FATTOHHON.COM
« Все новостиЖонли ижрода куйлаш, бу ҳар қандай санъаткорнинг бурчидир. Ўзбек санъаткорлари азалдан жонли ижрода куйлаганлар. Азалий анъаналарни эътиборга олган ҳолда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан, мунтазам равишда “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ўтказилиб келинмоқда. Мазкур фестивал иштирокчилари орасида нафақат таниқли хонандалар балки, санъат оламига эндигина қадам қўйган ёш истеъдодлар ҳам бор. Улардан кўплари, кейинчалик санъатда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқдалар.
Шу кунларда ҳам навбатдаги “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивалига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Бугун 17 май куни “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг “Аквариум” залида, фестивалнинг навбатдаги сони учун кастинг бўлиб ўтди. Унда мусиқа билим юртларининг талабалари, мусиқий кўрик-танловлар иштирокчилари, ҳамда санъатга эндигина қадам қўйган ёшларгача иштирок этдилар.
Жумладан, Шерзод Акбаров, Азиза Муҳамедова, Наврўза Аббосова, Ойбек Мирзаев, Маъмур Бобожонов, Муқаддас Жўраева, Пўлат Дархонбоев, Акмал Ибодов ва бошқалар...
Улар орасидан муносибларини саралаб олиш бошланди. Улардан баъзиларга қаттиқ тайёргарлик қилиш, шоирлар билан ишлашга тавсиялар берилди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаровнинг ўзи кастингда шахсан бош бўлиб, ҳар бир иштирокчининг қўшиқларини диққат билан тинглаб, уларнинг маълумоти билан танишиб, керакли маслаҳатлар берди.
Кастингдаги ёшларнинг овоз имконияти, истеъдод даражаси ҳар хил бўлиб, баъзиларида бироз журъат етишмагандек, баъзиларида эса, ҳозирги кундаги машҳур хонандалар тақлид ҳам сезилади. Баъзи қўшиқларнинг матни эса, профессионал шоирлар назаридан ўтиши керак, деб ўйлайман.
Аммо, кастингда иштирок этган ёшлар орасида, истеъдодли, овоз имконияти кенг, изланувчан ёшлар ҳам бор.
Кастинг давомида, Азамат Ҳайдаров аввалги устоз санъаткорлар ҳақида сўз очиб, Маъмуржон Узоқовлар ҳеч қандай клипларсиз, хилма-хил имиджларсиз, фақат костюм-шим кийиб қўшиқ айтиб ҳам, томошабинлар меҳрини қозона олганлигини мисол келтириб, ёшларга уларнинг санъатидан ибрат олишни тавсия қилди.
Ҳозирги кунда ТВ орқали намойиш қилинаётган баъзи маъносиз клиплар, шундай клиплар орқали обрў қозонмоқчи бўлаётган ёшлар ҳақида ҳам сўз юритиб, танловдаги ёшларнинг ҳам елкасида катта масъулият турганлигини тушунтириб ўтди.
- “Марди майдон” дегандан кейин майдонни титратиш керак! Томошабинлар қалбини таъсирлантириш керак, -деди Азамат Ҳайдаров – Агар ижодкор қўшиқда яшамаса, у қўшиқ тингловчи қалбига етиб бормайди. Тингловчиларни қўшиқ ва ижро маҳорати билан ҳайратга солиш керак! Биз сизларни имтиҳон қилаётганимиз йўқ, биз сизларни қўллаб-қувватламоқдамиз. Сизлар эса, ўз истеъдодингизни намоён қила олишингиз керак. Ўз ижодингиз устида ишлашингиз, изланишингиз зарур.
Шунингдек, Азамат Ҳайдаровнинг зеҳн салоҳиятига қойил қолса арзийди, негаки у киши кастинг давомида ёш хонандалар куйлаган қўшиқларни қандай қўшиқ, аввал ким куйлаганию, қайси қўшиқдан олинган ёки ўхшашликларигача бехато айтиб бериб, ёшларни ҳайратлантирди!
Кастингда баъзи ёш хонандалар пианино чалиб қўшиқ куйладилар.
– Пианино чалганда ҳам, куйлар қўшиқ сўзлари билан уйғунлашиши керак! - деди Азамат Ҳайдаров
Кастингда иштирок этган ёшларнинг репертуари ҳам ҳар хил бўлиб, рус қўшиқларидан жаҳон эстрадасигача, ўзбек миллий мумтоз қўшиқларидан, ёш шоирликка номзодларнинг қўшиқларигача бор. Улардан .энг муносибларигина “Марди майдон” жонли ижро фестивалида қатнашиш имконига эга бўладилар.
Баъзи ёшларнинг овоз диапазони ҳатто, Азамат Ҳайдаровнинг ўзини ҳам завқлантириб юборди.
Кастингга ҳаттоки бир фермер тадбиркор ҳам таклиф қилинган бўлиб, у ҳам Ватан ҳақида қўшиқ куйлаб берди!
Азамат Ҳайдаров ёшларга тайёргарлик кўриш борасида маслаҳатлар билан кастингни якунлади.
Кастинг яқин кунларда яна давом этади.
Энг гўзал, энг таъсирли қўшиқлар Ватан ҳақидаги қўшиқлардир. Ватан ҳақида ёниб куйлаётган бу ёшлардан ажабмас, келажакда элимиз учун севимли бўлган санъаткорлар етишиб чиқсалар.
Саида Вахобова