FATTOHHON.COM
« Все новостиУлуғбек Раҳматуллаев энг тиниб-тинчимас ва фаол хонандалардан бири. Унинг ҳар бири қўшиғи ҳозирги кунда хитга айланаётганлиги шубҳасиз. Хонанданинг ўзи эса, ҳозирда бўлиб ўтажак янги концерт дастурига тайёргарлик ва репетиция жараёнлари билан банд. Концертда кўплаб янгиликлар кутилмоқда. Хонанда уларнинг баъзилари билан бўлишди ҳам. Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони Улуғбек Раҳматуллаев.
- Концертингизда қандай сюрпризлар кутилмоқда?
- Бизда ҳеч “концертга қайси режиссёрни таклиф қиламиз? Қайси қўшиқларни айтиб, қай тарафдан чиқамиз?” деган бир тушунчалар бўлмаганлиги учун, ҳар доим ўзим, ижодий гуруҳим, укам Дилшод Раҳматуллаев, Жалол Раҳимов, Бахтиёр ака Собиров, шулар билан биргалашиб, ҳар йили концертни ташкиллаштирамиз. Бу йил бешинчи концертимизни ҳам, режиссёрлиги, саҳна кўринишлари ва декорациясини ҳам биргаликда қиляпмиз. Шу ён-атрофимдаги қадрдонлар, ўзгартирганим йўқ, бир-биримизни тушуниб, ижод қилиб келяпмиз. Бир сирни очишим мумкин, бу сафар саҳнада кўп чироқлар бўлади, кўп махсус эффектлар, лазер шоуни ҳам амалга оширамиз! Қўшиқлар характеридан келиб чиқиб, махсус экран графикалари, чироқлар ва кутилмаган жанрдаги қўшиқлар, барчаси уйғунлашади! Ҳамма сирни оча олмайман, аммо кўплаб мухлислар талаблари билан куйланган қўшиқларни тинглаб, ҳаттоки, “Улуғбек бундай қўшиқлар айтмаса керак?” деганларга ҳам, янги кутилмаган қўшиқларим бор!
- Бу йил бешинчи марта концерт беришингиз. Сиз билан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерти ҳақида суҳбатлашганимизда, тўлиқ жонли ижрода концерт бериш ниятингиз ҳақида айтгандингиз. Шундан келиб чиқиб, бу концертингизни кўплар балки тўлиқ жонли ижрода бўлади, деб ҳам ўйлашганди. Бунга муносабатингиз?
- Авваламбор, шукур, тақдиримда бир неча концертлар бериш ёзилган экан. Тўғри, “Ширин орзу”, бу бешинчи концертим! Ўйлайманки, жонли ижрода куйлаш ҳар бир санъаткорга ёқади, ҳар бир санъаткор шуни ҳоҳлайди. Аммо, бу нарсанинг масъулияти катталиги учун, омма олдида таваккал қилишга ботина олмайди! Тўғри, бу йил устоз санъаткоримиз Озодбек Назарбековнинг тўлиқ 100 фоиз жонли ижродаги концертига тушдик ва бу концерт кўплаб санъаткорларга далда бўлди, десам ҳам бўлади. Шахсан, менинг ўзимга ҳам. Бу концертни кўриб, мен яна ҳам илҳомландим! Ўтган йилги яккахон концертимда ёдингизда бўлса, “Лайлойимсан”, “Чақалоқлар” каби бир неча қўшиқларимни жонли ижрода куйладим, мухлисларга манзур бўлганди. Бу репетиция қилинмаганди ва импровизация бўлиб кетганди. Эсимда бор, гул олиш жараёнида созандаларимга “бирор бир мусиқа чалиб туринглар”, деганимда, улар “Лайлойимсан” қўшиғимни мусиқасини чалиб туришганда, “Мажнуни Лайли бехабар” деб, айтиб юборгандим, томошабинлар бақириб юборишди! Ўшанда биринчи қаторда ўтирган санъаткорлардан Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитовага кўзим тушди. “Айтинг, айтаверинг” деб, менга қанақадур кўмак бўлди. Шу баҳона қўшиқни куйлаб юбордим. Мана бу йил эса, жонли ижродаги қўшиқларим сони янада кўпайди! Халқимизга манзур бўлган, жонли ижрода куйлаш имконияти кўпроқ бўлган қўшиқларимиздан бир нечасини мухлисларимиз учун ижро қиламиз! Ҳозирда профессионал созандалар Азиз ака Холмуродов бошчилигидаги гуруҳ билан биргалашиб, жонли ижродаги қўшиқларни куйлаб, репетиция қиляпмиз! Мухлисларга манзур бўлган, хит, мухлислар бирга жўр бўлиб куйлайдиган қўшиқлар устида ишлаяпмиз! Худо ҳоҳласа, концерт дастуримизда, жонли ижродаги қўшиқлар албатта, бўлади! Бу қўшиқларни мухлислар билан биргалашиб куйлаймиз! “Истиқлол” санъат саройида катта масъулият бўлади! Йилдан йилга жонли ижродаги қўшиқларнинг қўшилиб келиши, бу 100 фоизли тўлиқ жонли ижродаги концертларга ўтишга, аста-секин қўйилаётган қадам! Мен ишонаман, барибир ҳаммамиз 100 фоиз тўлиқ жонли ижродаги концертларга етиб келамиз! Ҳозирда шунга интиляпмиз, ҳаракат қиляпмиз! Йилдан йилга, профессионал тажриба ҳам ошиб бораверади.
