FATTOHHON.COM

« Все новости

БУГУНГИ КУН ХУСУСИЙ СТУДИЯЛАР ФИЛЬМЛАРИ МУАММОЛАРИНИ КИМ ТИНГЛАЙДИ? 16.05.2013 11:46

foto_1049.jpg

16 май куни соат 16.00 да “Ёшлар ижод саройи”да Фонд Форум ташкилотчилигида хусусий студиялар вакиллари, кино ижодкорлар, режиссёрлар, сценарийнавислар, актёрлар ва актрисалар иштирокида очиқ эркин мулоқот бўлиб ўтди.

Бугунги кунда ўзбек кино санъатининг ривожланиш босқичларида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар бор ва уларни кенг доирадаги ижодкорлар билан муҳокама этиш мақсадга мувофиқ ва уларнинг ташаббусидан келиб чиқиб, эркин мулоқот ташкил этилди.

Унда  “Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофорумининг бош директори академик Акбар Ҳакимов, Нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Ёшлар” студияси бош муҳаррири Бахтиёр Тўрахонов, “Алишер Навоий” (собиқ Панорама) кинотеатри раҳбари Обид Маҳкамов, ҳамда   “Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар гильдияси” жамоат бирлашмасидан Илҳом Ҳамидов томонидан киноижодкорларнинг саволларига жавоб қайтарилиб, уларнинг таклифлари тингланди, уларга мавзудан келиб чиқиб, маслаҳатлар берилди ва бир хулосага келинди.

 foto(4)_68.jpg

Биринчи бўлиб сўзга чиққан актёр Мурод Ражабов бўлди.

