FATTOHHON.COM
« Все новости
Она-юрт шаънини, унинг сарҳадларини ўз ор-номусидек асраб-авайлаётган ҳарбийларимиз доимо халқимизнинг эъзоз ва ардоғидадирлар. Шу кунларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Тошкент вилоятининг ҳам барча ҳудудларида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда, Қуролли Кучларимизнинг 26 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Байрамнинг асосий тантанали қисми Чирчиқ шаҳридаги муҳташам “Кимёгарлар” маданият саройида 2018 йил 13 январь куни бўлиб ўтди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, олий харбий таълим муассасалари курсантлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, хизмат ўташ чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, шунингдек, вилоят фаоллари ва ёшлар иштирок этган маросимда вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан химоячилари куни муносабати билан байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Маросимда Президентимизнинг 2018 йил 12 январдаги Фармонига мувофиқ, Ватан химоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг 26 йиллиги муносабати билан давлат мукофотлари билан тақдирланганларга мазкур орден ва медаллар тантанали вазиятда топширилди. Шунингдек, хизматда юксак ўрнак ва намуна кўрсатиб меҳнат қилаётганлар, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳам вилоят ҳокимлиги ва тегишли тизим раҳбариятларининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Маросимда сўзга чиққанлар Давлатимиз Раҳбарининг беқиёс эътибори ва ғамхўрлиги билан мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини муҳофаза қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор ва профессионал қобилият ва тайёргарликка эга Миллий Армиямиз ташкил топган сана бу йил жойларда жуда катта тантаналар, чинакам байрам шукуҳи билан нишонланаётганини алоҳида қайд этдилар.
— Ҳар бир йигит аввало, эл-юртимга садоқат билан хизмат қилсам, деб ният қилади, — дейди “Жасорат” медали билан мукофотланган Сирожиддин Хайткулов. — Мен ҳам юртимизнинг ана шу бахтиёр фарзандлари қаторида эканимдан фахрланаман. Бугун ҳар қадамда давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигини ҳис этиб яшаяпмиз. Хизматда ҳам, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнимизга эгамиз. Бу, албатта, бизга катта куч ва беқиёс маънавий-руҳий мадад беради.
Тантанали маросимга юртимиз санъат усталари ва ижрочи ёшлар томонидан тайёрланган катта концерт дастури байрамона файз киритди.
Маросим байрам иштирокчиларига атаб ёзилган тўкин дастурхон атрофида давом этди.