FATTOHHON.COM

« Все новости

БАДИИЙ КЕНГАШ! ҚАНДАЙ КЛИПЛАР БАДИИЙ КЕНГАШДАН ЎТМАДИ, ЁКИ “ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ШУНДАЙ ИШНИ РАВО КЎРАМИЗМИ?” 05.03.2018 08:55

Жорий йилнинг 1 март  кунидан бошлаб «Ўзбекконцерт» Давлат Муассасаси қошида, қўшиқлар ва уларга суратга олинган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий Кенгаш ўз фаолиятини бошлаганлиги, ҳамда мазкур Бадиий Кенгашнинг илк йиғилиши ҳақида маълумот берган эдик. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

photo (6)

Куни кеча мазкур Бадиий Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда миллий эстрада санъатини ҳар қандай бегона таъсирлардан, айниқса, эндигина вояга етиб келаётган ёш истеъдод соҳибларини “оммавий маданият” руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, мазмунсиз, савияси паст куй-оҳанглар ва қўшиқларнинг пайдо бўлишини олдини олиш, хорижий санъаткорларнинг ижроси ва ҳатти-ҳаракатларига тақлид қилиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатларнинг зарарли оқибатларини эстрада хонандаларига тушунтириш, шунингдек ёш, иқтидорли истеъдод соҳибларига ижодий-услубий ҳамда, ташкилий томондан малакали кўмак бериш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Шу ўринда, Юртбошимиз томонидан бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолганини, ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари эканлигини таъкидлаб, бу борада “Ўзбекконцерт” ва бошқа ижодий ташкилотлар қошидаги бадиий кенгашларнинг фаолияти деярли сезилмаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштирувчи кенгашида бадиий кенгашлар танқидий кўриб чиқилиб, ижрочиларга яқиндан кўмаклашиш вазифалари, қўшиқдаги бадиий саёзлик каби салбий ҳолатларга қарши, миллий ўзига хосликни сақлашга қаратилган чоралар кўриш лозимлиги, таъкидланди.

«Ўзбекконцерт» Давлат Муассасаси қошида ташкил қилинган Бадиий Кенгаш ҳам, мазкур вазифаларнинг ижросини амалга ошириш мақсадида, ўз ишига виждонан, ҳалол ёндошмоқда.

photo (4)

photo (1)

Навбатдаги йиғилишда, 4 соатдан ортиқ вақт давомида Бадиий Кенгаш аъзоларининг хулосасини олиш ва кўриб чиқиш учун тақдим этилган 17 та видеоклипдан 14 таси кўриб чиқилди. 3 таси вақт етмаганлиги туфайли, келгуси йиғилишга қолдирилди.

photo (7)

photo (5)

 

Йиғилишда муҳокама қилинган клиплар:

1. “Муҳаббат” – Хонанда Даврон Эргашев томонидан куйланган қўшиқ ва клип. Қўшиқдаги “арзон” сўзи ўрнига, “ёлғон” сўзини қўйиш, (яъни, муҳаббат аслида ҳеч қачон “арзон” бўлмаслиги, ҳамда бундай деб куйлаш, мантиқан тўғри келмаганлиги учун) ҳамда клипни қисман қайта ишлаш тавсия қилинди. Яъни, клипда қизни тўй тугагач, қочиб кетиш эпизодини, ёшлар тарбиясига таъсир кўрсатиши мумкинлиги учун, клипдан олиб ташлаш тавсия этилди.

2. “Қизалоқ” – «Ниҳол» мукофоти совриндори Ёдгор Мирзажонов томонидан ижро қилинган қўшиқ ва клип. Кичик тузатишлар билан шартли равишда Бадиий Кенгашдан ўтди! Хонанданинг келгуси ижодига тавсиялар берилди.

3. “Ойижоним” – “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Йўлдошева томонидан ижро қилинган қўшиқ ва клип. Клип ҳали тўлиқ битмаган. Қўшиқ шеъри шоир билан ишлаган ҳолда, сўзларини қайта ишлаш тавсия этилди. Клип борасида ҳам баъзи тавсиялар берилди.

4. “Эсламадинг” – Сарвар ва Комил томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Қўшиқ сўзлари ва мусиқаси ҳам ижодкорларнинг ўзларига тегишли. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Сарвар ва Комил истеъдодли, кўп йиллардан буён ижод қилиб келаётган ижодкорлар ва уларнинг кўплаб қўшиқлари тингловчиларнинг кўнглидан жой олган. Аммо, мазкур қўшиқ ва клип, Бадиий Кенгаш аъзолари томонидан энг кўп муҳокамага сабаб бўлди. Бунинг сабабларига тўхталиб ўтамиз.

Қўшиқдаги:

“Телбаларча севдим шунчаки,

Сендан ҳам шуни кутдим, балки.