- Демак, бу гал ҳам залдагилар билан бирга куйлайсиз?
- Албатта! Агар кимдир “мен ҳам қўшиғингизни бирга куйлай” деса, албатта, ёнига бораман! Бу шундай концертки, бу мен билан мухлисларимнинг байрам кечаси! Жонли мулоқот! Бир йил давомида қилган меҳнатимизни мухлислар билан бўлишиб, улар билан қандайдир дийдорлашадиган, дилдан суҳбатлашадиган кунимиз! Агар кузатган бўлсангиз, бир концертга жиддий чиқиб, фақат қўшиқ айтиб, кириб кетадиган инсон эмасман. Доим кулиб, мухлислар билан гаплашиб, бошловчилик ҳам қиламан. Бу гал ҳам ўзим бошловчи бўламан. Мендан ташқари, концертимизга бир шоумен ҳам таклиф қилинган. Кимлигини ҳозир айтмайман, сир бўла қолсин! Лекин, у жуда кўплаб шов-шувларга сабаб бўлаётган ижодкор! Бундан ташқари, жуда бир кутилмаган дуэт қўшиқ бўлмоқда! Уни ҳам ким билан эканлиги сир! Шундай бир антиқа чиқиш бўладики, мухлислар ҳам ҳайратда қолишади ва ўзим учун ҳам қизиқарли бўлмоқда! Янги қўшиқлар ичида миллий йўналишда ҳам куйланганлари бор. Мухлислар севиб тинглаган қўшиқларни бошқача йўналишда ҳам тинглашлари мумкин бўлади! Янгиликлар жуда кўп!
- Концерт дастуридаги қандай янгиликлар очиқроқ билан бўлиша оласиз?
- Бу йил концертга ҳаракатни мен аввалроқ бошладим. Ўтган йилги концерт дастуримда, ундан аввалгисида ҳам, концертимга 2 кун қолганида ҳам, концертда куйлайдиган қўшиқларимни ёзиб юргандим... Баъзида маъсулиятни кучли олганимдан, ўз-ўзидан томоқларим шишиб кетадими-ей, иситмам кўтарилиб, бетоб бўлиб қолиб, жуда ҳам қийналдим. Шунинг учун ҳам, бу йил, йил бошиданоқ янги концерт дастурига тайёргарликни бошладим! Сирни очаман, январь ойиданоқ янги концерт дастурига тайёргарликни бошлаб юборгандим. Концертда куйланадиган янги қўшиқлар ва янги мусиқий альбомим тайёр! 15 та янги қўшиқ тайёр бўлди! Концертга тушган мухлисларим, хит бўлган қўшиқларим билан бирга, янги қўшиқларимни тинглашади! Савол туғилиши мумкин, 10 тадан ортиқ янги қўшиқлар, кўп эмасми? Лекин, мухлисларим ижтимоий тармоқлар орқали, “янги қўшиқлар борми”, деб сўрашмоқда ва мен ҳаммасини тайёрладим. Жуда чиройли ва ўзгача саҳна кўринишлари, жуда ҳам чиройли рақслар билан қўйилган бу қўшиқлар! Бу сафар концертимда ҳар хил жанрда қўшиқлар бўлади! Албатта, бунга мухлислар ўзлари баҳо беришади. Ҳозирда мени топишда қийналишаётганининг асосий сабаби ҳам, “Истиқлол” санъат саройи жуда катта, масъулиятли даргоҳ! Бу ердаги концертга шунчаки ёндошиб бўлмайди! Ҳозирда студия, концертга кийиладиган либослар борасида дизайнерлар билан фикрлашувлар, умуман, фақат концерт билан бандман, бу албатта ҳаммаси мухлислар учун, улар қувонишлари учун! Концертга келишсин, баҳраманд бўлишсин, қайсидир маънода йил давомида қилган меҳнатимизни биринчилардан бўлиб баҳолашади ва янги қўшиқларимни биринчилардан бўлиб, концертимизга ташриф буюрган мухлислар тинглашади! Концертдан сўнг, янги мусиқий альбомим чиқади ва уни ҳозирча номламай турибман. Чунки, концертда янграйдиган янги қўшиқларимнинг баъзилари мухлисларга кўпроқ ёқади, бу табиий ҳол. Янги мусиқий альбомни ўша ном билан номлайман! Қолаверса, ўша қўшиқлардан бирига видеоклип ҳам суратга олинади! Концерт дастурим ўтиши билан, кейинги йилги янги концерт дастурига ҳаракатни бошлаб юбораман!
