FATTOHHON.COM
« Все новости“Шуҳрат” медали соҳиби Ҳожиакбар Шукурович Раҳматов куни оламдан ўтди. Хонанда шу кунга қадар Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмасининг “Навбаҳор” ашула ва рақс ансамбли олий тоифали хонандаси сифатида фаолият юритган. Унинг ижоди серқирра бўлиб, аксарият қўшиқлари она-ватанга, заминга муҳаббат, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга бағишланган. Фаолияти давомида Малайзия, Туркия, Ҳиндистон, Украина, Германия мамлакатларида “Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари” гастроль сафарларида бўлиб, ўзбек санъатини жаҳон халқларига яқиндан таништирган. У ижро этган “Зилоликда”, “Сочингни майда ўргин”, “Эшигингни билмай очдим”, “Зебо қиз” қўшиқлар эл юрт орасида олқишларга сазовор бўлган.
Ансамблдаги фаолиятида устоз санъаткор сифатида санъатни ривожлантириш, ёш хонандаларнинг профессионал маҳорати ва тажрибасини ошириш билан бирга она юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдодларини ривожлантириш борасида талабчанлик ва жонкуярлик билан меҳнат қилган.
Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради.