FATTOHHON.COM
« Все новостиМаданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, 8 январь куни Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, “Миллий армиямиз — ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида, “Армия ва ёшлар” фестивали бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда, Навоий гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар хизматчилари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мактаби тингловчилари, таълим муассасалари талаба ва ўқувчи ёшлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Фестивални округ қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник
У. Дўстматов очди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими К.Турсунов вилоятда биринчи марта ўтказилаётган фестиваль қатнашчилари ва меҳмонларни самимий қутлади. Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник О. Саидов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ж. Ходжаев анжуман иштирокчиларини табриклашди.
Ўйингоҳ узра тинчлик ва осойишталигимиз рамзи — оқ кабутарлар учирилди.
“Менинг армиям — менинг фахрим” ғоясини ўзида мужассам этган Республика миқёсидаги ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган тадбир 3 километр масофага югуриш марафони билан бошланиб, унда
2 мингдан ортиқ иштирокчи беллашди.
Ҳарбий хизматчилар оркестр мусиқаси садолари остида жанговар қўшиқ билан саф тортиб ўтишди. Миллий гвардия, Фахрий қоровул, офицер ва сержантлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ва Қоровул қўшинлари, ички ишлар бошқармасининг қўриқлаш, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув гуруҳларининг кўргазмали чиқишлари иштирокчилар қалбида она юртга садоқат туйғуларини янада кучайтирди.
Мажмуага кираверишда очилган “Армия ёшлар нигоҳида” номли ҳарбий мавзудаги расмлар кўргазмаси “Маҳорат дарслари” шаклида ўтказилди. Навоий маданият ва санъат коллежи 2-курс ўқувчиси Р. Собиров чизган “Ватан ҳимоячилари” суратида жанговар ўқув машғулоти тасвирланган бўлиб, танк ва вертолётлар, ҳарбий техникаларни чапдастлик билан бошқараётган жангчиларнинг қиёфаларидаги мардлик ва жасорат, моҳирона акс эттирилган.
Турли ҳарбий техника ва транспортлар, қурол-аслаҳалар, оммавий тартиббузарликлар вақтида қўлланиладиган махсус воситалар ҳамда, сапёрлар ҳимоя кийимлари ва ускуналари намойиш қилинаётган майдон ёшлар билан гавжум бўлди. Ҳарбийлар тўпланганларга улардан фойдаланишни ўргатишди. Масалан, “Кагуар” зирҳли ҳарбий жанговар машинасидан шахсий таркибни ҳар хил қуролли тажовузлардан қўриқлашда фойдаланилади. Махсус бўлинмалар томонидан биноларни ишғол қилишда ишлатиладиган зирҳли қалқон ҳам барчада қизиқиш уйғотди.
Томошабинлар билан тўлган ўйингоҳда асосий тадбирлар бошланди. Вилоят Маданият бошқармаси бадиий жамоалари ва пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар “Фарҳод ва Ширин” эстрада гуруҳи ижросидаги куй-қўшиқлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Б.Бобомурод томонидан ўқилган шеърлар йиғилганларга бир олам завқ улашди.
Шундан сўнг, марафон ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Натижаларга кўра, йигитлар ўртасида 1-ўринни Навоий олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Д. Бобоқулов, қизлардан Навоий давлат педагогика институти талабаси З.Худойбердиева, оддий аскар Н. Тўймуродов эгаллади. Шунингдек, "Энг катта ёшли югурувчи", "Марафон гўзали", "Энг фаол қиз бола", "Энг фаол ўғил бола", "Энг ёш қиз бола", "Энг ёш ўғил бола", "Энг фаол спорт мактаби", "Энг фаол олий ўқув юрти", "Энг фаол коллеж", "Энг фаол мактаб" номинациялари ғолиблари ҳам аниқланди.
"Ватанпарвар" ташкилоти авиамоделчиларининг кўргазмали чиқишлари гулдурос қарсаклар билан олқишланди. Миллий гвардия махсус отряди томонидан ҳақиқий жанг манзараси, мард ва жасур жангчиларнинг душманга қарши мардона курашлари саҳнада жонли тарзда намойиш қилинди. Кинологлар ўргатилган итлар ёрдамида чегараларимиздан ёв ўтишига йўл қўймаслигини кўрсатиб беришди. Вилоятдаги турли спорт федерациялари аъзоларининг кураш, каратэ, таэквондо, қиличбозлик ва бошқа спорт турлари усулларини моҳирона ижро этиши ҳам барчага манзур бўлди.
Фестиваль бадиий ҳаваскорлар ва санъат усталари ижросидаги гала концерт билан якунланди.