FATTOHHON.COM

« Все новости

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ КАМОЛИДДИН РАҲИМОВ: 70 ЙИЛЛИК ЮБИЛЕЙ КОНЦЕРТИ ОЛДИДАН! 20.05.2013 14:05

foto(3)_79.jpg

Санъатда санъаткорни узоқ йиллар давомида ўз мавқейини ушлаб туриши, мухлисларини йўқотмаслиги, жонли ижрода ўз овозини сақлаб туриши, албатта осон эмас. Бунинг уддасидан чиқа олган, халқ ардоғидаги санъаткорлар ҳам бармоқ билан саноқли. Ана шундай эл ардоғидаги санъаткорлардан бири, Ўзбекистон Халқ артисти, бу йил ўзининг 70 йиллик юбилейини нишонлаётган, “Истиқлол” санъат саройида 30 март куни жонли ижрода ўзининг "ЭЛ ИЧРА НАЗАР ТОПДИМ" деб номланган концерт дастурини элга тақдим қилаётган устоз санъаткор Камолиддин Раҳимов.

 

- Хонанда учун ҳар йили концерт бериш бу мажбуриятми, ёки бу хонандани ўзидан келиб чиқишми?

- Ҳар бир касб эгаси, янги ихтиро қилиб, ўзининг ривожланаётганини омма олдида намойиш этади. Дейлик, тикувчи янги костюм-шим тикади, ёки янги нусхадаги кўйлак чиқаради. Техника устаси янги нарса яратади. Энди хонандаликка келсак, бу янада мураккаброқ, агар хусусан жонли ижрода бўлса! Биз ҳам куч-қувватимиз борида, жонли ижрода янги қўшиқларимизни халққа тақдим қилиш ниятидамиз! Айниқса, мен аввал ҳам,  ҳар йили бир марта 1990 йилларгача, ҳар йили янги дастур билан Республика телевидениясига чиқар эдим. Буни мухлислар ҳам кутишарди, “Камолиддин Раҳимов бизга янги концерт дастурини намойиш этади, дейишарди. Бунинг учун эса, кўп изланиш керак. Санъаткор ўз устида ишлаш керак. Анчагина машаққати бор. Ундан ташқари, янги қўшиқларингиз ҳам томошабинларга ёқиши керак!

 foto_1059.jpg

- Сиз ўзингиз бугунги шоу бизнесга қанчалик кўника олдингиз?

- Мени бу шоу бизнеслардан ёшим ўтиброқ қолди. Балки ёшлар, биздан ёшроқлар, янги чиқиб келаётган хонандалар, созандалар, актёрлар, бу бизнес билан иш юритишмоқдадирлар? Замон тараққий этган сари, ҳар бир касб ҳам, ўзига яраша тараққий этиб боради. Ҳар бир даврда ўзига яраша тараққий этади. Ҳозир шу шоу бизнесгача тараққий этиб бормоқда. Ҳар бир касбда ўзгаришлар бўлди. Ривожланиб, рақобат деган нарсалар ҳам бўлди. Илгари даврда рақобат ўрнига “мусобақадош” бўларди. Мисол учун, у корхона билан, бу корхона мусобақадош эди. Энди ҳозирги пайтга келиб, бир-бири билан рақобатга келиб кучайяпти. Аниқса, санъат соҳасида ҳам рақобатлар кучайди. Масалан, кинода ҳам шу ҳар бир режиссёр, янги киносини яхши чиқишини ҳоҳлайди. Уларнинг ҳам рақобати бор. Бизда ҳам, ҳатто куй ва қўшиқларни басталаб берувчи бастакорларда ҳам рақобат бор.

 

- Демак, сиз шоу бизнес рақобат кучайишига олиб келди, деган фикрдасиз?

- Ҳа.

 

- Сизни ўзингизга фонограмма тушунчаси қанчалик таъсир қилди?

- Ўша 80-йилларда ҳам, ундан буёғида ҳам фонограммалар бўлган. Айниқса, кинода бўлган. Тоғу тошларда тасвирга олинаётганда қўшилган. Ҳатто овозда ҳам, фонограмма ишлатилган.

 

- Аммо, у дубляж бўлган эмасми?

- Лекин, у ҳам фонограмманинг бир кўриниши. Ўша ролни ижро қилган актёр бошқа жойда, яна ўша ролидаги сўзларини бошқатдан айтиб берган. Аслида, дубляж бошқа тилдан, ўзбек тилига ўгирилган фильмларга нисбатан ишлатилиниши керак бўлган сўз. (ўйланиб) Энди, фонограммага бошидан оёқ берилиб кетиш яхши эмас! Аммо, дейлик катта стадионларда, катта концертлар бўлади. Унга микрофонларни, техникани созлаш керак, бу эса жуда кўп вақт олади. Шу сабаб у ерларда фонограмма ишлайди. Ахир кўп хонандалар иштирок этади. Ҳар бирини овозига мослаш керак. У хонанданинг созандалари келиб жой алмашиши керак. Бунда томошабиннинг ҳам вақти кетиб қолади. Шунга барибир фонограмма ишлатилади. Шунинг учун ҳам, бир тор доираларда, яккахон концерт ва кичикроқ жойларда ўзи жонли ижрода айтса яхши,  бу мени шахсий фикрим албатта.

 

- Сиз ўзингиз ҳеч қачон фонограммада куйламагансиз?

- Фонограммада куйлаш, гоҳ-гоҳида бизга ҳам тўғри келиб қолади.

 foto(7)_59.jpg

- Қандай ҳолларда?

- Бир-бир концертларда, ёки бирор кеча-анжуманларга борилганда, у ердаги ўрнатган овоз кучайтиргичлари, ёки бошқа мосламалари биз учун тайёр эмас, бўлади. Шунда бир ўзим ажралиб қолишим шарт эмас-ку. 9 киши фонограмма айтгандан кейин, бир киши барибир ўшаларга қўшилиб айтади-да. Шундай вазиятлар бўлган. Лекин, жуда ҳам кам!

 

- Ҳозирги кундаги қўшиқчиликнинг аҳволи, сизни қанчалик қониқтиради?

- Буни мен ҳал қилмайман. Буни мутасадди раҳбарлар ҳал қиладилар.  Асосан, эшитгувчи, тингловчилар ҳал қиладилар.

 

- Айни кунларда кимлар билан ҳамкорликда ишламоқдасиз?

- Мен деярли ҳеч қайси бастакорлар билан мулоқотда, “мен учун қўшиқ тайёрлаб беринг” деган жойим йўқ. Шу кунгача фақат ўзим тайёрлаб, ўзим айтаман. Лекин, ёшлигимда ўзим устоз деб билган ҳофизларимизнинг қўшиқларини севиб айтганман. Шеърлари шоирларники бўлади, мусиқалари ўзимники. Мен ҳеч кимга, “мен учун қўшиқ тайёрлаб бер” демаганман.

 

- Шеър ёки мусиқа, сиз қайси бирига биринчи мурожат қиласиз? Сизга қай бири муҳим?

- Шеър зўр экан, лекин қўшиқ бундоқ экан, деган фикрда бўлиш қийин. Ўзи кимнинг шеъри бўлишидан қатъий назар, китобни варақлаганингизда, сизга маъқул келади. Биринчи шеърни ўқиб, танлаб, кейин унга куй танлашга тушаман. Камдан-кам тайёр мусиқага шеър солиш ҳам бўлади. Лекин, у ҳар доим ҳам эмас. Менимча биринчи ўринда ғазал танланади. Шу ғазални танлаганда устоз кўрганлар билади. Баъзи бир ғазаллар янграмайди. Унда унли, унсиз ҳарфлар бор-да. Уларни куйга солиб айтганда янграмайди. Ғазал танлаганда, ҳофиз уни янграйдиган-янграмайдиган тарафларини ҳам билиши керак.

 foto(4)_71.jpg

- Қўшиқларингизда кўпроқ қайси мавзуларга эътибор қаратасиз?

- Мен ёшлигимдан, то ҳозирги кунгача, Ватанга бағишлаб, айрим атоқли кунларга бағишлаб, юртимизнинг, Ватанимизни илғор кишиларига бағишлаб айтилган қўшиқлар, ҳамда баҳорга бағишланган қўшиқлар. Бизни устозларимиз Фаҳриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Комилжон Отаниёзовлар кўпроқ лирикага ёндошиб қўшиқлар тайёрлашган бўлишса, биз ёш ўтган сари Маҳтумқули, Машраб ва бироз насиҳатомуз ғазалларга эътибор қаратмоқдамиз.

 

- Мана ҳозирги кунда шиддат билан кечаётган шоу бизнесда, янги чиқаётган ёш хонандаларимиз санъатда ўзини кўрсата олишлари учун, кўпроқ нималарга эътибор беришлари керак, деб ўйлайсиз?

- Биринчи ўринда, сиз айтаётган хонандаларда иқтидор бўлиши керак! Иккинчи ўринда, шу касбга ўзининг лаёқати ҳам бўлиши керак. Учинчи ўринда, унга куй чалиб бераётган ва куй басталаб бераётган бастакорларга ҳам боғлиқ. Тўртинчисини, энди томошабин ҳал қилади.

 foto(5)_68.jpg

- Қайси санъаткорга хос одатингиздан воз кеча олмайсиз?

- (сал ўйланиб) Ёшлигимдан ўзимдан катта сал бўлса ҳам, мендан ёши катталарни ҳурматини жойига қўйганман. Устозларни жуда ҳам эъзозлаганман. Шу кунгача мендан ёшлари катта бўлса эъзозлайман. Бу ҳар бир касб эгалари қилиши керак бўлган фарз. Агар ўзидан ёши улуғ инсонларни кимки эъзозлаб ҳурматини жойига қўйса, уни ҳам ёши улуғ бўлганда шогирдлари эъзозлайди. Иккинчидан, ўзи айтган қўшиқларига, сўзларига ўзи ҳам лойиқ бўлиши керак. Ўзи йиртиқ куйлак кийиб, “кўйлагингизни бутун қилиб қўйинг” деса бўлмайди-ку.

 

- Нима деб ўйлайсиз, санъатдаги ҳар томонлама муваффақиятингиз сири нимада?

- Бунинг тагида жуда кўп машаққатлар ётади. Тинмай изланиш керак. Кўп эшитиш керак, кўп чалиш керак. Албатта бир эмас, бир нечта устозларнинг ижросидан хабардор бўлиш керак. Изланмаган, ўзининг устида ишламаган инсон, тезда орқада қолади. Дейлик, бир анжуманда бир қўшиқни ижро этдингиз, ҳамма сизга қарсак чалди. Сиз бунга эртасига ҳам жавоб бера олишингиз, лойиқ бўлишингиз керак. Чунки, эртага у томошабин йўқ, сиз бошқа томошабинга ҳам худди шундай хизмат қилишингиз керак. Бу касбни, бошқа касбларга нисбатан қийин жойи шунда. Томошабинларнинг кўнглини топишингиз керак. “Мен зўр айтганман” деган билан, кечаги томошабин йўқ. Шундай томонлари ҳам бор. Ёшлар мана шундай нарсаларга ҳам тайёр туришлари керак.

 foto(6)_62.jpg

- Сиз ҳозиргача фақат жонли ижрода куйлайсиз. Овозингиз сақлаш учун қандай йўл тутгансиз?

- Энди ҳар бир ҳунарманднинг ўзига яраша сир асрори бўлгандек, ҳаммага ҳам айтилмайдиган жиҳатлар бор. Айниқса, товуш эҳтиёт қилинадиган касблар бор. Муаллимлар, сухандонлар, хонанда-ю, ҳофизлар овозини ҳар доим эҳтиёт қилишлари керак. Бунинг учун, баъзида, баъзи бир таомлардан ҳам нафсни тийишга тўғри келади.

 

- Сиз танаввул қилмайдиган таомларингиз ҳам борми?

- Албатта, овоз пайчаларига вақтинчалик тўсқинлик қиладиган таомлар бор. Уларни фақат қўшиқ айтмаган пайтингизда истеъмол қилишингиз мумкин. Лекин, улар қайси таомлар эканлигини айта олмайман. (кулади)

 

- Бир хиллар жонли ижрода яна ҳам яхши куйлаши учун, ҳар куни вокал билан қанчадир вақт шуғулланиб туришади. Сиз-чи, сиз ҳам ҳар куни машқ қилиб турасизми?

- Йўқ, мен ярим асрдан кўп қўшиқ айтганлигим учун, овозимни қайси жиҳатдан яхши юргиза олишимни билганлигим учун ҳам, мен эрталаб туриб, машғулот қилмайман. Бизнинг йўлда, қайси қўшиқдан қайси қўшиққача товушни қиздириб борилади, деган гаплар бор.

 foto(2)_91.jpg

- Ўз ижодингизда илк муваффақият нимадан бошланганлигини эслай оласизми?

- Энди билмадим, мен жуда бир муваффақият билан бошламаганман. Қийинчилик билан бу даражагача етиб келганман. Театрда “Нурхон” деган спектакл қўйиларди. Унда, “Осойишта лаззат борми?” деган гаплари бор эди. Демоқчиманки, ҳар бир касб эгаси бирданига бир нарсага эришиб қолса, уни кўп ҳам қадрини билмайди! Устозларим Ўзбекистон Халқ артистлари Фахриддин Умаров, Комилжон Баратов, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Ғуломжон Хожиқуловларнинг ҳам жуда қийинчилик билан бир манзилга етиб келишларини, ўша даврларда эшитганман. Шунинг учун ҳам жабрини тортиб, меҳнат билан бир манзилга етсангиз, албатта қадрига етасиз. Қўшиқни ҳам, ижрони ҳам томошабиннинг ҳам қадрига етасиз.

 

- Илк муваффақиятли қўшиғингизни эслай оласизми?

- Эслайман. 1963 йил 23 май куни Республика телевидениясида, Самарбону шеъри билан “Унутмасман сени ҳаргиз” деган қўшиқни айтиб чиққанман. Шу қўшиқ муваффақиятли чиққан. Ҳамма муваффақиятларим изланишлар эвазига бўлган!

 foto(1)_102.jpg

- Шогирдларингиз борми?

- Ўзим танимаган ҳолдаги шогирдлар ҳам кўп. Ҳаттоки, қўшни давлатларда ўзбек тилида гаплашадиган ватандошлар орасида ҳам шогирдлар бор. Мен сизнинг қўшиғингизни 20 йилдан бери айтаман, дейдиганлар жуда кўп. Ўзим таниганлари ундан ҳам кўп.

 

- Уларга нималарни ўргатасиз?

- Келиб сўраса, ўргатаман. Мана бу қўшиқни тушунмаяпман, мана бу ғазални тушунишим қийин бўляпти, ёки куй билан боғланмаяпти устоз, деб келса, тушунтираман, ўргатаман.

 

- Бу йилги концертингиз нечанчи концертингиз бўлади ва бу ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?

- Бу навбатдаги концерт, мени 70 ёшга тўлганлигимга тўғри келяпти. Мен ўзи 12 январь 1943 йили туғилганман. Наманганда театрда ишлаб, мана шундай кўплаб Республика миқёсида катта-катта томоша залларида концерт берганлардан, ўзи бизлар саноқлимиз. Раҳматли Ўзбекистон халқ артисти Ҳабибахон Охунова, Ўринбой Нуралиев ва мен. Ўринбой Нуралиев келиб, Республика телевидениясида “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли Мажнун” ларда ўйнаб берган. У жуда моҳир актёр эди. Уччаламиз Республикада катта жойларда концертлар беришга эришдик.

 

- Мухлисларингиз билан бир боғлиқ бўлган қизиқарли воқеа бўлганми, ҳаётингизда?

- Ҳар бир хонанданинг ўзига яраша мухлиси бўлади. Ҳаттоки, ўша айтаётган қўшиғингизни ёддан билади. Жўра ака деган бир қариндошимиз бўлар эди. Мендан у киши 6 ёшлар чамаси катта эди. Уларни укаси уйланди, шунда “Камолиддин “Унутмасман сени ҳаргизни” айтиб бер, деди. Ҳа, энди билиб ўтирибдими, деб 2 қаторини айтмай, у ёғига ўтиб кетсам, “вой 2 қаторини айтмай ўтиб кетдинг-а” деганда, бир кулгу бўлганди! Мен “ҳаммасини биласизми” десам, “сени ҳамма қўшиқларингни ёддан биламан” деганди.

 

- Баъзи бир ёши катта санъаткорлар, ёшларни ўзини ортидан эргаштирмасдан, аксинча ўзи ёшларнинг ортидан эргашиб кетмоқда. Сизни бунга муносабатингиз?

- Бунда 2 та сабаб бор. Бири унда ўша ёшларни эргаштириш учун ибрат бўларли унда қобилият йўқдир? Балки ўзи ёшлардан устун эмасдир? Ёшлар ўзи устунроқдир? Бунга сабаб шу бўлса керак.

 

- Ҳозирги ёш санъаткорларни умумий айтганда, қайси тарафлари санъаткор номига муносиб эмас, деб ўйлайсиз?

- Мен ҳам бир хонандаман. Фақат ёши катта холос. Сиз айтган саволнинг жавобини, томошабин эшитгувчи ҳал қилади.

 

- Сизни ҳам эътиборингизни тортган ёшлар борми? Қайсиларини санаб ўта оласиз?

- Албатта бор. Лекин, номларини келтиришим жуда қийин. Ҳозир айтадиган ёшларимизни ҳам ёшлари 40 дан ўтиб қолди. Масалан, шогирдларимиздан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов, Эркинжон Рўзиметов, Ғайрат Алиев номларини келтиришим мумкин, яна номларини келтирадиган шогирдларим кўп. Яхши ижро этишади. Билмаганини сўрайди. Ёши кичик шогирдларимдан Абдуқаҳҳор Жалилов ҳам бор. 

 

- Ҳамкасбларингиз орасида ижодини ўзингиз мунтазам кузатиб борадиганингиз борми? Нима учун кузатиб борасиз?

- Ҳамкасбларини ижодидан бехабар ҳамкасб, ҳамкасб эмас-да. Масалан, Ортиқ Отажонов янги қўшиқ айтса, уни албатта эшитаман. Шерали Жўраев яхши қўшиқлар ижро этади. Биздан ёш бўлса ҳам, масалан Махмуджон Тожибоев, Оролмирза Сафаровлар бор. Буларнинг кўплаб номларини келтириш мумкин. Машрабжон Эрматов деган шогирдлар бор. Буларни ҳаммасидан, ким нима янгилик қилса, бехабар бўлиш мумкин эмас.

 

- Нима деб ўйлайсиз, машҳурлик сизни қанчалик ўзгартира олди? Ёки ўзгартира олмадими?

- Устоз кўрган, кўп китоб ўқиган ҳар бир касб эгасини машҳурлик енга олмайди.

 

- Камтарлик ва кибр чегараси қаерда, деб ўйлайсиз?

- Кўп билганлигида ва билимда. Сув ҳам қанчалик чуқур бўлса, бир текис туради ва текис, сокин оқади. Саёз бўлса, шилдираб тез оқади.

 

- Ёшликда ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйгандингиз ва бугунги кунга келиб, уларнинг нечи фоизига эришдингиз?

- Ният яхши бўлса, берилган иқтидор бўлса, ўша ўйлаган мақсадига инсон албатта эришар экан.. Ўқишни битирсам, албатта яна ўқийман, санъат йўлига кириб, санъаткор бўламан, деган орзуйим бўлар эди. Бизнинг давримизда Маданий-оқартув техникуми бўлар эди. Шу ерда ўқидим. Сўнг, ўзимизнинг Наманганда Педагогика университетининг тарих факультетида ўқидим.  Наманган театрида ҳам ишладим. Орзуларимга эришдим.

 

- Театрда ҳам ишлаганмисиз?

- Ҳа, икки жойда ишлаганман. 1960 йилда 10 синфни битирганимдан сўнг, Наманган шаҳар Маданият уйида ишлаганман. Унинг қошида Ашула ва рақс Халқ ансамбли бор эди. Унинг оддий иштирокчисидан бадиий раҳбарлигигача бўлган йўлни босиб ўтдим. 1971 йилгача у ерда фаолият юритиб, сўнг 19971 йилдан 1998 йилгача, Наманган вилоят Алишер Навоий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида яккахон хонанда сифатида ишладим. Бошида қисман кичик роллар ҳам ижро қилганман. У ерда катта устозлардан сабоқ ҳам олдим. Ўзбекистон Халқ артистлари Муҳриддин Мансуров, Собиржон Раҳмонов, Онахон Турдибоева, Маматхон Убайдуллаевлар, ҳозирда вафот этганлар. Биргаликда камарбаста бўлиб ишлаган ҳамкасбларимдан Ўринбой Нуралиев, Турдиали Сайфуллаев, ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлиб, 26 йил бирга театрда фаолият олиб бордик.  Кўп орузларимга, қилган яхши ниятларимга мана шу театрда эришдим! Чунки, театр ажойиб бир катта даргоҳ экан! Астойдил меҳнат қилсангиз албатта, кўзга кўринар экан! Лекин, чиндан ҳам меҳнати оғир. Аммо, ким астойдил яхши ният қилса, албатта ўз мақсадига эришади. Ният билан дил тўғри келса, бўлди!

 

- Театрда кичик роллар ҳам ижро қилганман, дедингиз. Қизиқарли ҳодисалар ҳам бўлганми?

- Албатта. Режиссёр сизга бирор роль берса, албатта ижро қиласиз. Қизиқ воқеалардан бири, бир куни театрга, саҳна тарафдан айланиб кирсам, театр режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маматхон Асқаров бир спектаклни саҳналаштираётган эди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турдиали Сайдуллаев ҳам роль ижро этаётган экан. Шунда Маматхон Асқаров: - Камолиддин сизга ҳам бир роль бор, дедилар. Мен эса, (самимий кулиб) ҳазил билан “Йўқ, агар мана шу Турдиали Сайдуллаевни яхшилаб уриб туртадиган роль бўлсагина ўйнайман  дедим. ” Раҳматли Турдиали қараб қолди. Лекин, (жиддийлашиб) режиссёр “ундай роль йўқ” деди.

 

- Тўйлар борасида...

- Тўй масаласида кўп гапирилган. Тўйлар борасида, кўп мароталаб “исроф бўлмасин, исрофгарчилик бўлмасин” дейишмоқда.  Бунинг таг замирида маъно кўп. Чиндан ҳам, тўйлар йиғимли, мулоҳаза билан қилиниши мақсадга мувофиқ,  деб ўйлайман. Биров ҳар йили тўй қилса, кимдир 10 йилда бир тўй қилади. Бу орзу ҳавасли дунё! Ўзбекнинг хонадонида доим тўй бўлиб келган, доим тўй бўлсин! Лекин, тартиб-қоида билан, энг биринчи ўринда исрофгарчиликларсиз бўлса, мен ҳам шунинг тарафдориман! Ўзим ҳозирда ҳам ёру биродарлар, ошна-оғайниларнинг тўй хизматларига бориб тураман.

 

- Ҳар бир инсоннинг ўз ички ўй-тафаккурлари бўлади...

- (самимий) Мақтаниш эмасу, лекин агар биров менга, “бир оддий қўшиқни ўргатиб қўйинг” деса, ўшани ўргатиб қўйсам ҳам қувонаман.  Мана шу инсонга озгина бўлса ҳам манфаатим тегдию, деб ўйлайман.  “Камолиддин ака, мана бу ғазални мана бу ерига бироз тушунмадим” деб, савол беришса, ўша саволга жавоб бериб, тушунтирсам ҳам қувонаман. Шунга фойдам тегдию, дейман.  Шу кунгача, маҳалла-куй, ошна-оғайни, ёру биродарлар, оилам, яқинларим барчага зарарим тегмасин, манфаатим тегсин деган ўй-фикрда яшадим. Доим шуни истайман, ҳаётда энг ёмони бировга ноўрин зарар етказиш, бировнинг бекорга дилини оғритиш, деб ўйлайман.

 

- Ёши улуғ санъаткорсиз. Айтинг-чи,  санъаткорлар орасида дўстлик борми? Муносабатингиз...

- Дўстлик бор. Устозларнинг бир гапи бор, “камтарлик, одобли ва андишали бўлиш, шараф.”  Бизнинг соҳада, масалан, “бир ролни ижро қилиб бер, ёки бир қўшиқни куйлаб бер” деса, чиқиб ўшани аъло даражада уддалаб, ўзни кўрсата олиш ҳам керак. Устозлар орасида ҳам, “фалон қўшиқни ижро қилиб бер” деб, рухсат берилса,  ўшани қойилмақом қилиб куйлаб бериш керак, уялиб, “айтолмаяпман” деган гап бўлиши керак эмас, деб ўйлайман. Сенга навбат берилса, ўзингни кўрсат! Шунда назар ҳам топади, камчилиги ҳам кўринади. Устозларнинг дуосини ҳам олади. Бу ҳам дўстликнинг  бир нишонаси.  Санъаткорларнинг бир-бирига меҳрибонлиги, “сендан олдин мен айтиб олай, сен мендан кейин айтарсан” деганга, агар устоз кўрган бўлса, “майли, биродар, дўстим сиз айтиб ола қолинг, мен сиздан кейин айтарман” дейиш, бир-бирини тушуниш, демакдир. Камчиликни кўпчилик олдида юзга айтмаслик, бир четда алоҳида тушунтириш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳам дўстлик. Бирданига “Дўстман” деган билан, дўст бўлиб қолмайди. Дўстликнинг шундай тарафлари ҳам бор. Дўстликнинг ришталари, сифатлари бор, шуларга эга бўлиб, кейин дўст орттира оласиз.

 

- Фарзандларингиз орасида ҳам, касбингизнинг давомчилари борми?

- 4 ўғил ва 3 қизим бор. Уларнинг ҳаммаси санъатни яхши кўради. Улардан ўғлим Ҳусанжон Раҳимов ўзи Техника университетини тугатган бўлса ҳам, санъатга қизиқиши баланд, қўшиқ куйлаб туради. Кенжа қизимнинг кенжа ўғли 7 ёшли Ҳумоюн ҳам яхши қўшиқ куйлайди. Энди концерт дастуримда, Ҳусанжон ўғлим қатнашади, Ҳумоюннинг эса қатнашишини ҳозирда ўйлаяпман.

 

- Бу янги концерт дастурингизни аввалгиларидан фарқи нимада бўлади, деб ўйлайсиз?

- Албатта, янги қўшиқлар,бундан ташқари, томошабинларнинг қалбидан жой олган қўшиқлар, концертга келганда гувоҳ бўласиз.

Саида Вахобова

kamoliddinraximov_resize.jpg