FATTOHHON.COM
« Все новостиНаврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Элимизнинг кўп асрлик урф-одатлари, орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича мазмун-моҳият касб этди, мамлакатимизда яшаётган барча миллатлар орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда бу айёмга катта тайёргарлик кўрилди.
Наврўз байрами ҳамма жойда – Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳридаги асосий байрам тадбирлари “Ўзэкспомарказ” боғида бўлиб ўтди.
Унда Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирок этди.
“Ўзэкспомарказ” ҳудуди байрамона безатилган. Меҳмонлар учун айвончалар, санъаткорлар учун саҳналар ташкил этилган.
Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳукумат аъзолари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган ватандошларимиз, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари жам бўлган.
Бу йилги байрам ҳар галгидан бошқача бўлди. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят учун алоҳида жой ажратилди. Унда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос санъати, анъаналари, ҳунармандчилиги, таомлари намойиш этилди.
Фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий ўйинлар, одамларнинг ўйин-кулгулари барчага завқ-шавқ улашди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев одамлар билан кўришиб, суҳбатлашди. Боғ бўйлаб ҳар бир ҳудуднинг бадиий чиқишларини томоша қилди. Барчани Наврўз байрами билан табриклади. Юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилади.
Prezident.uz дан олинди