FATTOHHON.COM

« Все новости

“БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗНИ МАРД ВА ОЛИЖАНОБ ХАЛҚИМИЗ БИЛАН БИРГА ҚУРАМИЗ!” 22.12.2017 11:58

photo (2)

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Миробод, Мирзо Улуғбек, Шайҳонтоҳур туманларидаги олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари, болалар мусиқа ва санъат мактаби, маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мазмунидаги тарғибот тадбирлари юқори савияда ўтказилди.

Мазкур тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

photo (1)

Маданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур тадбирларда 70 нафардан зиёд таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этиб, жами 7 мингдан зиёд ўқувчи ёшлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон Халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва маданият ходимлари, Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари ўқувчи ва талаба ёшларга ўтган қисқа давр мобайнида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастурининг ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхоналари” фаолият кўрсатиши “Инсон манфаати – ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоянинг ҳаётга изчил ва самарали жорий этилиши ҳусусида сўзлаб бермоқдалар.

Шунингдек, тарғиботчилар Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг яқинда нашрдан чиққан “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғояларни ишонарли ҳаётий мисоллар асосида, содда ва самимий усулда кенгроқ етказиб “жонли мисоллар” билан таъсирчан руҳда гапириб бермоқдалар. Ёшлар орасидан ҳам вакиллар сўзга чиқиб, бугунги кунда халқаро мусобақа ва танловларда эришган ютуқлари, яратилган имкониятлар тўғрисида сўзлаб, тенгдошларини яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга, Ватанга, жамиятга муносиб фарзанд бўлишга чақирмоқдалар.

Шунингдек, ўтказилаётган тадбирлар давомида таълим муассасаларида, ёшларни ватанпарварликка ундовчи, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи, шунингдек, ғаразли ғоялар ва турли кучларнинг жинояткорона ҳаракатларини фош этувчи “Кейинги бекат”, “Оқ булут”, “Қадр” “Тинчлик соҳили” каби бадиий фильмлар намойиш қилинди.

photo (3)