FATTOHHON.COM

« Все новости

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВ: ҲАР БИР ТИЗИМДАГИ ЎЗГАРИШЛАРНИ ЖОЙЛАРДА ОДАМЛАР СЕЗИШИ КЕРАК 04.01.2018 09:36

2a368afc-c53c-af9e-a9ee-8bbd756bf0e6

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида 2018 йил 3 январь куни Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳукумат аппарати қайта шакллантирилган эди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси ташкил этилганди.

Йиғилишда мазкур икки комплекснинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди.

Президентимиз кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси замонавий давлатчилигимизда улкан ўзгариш ясаган тарихий воқеа бўлди. Унда 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни билан бирга мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар олдида турган  муҳим  вазифалари ҳақида сўз юритилди. Амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, мактаб таълими сифатини ошириш, тест синовлари ва олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш, спортчиларнинг бўлғуси мусобақаларга тайёрлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш,   экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 

Prezident.uz дан олинди