FATTOHHON.COM
« Все новости2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Актюбинск вилояти Иргиз туманида автобусда ёнғин содир бўлиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлган ва 5 киши жабрланган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида махсус Ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Комиссия таркиби Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар вакилларидан иборат.
Махсус Ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан биргаликда ушбу фавқулодда ҳодисанинг сабабларини аниқлаш, мамлакатимиз фуқароларининг шахсини аниқлаш, ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни мамлакатимизга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилган.
2018 йил 18 январь куни махсус Ҳукумат комиссияси аъзолари белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун махсус самолётда Тошкентдан Қозоғистоннинг Актюбинск шаҳрига жўнаб кетди.
Prezident.uz дан олинди
Қозоғистон Республикасининг Оқтўба вилоятида содир бўлган фожиали ҳодиса оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарлари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда.
Хориж давлатлари раҳбарлари кўп сонли инсонлар талофатига сабаб бўлган, Қозоғистон Республикасининг Актюбинск вилоятида рўй берган фожиали ҳодиса муносабати билан ўз ҳамдардликларини йўллашмоқда.
18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти чоғида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини билдирди. “Мана шундай мусибатли кунда бутун турк халқи номидан қардош ўзбек халқига сабр-бардош тилаб, марҳумларни Аллоҳ таоло ўз мағфиратига олишини сўрайман”, деб таъкидлади Туркия раҳбари.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари номига Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон томонидан йўлланган самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзлари битилган мактублар келди.
Ҳамдардлик номалари келиши давом этмоқда.
Prezident.uz дан олинди