Мурод Ражабов актёр: - Кино соҳасида ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам бор. Балки, камчиликлар ҳам кўпроқдир? Ўйлаб, фикрлаб жиддий хулосаларга келиш керак. Бизнинг кино табиий даражада ривожланиб келмоқда. Асосий камчилигимиз киноларимизнинг бадиий даражаси. Ҳолливуд ва Болливуднинг пайдо бўлганига кўп йиллар бўлган. Лекин, Ўзбек киноси ривожланиб, хусусий студиялар пайдо бўлганига энди 10 йил бўлди. Лекин, 10 йил олдинги фильмлар ва режиссёрларни кўринглар ва ҳозирги фильмлар, режиссёрларни кўринглар. Аввал бошқа бир мажлисда ҳам айтган эдим, хусусий студиялар фильмларига эътирозлар бўлавериб чарчаб кетдик. Улардан чиқаётган фильмлар ҳам ўзбек киноси. Нимага уларни камситишимиз керак? Нега уларни “хонтахта” деб масхара қилишимиз керак? Профессионал кинодан бирор ижодкор келиб, уларга маслаҳат берганми? Мен ўзим бориб айтганман, ҳеч бўлмаса бир йилда бир марта семинарлар қилайлик, маслаҳатлар берилиб, йўл-йўриқлар кўрсатилса, деганман. Хусусий студиялардан чиқаётган фильмларнинг камчиликлари ҳам кўп, мени ўзимга ҳам ёқмайдиган жойлари ҳам бор. Шундай вазиятларда ўз маслаҳатларимни беришга ҳаракат қиламан. Аммо, қобилиятсиз режиссёр эртага қобилиятли бўлиб қолмайди, барибир. Ҳақиқий режиссёр, фильмни суратга олиш жараёнида шаклланади. Хусусий студияларни ҳам шаклланишига ҳали вақт керак. Масалан, уларга мана шундай формула, мана шундай олсанг, яхши фильм чиқади, деб тушунтириш керак. Асосий камчиликлардан бири бу сценарийсиз фильм олиш. Баъзида менга сценарий топиб бера олишмайди. Бир нарса деб юборинг, дейишади. Баъзида шундай фильмларга тушишга “йўқ” дея олмайсиз. Дидсиз фильмлар ҳам бор. Аммо, менга ҳозирги ёшлар маъқул, негаки улар интилувчан. Ҳозирда ёшларга катта имкониятлар берилган. Мана бир неча йилдан буён ёш ижодкорлар ўзлари истаган мавзуда, ўзлари сценарий ёзиб, ўзлари фильмлар суратга олмоқдалар. Халқимиз ҳам, ёшларимиз ҳам кинони яхши кўради. Бу борада омадли юртда яшаймиз. Аммо, камчиликлар кўп. Масалан, мени ўзимни ҳам камчиликларим бўлиши мумкин. Кўплаб хусусий студияларнинг фильмларида суратга тушаман. Агар мен йўқ десам, ҳам барибир бошқа актёрни олади ва фильми экранга чиқаверади. Рози бўлганимда, мендан кўпроқ фойдаланиб олиш учун, 2 – 3 кунлик съёмкани бир кунда уддаламоқчи бўлиб, шунақа тез ишлайдики, режиссёр билан ўтириб роль юзасидан суҳбатлашиб олишга ҳам фурсат бўлмайди! Йўқ, дей десанг, бири шогирдинг, бири ҳамкасбинг. Яқинда, биттаси менга “бундай киноларда тушманг” дейди. “Хўп, айт, қандай киноларда суратга тушай?” дедим. “Мана бундай зўр фильмга таклиф бор, мана бундай роль” деган нарсани ўзи йўқ-ку! Акционерлик компаниялари олаётган фильмларнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор. Кимда камчилик бўлмайди? Хусусий студияларда фильм суратга олиш тўхтатилса, кинонинг ривожланиши тўхтайди. Уларга маслаҳатлар бериш керак. Дид, савия масаласида йўл йўриқлар кўрсатиш керак. Ҳаммаси уларнинг ўзига ҳам кейин келади. Хусусий студияларга ҳам имконият бериш керак. Бизни ўйлаб кўрадиган нарсаларимиз кўп. Хусусий студиялар камчиликлари ҳақида, жони ачиб гапирса ҳам майли, нафрат билан гапиришади. Гўёки, биз бошқа бир планетадан тушганмизми, билмадим. Ҳозир кинода табиий ҳаёт, табиий жараён. Ўзбек киносининг эртанги куни бор! Чунки, уни деб изланаётган инсонлар бор! Мана охирги йилларда секин-секин рақобат ҳам бошланди. Илгари, дейлик, фильмимни дубляжини қайси студияга берсам экан, дердик. Студиялар кам эди. Ҳозир бўлса, танлаш учун имкониятлар бор, студиялар кўпайган. Бунда хусусий студияларнинг ҳам меҳнати катта. Бундан 10-15 йил олдин, томошабинлар умуман кинотеатрга келмаган. Томошабин кинотеатр деган нарсани унутиб ҳам қўйган эди. Томошабинни кинотеатрларга хусусий студиялар фильмлари қайтарди. Хусусий студияларда қилинган клиплар, фильмлар томошабинлар кўнглидан жой олмоқда. Бизнинг ичимизда ҳам қобилиятлилар жуда кўп. Қани айтинг-чи, қайси инсон пул бериб, кейин уни қайтариб олишни ўйламайди? Ўйлаш керак, керак бўлса мажбур. Мен бугун мана шу учрашувни ташкиллаштирган Фонд Форумга “катта раҳмат” демоқчиман. Биз киноижодкорлар мана шундай ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда 2-3 фильмни кўрсак, бирга муҳокама қилсак, дегандим. Шунда киноижодкорларнинг ўзлари хулоса ҳам чиқариб олишади. Ҳозирги кунда хусусий студиялардаги актёрлар ижроси, савиясига келсак, хусусий студия фильмларида актёрларнинг савияси бироз тушиб кетди. Томошабинлар ҳам, “нима қиляпти?, қандай ўйнаяпти?” деган саволларни берадиган бўлишган. Режиссёрнинг ўзини кўрсанг, ақлли, ҳушли йигитга ўхшайди. Фильмини кўрсанг, ҳеч нарса йўқ!  На эҳтирос бор, на туйғулар, ҳеч нарса йўқ! Ўзинг учун нимадир чиқармоқчи бўласан. Журналистлар ҳам савол беришади, “бу образингиз билан нима демоқчи бўлдингиз?” деб. Шу ролнинг маънавиятини, мазмунини топиб беришимиз керак, бизни нима учун шу ролга олишди? Бу кинонинг вазифалари нималардан иборат? Масъулият ҳисси ҳам камайгандек. Сўнгги пайтларда эса, кинога четдан одам кириб келиши кўпайиб кетди, дейишмоқда. Йўқ! Нотўғри гап! Чунки, режиссёрлар суратга олаётганларнинг ҳаммаси ўзимизнинг Театр ва санъат институтини битирганлар. Ҳаммасини ўзига яраша маълумоти бор. Фақат улар сал шошиладилар. Ҳозирги кунда актёрлар ҳам ўз маҳоратларини оширишлари керак, назаримда. Шундай роль ижро этиши керакки, томошабинни ўтирган ерига михлаб қўйсин. Ҳозир шундай образлар, роллар камайгандек. Кинога, мавзуларда жиддийроқ ёндошишларингизни илтимос қиламан. Кинода савия юқори бўлишини истардим.

