FATTOHHON.COM
« Все новостиГўзаллик мавзуси ҳамиша ҳаммани қизиқтириб келган мавзу. Гўзал бўлиш учун нафақат ташқи кўриниш, балки соч турмаги, либос ҳам гўзал бўлиши керак. Инсоннинг ўзига услуб танлай билиши, либосининг рангигача муҳим аҳамиятга эга. Бугун гўзаллик мавзусидаги саволларга Стилист Бек Абду (Бекзод Абдураимов) жавоб беради.
- Услуб ўзгартирганда асосан, нималарга аҳамият бериш керак?
- Услуб ўзгартирганда масалан, инсоннинг кунлик иш фаолияти, кундалик ҳаёти, киядиган кийимига қараб ўзгартирилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Чунки, баъзи офисда ишлайдиганлар узун сочлар (капсульное наращивание) қилиб олишади, бунда офис иши эрталаб 08.00 дан кечқурун 18.00 гача бўлса, узун соч устида ишлаш, уни парваришлашга вақт топиш қийин бўлади ва охирида бу нарсадан афсусланишади. Шунинг учун ҳам, инсон услубини ўзини иш фаолиятига қараб ўзгартиргани маъқул.
- Уй бекаларидан бири савол йўллабди: “Уй шароитида қазғоқ билан қандай курашиш мумкин?”.
- Қазғоқни ҳам ҳар хил тури бўлади. Масалан, шампунь туфайли, бош териси яллиғланиб, қуриб, шу туфайли пайдо бўлган қазғоқ бўлиши мумкин. Лекин, қазғоққа энг яхши даво бу алоэ! Табиий алоэни шохчаларини кесиб олиб, уни ювилган бошга ишқалаб суриб, ювмасдан қуритиб юрилса, яхши натижа беради. Бундан ташқари, бош ювиб бўлгач, дорихонада сотиладиган “Крапива”ни қайнатиб, сувида чайилса, бу ҳам ёрдам беради.
- Дейлик, агар мижоз келиб, сиздан ўзига мутлақо ярашмайдиган ҳолатдаги соч турмагини сўраб туриб олса, мутахассис сифатида қандай йўл тутасиз?
- Бундай ҳолатлар ҳам кўп бўлади. Бундай ҳолатдан чиқишда профессионал бўлиб кетганмиз. Ҳазил-ҳузул қилиб, тушунтиришга ҳаракат қиламан. Лекин, тушунадиган бор, тушунмайдиган бор. Аммо, биз барибир тушунтиришимиз керак, бу шарт! Чунки, бизнинг ишимиз, бизнинг юзимиз! Агар мижоз ҳечам тушунмаса, унда қилиб беришга тўғри келади, лекин барибир сал ўзгартириш киритиб, ўзига ярашадиган қилиб бераман.
- Одатда кийим танлаганда рангларни уйғунлаштиришни кўпчилик билади. Лекин, қайси рангларни бир-бирига уйғунлаштириб бўлмайди?
- Ўзи асли 7 та ранг ва уни ўз қонун-қоидаси бор. Аммо, ҳозир кўпчилик бу қонун-қоидага қарамаяпти. Масалан, ёрқин бинафшарангни сариқ ранг билан ҳам уйғунлаштиришяпти. Бу нотўғри, чунки уйғунлашмайдиган ранглар ҳам бор! Масалан, ўша бинафшаранг билан сариқ уйғунлашмайди, Қизил ва сариқ ҳам уйғунлашмайди, ёки яшил салат ранг билан сариқ, булар уйғунлашмайди, аммо ҳозир барибир шу рангларни кийимда бирга ишлатишяпти. Бу нотўғри, деб ўйлайман.
- Сизни ҳам бошқа ҳамкасбларингиз каби либослар коллекция яратиш ниятингиз борми?
- Йўқ! Чунки, мен аслида заргарман! Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтини битирганлигим учун, ўзи касбим бўйича коллекция яратсам ҳам бўлади, лекин либослар коллекцияси яратиш ниятим йўқ. Менга Либослар коллекцияларини кўриш ва ўша ерда томошабин сифатида иштирок этиш етарли, деб ўйлайман. Балки кейинчалик ўйлаб кўрарман, лекин ҳозирча бундай ният йўқ.
- Аёлларимиз одатда пардоз буюмлари танлаганда нималарга аҳамият беришлари керак? Стилист сифатида маслаҳатингиз.
- Бу жуда ҳам индивидуал танлов! Ҳар битта инсон, масалан, ўзи ишлатаётган косметика, ишлатмоқчи бўлган косметика, асосан юз ранги, кўз тузилишига қараб танланади! Масалан, юз ранги оқ бўлса, пардозда жигаррангроқ ва ёрқинроқ рангларни уйғунлаштириш мумкин. Таркибига келсак, ҳозир синтетика кўпайиб кетган. Мен бизнинг иқлимда синтетикадан фойдаланишни тавсия этмаган бўлардим. Синтетика биринчидан аллергияга олиб келади, юзнинг “нафас олиш йўллари”ни ҳам “ёпади”. Уни тозалаб турилмаса, кундаликда профессионал грим билан фойдаланилгандек бўлади. Одатда косметика воситаларини сотиб олаётганда, кўпчилик унда ёзилган ёзувларни ўқишмайди. Лекин, таркиби ўқиб чиқилса, нимадан иборатлиги ёзилган. Шунга эътибор билан қараб, ўқиб чиқиб, кейин сотиб олишларини тавсия қилган бўлардим.
Саида Вахобова тайёрлади