- Одатда сиз ижодда профессионаллар фикрига кўпроқ қулоқ соласизми, ёки мухлислар фикри муҳимроқми?
- Мен доим ўртасини олишга ҳаракат қиламан. Жуда ҳам профессионал тарзда ёндошиш баъзида ҳамма ҳам тушуниши мумкин бўлган натижага олиб келмаслиги мумкин, назаримда. Жуда ҳам мураккаб нарсани оддий одам тушунмаслиги мумкин, лекин ўз касбининг устаси тушунади. Лекин, оддий инсонга ғалати туюлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам, албатта, мухлисларимнинг илтимослари ва улар тинглагиси келган йўналишдаги қўшиқлар, мавзудаги қўшиқларни куйлайман, аммо профессионал студияда, профессионал созандалар куйлар басталагач, албатта. Икки хил ижод бор, бири мухлис даражасига тушиб туриб ижод қилиш, иккинчиси эса, мухлисни ўз даражангизга кўтариб туриб ижод қилиш! Мухлисни ўз даражангизга кўтариб олиш, сал осонроқ бўлмаслиги мумкин, шунинг учун секин-асталик билан қадам қўйиб келяпман. Масалан, концерт дастурида мендан кутилмаган қўшиқлар бўлмоқда, жонли ижродаги қўшиқлар бўлиши, демак, профессионалликка ўтилмоқда! Яъни, кўпроқ ўртасини олишга ҳаракат қиламан, мухлисларнинг ҳам кўнглини олишга, профессионалларнинг ҳам фикрларини инобатга олишга интиламан.
- Дейлик, бир қўшиғингизни профессионаллар танқид қилишмоқда, аммо мухлисларга жуда ҳам манзур бўлмоқда! Ёки, аксинча бўлса? Бундай вазиятда қандай йўл тутасиз? Кимни фикрига кўпроқ қулоқ соласиз, бундай вазиятда?
- (самимий кулиб) Ўзи ҳар доим шундай бўлади! Ҳеч қачон, ҳам мухлислар, ҳам профессионалларга ёққан ҳолат бўлмаган! Бундан вазиятда мен, ҳар иккала тарафнинг ҳам фикрларини ўйлаб кўраман. Агар мухлисларга ёқсаю, профессионаллар хатосини топиб турса, унда мухлисларга ёқди, бўлди, дегани эмас! Мисол учун, мухлисларга кўп нарса ёқиши мумкин, лекин профессионаллашиш учун, сизга профессионал ижодкор танбеҳ беради. Масалан, ўша профессионал ижодкор сезган камчиликни мухлис сезмаслиги ҳам мумкин. Сезмаяпти, деб кетиш, бу мухлисга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Ўшани тўғрилаш имконияти бўлса, тўғрилаб қўйиш керак! Бундан ҳолатлар бўлади, масалан, радиоларга берилишига бир кун қолганида, қўшиқларимни ўзгартирган вазиятларим ҳам бўлган. Масалан, яқинда “Раҳмат сизга отажон, онажон!” деб куйлаган янги қўшиғимнинг бир жойи бир профессионал ижодкорнинг фикри билан озгина ўзгартирилди. Бу каби нарсаларни мухлислар билмаслиги, сезмаслиги ҳам мумкин.
- Сиз “Раҳмат сизга отажон, онажон!” қўшиғингизни шўх оҳангда куйладингиз. Маҳзун қўшиқлар кўпайиб кетганига, ажралиб туриш учун атай шўх оҳанг танладингизми?
- Йўқ, ундай маънода эмас! Бу қўшиқни куйлашимга сабаб, нима учун доим ота-онага раҳмат, деганда биз йиғлаб гапиришимиз керак, хурсанд бўлиб миннатдорчилик билдириш мумкин эмасми? Майли, бир сирни очаман, мен бу қўшиқни куйлаганимда, бир ният қилдим, бизни тўйларга таклиф этишганида, одатда оналар таклиф этилганда, оналари билан чиқиб рақсга тушишади. Шундай пайтларда агар ота-онаси ҳаёт бўлса, мен ота-онасини даврага олиб чиқиб, бирга рақсга тушишларини ҳоҳладим. Бутун дунёдаги фарзандлар номидан, “ота-она сизга раҳмат, киймай кийдирдингиз, емай едирдингиз, бош эгаман пойингизга” дейман. Ўзим ота бўлиб, ҳозир ота қадрини тушуняпман! Ўзинг фарзанд кўрмагунча, ота-онангни қадрини тушунмас экансан! Ота-онам қадрини тушунганлигим учун ҳам шу қўшиқни куйладим! Бу нафақат ўз номимдан, балки барчанинг номидан ота-онага раҳмат, дея куйланган қўшиқ, яхши кунларда куйлай, деган маънода, ният қилдим. Яна боя айтганимдек, бу оригиналлик ҳам, маҳзун куйлагандан, шўх куйлаб, рақсга тушиб, раҳмат, дейиш ҳам мумкин.
- Ўз ота-онангизга бу қўшиқ қанчалик манзур бўлди?
- Уларга жуда ҳам ёқди! Айниқса, мени катта акам Умиджон, бошқа соҳа вакили, уларга ҳам жуда манзур бўлди, улар ҳам “укам жуда оригинал бўлибди, ҳеч ким қилмаган ишни қилибсан, ота-она ҳақида шўх куйлабсан!” дедилар. Тингловчилардан ҳам яхши фикрлар эшитяпман! Интернет орқали ҳам, 2 кун ичида 10 минг тингловчи тинглаганлиги қайд қилинганлиги ҳам, катта натижа! Мухлисларга манзур бўлганидан хурсандман, бу ҳам концерт дастуридан ўрин оладиган қўшиқ!
- Агар кунингизни идеал ўтказиш имкони бўлса, у қандай ўтган бўларди? Ўша куни нималар қилган бўлардингиз?
- Ўша кунни оилам билан ўтказган бўлардим! Шунингдек, инсонларнинг кўнглини кўпроқ олиш билан! Масалан, мен яхши иш қилсам, кимнидир хурсанд қилсам, у хурсанд бўлиб дуо қилса, ёки яхши тилаклар билдирса, ўша куни бутун вужудим мазза қилади. Мана шу идеал мазза қилиш! Агар имкони бўлса, кунимни кўпроқ оилам билан ва кўпроқ инсонларга яхшилик қилиш билан ўтказган бўлардим! Кунимни идеал ўтказиш шундай кечган бўларди!
- Сиз эмоционал инсонмисиз, ёки совуққон?
- Эмоционал инсонман. Ижодкор инсон эмоционал бўлмаса, у ижодкор бўла олмайди! Эмоционал характер ҳисобига инсон қўшиқ айтаётганда таъсирланиши ва юрагига яқин олиши ҳосил бўлади. Совуққон инсон, ҳеч қачон қўшиқни дардли ёки чин дилдан куйлай олмаса керак.
- Одатда ҳамкасблар ёки дўстлар билан тортишиб қолганда, ўзингизни совуққон тутасизми, ёки эмоцияга берилган ҳолатингиз ҳам бўлганми?
- Одатда ёшимга, тортишиш каби ишлар ярашмайди. Лекин, агар баҳслашиб қолсам, бу мени келажакда ўша ижодкор билан бўладиган муносабатимга таъсир қилмайди! Агар тушунмовчилик бўлиб қолса ҳам, мен одатда кек сақламайман! Иложи борича ёддан чиқариб юбораман, чунки қанчалик тез эсдан чиқариш бу, шунчалик енгиллик ва сени шунчалик кучли бўлишингга сабаб бўлади!
- Ҳаётингизда қандай воқеа, сизнинг ҳаётингизга кутилмаганда ўзгариб кетишига сабаб бўлган, ўзгартириб юборган?
- Бундай ҳодисалар ҳар куни бўлади. Яъни, яхшилик тарафига буриб юборади. Масалан, бир инсон сенга нотўғри бир ҳатти-ҳаракат ёки бир иш қилаётганлигини кўрсанг, шунга қараб, бутун одамзотга нисбатан ишончинг йўқолиши, бу нотўғри, деб ўйлайман! Менда бундай ўзгариш йўқ! Менда ҳайратланиш, қойил қолиш ва тан бериш бор! Бир-икки инсонларнинг сабр-тоқатлилигини, меҳнаткашлигини кўриб, баъзида ўзимдан хижолат бўламан. Баъзида “вой, чарчаб кетдим” деб қўямиз, ношукурлик қилиб қўямиз. Ўшанда, мендан ёши катта инсонларнинг қилаётган ҳаракатларини кўриб, уялиб, “тавба қилдим, нотўғри экан, бундай дейиш керак эмас экан” деб қўясан. Масалан, тасодифан бир инсоннинг гапини эшитганимда, менга жуда ҳам таъсир қилганди ва шу гап қайсидир маънода мени ҳаётга бўлган қарашимни ўзгартира олган ҳам! У инсоннинг гапини эшитиб, “чарчаб кетдим, дам олишим керак” деган гапни гапирмасликка ҳаракат қиладиган бўлганман. Ўшанда у инсон, “ёшлигимда шу қадар ишим кўп бўлардики, бўлди, етади, чарчадим” деб юборган вақтларим ҳам бўларди. Ҳозир эса, ҳеч ким хабар ҳам олмайди! Ҳеч кимга керакмас бўлиб қолгандекман! Шунинг учун ҳам, одамларга керак вақтингда, чарчадим, деб, ношукурлик қилиш керак эмас экан!” деганди.
