FATTOHHON.COM
« Все новости2017 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон давлат санъат музейида Маданият вазирлиги тасарруфидаги музейларнинг 2017 йилдаги иш фаолияти якунлари ҳамда музейлар томонидан 2018 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган музейлар раҳбарлари иштирок этди.
Маданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишга Вазир ўринбосари, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акилова Камола Балтабаевна раислик қилди.
Йиғилишда 2017 йил музей соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан:
2017 йил давомида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейининг “Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ва маданияти”га бағишланган янги экспозиция яратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, шоир ва бастакор Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб, Хоразм вилоятида Комилжон Отаниёзовнинг уй-музейи ташкил этилди ҳамда унинг таваллуди муносабати билан қатор республика миқёсидаги тадбирлар доирасида музейнинг очилиш маросими ўтказилди.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятида атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов ҳамда таниқли драматург ва шоир Хамид Олимжон ва Ўзбекистон халқ шоири Зулфия хаёти ва ижодига бағишланган 2 та музей экспозицияси яратилди.
Шунингдек, ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи учун янги музей ва фонд биноси барпо этилиб, ушбу музейда янги экспозиция ташкил этилди ҳамда шу йил мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди.
Келгуси йилларда, дастур доирасида яни 7 та янги музей (Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ туманида Экология музейи, Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси таркибида Бухоро тарихи музейи, Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси филиали сифатида Мутал Бурхонов уй музейи, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси филиали сифатида Эргаш Жуманбулбул ўғли ёдгорлиги музейи, Тошкент вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Фарғона вилоят Олтиариқ туманида Эркин Воҳидов уй-музейи, Хоразм вилояти Ургенч шаҳрида Авесто мероси музейи) ташкил этилиши режалаштирилган.
Вазир ўринбосари К.Акилова ўз сўзида 2017 йилни мажозий маънода “Маданият ва санъат йили” бўлганлиги, айнан шу йилда маданият ва спорт соҳаси бошқаруви тубдан ислоҳ қилиниб, Маданият вазирлиги фаолияти қайта ташкил этилганлиги, 2017 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият ва санъат соҳасини янада такомиллаштириш бўйича муҳим қарори қабул қилинганлиги, айниқса, шу йилнинг 3 август куни соҳа вакиллари учун тарихий воқеа бўлганлиги, бунинг сабаби муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович мамлакатимиздаги маданият ва санъат вакиллари билан учрашиб, соҳада йиғилиб қолган муаммо ва камчиликларни муҳокамага қўйиб, уларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар ҳамда зарур тавсиялар берганлиги эътироф этилди. Бу воқеадан сўнг, кетма-кет маданият ва санъат соҳани ривожлантириш, уни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинганлиги хусусида тўхталди.
Айниқса, музей ходимлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 975-сонли қарори катта аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилди ва қарор бандлари, дастурда белгиланган вазифалар бирма-бир кўриб чиқилди.
Айни пайтда маданият ва санъат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича қатор ибратли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Фарғона вилоятларида ҳам музей-қўриқхоналар ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлаш дастурда белгиланган. Шудан сўнг вазирлик тасарруфидаги барча музейларнинг 2017 йил фаолияти бўйича ҳисоботлари ҳамда 2018 йилга мўлжалланган иш режалари тақдимот кўринишида намойиш этилди.
Йиғилишда билдирилган фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, натижаларига кўра тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш сўнгида музей раҳбарларига зарур кўрсатмалар, фойдали маслаҳатлар ва тавсиялар берилди.