Сени деб, ўзимни унутдим,

Заҳирангда қолдимми ёки? ”

тўртлигидаги  “Телбаларча севдим шунчаки” жумласи, ““наҳотки “шунчаки” телбаларча севиш мумкин бўлса?”, ҳамда “Заҳирангда қолдимми балки?” жумласи эса, "қандай қилиб, йигит қизнинг “заҳирасида” қолиши мумкин? Ахир бу мантиққа, ҳамда менталитетимизга тўғри келмайди–ку”, деган мазмунда, Бадиий Кенгаш томонидан кучли эътирозларга сабаб бўлди ва қайта тўғрилашга тавсия қилинди. Бадиий Кенгаш Раиси - Нодир Жонузоқ томонидан, балки, бу шеър ё рус тилидан нотўғри таржима қилинган, ёки рус тилида фикрлаб туриб, ўзбек тилида ёзилган, деган фикрлар ҳам айтилди. Инсон “шунчаки” телбаларча севиши мумкин эмаслиги, ҳамда йигит қизнинг “заҳираси”да бўлиши мумкинлиги мантиққа, ҳамда менталитетимизга тўғри келмаслиги ҳақида фикрлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, бу қўшиққа суратга олинган клип ҳам, Бадиий Кенгаш томонидан кучли муҳокамага сабаб бўлиб, ундаги менталитетимизга хос бўлмаган бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтилди. Яъни, клипда қўшиқ бошланишидан олдин, сюжет бўйича қиз ва йигит ўртасидаги воқеалар ривожи давомида, йигит ўқишни ўйлаган бир вақтда, қизни унга очиқчасига “сизни севаман” дейиши, Бадиий Кенгаш томонидан менталитетимиздаги ибо-ҳаё, одоб-аҳлоқ қоидаларига мос эмаслигига тўхталиб, “ўз фарзандларимизга шундай ишни раво кўрамизми?” деган мазмунда эътироз билдирилиб, алоҳида таъкидлаб ўтилди. Клип ғояси менталитетимизга тўғри келмаганлиги туфайли, қайта тўғрилаш тавсия қилинди.

5. “Севгилим” – Отабек Абдуалиев томонидан ижро қилинган қўшиқ. Бир фильмга саундтрек қилиб олиниб, фильмдан кадрлар қўйилган. Бадиий Кенгаш томонидан хонанданинг қўшиқ ижроси юқори баҳоланиб, унга аслида фильмнинг кадрлари мос тушмаганлиги, шунинг учун ҳам, қўшиқ бошланишидаги фильмдан қўшилган диалог, ҳамда фильм кадрларидаги диалоглар ҳам, олиб ташланиши тавсия этилди.

6. “Гулбадан” – Отабек Абдуалиев томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган трек йўналишидаги клип. Бадиий кенгаш томонидан жуда ҳам оддий, деб таъриф берилди. Бундан ташқари, клипда номутаносиблик мавжуд, яъни хонанданинг ўзи европача кийимда, раққосалар эса, миллий кийимда. Тўғрилаш борасида тавсиялар берилиб, шартли равишда ўтди.

7. “Тўй бўлади” – Отабек Абдуалиев томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Клипда ғоя ва мантиқ йўқлиги, актёрларда умуман эмоция сезилмаганлиги, шунингдек, аёлларга нисбатан ҳурматсизлик борлиги (аёл қаҳрамоннинг шаллақилик қолипида эканлиги) ва умуман клипда мақсад йўқлиги таъкидланди! Клип Бадиий Кенгашдан ўтмади!

8. “Овворалар” – Хонанда Сардор Орзиев томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Матн саёзлиги, ҳамда клипда мақсад йўқлиги туфайли Бадиий Кенгашдан ўтмади!

9. “Дуодаман” – Хонанда Суръат Исломов томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Сўзларини шоир билан қайта ишлаш тавсия қилинди.

10. “Севарман” – Хонанда Мусожон Мақсумов томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Сўзларини шоир билан қайта ишлаш, ҳамда, клипни ҳам тўғрилаш борасида тавсиялар берилди.

11. “Нафиса” – “Фано” гуруҳи томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Қўшиқнинг шеъри саёз бўлганлиги учун, матн шоир билан қайта ишлаб тузатишга тавсия этилди. Хонандаларга талаффуз борасида муаммолар борлиги  айтилиб, келажакда қўшиқ куйлаганда шу жиҳатни ҳам инобатга олиш кераклиги таъкидланди.

12. “Ўзбек элим” – Хонанда Яҳёбек Патидинов томонидан ижро қилинган қўшиқ. Клип суратга олиниши режалаштирилган. Қўшиқ матнидаги сўзлар тўғрилашга тавсия этилди.