- Ижодингизда автобиографик қўшиқ ҳам бўлганми?
- Бу йил аниқ бўлади! Шу вақтгача ҳам бўлган, аммо қандайдир фоизлар бўлган. Бу йилги концертимда эса, бир неча автобиографиям билан боғлиқ бўлган қўшиқларни ижро қиламан. Бу қўшиқларни тингловчилар концерт куни билганлари маъқул, ҳайратланарлироқ бўлади! Ўйлайманки, қўшиқдаги хурсандчилик, матнидаги, мусиқасидаги ҳис қилинадиган меҳр билан боғлиқ чиройли ҳиссиётлар, ҳар бир инсоннинг оиласида бор!
- “Ширин орзу” ҳақида куйлагансиз. Ўзингизнинг ҳаётингизда қийин орзу бўлганми ва бугунги кунда унга тўлиқ эриша олдингизми?
- Ҳозир агар бирор гап айтсам, менимча, ношукурлик қилган бўламан! Нималарни ният қилган бўлсам, барчаси секин-асталик билан эришяпман! Халқимизнинг, мухлисларимизнинг дуоси билан, юртим тарафидан берилаётган имкониятлар тарафлама, ҳамма ниятларим амалга ошмоқда! Оддий мисол, юртим тинчлиги туфайли ҳам, кўп нарсага эришдим! Концерт дастурининг номини “Ширин орзу” деб номлаганимиз ҳам кўплаб саволларга сабаб бўлди. “Ширин орзу” қўшиғингиз номига бағишладингизми, ҳам дейишди. Йўқ, жуда ҳам кўп орзуларим ушалаётган бир даврда, хурсандчилик даврларимдан келиб чиққан бир ҳолатда, концертимни ҳам, шундай номладик! Ширин орзу ва ниятларга бой бўлган концерт бўлсин, ният қилган қўшиқларимни куйлаяпман, ният қилган ишларим амалга ошяпти, концерт дастурида мухлисларимни ҳаётимдаги кўплаб янгиликлардан бохабар қиламан, шуларни ҳаммасини умумлаштирган ҳолда, концертимни “Ширин орзу” деб номладик!
- Инстаграм тармоғидаги профилингиздаги суратларни кўриб, мухлисларингиз, сизни “ўзини жуда ҳам яхши кўради” дейишларига муносабатингиз? Албатта, улар бу гапни яхши маънода айтишмоқда.
- (самимий кулади) Ким ўзини ёмон кўрар экан? Шу саволга мухлисларим жавоб беришса, мен ҳам, уларни ўша гапига жавоб бераман! Мени кўп суратлар қўйишимнинг сабаби ҳам, ўзи аслида мухлислар талабидан келиб чиқади! “Қаердасиз? Нима янгилик? Нима қиляпсиз?” каби саволларга жавоб тариқасида, ижод жараёнидан, студияларда ишлаётганим, иштирок этган тадбирларимдан суратлар жойлаштираман! Бу ҳаммаси мухлислар учун қизиқарли! Мени бахтимга шерик бўлган, менинг ютуғимдан хурсанд бўлган инсонлар учун, мени қўядиган бирор бир оддий суратим ҳам, унинг учун зўр бўлиб туюлади. Мен учун хурсанд бўла олмайдиган, ютуқларимдан қувона олмайдиган инсонлар учун эса, табиийки, мени ҳар бир ҳаракатим нотўғри кўриниши мумкин! Шунинг учун, ўйлайманки, ўзи ҳар бир инсон, ўзини ўзи яхши кўриши керак! Агар ўзини ўзи яхши кўрмаса, бировни ҳам яхши кўра олмайди! Ўзини яхши кўрадиган инсон, бировни ҳам яхши кўради! Бу ҳам бир хислат!
- Қайси қўшиқларингиз ўзингизга қанчалик таъсир қилади?
- “Чақалоқлар” деб номланган қўшиғимни куйлаётганимда, ўзимга жуда ҳам таъсир қилган! “Лайлойимсан”, “Капалак” қўшиқларим дилимга, руҳиятимга таъсир қилган! Уларни ўзим ҳам эшитиб қолсам, бир хаёлларга чўмиб қоламан! Ўша вақтларни эслайман. Улар билан боғлиқ хотиралар ёдга тушади. Мени кўпроқ таъсирлантирадиган қўшиқлар шулар.
