FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева “Истиқлол” санъат саройида 19,20,21,22,23 февраль кунлари бўлиб ўтадиган, ўзининг ўн бешинчи концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда! Концерт Proart компанияси томонидан ташкиллаштирилмоқда! Ҳозирда концерт репетициялари билан банд бўлган Райҳонни суҳбатга чорладик.
- Ўтган йилги концерт дастурингизда томошабинларни концерт давомида Греция, Рим, ҳамда Ҳиндистонга “саёҳат” қилдирдингиз. Бу сафар, янги концерт дастурингизда уларни яна қайси ўлкаларга “саёҳат”га чорламоқчисиз?
- (самимий кулиб) Албатта, бу гал ҳам томошабинлар учун ажойиб “саёҳат”ни амалга оширамиз. Аммо, қайси ўлкаларга эканлиги сир бўла қолсин! Чунки, концертга келганларида улар учун бу қизиқ бўлишини, уларни ҳайратлантиришни истайман! Томошабинлар концертга келиб, парда очилганда, улар учун кутилмаган янгилик бўлиши керак! Албатта, улар учун янги репертуар ва жуда кўп қўшиқлар тайёрладик. Томошабинлар талаблари билан, аввалги севимли қўшиқларимдан ҳам ижро қиламан. 1999 йилдан буён ижод қилиб келяпман. Бу йил ижодимга 19 йил бўлса, бу ўн бешинчи концертим! Бу ўзига хос кичик юбилей! Табиийки, томошабинлар ҳам мана шу йиллар давомида янграган севимли қўшиқларни ҳам соғиниб эслашади. Янги қўшиқларимдан бирини концерт олди премьера қилиб, унга клип ҳам суратга олдирдим. Клип узоқроқ муддатда суратга олинди ва ҳозирда тайёр бўлишига ҳам оз қолди, фақат техник тарафлари ишланяпти. Шу кунларда мана шу янги “Томчи” клипимнинг премьераси ҳам бўлиб ўтади. Шу қўшиғимга негадир жуда ҳам қайғурмоқдаман. (ўйланиб) Билмадим, айнан умр йўлдошимнинг тавсияси билан куйлаганим учунми? Чунки, бу қўшиқни менга тавсия қилишганда, уни Фарҳод акамга эшиттириб кўрганимда, жуда маъқул бўлди! “Шу қўшиқни куйлагин, ҳақиқий хит бўлади!” деб, маслаҳат берди.
- Ўтган йилги концертингизда дуэтлар ҳам кўп бўлди. Деярли ҳаммаси ҳамкасб дўстларингиз билан эди. Бу гал-чи?
- Бу гал ҳам дуэтлар бўлади, аммо бутунлай бошқача услубда! Ҳозир жуда ҳам оммалашган замонавий "кавер" йўналишида! Аммо, бунинг айнан қандай бўлиши ва кимлар ижросида эканлиги, ҳамда концертимда кимлар меҳмон бўлиши сир! Аммо, томошабинлар албатта ҳайратланишади, деб ўйлайман.
- Ҳеч бир концертингиз ажойиб рақсларингизсиз ўтмайди! Ҳар бир қўшиққа ўзига хос рақсга тушиш, бу албатта осон эмас! Рақсларни саҳналаштираётганда, умуман, рақс борасида нимадан қийналасиз?
- Менга умуман, рақснинг ўзи мураккаб жараён, чунки мен профессионал раққоса эмасман! Одатда қўшиқларимга рақслар саҳналаштирилганда, мен билан бирга рақсга тушадиган гуруҳлардагилар бу рақсларни бир-икки мартадаёқ ўзлаштириб оладилар. Чунки, улар профессионал. Мен эса, (самимий кулиб) албатта репетициядан кейин ҳам қолиб шуғулланишимга тўғри келади. Репетициягача, алоҳида шуғулланаман, репетициядан кейин ҳам қолиб яна шуғулланаман! Бу сафар эса, бошқалардан 3 баробар кўпроқ вақт ва куч керак бўляпти! Сабаби, профессионал раққослар каби ҳар бир ҳаракатларни тез ёдда сақлаб қололмайман. Ҳамма рақс ҳаракатларини эса, тўғри бажариш керак. Бизни концертимиз эса, жуда ҳам замонавий рақс йўналишлари билан ажралиб туриши керак. Агар эътибор берган бўлсангиз, одатда концертимда халқаро хориж юлдузлари ўз концертларида қўллаган, энг сўнгги замонавий рақс йўналишлари ва усулларидан фойдаланамиз! Замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, юқори даражада концерт тақдим этиш учун ҳам, шундай қиламиз.
- Ҳар куни репетиция, бундан ташқари суратга олиш ишлари, студия, яна фарзандлар, оила... Тиним билмаяпсиз. Чарчоқни қандай енгяпсиз?
- Билмадим, тайёргарлик, репетициялар вақти, мен негадир умуман чарчоқни ҳис қилмайман. Аксинча, негадир қандайдир ёлғон очлик ҳисси қийнайди. Сабаби, кун бўйи банд бўлиб, ўз вақтида овқатлана олмайман. Албатта, тушлик ёки кечки овқат вақтини ўтказиб юбораман! Бундан ташқари, энг қийини, бу тўйиб ухлай олмаслик! Уйқуга умуман вақтим йўқ! Тайёргарлик ишлари билан банд бўлиб, уйга жуда кеч қайтаман, натижада кеч ухлайман, аммо тонгда барвақт уйқудан туришим ва яна репетицияга боришим керак! (кулади) Аммо, бундан сира нолимайман ва шукур қиламан! Сабаби, мен ўз ишимни жуда яхши кўраман!
- Ташқи кўринишингиз, гап-сўзларингиздан қандайдир жуда яхши ўзгариш сезиляпти! Бир сўз билан айтганда, бахтдан яшнаётгандексиз! Дунёқарашингиз ҳам умуман ўзгарган, оламга бошқа кўз билан қараётганингиз сезилмоқда. Бунинг сири нимада? Балки, бунга умр йўлдошингизнинг яхши маънодаги таъсири, ғамхўрлиги сабаб бўлса керак?
- Бир тарафдан ҳа, умр йўлдошимнинг таъсири ва ғамхўрлиги ҳам бунга сабаб. Яна бир сабаби, мен руҳшунос қабулида ҳам бўлдим. Бу ҳам менга катта ёрдам берди. Биласизми, инсон дунёга бошқа назар билан қараб, ҳар бир лаҳзадан завқланиб яшаши керак! Мен илгари бу ҳақида умуман ўйламасдим, буни ҳис қилмасдим ҳам. Билмадим, бу балки, ёшга боғлиқми? Ҳозир эса, мен ҳар бир лаҳзадан ҳақиқий завқ олишга ҳаракат қиламан! Бирор омадсизлик юз берса ҳам, мен уни омадсизлик, ёки кўнгилсизлик, деб эмас, аксинча бир синов, дарс, деб қабул қиламан ва ундан тегишли хулоса чиқараман. Албатта, бу нима сабабдан юз берганлиги ва нимада хато қилганлигимни таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. Агар ўз хатойимни топсам, дарҳол ўша вазиятни ўзгартираман. Натижада келажакда бундай омадсизлик, ёки кўнгилсизлик юз бермайди. Кимдир бундай назариядан шубҳаланиши мумкин, аммо бу чиндан ҳам мавжуд ҳолат. Масалан, мен бахт излашни тўхтатдим, чунки англаб етдимки, ўша бахт, бу мени ўзимда! Мен бу бахтни ҳар бир инсонда кўраман! Масалан, ҳозир мен сизга интервью беряпман, бу ҳам аслида бахт! Ҳаттоки, бераётган саволларингиздан ҳам маънавий завқ оляпман. Билмадим, мен ҳозир ҳар битта нарсадан фақат ижобий таассурот оляпман, ҳар бир нарсани фақат яхши томонини кўришга ҳаракат қиляпман! Бутунлай позитив кайфиятдаман!
- Демак, “Ҳамма жам, позитив” қўшиғингиз ғояси ҳам шундан келиб чиққан?
- Ҳа, албатта! Бу оддий қўшиқ эмас! Баъзилар, бу маъносиз қўшиқ ҳам, дейишди. Йўқ! Аслида, бу қўшиқ катта маънога эга! Мен ҳамма инсонлар чиндан ҳам, фақат позитив кайфиятда бўлишларини ҳоҳлайман! Агар ҳаётда чиндан ҳам, позитивга, яхшиликка ишонсанг, чиндан ҳам ҳаммаси яхши бўлади! Яхши ният, ярим мол! Ҳақиқатда, бизнинг бутун ҳаётимиз, аслида ўзимизни ниятимизга, ўй-фикрларимизга боғлиқ! Шунинг учун ҳам, фақат яхшиликни ўйлаш, яхши кайфиятда бўлиш керак, деб ўйлайман. Бундан ташқари, бахтиёрлигимнинг яна бир сабаби, чиндан ҳам, умр йўлдошим Фарҳод ака ҳам, жуда ақлли инсон, менга доим тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилади, зарур вақтда маслаҳатини аямайди.
- Фарзандларингиз ҳам анча катта бўлиб қолишди. Концертингизда яна томошабин сифатида иштирок этишадими, ёки?
- Албатта, томошабин сифатида келишади. (Алоҳида меҳр билан) Улар ҳали саҳна учун кичкина! Билмадим, уларни ҳозирдан саҳнага чиқаришга қандайдир қўрқаман, агар баланд мусиқаданми, ёки шовқинданми қаттиқ қўрқиб кетишса-чи? Ахир концертда томошабинлар кўп бўлади. Билмадим, менимча, ҳали уларга саҳнага чиқишга жуда ҳам эрта! Икковини ҳам, ўзига хос характери бор! Иккови ҳам, икки ўзга дунё! Албатта, уларга худди катта одамлардек муносабатда бўламиз! Билмадим, мен улар билан жуда фахрланаман! (кулиб) Менимча, дунёдаги ҳар бир она учун, ўз болалари, дунёдаги энг яхши болалар бўлса керак! Уларни ҳозир айни қизиқувчан вақти, ҳамма нарса қизиқ! Ҳозир сузиш, от спорти билан шуғулланишяпти, соғлиқ учун жуда фойдали экан! Ҳозир уларнинг чақалоқлиги ёдимга тушиб кетди. Ўғилларим бир ойлик бўлганида, уларни бассейнда сузишга ўргата бошлаганман! Аммо, бу мен учун жуда қийин бўлган, чунки бунинг учун бассейнни қайнатиб совитилган сувга тўлдириш керак эди! Мен кран сувини ишлатсам, болаларга бирор зарар тегиши мумкин, деб қўрқардим. Шунингдек, сувга доривор гиёҳлар қайнатмасидан ҳам қўшиш керак бўларди! Бунинг ҳаммасига камида уч ярим соат вақт кетарди! Шунча вақт, ҳаракатга яраша, улар шу бассейнда бор-йўғи 5 дақиқа бўлишарди холос! (кулади) Аммо, бу болаларга керакли машғулот бўлганлиги учун, сира ҳам эринмасдим ва ҳар сафар меҳр билан тайёрлардим! (жиддийлашиб)
- Ўғилларингиз қайси қўшиғингизни берилиб тинглашади? Уларни қўшиқларингизга муносабати?
- О... албатта, улар мени қўшиқларимни сўзларигача билишади, тинглашади. Қўшиқларимдан ўғилларимга энг ёққани, “Парвоз этай!”
- Одатда, кўпинча, санъаткор оиласида улғайган фарзандлар ҳам, минг қаршиликлар бўлса ҳам, барибир санъат йўлини танлашади. Сизнинг ўғилларингиз ҳам, бир куни хонанда ёки актёр бўламан, дейишса, бунга қандай муносабатда бўласиз? Рози бўласизми?
- Биласизми, мен болаларимни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашни истайман! Бола учун ота-онанинг ҳайриҳоҳлиги, қўллаб-қувватлаши жуда ҳам муҳим! Мени ўзимга келсак, онам бошида касбимга қаршилик қилган, яъни мени аяган. “Ахир хонандалик жуда қийин, сен таржимонликка ўқияпсан-ку, шу йўналишда кетавер, ижод осон эмас, мусиқа мактабидан кейин, ижод йўлидан кетмаганинг яхши бўлган” деганлар. Ростдан ҳам бу касбни ўзига хос қийинчиликлари бор. Аммо, мен бу шунчаки ўсмирлик инжиқликлари эмас, ниятим жиддийлигига, ростдан ҳам бу касбни яхши кўришимга ва мақсадим қатъийлигига онамни ишонтира олганман. Мени мақсадим, таниқли бўлиш эмасди! Онам мен чиндан ҳам, мусиқа билан шуғулланмоқчи эканлигимни тушунгандан кейин, ёрдам бериб, қўллаб-қувватлай бошлаган. Ижодимнинг дастлабки йилларида онам, мени продюсерим, мени ягона қўллаб-қувватлаган инсон эди! Айнан, онам туфайлигина мен чиндан ҳам, хонанда бўла олдим! Мен таниқли актёр ва актрисанинг фарзанди бўлсам ҳам, томошабинлар учун, ҳеч ким эдим... Яъни, кимларни фарзанди бўлишингдан қатъий назар, томошабинлар учун, сен барибир ҳеч ким эмассан, ҳаммасини нолдан бошлашингга, ўз маҳоратингни кўрсатишингга тўғри келади. Менда ҳам худди шундай бўлган. Шунинг учун ҳам, онамдан мени тушунгани ва қўллаб-қувватлагани учун бир умр миннатдорман! Ўз навбатида мен ҳам, фарзандларим қайси касбни танлашларидан қатъий назар, келажакда уларни ҳамиша қўллаб-қувватлайман!
- Болаларингиз билан тортишув, ёки тушунмовчилик юз берса, қандай йўл тутасиз? Умуман, бола психологиясидан қанчалик хабардорсиз?
- Болаларим ҳали жуда кичкина, лекин шундай бўлса ҳам, уларни доим тушунишга ҳаракат қиламан. Албатта, бола психологиясига оид китобларни кўп ўқийман. Уларда айтилишича, агар бола ноҳақ бўлса, уни уришиш керак эмас, аксинча уни ўз ҳолига қўйиш керак ва у ўзининг ноҳақлиги, нотўғри иш қилганлигини тушуниб етиши керак. У тинчланиб, ўз хатосини тушунгандан кейингина, унга нима учун шу ҳолат юз берганлигини, бошқа бундай иш қилмаслиги кераклигини тушунтириш керак! Агар хато мендан ўтса, масалан, бироз асабийлашган бўлсам, ёки жаҳлим чиққан бўлса, мен ҳам болаларимдан “бироз қизишиб кетдим” деб, узр сўрашим мумкин. Бола билан тенгдошдек, шахс сифатида муомала қилиш керак, деб ўйлайман. Мен болаларимга ҳурмат билан муносабатдаман, улар кичик бўлса ҳам, мен каби инсон.
- Фарзандларингиз дунёга келгач, ҳаётдан ташқари, ижодингизда нималар ўзгарди?
- Биласизми, фарзандли бўлгач, ҳаётимда ҳамма нарса ўзгарди! Ҳаёт ҳам, ижод ҳам! Ижодкор инсон бўлсангиз, бир вақтнинг ўзида ҳам она бўлиш, бу жуда ҳам қийин! Чунки, болаларга ҳамиша она керак! Агар ижодкор сифатида ўз касбингизга ўзингизни 100 фоиз бағишламасангиз, ишингиз сиздан қасд ола бошлайди! Ҳа, ишонаверинг, бу ҳақиқат, албатта шундай бўлади, буни мен ўзимда ҳис қилиб, бошимдан ўтказдим! Иш, касб, ҳудди тирик организмга ўхшайди, бошқа нарсага чалғиб, унга беэътибор бўла бошладингми, тамом. Фарзандларим дунёга келгач, уларга кўпроқ вақт ажратиб, ижоддан сал узоқлаша бошлаган эдим, қарабсизки, ижодимда қандайдир “тушиш”ни ҳис қилдим. Чунки, ўша вақтда ёзилган бутун бир янги альбомимдаги ҳеч бир қўшиқ оммалашмади! Бу мени ҳаётимда биринчи муваффақиятсиз мусиқий альбом бўлди! “Не бўлар?”, “Сўнаман” каби қўшиқларим оммалашдию, аммо севимли хит қўшиқ бўла олмади. Бу эса, хонанда сифатида мен учун жуда катта муваффақиятсизлик эди. Яна бунинг устига ўша вақтда Телевидениеда мусиқий канал ҳам қолмади ва бу вақтда нафақат менга, балки бошқа хонандаларга ҳам жуда қийин бўлди. Мен айниқса, ана шу вақтда жуда қийин вазиятларни бошимдан кечирдим. Биринчи турмуш ўртоғим билан ажрим, бу ёқда ижодий муваффақиятсизлик, бир сўз билан айтганда ҳаётимдаги энг қийин дамлар бўлди... Бу жараён менга кўпчилик ўйлагандек, кучли бўлишни эмас, аксинча, нозик ва аёл бўлишни, ҳар қандай вазиятни борича қабул қила олишни ўргатди! Олдин мен бундай вазиятни қабул қила олмасдим, тушкунликка тушиб, депрессия ҳолатига кириб қолишим мумкин эди. Ҳозир эса, бугунги ақлим билан ҳар қандай вазиятни босиқлик билан хотиржам қабул қила олишим мумкин. Ҳаттоки, негатив вазиятда ҳам, “Худога шукур” дейман! Демак, ўша вазият, ҳолат бўлиши керак экан, тамом. Натижада ўша қийин вазият ҳам тез ўтиб кетади ва ҳаммаси яхши бўлади. Демак, ўша мураккаб вазият ҳам, бекорга содир бўлмаган, яъни мен ўзимни қўлга олиб, ижодимни қайта кўриб чиқишим ва янги бир шижоат билан ишга киришишим учун керак бўлган, деб ўйлайман.
- Ўтган 2017 йил давомида ҳамкасбларингиз ижодида қайси қўшиқлар сизнинг-ча, муваффақиятли чиқди, сизни кўнглингизга ҳам яқин бўлди?
- Шохруххоннинг сокин “Маликам” қўшиғи менга жуда ёқди. Ўйлашимча, ҳозир негадир сокин қўшиқлар аввалгидек томошабинлар эътиборини жуда кучли тортмаётгандек. Билмадим, аммо менга сокин қўшиқлар кўпроқ маъқул. Хит қўшиқлар борасида менимча, ҳозир Улуғбек Раҳматуллаев лидер бўлса керак, уни ҳар бир қўшиғини хит, дейиш мумкин. Муниса Ризаеванинг қўшиқлари ҳам менга жуда ёқади. Яна муваффақиятли гуруҳлардан “Виа Мароканд” гуруҳи, яна Зоҳиршоҳ Жўраевнинг ҳаммага маълум “Севиб қолдим-да” қўшиғи! Айниқса, мана шу “Севиб қолдим-да” қўшиғининг, “Да, да, да” бўғини жуда ҳам машҳур бўлиб кетган, уни ҳамма билади! Яна Зиёданинг сокин “Жим” қўшиғи ҳам деярли ҳамманинг кўнглидан ўрин олди. Қирғизистонда гастролда бўлган вақтимда, машинада кетаётган вақтимиз, ўша машина ҳайдовчиси 2 соат давомида тўхтовсиз такроран фақат шу қўшиқни қўйиб кетди! Энг қизиғи, ўша ҳайдовчи бу қўшиқни ким куйлаганини билмас экан, лекин шу қўшиқ унга жуда ҳам ёққанини, ҳар доим эшитишини айтганида, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Негаки, бошқа жойларга борганингда, ўз юртинг хонандаларининг қўшиқлари янграса, уларни бошқа юртларда ҳам севиб тинглаётганликларини эшитсанг, “ҳа, бу бизнинг юрт хонандаси” деб, ҳақиқатдан ғурурга тўлиб, фахрланиб кетасан!
- Чиндан ҳам ўтган йили шоу бизнес учун жуда ҳам сермаҳсул йил бўлди. Ўтган 2017 йилда сиз ўзингизни қайси 3 та асосий ютуғингизни санаб ўта оласиз?
- Ижодий тарафлама олсак, биринчи навбатда ўтган йили ўтказган яккахон концерт дастурим! Кейин ҳамкасб дўстларим билан бирга куйлаган дуэт қўшиқларим! Бунинг учун, дўстларимдан жуда ҳам миннатдорман. Бу қўшиқлар мен учун жуда ҳам бир қалбга яқин қўшиқларга айланган. Уларнинг барчаси муваффақиятли қўшиқлар бўлди. Яна бир ютуғим эса, бу кўпчилик қабул қила олмаган бўлса ҳам, ўзим учун янги тажриба ва катта таваккал бўлган, янги йўналишдаги “Ҳамма жам” қўшиғим бўлди! Бу қўшиқ замонавий, қувноқ, кўтаринки руҳда бўлиб, жуда кўпчилик, “шу қўшиғингиз жуда бошқача зўр чиқибди” дейишганида таваккал қилганимдан қувондим! Ижодда ҳар доим бир хил йўналишда кетмай, баъзида чиндан ҳам ўзинг ҳоҳлаган, ҳис қилган йўналишда ҳам, куйлаб, таваккал ҳам қилиб туриш керак экан.
- “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси Матбуот анжуманида, сизни ҳам огоҳлантириш олганлигингиз ҳақида айтишди. Ойдинлик киритиб кета оласизми, бу нима сабабдан юз берди?
- Бир санага йиғилиш белгилашган эди. Кейин эса, кутилмаганда йиғилишни бошқа кунга кўчиришди. Ўша куни эса, “Божалар комьюнити” кўрсатувининг суратга олиш ишлари белгиланган эди! Янги йил арафаси, ҳамма банд, қолаверса, кўрсатувда иштирок этишга анча аввалдан ваъда бергандим. Шунча одамларни куттириб, кейин кутилмаганда “кечирасизлар, бора олмайман” дея олмасдим. Мана шу сабаб билан, афсуски ўша йиғилишда иштирок эта олмадим! Шу сабабли, огоҳлантирилдим. Ваҳоланки, у ерда мени администраторим иштирок этди, нимага бора олмаслигим сабаби ҳам айтилди. Лекин, барибир огоҳлантирилдим. Бу мени жуда ҳайрон қолдирди. Мен “Ўзбекконцерт” ДМ артистларни қўллаб-қувватлаши керак, деб ҳисоблайман. Чунки, биз ижодкор инсонлар, хонандалар чиндан ҳам, ҳаммамиз ҳамжиҳат бўладиган, бизни қўллаб-қувватлайдиган “уй”га эҳтиёж сезамиз. “Ўзбекконцерт” ДМ айнан шундай ташкилот, деб биламиз. Шунинг учун ҳам, мана шундай ҳолат содир бўлганлиги, мени жуда ҳайрон қолдирди.
- Бугунги шиддатли бир даврда, шоу бизнесда хонанда қандай хислатларга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
- Биринчи навбатда, хонанда тингловчилар ҳозир қандай мусиқа, қандай қўшиқни тинглашни ҳоҳлаётганликларини сезиши, ҳис қилиши керак! Менимча, бу жуда ҳам муҳим! Чунки, ҳар қандай хонанда учун энг асосийси бу қўшиқ! Қанчалик кучли хонанда бўлсанг ҳам, агар яхши қўшиқ танлай олмасанг, ўз ижодингни кўрсата олмайсан ва тингловчиларга етказа олмайсан!
- Ўзингиз-чи, буни ҳис қила оласизми?
- Ҳозир Жасур Бадалбоев билан бирга ижодий ҳамкорликда ишлаяпмиз. У билан суҳбатлашганимизда, у менга “биласизми, сиз халқни ҳис қилмай қўйгансиз” деса бўладими? “Сиз фақат ўзингизга ёқадиган қўшиқларнигина куйлаяпсиз” деди. Шундан сўнг, менга “Томчи” қўшиғини тавсия қилди. Қўшиқни тинглаб, “йўқ, бу мени қўшиғим эмас!” дедим. У эса, “йўқ, аввал яхшилаб эшитиб, ўйлаб кўринг” деди. Шундан кейин, юқорида айтганимдек, қўшиқни умр йўлдошим Фарҳод акага эшиттириб кўрдим. У киши эса, “ажойиб қўшиқ! Бу қўшиқни албатта куйлашинг керак, афсусланмайсан!” деди. Хуллас, мени шу қўшиқни куйлашга кўндирди! Шундан кейин, тингловчиларнинг фикрларини эшитиб, чиндан ҳам адашмаганлигимни сездим. Шу кунгача, бу қўшиқни “ёқмади” деган одамни эшитмадим. Бунинг учун, умр йўлдошим ва Жасур ака Бадалбоевдан миннатдорман. Ҳозирда яна бир неча қўшиқлар тайёрлаяпмиз.
- Ижодингизда асосий танқидчингиз ким? Ўзингизга қанчалик талабчансиз?
- Албатта, мени оилам! Умр йўлдошим, асосий қўллаб-қувватловчи бўлса, асосий танқидчим, бу синглим Насиба! (кулади) У мени қаттиқ танқид қила олади! Унинг юз ифодасиданоқ қўшиғимни қандай чиққанлигини билиб оламан! У ҳеч бир хижолатсиз кўзимга қараб, “Қўшиғинг расво чиқибди! Бу ижодинг учун шармандалик! Йўқ, бу қўшиқни умуман куйлама!” дея олади! Лекин, агар қўшиғим яхши бўлса, дарров қувонч билан “Ажойиб қўшиқ! Дарҳол куйла!” дейди. Аммо, унинг бундай эътирофини эшитиш, жуда ҳам қийин! Яна бир асосий танқидчим, шоир, бастакор, хонанда кўп йиллик дўстим Якзон! Унинг фикрларига ишонаман! Агар у мени койиса, демак, у ҳақ, танқидини тўғри қабул қиламан! Ўзим эса, ўзимга нисбатан жуда ҳам талабчанман! Ҳаттоки, бу баъзида ишимга ҳалақит ҳам беради. Чунки, мен ишонасизми, ўзимга ишонмайман, ўз ижодимга ҳам шубҳа билан қарайман! Шунинг учун ҳам, доим атрофдагилардан фикр сўрайман, “Қалай? Нима бўлди? Қалай чиқибди?” деган саволларни беравераман! Шукурки, ёнимда бу ҳақида ҳаққоний фикрларни айта оладиган инсонлар бор! Булар юқорида айтганларим синглим Насиба, дўстим Якзон!
- Кўп йиллик тажрибага эга хонанда сифатида, бугунги кунда ижодга, шоу бизнесга энди кириб келаётган ёшларга қандай тавсиялар бера оласиз?
- Биринчи навбатда, яхши қўшиқ топишни тавсия қилган бўлардим! Чунки, ижодкор битта қўшиғи билан машҳур бўлиб кетиши мумкин! Аксинча, ҳаттоки, энг машҳур юлдузни ҳам, агар узоқроқ муддат хит қўшиқ куйламаса, ижоди ҳам, машҳурлиги ҳам сўниши мумкин. Албатта, ҳар қандай хонандани машҳур қиладиган бу, унинг қўшиғи!
- Ўзингиз энди ижод бошлаган вақтлар ёдингиздами? Энг катта қийинчилик нималардан иборат бўлганди?
- (эслаб) Ижодимни эндигина бошлаган вақтларимда, биринчи навбатда энг катта қийинчилик, бу моддий имконият тарафлама бўлган. Атрофимда онамдан бошқа ҳеч ким йўқ эди! Фақат онам ва мен! Кейин эса, қизлар билан 3 кишилик гуруҳ туздик ва илк қўшиғимизни ёздирдик! Шунда ҳам, бизни фақат онам қўллаб-қувватлади. Қўшиқ ёздириш учун маблағ топиш жуда қийин бўлган. Қийинчилик билан ўша маблағни йиғиб, қўшиғимизни ёздиргач эса, уни ҳеч бир радио қабул қилмаган! Тасаввур қиляпсизми, “Қанчалик расво қўшиқ! Бу қандай гуруҳ ўзи? Йўқ, бу қўшиқни қўя олмаймиз!” дейишган. Албатта, жуда ҳам хафа бўлганмиз, қаттиқ қайғурганмиз! Ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келган. Билмадим, бугунги муваффақиятларим, фақат Яратганнинг қўллаб-қувватлаши билан, деб ўйлайман. Ҳамиша, Оллоҳнинг қўллаганини ҳис қилганман. Чунки, мени ҳеч қандай бир асосий қўллаб-қувватловчим ҳам, бошқаларга ўхшаб, продюсерим, ҳомийим, ҳам йўқ эди! Қолаверса, жуда ҳам кучли овоз соҳибаси ҳам, вокал тарафлама ҳам жуда кучли эмасман. Ёки менга ёрдам берадиган бир жамоам ҳам йўқ эди! Ҳаммаси ўз-ўзидан юз берди! Омад ва Оллоҳнинг назари, деб ўйлайман. Агар Оллоҳ қўлламаса, бугунги ютуқларимнинг бирортасига ҳам эришолмасдим. Буни бошқача ифода этолмайман! Чунки, ҳеч қандай бир ортиқча маблағсиз, ҳомийсиз, продюсер ва қўллаб-қувватловчиларсиз, фақат ёлғиз онам билан бирга ижодимни бошлаганман! Бундай вазиятда Оллоҳ қўлламаса, билмадим, буни қандай тушунтириш мумкин. Ҳаттоки, илк қўшиқларимни ҳам ўзим ёзганман, чунки бастакорга тўлайдиган пулимиз йўқ эди! Аранжеровкачи топиш эса, ундан ҳам мушкул бўлган! Ниҳоят, энди иш бошлаган бир аранжеровкачини топганмиз, у яхшиямки, “майли, кейин тўларсизлар, ҳозир фақат ижод билан шуғулланайлик” деган. Ҳаттоки, қўшиқдаги товушларни ҳам ўзимиз яратганмиз, онамга “келинойи тоғора олиб келинг” деганча, тоғора яна нималарнидир ёрдамида товушлар қилиб, кейин уни қайта ишлаб, хуллас, амаллаб қўшиқлар қилганмиз! Шу даражада ижодга қизиққандик! Фақатгина ғоя, ижодга қизиққанимиз учун ишлаганмиз, пул ишлаш ниятимиз ҳам бўлмаган. Ўзим ҳам ҳайронман, кейинчалик қўшиқларимиз оммалашди, хит бўлди. Танила бошладим, секин-секин ишлаб, ижод қилиб, бугунги кунларга етиб келдим. Оллоҳга беҳисоб шукур!
- Илк марта сизни хонанда сифатида таниганликлари ёдингиздами? Қандай бўлганди?
- Ҳа, (кулиб) трамвайда кетаётган эдим! “Хаёл” гуруҳини тузган вақтларимиз эди. Йўловчилар “О, сиз хонандасиз-а?” дейишган. Қувониб, фахрланиб, “Ҳа, мен хонандаман” деганман. “Сизни гуруҳингиз бор-а? Номи нима эди, ҳа, “Фаёд!” дейишса бўладими? Ростдан ҳам, ўша вақтда “Фаёд” гуруҳи бор эди. Энди мени ҳолатимни тасаввур қиляпсизми? (кўрсатиб беради) Ҳозиргина танишганидан қанчалик қувонган бўлсам, бошқа гуруҳ билан адаштирганликларидан шунчалик кайфиятим ҳам тушиб кетган! Дарҳол, “Йўқ! Бизни гуруҳимиз бутунлай бошқа гуруҳ!” деганман. Кейин эса, гуруҳимиз ҳам тарқалиб кетган. Шундан сўнг, ўзим яккахон ижод қила бошлаганман. Ўша вақтларда менга чинакамига омад кулиб боққан! Буни бошқача изоҳлаб бўлмайди. Эндигина 2 та қўшиғимни ёздирган эдим! Бу қўшиқларни телеканалларда қандай “айлантириш”ни ўйлаб юрган вақтларим эди. Ўша вақтда режиссёрлар Мадина Мўминова ва Нигора Назарова “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини суратга олиш ишларини бошлашаётган эди. Катта кастинг бўлган ва у фильмга роль ижро қилишга ўтиш жуда ҳам қийин эди! Хуллас, ҳамма танлаб бўлиниб, эртага суратга олиш ишларининг биринчи куни бошланади, деган вақтда, кутилмаганда бир ролни ўйнаши керак бўлган қиз, фильмда иштирок эта олмаслигини айтиб қолган. Эртаси куни эса, суратга олиш ишлари бошланиши керак, у ролни ким ўйнайди? Улар дарров ўша қизнинг ўрнига одам қидиришган, эртасига эрталаб Хоразмга учиш керак, кечқуруннинг ўзида роль ижро қиладиган, қўшиқ айтадиган кимнидир топиш керак бўлган! Вақт кам бўлгани учун ҳам, ҳеч кимни топа олишмаган! Шунда кутилмаганда кимдир мен ҳақимда айтиб қолган, “Отабек Ғаниев ва Тамара Шокировани қизи бор, қўшиқ куйлайди, роль ҳам ижро қила олса керак” деган. Ҳеч қандай бошқа йўл топилмагач, “Ўшани чақира қолинглар” дейишган! Шунда мени телефонимни топиб, қўнғироқ қилишгани ёдимда! Кутилмаган қўнғироқ ва худди кинодагидек “фильмда суратга тушишни ҳоҳлайсанми?” деган савол! Ҳайрон бўлиб қолганман, чунки, у фильмга суратга тушиш жуда қийинлиги ҳақида эшитгандим. “Мана шундай вазият, вақт оз, қўшиғинг борми? Тонгги соат олтида аэрапортга кела оласанми?” дейишган. Шу заҳотиёқ дарров, “Ҳа, ҳа, албатта, бораман” деганман! “Азоблайсан” қўшиғимни фильм учун олишган. Кейин, “Улуғбек Отажонов билан бирга роль ўйнашинг керак, унинг қўшиғида ҳам чиқасан, ижро эта оласанми?” дейишган. “Ҳа, албатта” деганман. (кулади) Кейин, ўша саҳналарни олиб, клип қилиб чиқаришган ва Улуғбек ака Отажоновни ўша қўшиғи “Ёшлар” каналида жуда кўп берилган! Айнан шу фильм, клип, ҳамда “Азоблайсан” қўшиғим орқали мени таний бошлашган. Ёдимда, кўчада ўтиб кетаётганимда ортимдан “Азоблайсан” деб бақирганларида, илк бор танишаётганлигини сезганман! Жуда қувониб кетганман!
- Биринчи катта саҳнага чиққанингиз-чи, ёдингиздами? Бугун-чи, саҳнага чиққанда нимани ҳис қиласиз?
- (Эслаб) О, у вақтда “Хаёл” гуруҳида эдик ва ўзимизни жуда ҳам “зўр гуруҳ, биздан зўри йўқ, ҳеч ким биздан зўр куйлай олмайди, жонли ижрода ҳаммадан зўр куйлаймиз” деб билардик! (кулади) Жуда ҳам ўзимизга ортиқча ишониб юборгандик-да! (кўрсатиб беради) Қўшиғимизни радиолар олишмаганда, ўзимизча хафа бўлиб, “қандай қилиб, шундай зўр қўшиқни олмасликлари мумкин? Бу ахир ҳақиқий шедевр-ку!” деганмиз ҳам! Ўзимиз ҳақимизда шундай юқори фикрда эдик! Агар ҳозир ўша қўшиғимизни эшитиб қолсам борми? “О, қанчалик расво қўшиқ! Шуни ростдан ҳам мен айтганманми?” деган бўлардим. (кулади) Хуллас, биринчи марта ўша гуруҳимиз билан саҳнага чиққанман, албатта кучли ҳаяжон бўлган, аммо ўзимизча “жуда зўр куйладик” деб ўйлаганмиз, ўзимизга жуда ишонганмиз! Кейин эса, гуруҳ тарқалиб кетгач, ўзим “Истиқлол”да биринчи марта концерт берганимда, жонли ижрода куйлаганман ва “бу энг зўр концерт ва энг зўр ижро” деб ўйлаганман! (кулади) Ҳозир эса, ўша концертимни кўриб қолсам, ёки ўшанда куйлаганимни эшитиб қолсам, тўғриси беркиниб олган бўлардим! “Ростдан ҳам бу менми? Мен шундай куйлармидим?” дейман. Албатта, ўша концерт видеосини беркитиб қўйганман ва ҳеч кимга кўрсатмайман! Ҳозир, албатта ўша вақтлардаги овозим, куйлашимдан хижолат бўламан, жуда ёш бўлганман-да. Албатта, профессионаллик, тажриба, йиллар давомида келади. Ўзингга ишонч ҳам йиллар давомида ортиб боради. Аммо, шунча йилдан буён ижодда бўлсам ҳам, барибир ҳар гал саҳнага чиққанда, юракда қандайдир ширин титроқ, ҳаяжон бўлади. Қўшиқни куйлаб бўлиб, ичкарига киришим билан дарров “Қандай қабул қилишди? Бақириб олқишлашдими?” деб савол беравераман. Ҳар қандай ҳолатда бўлмасин, томошабинларни сени қабул қилишлари, реакция билдиришлари жуда ҳам муҳим! Йиллар ўтса ҳам, ўша биринчи саҳнага чиққандаги ҳаяжон кетмаган! Аксинча, янада кучли ҳаяжон бўлади.
- Саҳнага чиқиш олдидан қандай қилиб, ўзингизга керакли кайфият ва ҳолатда бўла оласиз?
- Айниқса, концерт олди бу жуда қийин кечади. Тинчланишга ҳаракат қиламан, лекин жуда ҳам асабийлашаман! Кафтларим титраб, терлаб кетади. Доим микрофонни қўлдан тушириб юборишдан қўрқаман! Ҳаммаёғимга оғриқ туриб кетади. Ўз-ўзидан “йўқ, ҳозир чиқа олмайман” дейишни бошлайман! (кулади) “Тўхтанглар! Шошманглар! 5 дақиқа! Илтимос! Яна 5 дақиқа керак!” деб, тўхтовсиз такрорлайман. “Йўқ! Ҳеч қандай 5 дақиқа қолмади! Вақт бўлди! Саҳнага!” дейишади. Мен эса, асабийлашаман ва ҳаяжон кучаяди. Лекин, биз ҳаммамиз бирга жам бўламиз ва жамоамиз билан бирга дуо ўқиймиз. Яратган ҳам ўзи қўллайди ва кутилмаганда тинчланаман. Шунда бутун жамоа ҳаммамиз бирлашиб, яхлит бир бутунликка айланганимизни ҳис қиламан! Чунки, концерт қўйиш учун биргина хонанданинг ўзи камлик қилади! Ҳаммасининг марказида хонанда турса ҳам, атрофдаги ҳамма ҳаракат қилиши керак! Созандалар мусиқа чалишлари, рақс гуруҳи рақсга тушиши, экран кўрсатиши, техник гуруҳ ўз ишини яхши бажариши, декорациянинг ҳар битта қисми ишлаши керак! Ҳаммаси, мени қўшиқларим, рақсларим билан уйғунлашиши керак! Ҳаммамиз бир бутун бўлишимиз керак! Ана шу туйғу билан концертимда мен саҳнага чиқаман! Ҳамиша томошабинлар олдидаги масъулиятни ҳис қиламан! Ўзимни ҳеч қандай бир машҳур юлдуз, деб ҳеч қачон ҳис қилмайман! Мен ҳам оддий инсонман, фақатгина Оллоҳ назари тушгани учун, омад кулиб боқиб, хонанда бўлганман ва овозим, қўшиқларим тингловчиларга маъқул бўлиб, бугунги кундаги ютуқларга эришдим. Бу эса, мен учун жуда катта бахт! Қўшиқ куйлаш менинг касбим, ишим, бунга бутунлай максимал даражада ўзимни бағишлашим керак! Агар заррача бўлса ҳам, эътиборсизлик, бепарволик қилиб, “э, бўлаверади” дейишим билан ҳеч нарса бўлмайди, тамом! Ҳаммаси расво бўлади ва ҳеч нарса кўнгилдагидек чиқмайди! Ҳаттоки, клип суратга олдираётганда ҳам, йиқилиб қоладиган даражада ишлаб, чарчасамгина, биламанки, шу клип чиндан ҳам томошабинларга маъқул бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳеч қачон, ҳеч нарсани “бўлаверади” деб қўл учида бажармайман! Чунки, шунча инсонлар ичида, орзуйим амалга ошиб, хонанда бўлиб, мени шунчалик халқимиз яхши кўрар экан, уларга нисбатан озгина бўлса ҳам масълиятсизлик ёки бепарволик қилсам, бу ҳақиқий ношукурлик бўлади. Ҳамиша астойдил ўз устимда ишлашим, халқимизни меҳри, муҳаббатига яраша жавоб қайтаришим керак, деб ўйлайман. Биз ҳаммамиз бир хил инсонлармиз, кўчадаги ҳар бир инсон, худди мен каби, оддий инсон, мен ўзим ҳам. Фақат бизни касбларимиз, вазифамиз бошқа! Бу мени шахсий фикрим, албатта.
- Томошабинларни қанчалик ҳис қиласиз?
- Саҳнада зал менга яхши эшитилмайди. Бу табиий ҳолат. Аммо, мен зални, томошабинларни ҳамиша ҳис қилиб тураман! Қандайдир ўзгача қалбан ҳис қиламан! Улар менга ҳайриҳоҳлик билан қарашяптими, ёки шунчаки ўтиришибдими, ҳаммасини сезаман, ҳис қиламан. Доим шунга эътибор қиламан. “Зал бақирдими?” деб доим сўраб тураман. Баъзида менга залдаги томошабинлар жуда совуқ ўтиришгандек туюлади. Шунда асабийлашаман. Концертда блоглар орасида кийим алмаштиргани кирганда, 3 дақиқа вақт ичи, жуда тез улгуриш керак, шунда мен жуда кўп марталаб “залда бақиришяптими?” деб тўхтовсиз сўрайман. Мени эса, “ҳаммаси жойида” деб тинчлантиришади. Биласизми, мен ўзим тақдим қилаётган энергияга жавоб олишим керак, яъни зал билан хонанда ўртасида энергия алмашуви бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Агар шундай қила олмасам, ўзимга қийин бўлади. Бир гал шундай ҳолат юз бердики, ҳаяжондан саҳнада қўшиқ сўзларини унутиб қўйибман. Монтажда қарасак, зални ҳис қилмаганим учун, қўшиқ сўзларини унутиб, бирорта ҳам сўзни эслай олмасдан, фақат қандайдир оҳанг, сўз қўйиб айтиб кетяпман. Ваҳоланки, мониторда қўшиқ сўзлари кетиб турибди, мен эса, уни кўрмаяпман! Ҳаммасига сабаб, залда реакция бўлмагани, мен эса, жуда ҳаяжонда эканлигимдан, шундай ҳолатлар ҳам бўлади.
- Ҳаётда, ижод туфайли, ўз принципларингиздан воз кечган вақтингиз бўлганми?
- Йўқ, ҳеч қачон! Бирор мақсад учун, бирор нарсадан воз кечмайман! Ҳеч қачон, ижодни ёки бирор мақсадни деб, ўзимга қарши бормаганман! Ҳамма нарса, ўз маромида бўлиши керак, менимча. Агар нимагадир эга бўлиш, қийинчилик келтира бошласа, мен ўйлаб кўриб, таҳлил қилиб, “бу менинг йўлим эмас” деб ортга чекинишим ҳам мумкин. Масалан, мен бирор қўшиқни эшитиб кўриб, танласаму, уни кейин бошқа хонанда ҳам, эшитиб, танласа, мен ўша қўшиқ учун талашмайман ва “йўқ, мен биринчи эшитдим, шу қўшиқни куйлайман”, деб тортишиб туриб олмайман! “Майли, бу мени қўшиғим эмас экан” деб, воз кечаман.
- Автобиографик қўшиқларингиз ҳам борми?
- “Бахтли бўламан”! Кейин болаларим ҳақида куйлаган қўшиғим! Болаларимга аталган қўшиғимни куйлаганимда, уларни дунёга келишларини интизорлик билан кутаётган эдим! Ҳали оналик қандай бўлишини билмасдим. (меҳр билан) Ҳозир эса, яхши биламан, бу бутунлай ўзгача ҳиссиёт! Болаларни тушуниш, билиш керак, ўзинг болали бўлганингдан кейин бошқа болаларга ҳам бошқача муносабатда бўла бошлайсан.
- Танилганингиздан сўнг, атрофингиздаги дўстларингиз сафи ўзгардими?
- Йўқ! Ижод бошлаганимда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Уларнинг кўпи шоу бизнесга алоқадор эмас. Шоу бизнесда эса, яқинларим йўқ, ҳамма билан дўстона муносабатдаман. Ҳаммаси ҳамкасб дўстлар, лекин, жуда яқинларим йўқ. Билмадим, балки ўзлари менга очилишни ҳоҳлашмас, ёки ўзим ҳар хил гап-сўзлардан нари юрганим учунми? Чунки, менга ҳар хил гаплар, ғийбатлар қизиқ эмас, бировни ҳаётини кузатгандан нима наф, бу ёқда ўз ҳаётимда яшашга улгуролмаяпман-ку. (кулиб қўяди) Шунинг учун, бошқаларнинг ҳаётини муҳокама қилиб, вақт кетказмайман. Яхшиси, ўша вақтни ўз оиламга бағишлайман.
- Хонанда бўлиш аёл учун осон эмас, аммо хонанда она бўлиш-чи? Хонанда она бўлса, унинг учун энг муҳим жиҳатлар, сизнинг-ча?
- Бир вақтнинг ўзида хонанда, она, рафиқа бўлишни уйғунлаштира олиш жиҳати! Чунки, буларнинг ҳаммаси ҳаётингни ажралмас бўлаги ва ҳаммаси ўзингни бутунлай уларга бағишлашингни талаб қилади! Шунда айрим ҳолларда ўзинг ҳақингда унутиб қўясан ҳам! Лекин, мана шунинг ўзи бахт! Ҳам хонанда, ҳам рафиқа, ҳам она бўлиш, жуда катта бахт!
- Ижоддаги илҳом манбаингиз, бугунги кунда нималардан иборат?
- Атрофимдаги борлиқ! Умр йўлдошим билан биз саёҳатларга чиқдик, у ерларда ҳам, жуда кўп фикрлар келади. Мен ўзим, сувни, дарё, денгизни жуда ҳам яхши кўраман. Лекин, сузишни билмайман. Мен учун, қирғоқда ўтириб, ҳеч ким билан гаплашмай, шамол ва денгиз тўлқинлари шовқининигина тинглаш, энг мароқли ҳордиқ! Шундагина миям дам олганини ҳис қиламан. Чунки, мени миям тўхтовсиз ишлаб туради, доимий бандлик. Баъзида, ҳаттоки, Худо асрасин, миям тўхтовсиз ишлаганидан портлаб кетмаса, деб қўрқаман ҳам. (кулади) Чунки, жуда кўп нарсани ёдда тутишим керак, репетиция жараёнлари, рақслар, студия, қўшиқлар, ижод учун керакли жиҳатлар, орадаги ижодий суҳбатлар, маълумотлар, оила, фарзандлар, керакли нарсалар... Хуллас, миямда минг хил фикр, жараён! Қирғоқда ўтирганимда эса, ҳеч нарса ҳақида ўйламайман, чиндан ҳам дам оламан ва хотиржамликни ҳис қиламан. Баъзилар қандай дам оласиз, деб сўраб қолишади. “Оддий, қирғоқда, сокинликда” дейман. Чиндан ҳам, сокинликда, табиат билан уйғунлашиб, бир бутунликни ҳис қиламан. Кимдир фильм кўриб дам олади, кимдир рақсга тушишдан завқ олади. Мен эса, юқорида айтганимдек ҳордиқ чиқараман. Аммо, барибир ҳар қандай жойда, юртимсиз, уй, оиламсиз зерикиб қоламан ва кўпинча дарров “қачон қайтамиз?” деб қоламан. Ҳар гал самолётда юртимиз тупроғига қўнганда, юрагимда кечадиган қувончли ҳолатни сўз билан ифодалаб бера олмайман!
- Ижод борасида нимага ҳеч қачон журъатингиз етмайди?
- Ўзим ҳоҳлаган айрим қўшиқларни куйлашга сал журъат қила олмайман! Чунки, мен жуда ҳам замонавий мусиқани ёқтираман. Аммо, негадир охирги вақтларда томошабинлар талаби ҳам, оммалашаётган қўшиқлар ҳам бутунлай бошқача! Ҳаттоки, яқинда Улуғбек Раҳматуллаевга “Нега ҳамма сизни йўналишингизда куйлаяпти?” деб савол ҳам бердим. Чиндан ҳам, Улуғбек Раҳматуллаев “Қирмизи олма”ни куйладию, ҳамма шу йўналишда куйлай бошлади. Бу ҳаммага ёқяпти! Бу йўналиш менга ҳам ёқади, аммо мен бошқаларга ўхшаш бўлиб қолишни ҳоҳламайман. Мен, масалан, “Ҳамма жам”га ўхшаган йўналишда қўшиқ куйлашни ҳоҳлайман. Аммо, бу йўналишни ҳамма ҳам қабул қила олмаяпти. Аммо, бу йўналишдаги қўшиқни яхши кўрадиганлар ҳам бор. Айнан шу қўшиғим учун, Америкадаги “Golden Panther Awards” Мукофоти Ташкилотчилари мен билан боғланиб, мазкур мукофотга лойиқ кўрилганлигимни айтишди. Рейтинг бўйича, “Осиёнинг энг яхши қўшиқчиси” деб тақдирлашмоқчи эканлигини маълум қилишди! Жуда ҳам қувондим! Ахир бутун Осиё бўйича мени танлашибди, яъни, ўзбек хонандасини, бу ахир катта ютуқ! Тақдирлаш 25 февралда бўлиб ўтади! Худо ҳоҳласа, Тақдирлаш маросимига бориш ниятидаман, албатта. Уларнинг Ҳайъати мени танлашган, бу Халқаро мукофот, у ерда Малайзия, Япония, Америка ва бошқа кўплаб давлатларнинг хонандалари турли йўналишларда тақдирланишади. Америкадан Рита Ора танланган. Бу юқори даражадаги Халқаро мукофотга сазовор бўлганимдан ва шунча хонандалар орасидан мени танлашганидан бошим осмонга етди! Энг қувонганим эса, Ўзбекистонлик хонанда эканлигим, улар Ўзбекистонни Ўрта Осиёда энг яхши, деб билишганидан ғурурга тўлиб, фахрландим! Мен аввал Қозоғистонда бўлиб ўтган «Star of Asia» фестивалида иштирок этганимда, “Райхон, Узбекистан” дея эълон қилишганида, мен шунчаки хонанда Райҳон эмас, бутун бир давлат, ўз юртим Ўзбекистон номидан иштирок этаётган Райҳон эканлигимни ҳис қилганман! Яъни, мен Ўзбекистон номидан иштирок этаётганлигимдан жуда қувониб, ғурурланганман! Ўша лаҳзаларда “Ҳа, мен Ўзбекистондан Райҳонман” деб, чексиз ифтихор билан саҳнага чиққанман. У ерда ҳам тақдирланганман ва Ўзбекистонлик эканлигимдан жуда фахрланганман!
- Ҳаётингиздаги энг керакли маслаҳатни ким берган ва нима учун?
- Бунинг учун, мен ўзим мурожаат қилган психологимдан миннатдорман! Юқорида айтганимдек, ҳаётимда жуда ҳам қийин бир вазият бўлган вақтлар, психологга мурожаат қилдим. У менга тўғри маслаҳатлар бериб, ҳар бир лаҳзадан завқланишга, қувонишга ўргатди. Унга ҳозир ҳам мурожаат қилиб тураман. Психологимнинг мен учун энг қадрли ва керакли маслаҳати, “ҳаётда нимаики юз бермасин, ҳаммасини яхшиликка бўлди” деб қабул қилиш керак! Ҳаттоки, қандайдир омадсизликлар, кўнгилсизликлар, ҳаммасини, фақат яхшиликка, деб ўйлаш керак. Нимаики бўлишидан қатъий назар, инсон ўзини қўлга олиб, олдинга юриши керак. Аммо, ҳаммага маълумки, одатда негатив ҳолат юз берса, биз албатта “Қандай қилиб бундай бўлди? Нима учун?” деганча, сиқилиб, асабийлаша бошлаймиз. Мен эса, ҳозир бундай қилмайман ва ундай саволлар бериб, асабийлашмайман ҳам. Шу ҳолат содир бўлдими, демак шундай бўлиши керак экан, тамом, ҳаммаси яхшиликка, дейман. Шундай қилинса, ҳар қандай ҳолатни енгил қабул қилиш, ҳамда ўтказиб юбориш мумкин. Мен ҳаттоки, ҳаётимда юз берган барча омадсизликлар, кўнгилсизликлардан ҳам миннатдорман. Ҳаттоки, менга ўз вақтида ёмонликни раво кўрган, панд бермоқчи бўлганларга ҳам раҳмат! Буларнинг барчаси, мени янада яхши бўлишимга ўз ҳиссасини қўшган, деб ҳисоблайман. Қандай тушунтирсам экан? Масалан, сиз ёш болани уришсангиз, ёмон бўл, деб уришмайсиз-ку! Шунга ўхшаб, ўйлайманки, Яратган ҳам, фақат яхши бўлишимиз учунгина, тўғри хулоса чиқаришимиз учунгина синов юборади. Шунинг учун ҳам, шундай вазиятлар юз беради ва биз бундан ўз хатоларимизни англаб, тўғри хулоса чиқаришимиз керак, деб ўйлайман. Масалан, ҳозир ҳам ҳаётимда қандайдир вазиятлар бўлиши мумкин. Аммо, мен уларни хотиржамлик билан қабул қиламан ва “Худога шукур” дейман. Фақат нима учун бундай бўлганлигини англашга ва ўша хатони бошқа қайтармасликка ҳаракат қиламан. Бу интервьюни ўқиётганларга ҳам айтишим мумкин, “ҳаётда нимаики юз бермасин, ҳаммасини яхшиликка бўлди” деб қабул қилиш керак! Бу чиндан ҳам ёрдам беради. Шунда ҳеч қандай тушкунлик, ёки депрессия ҳам бўлмайди. Мен ҳаттоки, аввал пайқамаган нарсаларимга ҳам эътибор бериб завқлана бошладим. Масалан, ёмғирнинг ёғишидан ҳам, завқланаман. Илгари, ёмғир ёғяпти, дердим, бўлди. Ҳозир эса, ёмғирнинг ёғиши, томчиларни ерга қуйилиши, ҳаммаси мени завқлантиради. Ҳар бир лаҳзага шукур қиламан, тонгда кўз очганимдан, яшаётганимдан, ҳаммасидан бахтиёрман! Тонгда кўз очиб, фарзандларимни кўраётганимга, соғлигимга, севимли касбим борлигига, ўзим яхши кўрган ишни қилаётганимга, ҳаммасига, ҳамиша шукур қиламан! Масалан, бугун ҳам вақтида овқатлана олмадим, аммо шунга ҳам шукур қиламан, чунки ишим кўп, лекин бу шунчаки иш эмас, ўзим севган иш! Ўзим севган ишни қиляпманми, демак, мен бахтлиман! Бунга имконим борлигига шукур қиламан. Масалан, ўзим ёқтирмаган бирор ишда мажбуран ишлаб, бир умр хонанда, ёки яна кимдир бўлишни орзу қилиб, армон билан яшашим ҳам мумкин эди-ку! Ёки, бўлмаса, бирор нотинч юртда туғилишим ҳам мумкин эди... Мен эса, бу ерда туғилиб, яшаб, ўзимни севимли ишимни бажаряпман, бу ахир чиндан ҳам катта бахт! Мен бунга шукур қилишим ва ҳар бир лаҳзадан завқланиб яшашим керак, деб ҳисоблайман. Вақтида овқатланмасам, буни ҳам яхши тарафи бор, бироз озиб вазн ташлаб олишим ҳам мумкин. (кулади) Ҳар бир нарсани фақат яхши тарафини кўриш мумкин. Ҳаётимдаги ҳар бир лаҳза учун, ҳамиша Яратганга шукур қиламан!
- Кўп саёҳат қиласиз. Саёҳатларингиз давомида, ёдда қоларли ҳодисалар ҳам бўлганми?
- Энг ёдда қоларлиси, умр йўлдошим билан Парижга қилган саёҳатимиз бўлди! Бу мени умримда биринчи марта Парижга боришим! Мен ҳар доим Парижга боришни орзу қилардим. Умр йўлдошим Фарҳод акам мени Парижга ҳеч қачон бормаганимни ва боришни орзу қилишимни билиб, Рашид ака Холиқов билан иккови, шу саёҳатни ташкиллаштиришди. Аммо, Парижга бориб у ерда ўзим тасаввур қилган айрим ҳолатларни кўрмадим. Масалан, мен доим Парижда ҳамиша атир ҳиди ҳаммаёқни тутган, кўчаларда рассомлар суратлар чизади, аёллари эса, пошнали туфлиларда, Шанель, Диор либосларида, жуда ҳам гўзал бўлишади, деб тасаввур қилгандим... Аммо, мен бутунлай бошқа Парижни кўриб, (кулади) ҳайрон қолдим. Ҳеч ким ундай қиёфада юрмас экан! Деярли, ҳамма аёллар кундузи пардозсиз, футболка, жинси, ўзига қулай кийимларда юришар экан. Ўзим тасаввур қилгандек подиумда юрадиган даражада чиройли кийинган аёлларни ҳеч қаерда учратмадим. Фақат қандайдир тантана ёки кеча бўлса, шундай келишлари мумкин экан. Аммо, кундалик кунда асло ундай эмас. Қайси мамлакатларда бўлган бўлсам, билдимки, барчасидан кўра, ўзимиздаги ўзбек аёллари кўпроқ ўзларига қараб, сочларини турмаклаб, пардозда, пошнали туфлиларда, чиройли либосларда гўзал бўлиб юришади. Бизни аёллар, чиндан ҳам дунёнинг энг ўзига қарайдиган, энг гўзал аёллари! Парижга саёҳат давомида Эйфель минорасида ҳам бўлдик. Уни ҳам тасаввур қилиб бўлмас даражада гўзал, деб ўйлагандим. Аслида, у ҳам темир конструкция экан. Аммо, барибир Париж ўзининг чиройли бинолари, тарихи, билан барибир ҳайратга солади! Бу саёҳат бир умр ёдда қоладиган даражада чиройли ўтди! Масалан, Версаль, Лувр, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганимда жуда ҳам ҳайратландим, завқландим. Ҳар бир мамлакат ўзига хос, ҳар бир мамлакат такрорланмас ўз гўзаллигига эга.
- Бошқа давлатларда концертлар берганингизда таассуротлар қандай бўлади?
- Қирғизистонда, Урумчи ва бошқа давлатларда концертлар берганимизда, у ердагиларни бизни жуда илиқ кутиб олишлари, ўзбек хонандаларининг қўшиқларини ёддан билишлари мени жуда ҳам қувонтиради! Улар у ерда яшайдиган ўзбеклар эмас, балки ўша мамлакат аҳолиси. Концертларда ўзбекча қўшиқларни бирга қўшилиб куйлашади ҳам. Шундай пайтларда қалбим ғурур ва ифтихорга тўлади. Чунки, улар ўзбек қўшиқларини тинглаб, ўзбекча куйлашяпти!
- Мусиқани, бутун дунё халқлари сўзсиз сўзлашиладиган тил, унда сўзлашилмайди, аммо ҳамма уни тушунади, дейишади. Сиз учун-чи, мусиқа айнан нима?
- Мусиқа мен учун, бу қалбим! Ахир ҳамма нарса қалбдан ўтади ва қалб орқали етказилади!
- Ўз қўшиқларингизни тинглаганда нимани ҳис қиласиз?
- Ҳозир айниқса, ўз қўшиқларимни кўпроқ тинглашимга тўғри келмоқда. Кўплари ёқади, баъзиларини тинглаб, унчалик кўнглим тўлмайди. Ахир айтдим-ку, ўзимга нисбатан жуда ҳам талабчанман! Шу ўринда бир нарсани ҳам айтиб ўтмоқчиман. Менимча, кейинги йил концерт бермасам керак, деб ўйлайман. Чунки, концерт бериш, мен учун жуда ҳам мураккаб жараённи бошдан кечириш. Билмадим, концерт туфайли ҳаётдан узилиб қолаётганга ўхшайман. Сабаби, камида 4 ой тайёргарлик давомида, гўёки ташқи оламдан узилиб қоламан, оиламга, деярли фарзандларимга вақт ажрата олмайман. Уйқу ҳам деярли йўқ, вақтида овқатланмайман, автоматик равишда мана шу ойлар ичида максимал даражада фақат репетиция билан банд бўламан! Ҳеч нарсани эшитмайман, ҳеч қаёққа чиқмасликка ҳаракат қиламан. Ҳаётим мана шу ойлар ичида фақат мусиқа ва тайёргарликдан иборат бўлиб қолади. Мен 3 баробар кўпроқ репетиция қиламан! Билмадим, фақат мен концертга шундай тайёрланаманми, лекин барибир бошқача йўл тута олмайман! Ўзимни бутунлай концерт тайёргарлигига бағишлайман! Бундан ташқари, концерт туфайли, барча ёзган янги қўшиқларимни жуда тез муддатда премьера қилиб юборишимга тўғри келади. Масалан, ўтган йили жуда кўп дуэтларимни тез-тез премьера қилиб юбордик. Ваҳоланки, улар жуда яхши қўшиқлар эди, уларни секин-секин сингдириш керак эди. Зиёда билан, Сардор Раҳимхон билан куйлаган дуэтларимиз ажойиб қўшиқлар эди. Бу муваффақиятли қўшиқларга клип суратга олишимиз мумкин эди! Лекин, концерт туфайли уларни тез тақдим қилишимизга тўғри келди. Бу қўшиқлар учун жуда кўп меҳнат кетган эди. Масалан, Сардор Раҳимхон билан куйлаган дуэтимиз 33 та вариант қилинган ва ичидан биттасини танлаганмиз! Қолаверса, концертдан концертгача бир йил вақт камлик қиляпти. Янги концерт учун янги репертуар танлаганда ҳам, энг катта қийинчилик, бу яхши янги қўшиқ топиш! Ишонасизми, деярли ҳамма нарса қилиб бўлинган! “Мана буни қилайлик, э йўқ, қилинган экан, мана буни-чи, буни аввал қилганмиз”, шу тарзда ҳамиша тортишув! Қўл учида фақатгина концерт репертуарини тўлдириш учунгина янги қўшиқ куйлашни истамайман. Мен чиндан ҳам томошабинлар учун ижод намунаси бўлган, яхши қўшиқ яратишни, куйлашни истайман! Шунинг учун ҳам, билмадим, аниқ айтолмайман, балки кейинчалик ҳар икки йилда бир марта концерт берарман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Нодир Убайдуллаевга
миннатдорчилик билдирамиз