган муборак Усмон Мусҳафининг биринчи саҳифаси (Фотиҳа суръасини) ҳаттотлик санъати асосида ёзиб берди, ушбу ёзилган санъат асарини Ўзбекистон маданият кунларидан эсдалик совғаси сифатида “Али Ҳусейн ал-Юхага тақдим этди.
Шунингдек, ёғоч ўймакорлик махсулотлари намойишида Лавҳ, унинг мақсади ва ундан фойдаланиш ишлари тадбирнинг ҳар бир иштирокчисини қизиқтирди. Али Ҳусейн ал-Юха ва кўп давлатларнинг элчилари ундан ўзлари учун тадбирдан эсдалик сифатида олдилар.
Фотокўргазмадан жой олган ҳар бир фотосурат меҳмонларнинг диққатини ўзига жалб этди, айниқса, Регистон мажмуаси ва Ичан қалъа иштирокчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кескин оширди.
Тадбир давомида ўзбек санъат усталари томонидан машҳур миллий куйлар жонли ижро этилди. Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ғижжакдаги юксак маҳорат билан ижро этган мусиқаси билан барчани шайдо этди.
“Ал-Адвания” кўргазмалар галереясининг иккинчи бўлимида Ўзбекистондан келтирилган ноз-неъматлар, сарҳил мевалар, миллий қандолатчилик маҳсулотлари, ошпазимиз томонидан таёрланган палов тортилиши байрамга ўзгача руҳ бағишлади.
Айниқса, қуруқ ва сарҳил мевалар, хусусан, узум ва анор кўплаб тадбир иштирокчилари, элчилар ва Қувайтликларни Ўзбекистон заминига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга бўлган қизиқишини орттирди.
Ал-Қувайт шаҳрининг 10 дан ортиқ ОАВ вакиллари очилиш маросимини ёритишди. Тадбирнинг биринчи кунида 5 та давлат элчилари интервью бериб, маданият кунлари хақида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Фотолар ва учун Эркин Файзга
миннатдорчилик билдирамиз