- Қайси бирини мухлисларингиз билан бўлиша оласиз?
- “Лайлойимсан” қўшиғини тингласам, жуда ҳам бир соф муҳаббат тасаввуримга келади.
- Қайси қўшиғингизни ўзингиз истамай куйлагансиз, лекин у хит бўлган?
- “Бемор” қўшиғим! (самимий кулиб) Шу ерда ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, Аҳмад Ҳожиматов менинг кўплаб хит қўшиқларимни менга тақдим этган инсон! Жуда истеъдодли ижодкор, акам, яхши инсон! “Мени кечир”, “Лайлойимсан”, “Жоним”, “Бемор”, “Омадим келмади”, “Кўзларингга қараб”, “Оҳ, алам”, каби қўшиқлари шу инсон томонидан тақдим этилган! Шу “Бемор” қўшиғимни ҳам, менга эшиттираверганлар. “Йўқ, менга тўғри келмайди, мен бошқача йўналишда куйлайман” деб юрардим. Охири бу қўшиқни шу инсон учун куйлаганман! Энди эса, ҳозиргача шу инсондан миннатдорман! Ҳалигача эслашиб куламиз ҳам!
- Вилоятларда ҳам, жуда кўплаб мухлисларингиз учун концертлар ўтказдингиз. Тошкентдаги концертларингиздан фарқи нимада бўлди?
- Вилоятлар, водийлардаги концертларимнинг бошқача ўтишига сабаб, у ердаги мухлисларим ўз эмоциясини кўпроқ билдиришади! Мен ўзи эмоционал инсонман, биров билан суҳбатлашаётганимда ҳам қандайдир бир “рамка”да суҳбатлаша олмайман! Қандай бўлсам, шундай самимий, берилиб гаплашаман! Вилоятлардаги, водийлардаги мухлисларим ҳам шундай. Улардаги эмоция, руҳият менга сезилиб, қандай қилиб катта стадионда бутун концерт давомида югуриб қўйганлигимни ўзим ҳам билмай қоламан! Бир ярим соатлик концерт дастурида, стадион бўйлаб қанча югуриб чарчамайман ҳам! “Истиқлол” санъат саройида эса, қандайдир масъулиятим янада каттароқ ва ваҳималироқ туюлади. Лекин, ҳар икки жойдаги концертларимнинг ҳам қандайдир солиштириб бўлмайдиган ўзгача бир ҳиссиёти бор! Ўтган йилги “Соғиниб” концерт дастурим турнесини Наманганнинг “Навбаҳор” стадионида тугатиб келдик. Энди янги концерт дастурим ўтгач, яна бутун вилоятлар бўйлаб, бир йил давомида, концерт дастурлари тақдим этамиз. Кейинги бўладиган вилоятлардаги концерт дастурларимга ҳам янгиликлар киритмоқчиман, бу ҳозирча сир!
- Россияда ҳам концерт бердингиз. Таассуротлар қандай бўлди?
- Жуда ҳам зўр! Владивосток, Новосибирь, ундан ташқари, Хабаровскда концерт бердик. Мухлислар жуда ҳам илиқ кутиб олишди. Мени қувонтиргани, у ерда нафақат ўзбек мухлислар, балки русийзабон мухлислар ҳам келиб, мени мухлисим эканликларини билдириб, менга совғалар бериб, мендан дасхатлар олиб, бирга суратларга тушишди! Бошқа юрт, бошқа миллат инсонлари ҳам, бизнинг қўшиқларимизни яхши кўриши мени ҳайратлантирди. “Душа больна”, “Скучаю”, “I love you” қўшиғим (рус тилидаги талқини) ни бекорга куйламаганлигимни, меҳнатларим зое кетмаганлигини ҳис қилдим! Қиш ойларидан бошлаб, Москва ва дунёнинг бошқа шаҳарларига, жуда ҳам кўплаб гастрол концертлари уюштирмоқдамиз! Худо ҳоҳласа, у ердаги мухлисларни ҳам янги концерт дастури билан ташриф буюриб, хурсанд қилиш ниятимиз бор! Мақсадимиз, юртимиз Ўзбекистонни, ўзбек байроғини юқори кўтариш, ўзбек ўғлонлари санъатини кўрсатиш, ўзбек санъатини кўрсатиш!
- “Машҳурлик чўққиси”, деган иборани қандай изоҳлайсиз? Бу чўққини қанчалик забт эта олдим, деб ўйлайсиз?
- (самимийлик билан) Мени ҳали жуда ҳам қиладиган ишларим кўп! Балки, тўғри мени олдинги вақтларга қараганда сал кўпроқ одамлар танишар, балки кўпроқ одамлар яхши кўришар, қўшиқларим сони кўпроқдир, концертларим, балки хит қўшиқларим сони кўпайгандир? Лекин, ўрганишим керак бўлган, аммо ўргана олмаётган нарсаларим ҳам кўп! Масалан, бошқа санъаткорларда, ижодида ёки юриш-туришида мавжуд бўлган, менга ёққан хислатлар бор, шуларни ўрганишни ҳоҳлайман, ёки актёрлардаги актёрлик маҳорати, каби жиҳатлар бор. Шуларни ўйлаб кўрсам, менимча, мен ҳали-вери бу чўққини забт эта олмасам керак... Ҳали бунга кўп вақт бор, деб ўйлайман!
- Ҳеч қачон нимага бўлган ишончингизни йўқотмайсиз?
- Ҳалоллик билан ёндошилган ҳар бир ишнинг ниҳоясида, жуда ҳам чиройли натижага эришиш мумкин! Кўп меҳнат қилган инсон, барибир охирида катта ютуқларга эришишига ишонаман! Шу ишончимни йўқотмайман!
- Бирор имконсиз ҳолатда, саҳнага чиққан вақтингиз бўлганми?
- Бундай ҳолатлар кўп бўлади. Иситмалаб турганда саҳнага чиққан вақтларим бўлган. Кичик фарзандим Фарзона туғилганда мен йўлда эдим. Вилоятдаги бир инсоннинг тўйини анча олдин хизматга олиб қўйгандик. Шу даражада иситмалаб ётибманки, бутун томоғим билан қаттиқ шамоллаб қолганман. Шунда ўзимни ўрнимга, бошқа бирор хонандани гаплашиб, юбора қолай, десам, тўй эгалари озгина хафа бўлиб, мени унчалик тушунишмаган. Ўшанда кучли уколлар қабул қилиб, ёнимда шифокор билан тўйга борганман! Ўшанда саҳнага чиқиб, қўшиғимни куйлаганимда, тўй эгалари кўриб, қойил қолишганди... Бунақалигини билганимизда, чақирмасдик, узр, дейишган... Чунки, жуда ҳам иситмам баланд эди! Тўғри, уларнинг ҳам айби йўқ, улар ҳам билишмаган! Бундай вазиятлар бўлиб туради. Бир гал эсимда бор, раҳматли “Божалар” гуруҳининг солисти Мўмин Ориповнинг оламдан ўтганлигини саҳнага чиқишим керак бўлган пайтда эшитганман! Концертда эдик, саҳнага чиқиш навбатим келганида, кутилмаганда шу гап бўлган! Шундай ҳолатда саҳнага чиқиб, мен нима бўлаётганига тушунмай қолганман! Худди ҳамма нарса тушга ўхшаб қолган! Имкон қадар вазиятдан чиқишга ҳаракат қилганман, аммо мени у концерт дастурига таклиф қилган аёл ҳам, “Улуғбек, нега қиздира олмадингиз?” деб сўраган. Шу даражада ҳолатим билинган! Чунки, менга кўпинча, “қиздириб берасиз-а?” деб айтишади. Менга талаб кўпроқ шундай бўлади. Яна бир яқин инсонимни соғлиғи билан боғлиқ гапни, “бир ўзинг билгин, ҳеч ким эшитмасин” деб, айтишганида, шундай бир ҳолга тушганманки, тушунтириб ҳам беролмайман! Гўёки туш билан ўнг ҳаётнинг ўртасига тушиб қолгандек эдим... Нима бўляпти, нима қиляпсан, тушунмай қолар экансан... Шунинг учун ҳам, биз иложи борича, кулиб, ўз ҳолатимизни сездирмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки, биз инсонларнинг яхши кунларида хизмат қиламиз, уларнинг қувончига шерик бўламиз! Бу ҳолатни мухлислар ҳам сезмасликлари керак, биз уларнинг кайфиятини бузмаслигимиз керак! Имкон қадар вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламиз!
- Танқид баъзиларни асабийлаштиради, баъзилар эса бефарқ. Сиз-чи?
- Ҳозирги кунда танқидга бефарқман! Агар у танқид ёлғиз ўзимга гапирилса, чиндан тўғри танқид бўлса, мен у инсонга “раҳмат” дейман! Чиндан ҳам, ўша хатойимни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Агар омманинг олдида тақдим этилса, шу танқид баҳона, менинг устимдан кулиш бўлса, яъни ўз манфаати кўзланган танқид бўлса, мен бу нарсага эътибор бермайман! Бу нарсадан тез ўтиб кетишга ҳаракат қиламан! Эътибор ҳам қаратиб ўтирмайман!
- Ўғлингиз қўшиқ куйлашингизни биладими? Қайси қўшиқларингизни ёқтиради?
