FATTOHHON.COM
« Все новости
Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси таркибига кирадиган хонақоҳ олдидаги милодий 1885 йили бунёд этилган миноранинг қибла тарафига: “Оқибат хайр бод” деган ёзув битилган экан. Ушбу сўзларнинг сулҳ хатидаги кўриниши Биби Орифа қабри олдидаги масжид айвонининг тўрт томонида ҳам бор. Яъни: “Оқибат хайрли бўлсин”. Бу ҳикматли сўз маъносини ва унинг мазмун-моҳиятини Гулнора Каримова бошчилигидаги яна бир эзгу ишда кўриш мумкин бўлди. Бир сўз билан айтганда, саҳифа саховатпешаларнинг навбатдаги савобли амали ҳақида.
“Оқибат хайр бод” сўзининг ижроси 2005 йилдан бошлаб юртимизда, “Меҳр нури” жамғармаси томонидан бой маънавий меросни сақлаб қолиш, тарихий обидаларни ободонлаштиришдек хайрли ишларда ўз аксини топмокда.
Бухорони Бухорои шариф даражасига кўтарган улуғ аждодларимиз орасида, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг сиймоси, алоҳида нуфуз ва мақомга эга. Бу улуғ шахс тимсолида инсон руҳиятининг нақадар теранлигини кўриш мумкин. Бухорода савлат тўкиб турган Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлиги 500 йил мобайнида бутун бир мажмуа бўлиб шаклланди. Ўз даврида тариқат одоби ва тасаввуф таълимотини эгаллаган буюк зот, бу ерни ўзига хос хонақохга айлантириб, шогирдлар тарбияси билан шуғулланганлар.
Бугунги кунда мазкур ёдгорлик мажмуасига ҳар куни минглаб зиёратчилар ташриф буюришади. Хожа Накшбанддек улуғ инсонни дунёга келтирган ва комил инсон қилиб тарбиялашда беқиёс ҳисса қўшган табаррук зот, яъни уларнинг волидаси Биби Орифа қабрлари ҳам ушбу муқаддас қадамжонинг таркибий қисми ҳисобланади.
Тўрт асрдирки, Биби Орифа зиёратгоҳи ўз замонасининг улуғ инсонлари томонидан таъмирланиб, қайта обод этиб келинмоқда.
Яна йиллар ўтиши билан таъмирталаб бўлиб қолган мажмуанинг масжид, мақбара, ҳазира ва ҳовуз қисмларини қайта куриш учун бел боғлаган “Меҳр нури” Жамоатчилик Кенгаши раиси Гулнора Каримова 2012 йилда бу хайрли ишни бошлади...
Ҳунармаднларнинг таъкидлашича, шу кунга қадар бино деворлари яроқсиз ҳолатда бўлиб, бу йил мажмуанинг ҳатто қулаб тушиш эҳтимоли бор эди. Айнан шу хайрли лойиҳа сабаб, бунинг олди олинди. Эндиликда тарихий бинони бир пайтнинг ўзида ҳам кўҳна ҳам навқирон ҳолатда кўришингиз мумкин. Қурувчилар обидани реконструкция қилиш жараёнида унинг тарихий кўринишини тўлалигича сақлаб қолиш баробарида, замонавийликка ҳам урғу бердилар. Яъни, у ерга иссиқлик поллари ўрнатилди. Масжид ичидаги китобларга Нақшбанднинг рубоийлари, панд-насиҳатлари ва ибратомуз ҳикматларидан намуналар битилди. Мажмуа атрофи гуллар билан қопланди. Умуман, бошқа қиёфада бўй кўрсатган мукаддас мақбара 6-“Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали доирасида, тантанали равишда очилди!
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижлик эпиграфикшунослар ва бошқалар иштирок этдилар.
Мақбарани таъмирлаш ишларида иштирок этган қўли гул уста-ҳунармандларга Гулнора Каримова томонидан миннатдорчилик рамзи сифатида тўнлар кийдирилди.
Шунингдек, мамлакатимизда маънавий билимларни оширишга қаратилган лойиҳа доирасида “Меҳр нури” жамғармаси Жамоатчилик Кенгаши раиси юртимиздаги 10 та диний муассасанинг 20 нафар талабасига стипендиялар таъсис этди. Гулнора Каримованинг ўз ижодидан намуна ўқиб берганлари ўзига хос туҳфа бўлди.
Ҳар биримиз ташвишли дунёда омонат бир кишимиз,
Ўзимизга боғлиқ эмас, афсус, хар бир ишимиз...
У билар! У юксак! У буюк!
У еру кўкнинг хукмдори!
Унинг тахти юк эмас, айлар лутфин сазовори.
Ишонч билан қийин қадам, мураккаб нафасни енгиб ўтган
Бўйсунтирган ўзини, яна талабгори билимни...
Қадимдан табаррук заминимизда инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти кенг тараққий этган.
Шуни фахр билан тилга олиш керакки, янгитдан барпо этилган ушбу мажмуа, ҳали халкимизнинг хайрли ва савобли ишлари йўлида узоқ йиллар давомида хизмат қилади. Бугун ушбу муқаддас масканга ташриф буюрадиган зиёратчилар оқими яна хам кўпаймоқда. Уларнинг ҳар бирлари ўз зиёратлари давомида саховатпеша инсонларнинг ҳаққига дуо қилмоқдалар.
Меҳрона