FATTOHHON.COM
« Все новости6 февраль куни соат 18:00 да Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик катта театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги ҳамда, шоир, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллиги муносабати билан, “Назм ва Наво” кечаси ўтказилди. Мазкур кечада устоз санъаткор ва ёш ижрочилар томонидан Алишер Навоий ҳамда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари куйга солиниб ижро қилинди.
Мазкур кечада, Ўзбекистон Халқ артисти, “Алишер Навоий” номли Давлат мукофоти соҳиби Шерали Жўраев,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистон халқ артистлари Ғофур Эшчонов, Ғулом Эшчонов,
Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли ва Ўзбекистон Халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Эркин Рўзиматов, Сойиб Ниёзов,
Ўзбекистон Халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳожиакбар Ҳамидов, Гулбаҳор Эрқулова, Аҳмаджон Дадаев, Тойир Қўзиев ва бошқа кўплаб санъаткорлар ёш ижрочилар, ҳамда “Наврўз”, “Навбаҳор”, “Тумор” рақс ансамбллари иштирок этишди.
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Шу кунларда Республикамизда буюк боболаримиз Алишер Навоий ҳамда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмлари, халқимиз, ёшларимиз томонидан барча жабҳаларда кенг, байрамона нишонланмоқда, десам хато бўлмайди. Мана шу бугунги тадбир ҳам, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан тайёрланиб, ҳар йилгидан бошқачароқ ёндошилди. Бу ерда йиғилган томошабинлар, мухлислар, зиёлилар, санъат вакиллари, Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси, умуман халқимизнинг зиёли вакиллари учун алоҳида тайёргарлик кўрилиб, мазкур кеча ташкил қилинди. Бу кечани ғазал мулкининг султони Алишер Навоий номи билан аталган мазкур театрда ташкил этилишининг ўзи ҳам, алоҳида бир мазмун касб этади ва ўйлайманки, мазмунан ҳам бир-бирига боғланади. Айтишимиз мумкинки, бизнинг буюк аждодларимизни, айниқса, шеърият йўналишида, ғазал мулки султонини инъом этган бу юртда, албатта бундай байрамларни халқимиз ўзининг байрамидек алоҳида қувонч билан нишонлаб, халқ байрамларига айланиб бориши, йилдан йилга сезилиб боряпти. Бу нимадан дарак беради? Халқимиз, демак, кундан кунга ўзини, ўз тарихини англаб боряпти, ўзининг улуғ аждодлари эҳтиромини ўрнига қўйиш билан, буюк тарихимизга бўлган муҳаббатини изҳор қиляпти, десам хато бўлмайди! Ўйлайманки, бу анъана давом этади! Шу кунларда қаерга бормайлик, ҳаммаёқда ёшу қари баравар, Алишер Навоий таваллуд айёми, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёми, ҳаттоки, ўзимни набираларимдан ҳам билдимки, мактабгача бўлган муассасаларда ҳам, боғчаларимизда ҳам, бунга алоҳида урғу берилаётганлиги, албатта инсонни қувонтиради. Чунки, бизнинг тарихимиз инсон тарбияси учун, инсон маънавиятининг юксалиши учун жуда ҳам катта манба! Буни ўрганишда давом этамиз, ҳали йилдан йилга бу кечаларни, бу байрамларни нафақат Ўзбекистон, балки хақли маънода, бутун дунёга маърифат тарқатган бир юрт вакиллари сифатида, биз керак бўлса, халқаро даражага олиб чиқишимиз ҳам, ҳар томонлама тўғри бўлади, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова: - Бугун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик катта театрида бўлиб ўтаётган бу концертда, миллий мусиқамиз бўлмиш мумтоз ашулалар, мақом асарлари ижро этилмоқда. Бу буюк аждодларимизнинг таваллуд айёмларини нишонлаш, ҳар февраль ойида анъанага айланиб қолган десак, муболаға бўлмайди. Кўп концерт саройларида мана шундай мумтоз санъат асарлари намуналари ижро қилинадиган концерт дастурлари бўлиб ўтади. Ўзим ишлайдиган Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ҳам, албатта устозлар, устоз санъаткорлар, талабалар иштирокида концерт дастурлари ўтказилади. Шу кунлар Ўзбекистон бўйлаб катта бир санъат байрами бўлиб ўтади! Бу концертларда томошабинлар чиройли оҳанглардан маънавий озуқа олишади, бизнинг шундай бир буюк шоирларимиз қаламига мансуб ғазаллар, устоз санъаткорлар ижросида куйланади. Гоҳида “мақом асарларининг томошабини кам”, деган сўзларни эшитиб қоламиз, лекин мақом асарлари ижро қилинадиган концертларда мен ўзим ҳар доим қарайман, аксинча, залда ҳамиша томошабинлар тўла бўлади! Демак, барибир бизнинг халқимиз, миллий мусиқамиз бўлган мумтоз ашулаларимиз, мақомларимизни яхши кўришади! Мана ҳозир томошабинларнинг олқишларидан ҳам маълум, концерт уларга манзур бўляпти. Бу ерда устоз санъаткорлар билан бирга ёш, санъат оламига энди қадам қўйиб келаётган ижрочилар ҳам иштирок этишяпти. Ҳаттоки, Глиэр номли мусиқа мактабидан кичик ёшдаги болалар ҳам қатнашяптилар, уларни шундай ажойиб асарларни ижро этишганини кўриб, ўзим ҳам тўлқинланиб кетяпман, жуда ҳам бир ёниб ижро қилишмоқда. Умуман бизнинг халқимиз ҳамма соҳада жуда иқтидорли халқ! Уларга қараб ўйлайманки, бизнинг ўтган мутафаккир аждодларимизнинг муносиб давомчилари бор, биз устозларимиздан ўрганган бўлсак, биздан энди шогирдлар, талабалар ўрганишяпти. Бугун бу саҳнада ёши улуғ устозлар билан биргаликда, муносиб давомчилар бўлган ёш иқтидорлар ҳам ажойиб мақом асарларини, мумтоз ашулаларни ижро қилишмоқда. Бу ўзига яраша катта масъулият! Албатта, бундай концертлар давомли бўлади ва тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб бораверади.
Буюк боболаримизнинг адабий мероси фақатгина бизга эмас, балки бутун инсониятга тааллуқли, десак янглишмаймиз. Уларнинг мукаммал асарлари, асрлар давомида авлодлар қалбида сақланиб, яшаб келмоқда. Хорижий тилларга ҳам таржима қилинган Алишер Навоийнинг “Хамса”сини, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” (“Вақоеъ”)сини ўқимаган инсон орамизда кам топилса керак... Ўлмас асарлари билан қалбларимизда мангу, ўзининг юксак инсонийлик сифатлари билан ҳам ибрат бўлган буюк аждодларимиз хотираси, авлоддан авлодга ўтиб, инсоният қалбида яшашда давом этаверади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
РАСМИЙ FATTOHHON.COM КАНАЛИДА!