FATTOHHON.COM
« Все новостиЯнги йил ўзгача шукуҳга ва тароватга эга байрам. Ҳар Янги йил кириб келаётганда, юртимиздаги боғлар, майдонлар безатилиб ўзгача гўзал кўриниш касб этади ва шу лаҳзаларда бир зум бўлса ҳам, инсон болаликка қайтгандек бўлади.
Бу байрамда айниқса, болажонларнинг қувончи чексиз бўлиб, уларни байрам тадбирлари ўтказилаётган боғларда, майдонлардаги безатилган арчалар атрофида хушкайфиятда учратиш мумкин.
Уларнинг қувончини, бахтиёрлигини кўриб, чиндан ҳам юртимиз болалари, оламдаги энг бахтли болалар, деган фикр хаёлдан ўтади. Нафақат болажонлар, балки ҳамма бу байрамни ўзгача кўтаринки руҳиятда кутиб оламиз.
Маданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги “Тошкент шаҳрида Янги йил байрами маданий тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 01-07-09-11-сонли мажлис баёни ижро юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Янги йил тадбирларини муносиб ўтказиш мақсадида, кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бунда: “Мустақиллик ва эзгулик” майдони, Шайхонтоҳур ва Абдулла Қодирий кўчалалари кесишмасида жойлашган “Наврўз” боғи ҳудудидаги (эски ТАПОиЧ ҳудуди) майдони, Шайхонтоҳур тумани “Локомотив-Анхор" боғидаги майдони, Шайхонтоҳур тумани Хадра майдони, Чилонзор тумани Алгоритм даҳасидаги “Roison Elektronics” корхонаси олди майдони, Яшнобод тумани “Дўстлик” боғидаги майдон ва “Ашхабод” номли маданият ва истирохат боғи (мўлжал собиқ Ташсельмаш), Мирзо Улуғбек тумани "Локомотив" маданият ва истироҳат боғидаги майдон, Мирзо Улуғбек тумани "Эко боғ" олди майдони, Сирғали тумани “Green Park” боғида, ҳамда Бектемир тумани “Қуёшча нури” маданият ва истироҳат боғларида 2017 йил 25 декабрдан 2018 йил 8 январгача Янги йил байрами маданий тадбирларини ўтказиш белгиланган бўлиб, Шайхонтоҳур ва Абдулла Қодирий кўчалалари кесишмасида жойлашган “Наврўз” боғи ҳудудида 9 та арча, 6 катта экран, 6та селфи зона эртак қаҳрамонлари билан, 70та қорбобо ва қорқизлар, 37та савдо расталари жойлаштирилган. Барча юқорида кўрсатилган майдонларда катта арчалар, болалар учун аттракционлар, савдо расталари, томошабинлар учун саҳна ва махсус театр томоша дастурлари барчага мунтазир.
Пойтахтимизнинг марказий майдонларида Янги йил томошалари қизғин давом этмоқда. Ёқимли ва шўх мусиқа садолари янграб, “болажонларнинг севимли қаҳрамонлари” барчага яхши кайфият улашмоқда. Турли театр ижодий жамоалари томонидан намойиш этилаётган спектакллар катта-ю кичикни бефарқ қолдирмаётганига гувоҳ бўласиз. Ранг-баранг аттракционлар ва ўйин қурилмалари кичкинтойлар билан гавжум.
Хадра майдони саҳнасида Ўзбекистон Давлат драма театри “Сохта қорқиз” спектаклини намойиш этмоқда.
Чилонзор туманидаги Алгоритм даҳасидаги “Roison Electronics” корхонаси олди майдонида ўрнатилган саҳнада, Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрининг Янги йилга бағишланган спектакли томошабинлар учун ҳавола этилмоқда.
Чилонзор туманидаги Алгоритм даҳасидаги "Roison Electronics" корхонаси олди майдони, Шайхонтоҳур туманидаги “Локомотив-Анҳор”, Хадра майдонлари байрамона безатилган бўлиб, ташриф буюрувчилар ниҳоятда кўп. Таниқли эстрада юлдузларининг образлари яратилган бўлиб, уларнинг чиқишлари барчага манзур бўлмоқда.
Бундай байрамона кўриниш ва Янги йил шукуҳи пойтахтнинг деярли ҳамма майдонларида давом этмоқда!
Маълумот учун: шунингдек, Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли иштирокида, 2017 йил 27-28-29-30 декабр ва 2018 йил 2-3 январ кунлари “Абдулла Қодирий” номли истироҳат боғининг томоша залида ҳам “Янги йил қўшиғи” деб номланган театрлаштирилган томоша бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтимиздаги театрларда ҳам, болажонлар учун Янги йил байрамлари ўтказилиб, спектакллар намойиш қилинмоқда.