FATTOHHON.COM

« Все новости

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ 21.03.2018 08:32

 LFAF1628

Азиз ватандошлар!

Жонажон юртимиз – Ўзбекистонимизга яшариш, баҳор ва гўзаллик байрами – Наврўзи олам кириб келмоқда. 

Ана шу қутлуғ айём – Шарқона янги йил билан сиз, муҳтарам отахон ва онахонларни, мунис опа-сингилларимиз, суюкли фарзандларимиз, бутун халқимизни чин юракдан самимий муборакбод этаман.

Қалбларимиз шодлик ва қувончга тўлган мана шу нурли лаҳзаларда барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман.
 
Қадрли дўстлар!

Бугун кўп миллатли халқимиз дала ва қирларда, майдон ва хиёбонларда,  табиат бағрида сайил-томошалар ўтказиб,  Наврўз айёмини кутиб олмоқда.

Етти ёшдан етмиш ёшгача – барча юртдошларимиз катта шоду хуррамлик билан бир-бирини қутлаб, шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда. 

Эл-юртимизнинг табаррук заминимизга, она диёримизга меҳри, ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат фазилатлари янада яққол намоён бўлмоқда.

Шу дилбар фаслда табиатдаги ўзгаришларга уйғун бўлиб, жамиятимиз, ҳаётимиз ҳам ўзгариб, янгиланиб бормоқда.

Янги-янги уй-жойлар, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, замонавий корхоналар, обод қишлоқ ва шаҳарлар юртимиз чиройига чирой қўшмоқда. 

Наврўз фалсафаси, Наврўз  қадриятлари – одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, кексаларга ҳурмат, муҳтож инсонларга эътибор ва ёрдам кўрсатиш, адолат ва халқпарварлик фаолиятимиз мезонига айланмоқда. 

Биз энг аввало оналаримиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз, бутун халқимизни рози қилишни ўз олдимизга эзгу вазифа қилиб қўйганмиз. Ва бу олий мақсадга албатта эришамиз. Шунда  ҳаётимиз янада обод ва фаровон, буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлади. 

Бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқдалар. Барчамиз йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, меҳнатингиздан барака топинг, деб уларни табриклаб, ишларига ривож тилаймиз.

Азиз дўстлар!

Мана, бир неча йилдирки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига мувофиқ Наврўз байрами халқаро миқёсда кенг нишонланмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. Шу боис ҳам, Наврўзи олам мустақиллик йилларида, миллати, тили ва динидан қатъи назар, диёримизда яшаётган барча юртдошларимизнинг  ардоқли ва севимли байрамига айланди.

Бугун чет эл дипломатик корпус вакиллари, хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимиз Наврўз қувончини биз билан бирга баҳам кўрмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, азиз меҳмонларимизга, барча яқин ва узоқ давлатлар халқларига самимий табрикларимизни йўллаб, уларга тинчлик-осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

Қадрли ва муҳтарам юртдошларим!

Мана шу мунаввар лаҳзаларда сиз, азизларга, бутун халқимизга  энг эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман. 

Шарқона янги йилимиз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга бахт ва қувонч олиб келсин!

Барча пок орзу-ниятларимиз амалга ошсин!  

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Prezident.uz дан олинди