13. “Кетаверинг” – Ирода Дилроз томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Қўшиқ матнига кичик тузатиш тавсия қилинди.

14. “Орамизда” – Элдор Шарифбоев томонидан ижро қилинган қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Клип Москвада суратга олинган, аммо қўшиқда куйланган мавзу эса, ўзбекона. Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, клип қайта тўғрилашга тавсия қилинди.

Бадиий кенгаш давомида қўшиқлар мусиқасига миллий оҳанглар қўшиш, уларни тинглаганда ўзбек хонандаси куйлаётган қўшиқ мусиқаси эканлиги сезилиб туриши кераклиги, таъкидлаб ўтилди.

Бадиий Кенгашдаги муҳокама давомида айрим ижодкорлар томонидан “клипларимиз ўтмаса, биз қандай тирикчилик қиламиз?” деган мазмунда эътирозлар ҳам бўлди...

Лекин, шуни ҳам эътиборга олиш керакки, санъат, бу саноат эмас!

 

photo (2)

photo (2)

 

Санъат, бу биринчи навбатда ижод, Бадиий Кенгаш эса, ҳеч кимнинг ижодини бўғаётгани, таъқиқлаётгани ҳам йўқ! Фақат тузатишлар киритиб, тавсиялар бермоқда!

Бадиий Кенгаш, авваламбор, юқорида келтириб ўтганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда белгилаб берилган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда, фаолият олиб бормоқда.

Агар миллий эстрада санъатини бегона таъсирлардан, эндигина вояга етиб келаётган ёш истеъдод соҳибларини “оммавий маданият” руҳидаги оқимлар таъсиридан ўз вақтида ҳимоя қилинмаса, мазмунсиз, савияси паст куй-оҳанглар ва қўшиқларнинг пайдо бўлишининг олди олинмаса, хорижий санъаткорларнинг ижроси ва хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш каби салбий ҳолатлар бартараф этилмаса, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатларнинг зарарли оқибатлари, эртага умуман ўзбек санъатини қай даражага олиб келиб қўйиши мумкин? Буни тасаввур қила оламизми?

Ёшлар мисоли, бир ёш ниҳол, улар одатда, санъат аҳлига тақлид қилишади. Бизнинг миллатда бошқа халқларда учрамайдиган бир одат бор, санъат аҳлини ўзгача эътиқод билан ҳурмат қилишади. Уларнинг ҳатти-ҳаракатларини “шундай бўлиши керак экан, ёки ростдан ҳам шундай экан” деб, тўғри қабул қилиниш ҳолатлари кўп. Демак, ёш авлод, мазмунсиз клипларда кўраётган ҳолатларни эртага такрорламасликларига, шунингдек, клиплардаги қаҳрамонлар томонидан амалга оширилаётган ишларга ҳам тақлид қилмасликларига, кафолат бериб бўлмайди!

Мамлакатимизда маданий, маънавий ва маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, кенг жамоатчилик эътибори, санъаткорлар ижоди шу жумладан, эстрада санъати асарлари олдига янги, кучли талаблар қўймоқда.

Шу ўринда, айтиб ўтиш жоизки, Миллий эстрадани “оммавий маданият” таъсиридан сақлаш, мазмунан саёз, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи қўшиқ ва клиплар яратилишини олдини олишда, давлат ва нодавлат телеканалларнинг роли беқиёсдир. Шуни эътиборга олган ҳолда, Нодавлат Телеканаллар қошида ҳам Бадиий Кенгашлар ташкил қилиниши, ҳамда, улар ҳам “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши зарур бўлмоқда. Чунки, афсуски, айрим ҳолларда, Бадиий Кенгашдан ўтмаган клипларни Нодавлат Телеканаллар томонидан эфирга кетиб қолиш ҳолатлари учраб турибди... Ваҳоланки, клиплар фақатгина Бадиий Кенгашдан ўтгандан сўнггина, халқ эътиборига тақдим қилиниши керак. Қолаверса, бундай клипларни интернет тармоқлари орқали ҳам, оммага тарқалиш ҳолатлари учрамоқда.

 

photo (3)

photo (4)

 

Бадиий Кенгаш аъзолари ҳозирда Миллий эстрадани “оммавий маданият” таъсиридан сақлаш, мазмунан саёз, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи бундай қўшиқ ва клиплар яратилишининг олдини олиш борасида, жонкуярлик билан фаолият олиб боришмоқда. Аммо, бу фақатгина уларнинг муаммоси эмас! Бу муаммо, бугунги кун санъати муаммоси! Мазкур муаммони бартараф қилиш, унинг олдини олиш учун ҳамма бирдек ҳисса қўшиб, астойдил ҳаракат қилиши зарур.  

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

 

photo (3)

photo (1)