 foto(7)_57.jpg

Зебо Наврўзова режиссёр: - Ҳозирги кунда ёшларнинг фаолияти ҳақида гапирсак, баъзида касб юзасидан ҳам тез-тез кўришишимизга тўғри келади. Яқин йиллар ичида, ёшларга бўлган катта эътиборни кўряпмиз. Чекка-чекка ҳудудлардан, инсон оёғи етмайдиган даражадаги жойларидан келишмоқда. Санъат соҳасида ҳар хил саволлар... Ёшларга бўлаётган муносабат, ёшларга бўлаётган катта бир тадбирдаги фикрлари... Тўғри, инсон қадами етмайдиган даражадаги жойлар бор. Ўша ерлардан ҳам келиб, яхши фильм қилишга интилишмоқда. Масалан, бир режиссёр 30 тача инсонни иш билан таъминлайди. Лекин, ҳозирги кунларда дардимизни эшитиши учун кимдан ёрдам сўрашни билмай қолдик. Бу ерда назаримда, ёшларнинг сунъий йўлларини тўсиш бўляпти. Қаршиликлар жуда ҳам кўпайиб кетмоқда. Хусусий студиялар ўзимизни ўзимиз эплашга ҳаракат қилиб, ўзимиз пул топиб кино оляпмиз. Меҳнат қиляпмиз. Меҳнат қилган қўлни синдирмаслик керак. Ҳайкални ҳам тарашлайверса, мукаммалликка эришиш мумкин. Мана ҳозир мен инфаркт даражасига етдим, десам ҳам бўлади. 2 ойу 10 кундан буён қабулга кириб бўлмайди. Хўп, фильмимизда камчиликлар бор, айтинглар, тўғрилаймиз. Фильмимиз спорт ҳақида, ҳеч нарсага зид эмас. Лекин, рухсат йўқ, кунимиз қабулхонада ўтяпти! Бадиий кенгаш хулоса беради. Лекин, берган хулосасига кўра тўғрилаб келинса ҳам, фильм қабул қилинмаяпти! Бадиий кенгашдан ўтган фильмларни ҳам, “ёқмади” деб ҳурматсизларча кечирасизу, отиб юборишяпти. Нима қилиш керак? Балки фикримни тўғри ифода эта олмаётгандирман? Фильмларимизни “хонтахта” дейишади. Лекин, ўша “хонтахта” деган сўзни айтган инсонларнинг ўзи эмасми, “хонтахта” фильмлар сценарийсини ёзган? Ўша ҳурматли раисимиз ҳам, сценарийсини ёзган фильм “Чаллари” ҳам хусусий студия фильми, яъни “хонтахта”. Ижодкорларини ҳурмат қилган ҳолда айтяпман. Бошқа хусусий студиялар фильмлари “хонтахта” экан, у  фильм ҳам хусусий студия фильми яъни “хонтахта”.

Мен ҳозир тушунолмай ҳам қолдим, биз нима қилайлик? Фильм учун маблағ кетган! Лекин, фильмни ўтказишмаяпти. Менинг ортимдаги умид билан кутиб ўтирган 30 та ёш ижодкорга нима деб айтай? Ёшларнинг кўнгилларини синдирайми? Мана ҳозир шу даражага етгани учун ҳам, ички муаммоларимизгача очишимизга тўғри келяпти.

foto(8)_55.jpg 

Суҳроб Ҳасанов режиссёр: - Биз ёмон йўлларга кирмасдан, сценарий ёзиб, фильмлар суратга олиб киряпмиз. Лекин, ўтмаяпти. Аниқ бир гап йўқ! Бирор сабаб йўқ! Аниқ бир сабабни кўрсатиб, мана шундай сабаб туфайли ўтмади, тўғриланг, деса тушунардим. Лекин, ўша камчиликларни айтмасдан, “Ёқмади! Ўтмайди! Қайтиб олиб келманглар!” дейишяпти. Ахир камчилик нимадан иборатлигини билишга ижодкорнинг ҳаққи бор-ку.

                                               

Мурод Ражабов актёр: - “Сценарий бўлмайди!” Нега бўлмайди? Жавоб йўқ. Бундай ҳолда барибир қандайдир чора кўриш керакми? Масалан, ҳар бир хусусий студияга тажрибали профессионал бадиий раҳбар қўйишсин! Ахир хусусий студиялар давлатдан маблағ сўрамаяпти-ку. Ўз маблағига ёки, кимдандир олинган қарз эвазига фильм қилишяпти. Ахир раҳбарлар ҳам, бадиий савияси тўғрилансин, тўғриланглар дейишмоқда. Фильмларни тўхтатинглар, фильмларни бўғинглар, дейишаётгани йўқ-ку. Менга ёшлар мурожаат қилишмоқда, кино олишни йиғиштирайликми, дейишяпти.

 

Жаҳонгир Позилжонов хонанда, актёр ва режиссёр: - Йиғиштириб бўлишди!

 

Мурод Ражабов актёр: - Мана йиғиштириб ҳам бўлишмоқда экан, бунақада бўлмайди. Хусусий студияларга алоҳида бир компания очиш керакмикан? Чиндан ҳам, ижодкор қаерга борсин, сценарийси ўтмаса, сабаби айтилмаса ва бу ҳолат такрорланаверса? Ахир уларнинг фильмларида урф одатларимизни ерга урадиган нарса йўқ, маънавиятга зид нарса йўқ. Унда нега рухсат йўқ? Сабабини ҳам айтиш йўқ?

 foto(9)_47.jpg

Саид Мухторов актёр ва режиссёр: -  Мен қарз олиб, ёки ўз пулимни сарф қилиб фильм қиляпман. Ўз дардимни, ҳаётий фильм қиляпман. Илгари ГРПУ учун 3 млн.сўм пул тўлаш керак эди. Яхши ҳамки, бу нарса кўплаб тушунтиришлардан сўнг олиб ташланди! Энди бўлса, яна бошқа масала пайдо бўлди. Бадиий кенгашни олайлик, масалан, фильмимда бир эпизодда биров шапкасини сал қийшиқроқ кийган бўлса ҳам, эътироз билдирса, ўша шапкани олиш учун мен бутун бир эпизодни олиб ташлашим керакми? “Мерседес” машина бўлса, бу машинани олиб ташланг, ўрнига “Каптива” ёки “Ласетти” бўлсин. Ёки “нега қаҳрамоннинг сочи сариқ? Сочини сариққа бўябди!” Шу ҳам сабабми? Кино бўлса, соч бўяшга ҳаққи йўқми?

Ахир хусусий студиядагилар ўз маблағига кино қилишяпти. Хусусий студиялар ҳеч қачон давлат киноси билан бирга бўла олмайди.

Давлат бюджетидан фильм олиш учун давлат киносига 2-3 миллиардлаб маблағ ажратилсаю, эртага улар шу пулга кино олиб, киносига битта ҳам томошабин кирмаса, биз айбдорми? Давлат бюджетига суратга олинган фильмларнинг сценарийнависларига қарасангиз, ҳаммаси таниш-билишчилик, кимдир. Битта оддий нотаниш сценарийнависнинг киноси борми бюджетга олинган фильмларда? “Ўзбеккино”га 2-3 миллиардлаб пул ажратиладию кейин ўша пулни қаерга кетгани, фильмга қанча кетгани, нега савиясиз чиққани, томошабин тушмагани, иккинчи кунданоқ кинотеатрдан олиб ташланиши суриштирилмайди?

Лўлилар ҳақида фильм олсангиз, лўлимисан, деса, кар-соқовлар ҳақида олсангиз, кар-соқовмисан, деса, улар ўзи кинони тушунишадими?

Ёшларнинг дардини тинглашадими?

Мана шу ёшларнинг севимли ёш актёрлари ҳам, хусусий студиялар фильмларидан чиққан. Мана ҳозир катта тадбирларда қатнашишмоқда. Мана “Олтин Гепард” кинофестивали биз киноижодкорларнинг юзимизни ёруғ қилди.

 

Обид Маҳкамов директор: - Ҳозирда “Ўзбеккино” қайта ишлаб чиқилмоқда. Кечқурун соат 23.00 гача ишланмоқда. Раис Жаҳонгир Қосимов сизларни ичингиздан чиққан, у ҳаммасидан хабардор. У ҳам хусусий студиялар тарафдори. У кўп ишларни кўриб чиқмоқда. Лекин, битта инсонни қўлида, вақт етмаяпти. Ҳали вақти келади, ҳаммаси жойига тушади

 

Зебо Наврўзова режиссёр: - Қачон? Шу саволга жавоб берсангиз. Бу бизни тинчлантириш эмасми? Қачон жойига тушади? 2 ойдан ортиқ вақт ўтди? Яна қанча кутишимиз керак? Қабулхонада кутиб кунларимиз ўтяпти-ку! Келамиз, кутамиз, кетамиз! Аввал келардик, қабулга кирардик, фикримизни айтардик, хулоса беришарди, тўғрилардик, фильмга рухсат беришарди. Энди-чи? Дардимизни тинглайдиган одам йўқ! Қайси хонага мурожаат қилиш керак? Кимдан нимани сўрашни ҳам билмайсан. Ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди!

 

Обид Маҳкамов директор: - Биттагина Жаҳонгир Қосимов у ерда ўтирибди. Биттагина одамни қўлидан келмайди. Ҳали вақти келади, жойига тушади.

 

Зебо Наврўзова режиссёр: - Фильмимни биргина ўзингиз кўриб беринг, деб маслаҳат сўраш учун 2 ойдан бери қабулга киромаяпман. Яна қанча кутишим керак, қачон вақти келади?

 foto(10)_44.jpg

 

 

foto(11)_38.jpg

Эркин мулоқот давомида кўплаб ижодкорлар сўзга чиқдилар. Жумладан, ТВМ телеканалидан  Эльмира Ҳасанова, актёрлар Муҳаммадисо Абдулхаиров, Матёқуб Матчонов, режиссёрлар Жаҳонгир Аҳмедов, Дурдона Тўлаганова ва бошқалар...

Барчалари бугунги кунда кино соҳасида бўлаётган тушунмовчиликлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

 foto(12)_38.jpg

Жаҳонгир Аҳмедов режиссёр: - Илгари хонандалар нега фильмларда роль ўйнайди? деган мавзу кўтарилганди. Вақт ўтиб, бу муаммо ўз ечимини топди. Кўриб турганингиздек, профессионал актёрлар, ёшлар хонандаларсиз ҳам фильмларда роль ижро қилиш мумкинлигини исботлаб беришди. Кейинги босқич эса, фильмларни фақат севги ҳақида суратга олинаётганлиги бўлди. Вақт ўтиб, ишлаш натижасида бу муаммо ҳам ўз ечимини топди. Ҳозирда ҳар қандай мавзуда фильмлар суратга олинмоқда ва барчанинг меҳрини қозонмоқда. Вақт ўтиб, драматургия, савия масаласи ҳам ўзининг ижобий ечимини топади!

 img_2586_0.jpg

Ғофур Шермуҳаммад сценарийнавис, бўлим бошлиғи “Ўзбеккино” миллий агентлигидан: -  Қарорларга кўра, ҳамма талаблар бажарилмоқда! 2 ой бўлди, “Ўзбеккино”да ҳам катта жараёнлар кетмоқда! Кино соҳаси ҳеч қачон бизнесга айланмасин, дейилган. Кинода ҳамма нарса сценарийдан бошланади. Лекин, афсуски баъзи фильмларда бадиий савия жуда паст, ғоя суст. Шунинг учун, ҳозирда малака ошириш масалалари ҳам ўйланмоқда. 3 йиллик дастур олдиндан ўйланмоқда. Кўнгилочар кинодан ғоявий фильмларга ўтиш талаблари қўйилмоқда! Биринчи талаб, бадиий савияни ошириш. Хусусий студиялар ҳам санъат асари, санъат асаридек бўлсин, деган талаб қўйилмоқда. Муаммолар ўз ечимини топгач, хусусий студиялар фильмлари ҳам янги бир босқичга кўтарилади, деб ўйлайман.

 foto(13)_36.jpg

Баҳодир Одилов режиссёр Бадиий кенгаш аъзоси: - Ҳамма яхши кино қилсам, дейди. Давлат киноси, хусусий кино, деган гап йўқ! Ҳамма кино, бу ўзбек киноси! Давлат киноси ва хусусий кинога ажратиб бўлмайди. Хусусий студиялар бизга керак. Ўзлари пул топиб, кино оляптими, демак бизга керак улар. Шу ўринда 2 та янгиликни айтмоқчиман. Шу кунларда Бадиий кенгашнинг янги Низоми тайёрланмоқда. Кинода категориялар бўлиши керак.

1 Категория.Катта экранларда ва ТВ ларда намойиш этилишга рухсат берилган фильмлар.

2. Категория. Кичикроқ залларда ва маълум бир чегараланган ҳолатда баъзи ТВ ларда бериладиган фильмлар.

3. Категория. Уйда фақат ўзи кўриши учун.

Эндиликда бадиий кенгашда фақат кино соҳасидаги инсонлар бўлади.

Шуни ҳам айтиб ўтмоқчиман, мен Давлат киноси ва Хусусий студиялар фильмларининг ажралишига қаршиман. Бу иккови бир ўзбек киноси. Ҳеч ким хусусий студиялар фильмларига қарши эмас. Кинонинг сифати тушиб кетмоқда ва уни яхшилашга ҳаракат қилинмоқда холос.

 

Музаффар Эркинов режиссёр: - Мен шу ўринда фильмларимизни дискка қароқчилик йўли билан чиқиб кетаётганлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бунга ҳам чора кўрилиши керак.

img_2613.jpg 

Шундан сўнг, “Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар гильдияси” жамоат бирлашмасидан Илҳом Ҳамидов сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдириб, видеоқароқчилик масаласи ва муаллифлик ҳуқуқи масалаларига ҳам ойдинлик киритиб ўтди.

 foto(15)_33.jpg

Жаҳонгир Позилжонов хонанда, актёр ва режиссёр:  - Мен бир йилдан буён фильм суратга олаётганим йўқ! Негаки, бадиий кенгашга Позилжонов фамилияси билан кино кирса, титр ёзилиши бошланиши билан туриб чиқиб кетишган кунлар ҳам бўлган! Ҳатто, ўзим ўтирганимда ҳам, номим ёзилиши билан туриб чиқиб кетишган ва ўзимиз қолиб кетганмиз. (Баҳодир Одиловга мурожаат қилиб) Тўғрими? Шундай кунлар бўлган! Биласизми, ҳозир бизнинг фарқимиз нимада? Яъни, бадиий кенгашдагилар билан бу ердаги ёш киноижодкорларнинг фарқи нимада? Мана ҳозир сиз чиқиб, ўз фикрларингизни билдирдингиз, бемалол гапирдингиз! Лекин, ҳеч ким сизга ҳалақит бермади! Ҳамма сизни эшитди! Сизни гапингизни бўлиб, тўхтатиб, “ундай эмас, бундай” деб эътироз билдиришмади. Энди фарқимиз шундаки, биз ёш ижодкорларни у ерда, яъни бадиий кенгашда ҳеч ким эшитмайди! Фильмимиз бошланиши билан кўрмасдан туриб чиқиб кетишади! Мен сизга яна бир нарсани исбот ва далили билан айтиб бермоқчиман! Фильмларимиз оммалашган бир вақтда, Позилжонов умуман фильм олмасин, деб менга нуқта қўйишган ва шундан сўнг, мени умуман яқинлаштиришмади! Шунда, мен бошқа бир фамилия билан ўзим суратга олган фильмни бадиий кенгашга олиб киритдим! Ўзим ҳам кириб кузатиб турибман. Нима дейишди? Қаранг, бу бола кино олмасин дегандик, фақат  роль ўйнасин дегандик. Тўғри қилибди ўзи олмай, мана қаранг ўзи олмагани учун қандай зўр фильм чиқибди!, дейишди! Ваҳоланки, уларга маъқул бўлган ва мақтаётган ўша фильмни режиссёр сифатида ўзим суратга олгандим! Бирозгина аввал мени ёмон фильм суратга олади, кўриб бўлмайди, деган инсонлар, фамилиямни алмаштириб, бошқа фамилия билан киритсам, суратга олган фильмимни зўр, деб мақтаб ўтиришибди! Шундан сўнг, фильм суратга олишдан ҳафсалам совиб кетиб, мана бир йилдан буён фильм суратга олмаяпман! Мен-ку, йиғиштирдим. Лекин, бошқа ёшларни менга ўхшаб ҳафсаласи пир бўлмасин! Совиб кетишмасин! Кино олиш тўхтамасин!

 foto(16)_32.jpg

Жавлон Шодмонов режиссёр ва актёр: - Мен бадиий кенгашга ота-онани ҳурмат қилиш мавзусида бир сценарий киритгандим. Рухсат беришмади. Майли, профессионал даражада ёзилмагандир, лекин камчиликларини ҳам тўлиқ айтишмади, бўлмайди, дейишди. Шунда мен, майли менга бошқа мавзу беринглар, дедим. Улар бирор аниқ мавзу беришмади. Бундан бу ёғига ёшлар қандай ишлашлари керак? Сценарийларни ўтишига ҳеч ким кафолат беролмаса? Камчиликларини тўғрилайлик десак, аниқ айтилмаса? Савияли бўлсин, дейишяпти. Майли, бизнинг фильмларда бироз кўча гаплари ёки озгина бачканалик кетиб қолгандир? Аммо, Ҳолливуд фильмлари-чи? Нега уларни бемалол кўриш мумкин? Нега улар таъқиқланмаган? Ёшларни бизни фильмларимизни кўриб, тарбияси бузиладию, Ҳолливуднинг очиқ-сочиқ, маънавиятимиз ва тарбиямизга тўғри келмайдиган фильмларини кўриб, “тарбия” топадими? Бизнинг фильмларимизни ҳам камчиликлари бордир, лекин уларда ўз маънавиятимиз, урфу одатларимиз, қадриятларимиз, оила, ота-онага ҳурматни кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз, ахир. Севгини ҳам чегарадан чиқмаган ҳолда, пардалаб берамиз. Ёшларимиз Ҳолливуд ва Болливуднинг “тарбияли” фильмларини кўргандан кўра, ўз фильмларимизни кўрганлари яхши эмасми?

 foto(17)_29.jpg

Улуғбек Қодиров актёр: - Давлат бюджетига ажратилган маблағлардан, хусусий студиялар фильмларига ҳам ажратиб, имкон бериб кўрилса бўлмасмикан? Чунки, барибир хит бўлаётган ва халқ кўнглидан жой олаётган фильмлар, хусусий киностудиялар фильмлари-ку! Чунки, Давлат бюджетига фильм олаётганлар барибир ҳеч нарса ютқазишмаяпти! Фильми маблағ келтирадими, томошабин кўрадими йўқми, барибир. Олди, бўлди!  Хусусий студияларга эса қийин, улар ўз пулига фильм олиб, кейин ўша маблағни қайтаришлари ҳам тўғри келади.

 

Саид Мухторов режиссёр ва актёр: - Ўша фильмларга ажратилаётган бюджет ўзи қаердан келади? Ҳаммани пенсия пули, тўлаётган солиқ пули ва бошқа пуллардан. Нега у фильмлар маблағ келтирмайди ва у пуллар ҳам давлатга қайтарилмайди? Нега у фильмларни томошабинлар кўрмайди? Биз хусусий студияларда фильм суратга оладиган ижодкорлар ўз фильмларимизни намойиш этиш учун яна кинотеатрга ҳам пул тўлаймиз. Реклама пул, яна бошқа харажатлар бор. Аммо, давлат бюджетига фильм оладиганларда бундай “ташвиш” йўқ! Бунинг устига, “Ўзбекфильм”да ҳам биз ижара ҳақи тўлаймиз. “Ўзбекфильм” биносини кўрсангиз, ўша 70 йиллардан қолиб кетган аҳволда. Шунда ҳам, яна тош барибир хусусий студиялар фильмларига отилаверади. Улар нима қилишсин? Ахир улар ҳам ривожланяпти, бироз кутиш керак, савия масаласи ҳам бошқа муаммолар каби ҳал бўлади. Унгача, “йўқ, бўлмайди!” деб тўхтатиш керак эмас, назаримда. Хусусий студиялар режиссёрлари томошабинларни кинотеатрга мажбурлаб олиб келаётганлари йўқ! Томошабинларнинг ўзларида талаб катта! Бундан ташқари, телевиденияда ҳам хусусий студия фильмлари кўпроқ намойиш қилинади, байрамларда ҳам, бошқа кунларда ҳам! Чунки, томошабинлар талаб қилишяпти. Биз мактаб ва коллеж ўқувчиларини мажбурлаб олиб келиб, кино кўрсатаётганимиз йўқ! Танлаш бор, фильмларни ҳоҳлаганини кўриб, кетишяпти. Томошабинлар ҳоҳиши бу!

 

Эркин мулоқотдаги барча талаблар, бугунги кундаги замонавий ўзбек киносининг сифатини оширишга қаратилди. Бу ҳаммаси қарорлардаги белгиланган вазифаларни бажарилиши билан чамбарчас боғлиқ. Юқоридаги фикрларга кўра, эркин мулоқот якунида, Жамоатчилик кенгаши ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Мазкур Эркин Мулоқотнинг натижаси қандай бўлишини эса, вақт кўрсатади. Тез кунларда мазкур масалалар атрофлича кўриб чиқилгач, натижаси маълум қилинади.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto(1)_95.jpg

 

foto(6)_59.jpg

 

 

foto(2)_85.jpg