FATTOHHON.COM
« Все новостиБаъзан беш кунлик дунёга келамизу, унинг сувдек оқиб кетганини сезмай ҳам қоламиз. Умримиз давомида яқинларимизни хафа қиламиз, азоб берамиз, гоҳи ниманидир талашамиз. Хато қиламиз, адашамиз. Хуллас, бир маротаба берилган ҳаётни баъзида қадрига ҳам етмаймиз. Аслида ҳаётнинг қадрини тўрт кунлик умри қолганлардан, унинг нақадар азизлигини жони аросатда турганлардан сўрашимиз керак...
Йўқ, сўрашимиз эмас, яхшиси, уларга мадат беришимиз, далда бўлишимиз керак...Ўзимнинг ташвишим етарли,- дер кимлардир. Бу ҳам тўғри. Лекин, бу дунёда биздан ташвишимиз эмас, қилган яхшилигимиз қолади. Яхшилик қилиш эса ҳамманинг қўлидан келади. Фақат бунинг учун юракнинг амри, қалбнинг қўри кифоя...
Юрак амри, қалб қўри билан эзгу ниятда “кўкрак бези саратони” деган оғриқли бекатда тўхташни жоиз топган Гулнора Каримова мана неча йилдирки, хасталикка чалинган аёлларга мадад бўлиб келмоқда. Юраги қўрқув ва хаяжонда, ширингина жонининг умидида, ҳамдардликка муҳтож бўлганларнинг дардига шерик бўлмоқда. Бугун у кишининг ташаббуси билан ташкил этилган “Ҳаёт учун!” уюшмаси туфайли, кимлардир энди яшайман,-деб яшаяпти.
Халқимизда “қуш тилини қуш тушунар” деган нақл бор. Аёл қалбидаги нидо ва ғамни аёл эшита олади, тушуна олади. “Аёллар кенгаши” ташкил этилгандан буён 800 минга яқин аёллар ташкилотнинг лойиҳалари қошида бирлашдилар. Кенгаш қошида “Ҳаёт учун!” уюшмасининг ташкил топиши эса “гулга сув” қуйган билан баробар бўлди! Бугун уюшма хасталикдан жабр кўрган гулларнинг парвариши билан банд.
Шоира Ғиёсова Жиззах вилояти: -“Ҳаёт учун!” уюшмасини 2010 йилдан буён биламан. Илк бор ташкилотнинг Акция 14 лойиҳасида иштирок этганман. Ўша йили ҳасталик туфайли роса тушкунликка тушган эдим. Уюшма менга ҳаёт берди. Ўша йили биз пойтахтда чет эллик малакали шифокорлар кўригида бўлиб, зарур дори-дармонлар билан муолажаларимизни давом эттирдик. Уюшманинг беминнат ёрдами ва маънавий кўмаги, менинг ҳаётимдаги энг унутилмас кунлар бўлди. Бугун бу ташкилотнинг деярли барча лойиҳаларида иштирок этиб келмоқдаман. Ўзим сингари дардга чалинган аёллар билан тез тез учрашиб гаплашиб турамиз. Мен хасталикни енган аёл сифатида, уларни ҳамиша ҳаёт учун курашишга, кучли бўлишга ўргатаман. Менга кучли бўлишни “Ҳаёт учун!” уюшмаси ўргатди.
Уюшманинг хасталикка чалинган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 2013 йилда ўтказган йирик лойиҳалари қаторига 25 апрель куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган “Ҳаёт учун!” хайрия футбол ўйини, 27 апрель куни “Туркистон” саройининг ёзги майдонида ўтказилган “Ҳаёт учун!” хайрия концерт-акцияси ва 4-5 май кунлари Навоий вилоятида ўтказилтган “Асрлар садоси-2013” Анъанавий фестивали доирасидаги Туркиялик машҳур ҳонанда Мустафа Сандал иштирокидаги пойтахтимизда ўтказилган гала-концертни санаб ўтиш мумкин. Ушбу лойиҳаларнинг барчаси, хайрия мақсадида ташкил этилиб, ундан тушган маблағлар кўкрак бези саратони билан хасталарган аёлларни даволаш ва тиббий кўриклар учун сарфланади.
Александр Ристич, Австриянинг «Lions Club» ташкилоти вакили: - Мен Ўзбекистонда кўкрак бези саратонига қарши фаолият олиб бораётган ташкилот борилигидан мамнунман. Мустафа Сандалнинг концертида иштирок этдим. Бундай лойиҳа инсонларга яхши кайфият улашиш билан бирга хасталикка чалинган аёлларнинг саломатлигини тиклашга ўз ҳиссасини қўшиши, мени қувонтирди. Бизнинг ташкилотимиз 120 та давлатда фаолият юритувчи 1500 та ваколатхонага эга. Бугун биз 4505 евро миқдоридаги чекни (12 млн.сум атрофида) хасталанган аёлларни даволаш ишларига ҳисса қўшиш истагида уюшмага тақдим этдик. Бу маблағ Венада тахсил олувчи ўзбекистонлик талабалар томонидан йиғилган. Агар бизнинг ҳиссамиз қайсидир аёлнинг дардига озгина малхам бўлса, бахтиёрмиз.
Саҳро гуруҳи:-Биз Фонд форумнинг барча ҳаётбахш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Апрель ойида бутун Ўзбекистон бўйлаб, хайрия футбол ўйинларида иштирок этиб қайтдик. Тўғриси, ёшларимизни “Ҳаёт учун!” нинг хайрли ғоялари атрофида бирлашаётганини кўриб қойил қолдик. Ёшларимизга гап йўқ!!!
Тошматова Муҳайё Тошкент шаҳри: - 4 йил илгари менинг ҳаётимга саратон хасталиги соя солди. 2012 йили “Ҳаёт учун!” га мурожаат қилдим ва шунга амин бўлдимки, уюшмага мурожаат қилган ҳеч бир аёл эътибордан четда қолмас экан. Менга ҳам зарур дори-дармонлар беришди. Бугунги кунда уюшманинг фаол аъзоларидан бириман.
Шу йилнинг 17-18 май куни ташкилот ташаббуси билан пойтахтимизга Исроилнинг "Хадасса" клиникасидан шифокорлар делегацияси ташриф буюрдилар.
"Хадасса" — Исроилдаги энг йирик касалхоналаридан бўлиб, жаҳонда эътироф этилган нуфузли клиник ва илмий тиббиёт маркази саналади. Ушбу марказда бир йил мобайнида турли касалликларга мубтало бўлган 1 млн. нафар беморга ёрдам кўрсатилади. 2 кун давомида мехмонлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан илмий семинарларда иштирок этишиб, мутахассислар учун маҳорат дарслари ҳам тақдим этишди. Бундан ташқари, Salus vita тиббий соғломлаштириш марказида уюшма аёлларини тиббий кўрикдан ўтказишди. Бу халқаро ташрифларнинг бошланиши. Биз ҳали бу касалликка қарши курашиш йўлида, дунё марказида бўламиз.
“Ҳаёт учун!” уюшмасида ҳар бир ишнинг сарҳисоби бор. Ҳали олдинда барча хайрли ишларнинг хайрли натижалари турибди.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
“Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси томонидан ташкил қилинадиган лойиҳалар доирасида, 2009–2012 йилларда КБС билан хасталанган 376 нафар аёл, жами 1 млрд. 666 минг сўм микдоридаги қимматбахо дори-дармонлар билан таъминдландилар. 2008-2012 йиллардаги “Ҳаёт учун!” уюшмасининг тиббий текширув акциялари давомида, 27 минг нафар аёл кўрикдан ўтди.
Меҳрона