- (меҳр билан кулиб) Билади! Ўғлим машинага чиқиши билан, қўли билан сочини тортиб, бошига уришни бошлайди, (кулади) негалигини биласизми? Бу ўғлимни, “Дили бемор” қўшиғимни қўйишимни сўрагани бўлади! У қўшиқ номини менга шундай тушунтиради. Яъни, ўша клипдаги ҳолатга тақлид қилади! Агар умуман бошқа хонанданинг қўшиғини тинглаётган бўлсам, у менга қараб, “Ада, Улуғбек!” дейди. Бу жуда қизиқ ҳолат! Қарасам, “Ада, Улуғбекни қўй!” дейди. Бу мени қўшиқларимни қўйиб беришим сўрагани бўлади. “Қайси қўшиқни қўяй?” десам, ўша айтган ҳолатим, сочини тортиб, бошини уради. Чунки, клипда Наримон Султонхўжаев юзимга урадиган жойи бор-ку, у уни шундай, “бошида сочи йўқ, одам урадиган қўшиқни қўйинг” деб тушунтиради! Унинг учун “Дили бемор” қўшиғи шундай! Яна бир нарсага ҳайрон қоламан ҳам, нафақат мени фарзандим, балки кўплаб мен билган инсонларнинг фарзандларини яхши кўрган қўшиғи мана шу қўшиқ экан! Менга ҳаттоки, “Улуғбек, нега шу қўшиғингизни 15-20 минут қилиб қўймагансиз?” деб ҳазиллашишади! Чунки, болалари ҳадеб қўйдиришаверар экан! Шунга, “ярим соатда 2 марта эшитса, тўярмиди”, деб ҳазиллашишади. Бахтимизга болаларимиз соғ бўлишсин!
- Агар ўғлингиз ҳам санъаткор бўламан, деса?
- Худо ҳоҳласа, ўғлим, умуман, фарзандларим нимага қизиқишса, интилишса, қўлимдан келганича уларга ўша соҳада ёрдам беришга, ўша соҳада ёнида, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан! Шукур, ўзим шу санъат туфайли, инсонларга керакли бўлиб, уларнинг яхши кунларида қўшиқлар куйлаб, қувончларига шерик бўлиб, халқимнинг яхши кунларида хизмат қилиб, ҳурматига, меҳрига сазовор бўлиб юрибман! Агар фарзандим ҳам, шу соҳани танласа, ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман. Лекин, агар мени ўз орзуйимдан келиб чиқадиган бўлсам, ўғлимни тил ўрганиб, дипломатия соҳасида фаолият юритишини ҳоҳлайман! Чунки, ўғлим кичик бўлса ҳам, жуда жиддий, кўз қарашлари дипломатларга ўхшаб кетади. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам, бахтимга соғу саломат бўлса, худо ҳоҳласа, ҳаётда ўз ўрнини топади! Қўлимдан келганча яхши тарбия беришга ҳаракат қилиб келяпман!
- “Масъулиятли давр” деганда, нимани тушунасиз?
- Бугунги кунларга келгунча, қанча бир ҳаракатлар бўлган. Лекин, у кунга қараганда, бундан буёғи қийинроқ бўлади, деб ўйлайман. Чунки, масъулиятим катта! Шунча йиллик топган ҳурмат, меҳнатни биргина бир хато билан йўқотиш мумкин! Ёки, кўпроқ эътибордалигингиз сабаб, инсонлар назаридан қолиб кетиш ҳам, мумкин! Шунинг учун ҳам, менга кўпроқ ҳозир масъулиятлироқ ва қийинроқ, деб ўйлайман! Чунки, машҳур бўлиб олгунча бўладиган ҳолат ундай эмас, машҳурлини ушлаб, унинг масъулиятини кўтариб юриш оғирроқ! Сен билан муомалада бўладиган инсонлар сони кўпайгани сари, ҳамманинг ҳам кўнглигини ололмай қолар экансан... Сен ҳам инсонсан, темир эмассан. Аммо, буни нотўғри тушуниб қоладиган инсонлар ҳам бўлади. Ҳозир мен жуда ҳам зўр ният қиладиган бўлганман, агар кимдир мени билиб-билмай, нотўғри тушуниб, ҳолатимни тўғри тушунолмаса, “Сен ҳам, мендек бўлгину, мени тушунгин” дейман. Бу зўр, самимий, холис ният! Шу даражада эътиборга тушиб, шундай бир муваффақиятларга эришгину, шундай улгура олмай, баъзи ишларни қила олмай қолганингдек, мени ҳолатимни ҳис қилиб, тушунгин, деган маънода! Лекин, ўзим ҳамиша шукур қиламан!
Саида Вахобова
Фотолар учун Гулига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз
Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган