FATTOHHON.COM

« Все новости

БАДИИЙ КЕНГАШ! ЁШЛАРГА ЕНГИЛ-ЕЛПИ, МАЗМУНАН САЁЗ ҚЎШИҚЛАР КЕРАКМИ? ЁКИ МАСЪУЛИЯТНИ ҲИС ҚИЛАЁТГАНЛАР ҲАҚИДА! 23.03.2018 08:48

photo_4_293

«Ўзбекконцерт» Давлат Муассасаси қошида, қўшиқлар ва уларга суратга олинган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида ҳам, хонандалар томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилиб, тегишли хулосалар берилди.

photo_2_387

Мазкур Бадиий Кенгашнинг фаолияти, унда кўриб чиқилаётган Клиплар ҳақида сайтимизда мунтазам равишда маълумот бериб бормоқдамиз. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

photo_1_383

Навбатдаги йиғилишда ҳам бир неча соат вақт давомида 9 та клип кўриб чиқилди ва тегишли хулосалар берилди. Яна бир нечта клип эса, вақт етмаганлиги туфайли кейинги муҳокамага қолдирилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган клиплар:

1. «Соғиндим» - “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилсўз (Гўзал Жуманиёзова) ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган видеоклип. Клип кадрлардаги диалогларни олиб ташлаш тавсия этилди. Мазкур тавсия амалга оширилгач, рухсат берилди.

2. «Алдаган сен» - “Шуҳрат” медали соҳибаси Шахзода (Зилола Мусаева) ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган видеоклип. “Сезмас эдим керагимни” жумласини тўғрилаш борасида тавсиялар, ҳамда клип кадрларидаги айрим тушунарсиз ҳолатларга ойдинлик киритиш борасида ҳам тавсиялар берилди. Мазкур тавсия амалга оширилгач, рухсат берилди. Хонанданинг ижроси борасида ижобий фикрлар билдирилди.

3. «Бу кўзлар» – Хонанда Зоҳиджон Фозилов ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган клип.  Қўшиқ сўзларини ўзгартириш борасида тавсиялар, шунингдек, клипдаги кадрлардан сеткали жойларини олиб ташлаш тавсия этилди. Мазкур тавсиялар амалга оширилгач, фақат интернет(!) орқали намойишга рухсат берилди.

4. “Фиғонким”- Хонанда Рухшона Маткаримова ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган видеоклип. Клипга Фурқатнинг 160 йиллиги муносабати билан унинг портретини ҳам қўйиш, қўшиқда ижродаги айрим қисмларини қайта ёзиш мақсадга мувофиқ бўлиши айтилиб, зарур тавсиялар берилди.

5. “Хуршид каби” – Хонанда Шахзод Азадов ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Хонанданинг ижроси ҳақида ижобий фикрлар билдирилди. Клипдаги тутунни олиб ташлаш тавсия қилиниб, рухсат берилди.

6. “Ёримдир” – Хонанда Жаҳонгир Асраев ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Қўшиқ мусиқаси туркча оҳангда бўлганлиги учун рад этилди!

7. “Мактуба” – “Манго” гуруҳи ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Қўшиқ сўзлари мантиқан саёз, клип ҳам бачкана, оммавий маданият руҳида бўлганлиги учун рад этилди!

Қўшиқ матни кўп эътирозларга сабаб бўлди! Албатта, бу матнни шеър дейиш ҳам, ноўрин.

«Сен бўлмасанг, билиб қўйгин сендан зўрин топаман

Наҳот менга рад қиласан, Нега ўзинг оласан

Сен бўлмасанг сендан чиройлисин битта топаман

Севгим балки камлик қилди Мен бир оддий боламан

Манга битта қиз керак Манга мос бўлиш керак

Битта мошина керак Уни ўраб олишга

Манга битта қиз керак Сандан зўр бўлиш керак

Нечта мошина керак Уни ўраб олишга

 

Нақарот:

Мактуба Мактуба Мактуба Мактуба

Бойлигингни юзимга солма

Мактуба Мактуба Мактуба Мактуба

Санга ёзган мактубларим йиртиб ташама ма

 

Э гап йўқ қойил Сан ўзингча осмонларда юрасан

Совға берсам писанд қилмай Нечун айтгин куласан

Э мендайини тополмайсан Ўзинг яхши биласан

Ноз қилавер майли жоним Қачон пастга тушасан

Манга битта қиз керак Манга мос бўлиш керак

Битта мошина керак Уни ўраб олишга

Манга битта қиз керак Сандан зўр бўлиш керак

Нечта мошина керак Уни ўраб олишга

 

Юзтадан кўп мактубларим Йиртиб ташладинг Мактуба Мактуба

Севасан мени лек тан олмайсан Мактуба Мактуба»

 

8. “Оҳ, нималар?” – Хонанда Озод Ибрагимов ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Клип тўлиқ тайёр бўлмаганлиги учун тушунарсиз кадрлар тўғрилашга тавсия қилинди.

9. “Остонангда” – Хонанда Жамшид Тўйчиев ижросидаги қўшиқ ва унга суратга олинган клип. Қўшиқ сўзларини ўзгартириш, сўзлар устида ишлаш, клипда матн ва кадрлар бир-бирига мазмунан мос келмаганлиги учун тўғрилаш тавсия қилинди.

Бадиий кенгаш давомида қўшиқлар мусиқасига миллий оҳанглар қўшиш, уларни тинглаганда ўзбек хонандаси куйлаётган қўшиқ мусиқаси эканлиги сезилиб туриши кераклиги, кўп бор таъкидланиб келинмоқда. Аммо, бундан ўз вақтида тўғри хулоса чиқараётганлар ҳам, чиқармаётганлар ҳам бор. Балки, ҳозирги кунда қўшиқларнинг тез оммалашиб, тез ёддан чиқаётганлигининг сабаби ҳам шу бўлса ажаб эмас. Санъатга қараш ҳам ҳар хил, айрим ижодкорлар учун санъат ҳаёт бўлса, айримлар учун афсуски, саноат...

Санъатга енгил қараш, қўшиқ матнини ўзи ёзиб, “ёшларга шундай қўшиқлар ёқади” деган фикрда, ҳаттоки кундалик кунда ёки, кўчадаги оддий гапларни ҳам матн тарзида ёзиб, “куйлаб юбораётган”лар ҳам афсуски учраб турибди. Ҳозирги кунда қўшиқ ёзиш иш бўлмай қолгандек... қайсидир хориж қўшиғининг оҳангига ўхшатиб мусиқа ёзиб, унга енгил гўёки ёдда қоладиган мазмунан саёз сўзни қўйиб, “бу ҳам санъат, шундай қилмасак, ёшлар эшитмайди” деб, айримлар ўйлагандек, айбни ёшларга тўнкаш, аслида баҳона холос. Чунки, бундай мазмунан саёз қўшиқлар, ҳозирги кун ёшларига ҳам керак эмас! Ёшларга ҳам, мазмунли қўшиқлар керак! Бугунги кунда ёшларни ҳам устоз санъаткорларнинг қўшиқларини, ҳамда аввал оммалашган, устоз санъаткорлар ижросидаги қўшиқларнинг янги талқинларини кўпроқ тинглаётганларини кўриб ҳам, буни сезиш мумкин. Қолаверса, қўшиқ учун мусиқа яратиш ҳам, матн ёзиш ҳам, енгил иш эмас! Бунинг учун бастакор ҳам, шоир, аранжеровкачи ҳам ўз устида ишлаши, изланиши керак! Шундагина қўшиқ тингловчилар юрагига етиб борадиган ўлмас асар бўлиши мумкин. Ҳозирги кун ижодкорлари эса, айнан шу нарсани ёддан чиқариб қўяётгандек... Яхши қўшиқ учун ана шу тўртлик: шоир, бастакор, аранжеровкачи ва хонанда ҳамкорлиги сув ва ҳаводек зарур. Дейлик, алгебрадан бирор тенгламани ечаётганда хато қилсангиз, жавоби ноаниқ бўлади. Ёки жарроҳлик амалиёти ўтказаётганда шифокорлар гуруҳи томонидан битта хатога йўл қўйилса, натижа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай экан, нима учун бутун бир халққа етказиладиган қўшиқ яратилаётганда, бу жараёнга юзаки қараш керак?

photo_2_386

Бадиий кенгаш аъзолари ҳозирда ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, ҳеч қандай таниш-билишчилик ёки бошқа ҳолатларга йўл қўймаган ҳолда, қўшиқ ва клипларнинг камчиликларини очиқ-ойдин айтиб, тегишли тавсияларни бермоқдалар. Аммо, бу муаммо, фақат уларники, ёки хонандаларники эмас. Бу бугунги кун санъати муаммоси бўлганлиги учун ҳам, бунга ҳамма бирдек эътибор қаратиши зарур.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова