FATTOHHON.COM
« Все новости14 май куни соат 15.00 да «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг “Аквариум” залида “Обод юртга муносиб фарзанд бўлайлик” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда кўплаб хонандалар, продюсерлар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, созанда Абдуҳошим Исмоилов, хонандалар Ғиёс Бойтоев, Тоир Қўзиев ва “Сато” гуруҳи, “Сарбон” гуруҳи Фарҳод Саидов, Ҳосила Раҳимова, Алишер Файз, Дилдора Ниёзова, Муниса Ризаева, Самандар, Манзура, Анвар Собиров, Рухшона, Ойбек ва Нигора, ҳамда бошқалар...
«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров сўзга чиқиб, бугунги кунда долзарб бўлган бир неча масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
“Ота-онага фарзанд бўлишдан кўра, Ватанга, халққа фарзанд бўлиш масъулияти юқори туради” дея сўз бошлади Азамат Ҳайдаров ва санъаткорларни Ватанга, халқимизга муносиб мазмунли қўшиқлар яратишга чорлади.
Ҳозирги кунда санъаткорлар учун яратилган ва яратилаётган шароитлар ҳақида айтиб ўтиб, санъаткорлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётганлигини, агар санъаткорлар яхши қўшиқ учун шеър тополмаётган бўлсалар, мазмунли шеърлар билан таъминланишларини, қўшиқ ёздириш учун овоз ёзиш студияси, Озодбек Назарбеков Продюсерлик марказларигача ишлаб турганлиги ҳақида, фақат ва фақат мазмунли, яхши қўшиқлар яратишлари зарурлигини айтиб ўтди.
У киши, ҳозирги кунда санъаткорлар орасида тарқоқлик борлигини айтиб, уларни ҳамжиҳатликка ҳам чақирди.
Суҳбат давомида ҳозирги кундаги санъаткор одоби ва маданияти ҳам тилга олиб ўтилди.
Халқимиз азалдан санъаткорларнинг одоби ва маданияти, камтарлиги, савиясини ўзига мисол билиб, эъзозлайди. Чинакам санъаткор ўз маданияти ва одоби билан барчага ўрнак бўлиши зарур. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳозирги кундаги баъзи санъаткорларнинг ўзини тутиши, қўшиқлари, клиплари ва матбуотдаги чиқишлари борасида, бундай ижобий фикр билдириб бўлмайди. Суҳбатда ҳам, баъзи санъаткорларни “сариқ матбуот” газеталарида уйлари ва яшаш шароитлари, сарф этган маблағларини мақтанганликлари ҳам тилга олиниб, мақтанчоқлик санъат аҳлига хос бўлмаган ишлиги ҳақида ҳам, фикрлар билдирилди. Санъаткорлардан ёши улуғроқларига, мана шундай ёш ҳамкасбларига насиҳат қилишлари зарурлиги ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ҳозирги кундаги баъзи ёш хонандаларнинг клиплари, улардаги чиқаётган қизларнинг ибо-ҳаёга тўғри келмайдиган ҳаракатлари, кўринишлар, маънавиятга зид бўлган клипларни ва бу каби ҳолатларни бартараф этиш кераклиги ҳақида ҳам, атрофлича фикрлар билдирилди.
Устоз санъаткорлар ёд олиниб, улар ўз вақтида биттагина чиқиш, ёки биргина оддий кадрлар билан томошабинлар ёдида қолганлигини, ўзларининг одоби ва камтарлиги билан халқ меҳрига сазовор бўлганлиги, ҳалигача уларни халқ ҳурмат билан ёдга олиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, эстрада хонандалари ва продюсерлар, иш юритувчилар томонидан тартибга риоя қилиш, уларнинг масъулиятини ошириш мавзусида ҳам фикр юритилди. Продюсер ва иш юритувчиларнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бўлиши кераклиги, улар фақат пул ортидан қувмай, санъаткорга ижод учун шароит яратиб беришлари зарурлиги ҳақида, ҳозирги кунда баъзилар продюсер билан администраторни ҳам адаштириб қўяётганликларини, ҳозирги кунда продюсерлар сони хонандалардан кўра кўпроқлиги, баъзи ўзини продюсер дейдиганларнинг фирибгарликлари, турли тушунмовчиликлар юз бермаслиги учун, эндиликда ёш продюсерлар ҳам чақиртирилиб, рўйхатга олиниши, уларга махсус ўқув ташкил қилиниб, сертификат берилиши, билдирилди.
Шундан сўнг, гуруҳлар масаласи кўтарилди. Ҳозирги кунда ўзбек эстрадасида ёш гуруҳлар кўпайиб кетганлиги, қайд қилинган жами 26 та гуруҳ борлиги, (лекин номаълумлари қанча) улар бошқаларнинг қўшиқларни айтиб, улардан “кўчирма” қилаётганлиги, ҳаттоки тўйларда машҳур санъаткорларнинг қўшиқлари фонограммасини қўйганча, оғиз қимирлатиб юрганликларию, бу ҳақида ҳеч ким бирор томошабин “нима қиляпсан, нега бировнинг қўшиғига оғиз қимирлатаяпсан?” деб юзига айтиб, эътироз билдирмаётганлиги, бир сўз билан айтганда “муаллифлик” ҳақидаги қонунга риоя қилинмаётганлиги ҳақида айтиб ўтилди. Гуруҳлардан баъзилар ҳар хил маъносиз клиплар суратга олдириб, шунинг эвазига танилаётганлиги ҳақида ҳам, тўхталиб ўтилди. Шунинг учун ҳам, эстрада гуруҳлари кўрик-танловини ташкил этиш, саралаш кераклиги ҳақида ўринли фикрлар билдирилди.
Шундан сўнг, хонандалар ҳам кўтарилган мавзулар юзасидан, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Созанда Абдуҳошим Исмоилов сўзга чиқиб, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаровга, мана шу мавзуларни маданият билан тушунтирганликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Сўнг, ҳозирги кунда санъаткор маданияти мавзусида ўз фикрларини билдириб, санъаткорларимизга, манманлик, қора майкаю, йиртиқ шимларда чиқиш ярашмаслиги ҳақида айтиб ўтди. Манманлик бу аслида ақл ва тарбия борасида пастлик эканлиги, ақлли инсонда манманлик эмас, маданият бўлиши кераклиги ҳақида ўринли фикрлар билдирди. Санъаткор ҳаммага намуна бўлиши кераклиги, санъат эгаси ўз манманлиги билан эмас, ўз санъати билан ўзини кўрсатиши кераклиги, ҳозирги кундаги шароитлар ва улардан келиб чиқиб, санъатнинг қадрига етиш кераклиги, шунингдек, ҳозирги кунда санъаткорлар учун шунчалик жон куйдираётган “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаровдан миннатдор бўлиш зарурлигини ҳам айтиб ўтди.
Хонанда Ҳосила Раҳимова эса, яқинда юз берган бир тушунмовчилик ҳолати юзасидан “Ўзбекнаво” раҳбарияти унга муносиб ёрдам кўрсатганлигини, қўллаб-қувватлаганлигини айтиб, ўз миннатдорчилигини билдирди.
Хонанда Шуҳрат Қаюмов сўзга чиқиб, ўзбек миллий қўшиқчилиги, қўшиқчиликнинг бугунги кунда савияси, санъаткорлар халқни ўз ортидан эргаштира олиши, маданиятни шакллантириш, миллийликка эътибор ҳақида асосли фикрлар билдирди. Қўшиқчилик бекорчиликдан бўлмаслиги кераклиги, ўзбек санъатининг маънавий бойлиги ва буюк мусиқа меросхўри бўла туриб, ўғирлаш уятлиги, европалашишга чек қўйиш кераклиги, ҳозирги кундаги эстрададаги аралаш ҳолатлар, эстрада бу миллий эстрада бўлиши кераклиги, ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, ҳозирги кундаги энг ачинарли ҳолатлардан бири, қандайдир танилмаган гуруҳларнинг ҳаттоки, бошқа сал танилган гуруҳлар номларини ўзлаштириб олаётганликларию, тўйларда бошқа таниқли хонандалар фонограммасини қўйиб, лаб қимирлатишлари, ҳамма бунга кўникиб, ҳатто ажабланмаётлиги ҳақида, шунингдек, илгари томошабинлар хонандаларнинг овозию истеъдодидан ҳайратга тушган бўлсалар, ҳозирги кунда эса, “овозсиз ҳам хонанда бўлиш мумкин экан-ку” деб ҳайратланаётганликлари ҳақида гапирди.
Продюсерлардан Илёс Дадабоев сўзга чиқиб, ҳозирги кунда баъзи ёшлар продюсер ва администраторнинг фарқига бормаётганлиги, ҳозирги кун продюсерлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Чиндан ҳам, ҳозирги кунда санъаткор одоби, маданияти, қўшиқлари халқимиз учун, ёшлар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Ўсиб келаётган ёш авлод санъаткорлардан ибрат олиши табиий ҳол. Шундай экан, санъаткорларимиз ҳам, ўз миллийлигимизга урғу берган ҳолда, ўзларининг одоби, маданияти ҳамда мазмунли қўшиқлари билан ёш авлодга ўрнак бўлсалар, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова