FATTOHHON.COM

« Все новости

БУХОРО ЖИЛОЛАРИ МИЛЛИЙ РАҚС ИЖРОЧИЛАРИНИНГ РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИДАН! 27.01.2018 00:36

 11b205ca02f88cd72f2ef16d2aca7b5f

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби билан ҳамкорликда ўтказилган “Бухоро жилолари” миллий рақс ижрочиларининг Республика кўрик-танлови ўз ниҳоясига етди. Юртимизда илк бор ўтказилган кўрик танловнинг нуфузли ҳайъат аъзолари, 100 дан ортиқ яккахон раққос ва раққосалар, профессионал рақс жамоалари орасидан энг катта маҳоратга ва истеъдодга эга бўлган ёш ижодкорларни кўрикдан ўтказиб, Бухоро рақс санъатининг ёрқин юлдузларини кашф этдилар. Энг ёш раққоса Ширин Жалилова “Мавриги” асосида яратилган рақс композисиясини намойиш этиб танловнинг мутлоқ ғолиби сифатида тан олинди ва 1-даражали дипломга ҳамда, пул мукофотига сазовор бўлди. Оммавий рақс номинациясида 1-даражали дипломга Бухоро вилоятининг “Бухоро мавжлари” рақс ансамбли  сазовор бўлди. Иккинчи даражали дипломларга “Ўзбекистон” ва “Тошкент зеболари” эга бўлдилар. Регина Исмоилова, Тигран Абдуллаев ҳамда, Шерзод Кенжабоев эса якка рақс композитцияларида ўз маҳоратлари билан иккинчи ўрин совринини қўлга киритдилар. Учинчи ўрин мукофотлари 3 та рақс жамоаси - “Таманно” (Самарқанд вилояти), “Наврўз” (Тошкент шаҳри) ансамбилари ва Навоий вилояти Санъат коллежининг бир гуруҳ истеъдодли раққосаларига топширилди. Феруза Саримсоқова, Алина Бабешко, Ситора Зияевалар эса якка раққосалар йўналишида учта учинчи ўринларни қўлга киритдилар. Юртимизнинг энг истеъдодли балетмейстерлари сифатида Суннат Каримов, Ҳумора Ихтиярова ва Саломат Раҳмонова эътироф этилдилар.

Танловнинг истеъдодли иштирокчиларига “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасасининг рағбатлантирувчи дипломлари ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.

“Ўзбекконцерт” Давлат Муассасасининг директори Одилжон Абдуғаниевич Абдуқаҳҳоров ғолибларга мукофотларни топширар экан: – “Ўзбек рақс санъати бугун янгиланишда. Ёш истеъдодли раққос ва раққосалар, бадиий жамоалар, ўз маҳоратлари ва истеъдодлари билан Республика кўрик танловини миллий рақс санъатининг тантанасига айлантириб, Миллий рақс санъатининг келажагини аниқ белгилаб бердилар. Бугун рақс санъати ҳақиқий изланувчан ижодкорлар қўлида. Биз барча – барчангизга каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламиз. Йўлингиз ва ижодингиз ёрқин бўлсин...”- дея самимий қутлади.