FATTOHHON.COM
« Все новостиБаъзи инсонлар қисқа умр кўрсалар ҳам ўз ҳаёти давоми ўзларидан яхши ном қолдириб, кўпларнинг қалбида қолишга улгурадилар. Бугунги “Хотира” саҳифаси қаҳрамони Радиус 21 тахаллуси остида ижод қилган хонанда Шаҳзод Ғуломов ҳам ана шундай инсонлардан эди. Афсуски, бешавқат ўлим бу ижодкорни ҳаётдан эрта олиб кетди... Унинг орзулари кўп эди... Афсуски, бир неча кун ўтиб унинг чақалоқ ўғли Бексултон ҳам ҳаётда кўз юмди...
Шаҳзод Ғуломов 1981 йил 10 октябрда таваллуд топган.
2010 йил 12 сентябрда автоҳалокатда вафот этган.
Тўлқин Ғуломов (отаси): - Ўғлим Шаҳзод ўзи ёшлигида ҳам жуда ҳаракатчан бўлган эди. Чақалоқлигида 10 ойлигидан юриб кетган. 12-13 ёшларидан расм чизарди, жуда ҳам чиройли чизарди. Рассомчиликка ҳам кучли қобилияти бор эди. Ҳам чап, ҳам ўнг қўлда расм чизарди. 15 ёшидан бошлаб, ўзи гитара олиб, рэп йўналиши бўйича қўшиқлар айта бошлади. Ўзи шеър ёзиб, ўзи куй чалиб, қўшиқ яратиб, ўзи куйларди. 13 ёшларидан “телевиденияда ишлайман” деган фикри бор эди. Телевизор кўриб ўтирганимизда доим, “дада, ая мен мана шу телевизорда чиқадиган диктор бўламан, телевиденияда ишлайман” дерди. 17 ёшида мактабни битиргач, ўзи телевиденияга бориб, ишга жойлашди. У вақтларда ТТВ телеканали бўларди, ўша ерда “ТТВ+юлдузлар” деган кўрсатувга муаллифи ва бошловчи бўлган. “Топ 10 таликда эстрада юлдузлари кетма-кетлиги”ни ТТВ га биринчи бўлиб, Шаҳзоджон олиб чиққанди. 2000 йиллардан, кўрсатувини “Радиус 21” деб номлади. Бу номни ўзи ўйлаб топган, мен сўраганимда, “21 аср бўсағасидамиз, 21 асрга қадам қўйдик. 21 асрда Ўзбекистонда рэп йўналишини бошланиши” деб жавоб берганди. Кейин ўзи қўшиқ айта бошлагач, ўзига Радиус 21, деб тахаллус қўйганди. 2000 йил тугаб 2001 йил бошланганида, 21 аср бошланган вақти, аср бошида у ҳам қўшиқ айтишни бошлаганди. Биринчи хит бўлган қўшиғи “Қора бумер” қўшиғи эди. Ундан сўнг, “Тунги капалак” қўшиғи менга маъқул бўлганди. Мендан асосан, шеърлар ёзаётган вақтда маслаҳатлар сўрарди. У рус мактабида ўқиган, шунинг учун шеър ёзаётганда мендан кўпинча, баъзи сўзларнинг маъносини сўрарди. Лекин, ижодининг бошида, рэп йўналиши бизга бутунлай бир бегона нарса бўлганлиги учун, рэп қўшиқларини куйлаганида, бироз маъқул бўлмаган. “Қўйсанг-чи, бошқа бирор йўналишни олгин” десам, “йўқ, дада, нима учун ўзбек санъатида рэп йўналиши бўлмаслиги керак? Мен шундай бир рэп айтаман, юлдуз бўламан” деганди. Шунда мен ҳам, унинг шаштини кўриб, “бўпти, майли ҳаракатингни қил” дегандим. Лекин, шундай бўла олишига ишонмаганман. “Нотаниш” деган фильм суратга олинганда, режиссёр қўнғироқ қилиб, Шаҳзод шеърни ўзи ёзиб, ўзи куйлай олгани учун ҳам, бир кунда шу фильмга 2 та саундтрек шеърини ёзиб, тайёрлаб беришни сўраганди. Ўшанда, 2 та қўшиқни бир кечада ёзганди! Кечаси билан ухламай ёзиб, эрталабдан мени уйғотиб, “дада эшитиб кўринг” деганди. Бир кечанинг ўзида иккита қўшиқ шеърини ёза олганди, шундай бир қобилияти бор эди. Менга жуда ҳам ёққан шеърларидан биттаси “Жийда гуллаганда” эди. Уни куйлаш учун “Божалар” гуруҳига берган эди. У Жаҳонгир Позилжонов билан дўст эди. Ўғлим тарихга жуда ҳам қизиқарди. Мен билан тарих, археология тўғрисида гаплашишни, суҳбатлашишни ёқтирарди. Ўтган жаҳон адиблари, Пушкин, Достоевский, Шекспирнинг ҳамма асарларини ўқиб чиққанди. Бир сафар сентябрь ойидан то янги йилга қадар, ҳеч қаёққа чиқмай китоб ўқиганди. Тарих, Ўзбекистон тарихи, археология, адабиётга жуда қизиқарди, кўп ўқирди ва шу мавзуларда мен билан суҳбатлашишни жуда ёқтирарди. Жуда ҳам хушчақчақ эди, ҳеч қачон хафа юрмасди. Агар мени кайфиятим бўлмаса, бошқалар бунга эътибор қилмасалар ҳам, Шаҳзод буни дарров сезарди. Ёнимга келиб, “дада, қўйинг, сиқилманг, шунга ҳам хафа бўласизми?” деб, мени қучоқлаб, ҳазил билан дарров кайфиятимни кўтарарди. Ниҳоятда самимий ва хушчақчақ эди. Бир характери бор эди. Уруш-жанжални ёқтирмас эди. Уруш-жанжал бўлган жойдан секин нари кетарди. Ҳазил-мутойибалари жуда кўп эди. Қаттиқ ҳазиллар ҳам қиларди. Кимдир ҳазили учун урушса, у инсон билан уришиб ҳам ўтирмасди. Уни жаҳли чиққанини ҳеч кўрган эмасман. Жуда ҳам ўткир сўзли эди. Дўстлари, Санжар, Самандар, Беҳзод кўпинча унинг ҳазилларини эслатишади. Ўзимни ҳам кўплари ёдимда қолган.
Беҳзод Ғуломов (укаси): - Ҳозирда акамнинг ижодларини мен давом эттирмоқдаман. Секин-аста ижод қиляпман. Негаки, акам ўз мавқеларига эга бўлганлар, шунинг учун ҳам, бу номга муносиб бўлиш, уялтириб қўймаслик учун бироз муддат тайёргарлик кўрдим. “Пул жарақ” ва “Қалбинг” қўшиқларига клип суратга оляпмиз. “Қалбинг” қўшиғи, бу Шаҳзод акам билан дуэтимиз эди! У қўшиқни Шаҳзод акам охиригача етказиб улгурмаган эдилар... Шаҳзод акам охирига етказа олмаган барча қўшиқларини, альбомларини охирига етказиб, чиқаришга ҳаракат қиляпман. “Қалбинг” қўшиғини бир куплетини Шаҳзод акам ижро қилганлар ва қолганига улгурмаганлар, унинг давомини куйладим. Янги аранжеровка билан қайта тайёрладик. Клипини суратга олиб бўлгач, 2 ҳафталарда ойнаи жаҳон юзини кўради. Бирга суратга тушган клипимиз ҳам бор, “Хўп-хўп де, майли” деб номланади. Уни ҳали ҳеч қаерга чиқармаганмиз! Эндиликда у ҳам ойнаи жаҳон юзини кўради. 2013 йилнинг бошида 3 та мусиқий альбомларини чиқардик. “Хотира” альбоми энг зўр хит қўшиқлари билан, “Дуэт” альбоми ҳамма дуэт қўшиқлари билан, “Мағрур” рок услубидаги қўшиқлари билан “Вибек” гуруҳи билан бирга куйланган қўшиқлар 21 та клип жамланмаси. У ерда ҳали ойнаи жаҳонга чиқмаган клиплари ҳам бор. Акам билан боғлиқ кўплаб боғлиқ хотиралар ёдимда, жуда ҳам хушчақчақ инсон эдилар. Хурсандчилик билан ҳаёт кечирардилар, улар билан умуман, зерикмасдик. Ҳар бир сўзга қофиялар келтириб, анекдотлар айтардилар. Биринчи ижодларини ТТВ телеканалидан бошлаганлар (аввалги “Тошкент” телеканали), “ТТВ+юлдузлар” кўрсатувини бошловчи ва режиссёри эдилар. Кейин уни “Радиус 21” деб номини ўзгартирганлар. Хонандалик фаолиятларини эса, 2000 йилдан бошлаганлар. Ўзлари шеър ёзардилар. Менда ҳам акам туфайли ижодга ҳавас, қизиқиш пайдо бўлган. Ўзим Тўқимачилик ва енгил саноат институтини тугатганман. Лекин, 2005 йилдан мен ҳам санъат соҳасига кириб, режиссёр Ёдгор Носировга шогирд тушганман, кейинчалик ўзим ҳам клип суратга олишни бошладим. Акам Ёдгор Носиров билан яқин дўст эдилар. Акам телеведенияда ишлаб юрганларида, мен ҳам акамнинг ёнига бориб, уларнинг ишларига ва ижодга ҳавас уйғонганди. Оилада 2 ўғил бир қиз эдик. Оиламиз шифокорлар оиласи, акам ва мен ижод соҳасидан кетган бўлсак, фақат синглимиз Дилфузахонгина шифокорликни танлаган, ҳозирда олийгоҳни тугатиш арафасида. Ота-онамиз, акам иккимизни ҳам шифокор бўлишимизни исташганди, аслида. Лекин, санъатга бўлган қизиқиш устунлик қилди. Бирга ижод қилишни 2009 йилда бошладик, 2010 йилда мусиқий альбом ёзишни бошлагандилар, улгура олмадилар. Бирга 2-3 дуэт қилгандик, лекин охиригача улгурилмади. Ўша боя юқорида айтган клипимизни суратга олгандик. Ҳамма ижод намуналаримизни тўплаб, биттада чиқармоқчи эдик. Афсус, уларга насиб қилмади, улгура олмадилар...
Ўтган йили афсуски, акам Шаҳзод Ғуломовнинг администратори Умиджон Рихсиев ҳам вафот этди. Умиджон менинг шогирдим, кейинчалик Шаҳзод акамга администратор бўлган эди. Ўтган йили у рак касалидан вафот этди.
Сайёра Ғуломова (рафиқаси): - Шаҳзод ака билан радиога қўнғироқ қилганимда танишганмиз. Ўшада радиода (қайси радио экани ёдимда йўқ) Шаҳзод акам ва хонанда Жўрабек билан суҳбат бўлганди. Мен Шаҳзод акамни мухлисаси эдим ва ижодига бефарқ эмасдим, яхши кўрардим. Ўшанда қўнғироқ қилиб тушганман ва савол-жавоб бўлган. Энди, у ерда телефон рақамим чиқади-ку, барибир. Улар мени рақамимга қайта қўнғироқ қилганлар. Овозимни ёқтириб қолган эканлар. Шу билан гаплашиб кетганмиз. Мен, менга Шаҳзод ака телефон қилаётганларига ишонмаганман! 2004 йилнинг охири эди. 4 ярим, 5 йилгача севишганмиз. Гаплашиб, учрашиб, бир-биримизни ёқтириб қолгандик. Биринчи марта метрода учрашганмиз. Телефонда гаплаша бошлаганимиздан бир-икки ҳафта ўтиб, учрашувга таклиф қилганлар ва бу 14 санада, ноябрдан олдинги ой эди. Мен у пайтда Алоқа коллежида ўқирдим. Ўқиш туфайли, биринчи учрашувга 2 соат кечикиб келганман, соат 12 га белгиланган бўлса, мен соат 14.00 га борганман. Улар кетмай, мени кутиб турган эканлар. “Мустақиллик” метросининг ичида учрашганмиз!
Турмушга чиқишни туғилган кунимда, (2008 йил) таклиф қилганлар. Туғилган кунимда, совғалар билан бирга узук совға қилганлар. Кейин мен ҳам рози бўлганман. 2009 йилда уларга турмушга чиққанман.
Менга уларнинг ҳамма қўшиқлари ёқар эди. Лекин, энг маъқул бўлгани “Шекспир” монологи эди. Шунингдек, “Она” қўшиғи ҳам маъқул бўлганди.
Касбларини бошида бироз тушунмас эдим, барибир хонанда, санъат соҳасидагиларнинг ҳаёти қийин бўлади. Уларни ҳамма мухлисаларидан қизғонганман, рашк қилганман. Ахир хонанда бўлганлар-ку. Улар ҳам рашк қилардилар, лекин мен кўпроқ рашк қилардим. Аммо, тўғриси, урушиб, аразлашлар жуда ҳам кам бўлган. Чунки, барибир бир-биримизни тушунардик. Улар жуда ҳам меҳрибон ва яхши инсон эдилар. Ҳамма нарсада ёрдам берар эдилар. Ажойиб инсон эдилар, доим ҳаммани кўнглини кўтарардилар. Жуда ҳам самимий ва оқкўнгил эдилар. Улар менга вафодорлигим учун ёқтириб қолганларини айтардилар. Мен уларни тушунардим. Улар доим “мени тушунасан, яхши қизсан, яхши қизни учратиш қийин” дердилар. Ёшимизда 2 йил фарқ бор эди, мен улардан 2 ёш кичик эдим. Улар зиёли оиладан ва ўзлари ҳам билимли, зиёли инсон эдилар. Мен ҳам Алоқа коллежини тугатганимдан сўнг, институтда ҳам ўқишимни, олий маълумот олишимни ҳоҳлаганлар. 2009 йилда ўзлари Алоқа институтга киришимга ҳам ёрдам берганлар, қўллаб-қувватлаганлар. Улар рафиқам ўқиган бўлиши керак, ўзим ёрдам бераман, ишлайсан, уйда ўтирмаган яхши, дердилар...
Ҳозирги кунда ўқишимни давом эттиряпман. Қайнона – қайнотамлар билан бир оила бўлиб яшаяпмиз. Оиламиздагилар мени ўз қизларидек кўришади. Шаҳзод акамларни тез-тез хотирлаб турамиз. Энг бахтли кунларимиз ҳам, тўйимиз бўлган ва фарзандимиз дунёга келган кун бўлган. Энг бахтли кунларим шу инсон билан ўтган, қисқа бўлдию, лекин жуда ҳам бахтли яшадик. Аҳил–иноқ бўлиб яшадик. Бир–биримизни севиб, ҳурмат қилиб, турмуш кечирдик. Афсуски, турмушимиз қисқа бўлди.
Ёдгор Носиров (режиссёр, клипмейкер, дўсти): - Шаҳзод билан у ТТВ да кўрсатув олиб бораётган вақтида танишганмиз. Дўст бўлиб кетдик. Жуда ҳам талабчан инсон эди ва доим янгиликлар қидирар, изланишда эди. Жуда ҳам қўли очиқ, самимий, хушчақчақ феълли эди. Ижод тарафлама, жуда ҳам қобилиятли, доим қўшиқларининг шеърларини ўзи ёзарди. Ёзган қўшиқларининг ҳаммаси хитга айланарди. Туркияга борган вақтимиз, Туркиядан қайтиб учиб кетаётганимизда, “Дубай, Дубай” қўшиғини самолётнинг ўзида ёзган эди. Туркиянинг ўрнига Дубай деб ёзганди. Уни биринчи “Қора бумер” қўшиғига клип суратга олганмиз, кейин Туркияда Нигора билан куйлаган “Шекспир” қўшиғига клип суратга олдик. Сўнг, “Тунги капалак”ка клип суратга олдик. 70-80 фоиз клипларини суратга олганман. Ижод борасида, кўп баҳслашиб уришардик. Яъни, масалан, мен бирор клипга ғоя қилсам, у ҳам ўз ғояларини берарди. Мен, “аралашмагин” десам, “мана шундай қилсанг, яхши чиқади” дерди. Чиндан ҳам, у айтган нарсани қилсам, ўша клип яхши чиқарди. Ҳар доим шундай бўларди. Бу нарсага амин бўлганман. Биз жуда жиддий уришмасдик ҳам. Энг максимум уришганимиз, 2 кунгина бўлган, 2 кунгина гаплашмаганмиз, кейин эса, бир жойда кўришиб қолганмиз ва у менга “аразчи, ҳали аразлаб юрибсанми, гапирмай” деб гапириб кетганди! Жуда ҳам самимий инсон эди! Муҳими, ёлғончи эмасди! Кек сақламасди! Ҳамма билан яхши муносабатда эди. Кайфиятсиз юрмасди, ўзи ҳам ҳаммага яхши кайфият улашарди. Кўпинча, “менга қара, менга қара” деган сўзларни кўп ишлатарди. Кўп янги ғоялар қиларди, лекин бизга билдирмасди. Бошқа хонандалар айтгандан кейин, “мана шу қўшиқни тайёрлагандим, эшитиб кўр” деб қўйиб берарди. Ўз ишини овоза қилмай, сир сақлаган ҳолда мукаммал тайёрлаб, кейин тақдим қилишни яхши кўрарди.
Ўша фалокат содир бўлган куни, менга “шундай бўлибди” деб хабар қилишганди. Шунда кўплардан “шундай бўлдими, эшитдингларми” деб сўраганман, ҳеч ким билолмаган, “йўқ, йўқ, эшитмадим” дейишганидан сўнг, ўзим фалокат содир бўлган жойга борганман. (хўрсиниб) Афсуски, ҳақиқатда шундай бўлган экан! Унинг яқинларига сабр-тоқат тилайман! Укаси Беҳзод ижодини давом эттираётган экан, унга омад ёр бўлишини тилайман! Умрлари узоқ бўлсин!
Ойбек (хонанда): - 2005 йилда “Акфа медиа”даги кастингда танишганмиз. Лекин, ундан олдин ҳам уларнинг ижодларини ҳурмат қилар эдик. Уларнинг шеър ёзишларига қойил қолардим. Улар мен учун қайсидир маънода устоз деса ҳам бўлади. Улардан кўп нарса ўрганганман. Биринчи, бир ўзим куйлаган “Юрагимда” қўшиғимни ҳам Шаҳзод акам ёзиб бергандилар. Бир-биримизга ака-укадек муносабатда эдик. Улар ўзига хос бир йўналишда шеър ёзардилар. Ёшларбоп, замонавий, лекин сўзлари жуда ҳам маъноли бўларди. Ўша автоҳалокат содир бўлишидан бир-икки кун олдин, суратга олиш жараёнларида бирга эдик. Бирга қўшиқ куйлаганмиз, клип суратга олиш ишлари бўлган. Ўшанда дилдан суҳбатлашгандик. Ўша охирги марта кўришимиз бўлган экан. Доим яхши кайфиятда бўлар эдилар ва атрофидаги инсонларнинг ҳам яхши кайфиятда бўлишларига катта аҳамият берардилар. Менга ҳам кўп маслаҳатлар берардилар. Гастролларга кўп борардик, укаларидек муносабатда эдилар. Тўғри маслаҳатлар берардилар. Ҳозирги кўпгина хонандаларни юлдузлик даражасига эришишига уларнинг ҳам анча-мунча ҳиссалари қўшилган, деб ўйлайман. Чунки, уларга қўшиқ шеърлари ёзиб, куйларини басталаб берганлар. Масалан, “Божалар”дан олсак, “Бойвачча”, “Жийда гуллаганда”, Шохруххондан “Фотима Зуҳра”, “Автобус бекатда” ва шу каби жуда кўплаб хонандаларга қўшиқлар ёзиб берганлар.
Нигора (хонанда): - Кечагина шу инсонни эслагандик. Биринчи марта Шаҳзод акани 2005 йилда “Акфа медиа” да кастинг бўлганида, кўрганмиз. Ўзларининг ижодлари билан атрофдаги ҳаммани ҳайрон қолдиргандилар. Битта гитаранинг ўзини чалиб, қўшиқларни шундай бир маромига етказиб куйлаганлар-ки, шундай зўр қўшиқ куйлаган инсонни биринчи кўришим эди. Қўшиқда биринчи навбатда сўзга катта аҳамият берардилар. Ўзилари шеър ёзганликлари учунми, сўзга катта эътибор қаратардилар. Қўшиқларининг ҳар бир сўзида кўнгилга етиб борадиган маъно, мазмун бўларди. Энг ёқтирган тарафларим ҳам шу эди. Маъно, мазмун тарафлама шеърларни зўр ёзардилар. Шу жиҳатларини жуда ҳам ҳурмат қилардим. У киши билан 2 та дуэт куйлаганмиз. Биринчиси “Шекспир” эди, иккинчиси эса бир фильмга саундтрек бўлган “Учрашамиз” дуэти. Айни ўша иккинчи дуэтга клип суратга олганмиз ва эртаси куни ҳайит эди. Ўша куни кечгача суратга олганмиз. Шундан адашмасам бир кун ёки икки кун кейин вафот этганлар. Охирги уларни кўрган кунимиз, ўша суратга олиш жараёнлари куни бўлганди! Мен ўзим эшитганимда, ишонмаганман! Раҳматли Мўмин ака Ориповдан кейин, яна бир дўстимиз, шундай автоҳалокат туфайли вафот этиши, оғир бўлган. Айнан ўша куни туғилган куним эди! Ҳамма мени табриклаб телефон қилишган ва табрикдан сўнг, шу нарсани, Шаҳзод акани вафот этганини айтишган! (овози титраб самимий) Туғилган куним ҳам ўзимга татимаган! Сабаби, яқин бўлган, жуда ҳам яхши бир инсон оламдан кўз юмган! Туғилган куним ҳам туғилган кундек ўтмаган! Жуда ҳам ғалати бўлган. Ўша иккинчи дуэтимизни шеърини ҳам шундай ёзган эдиларки, худди кетишларини билгандек эдилар. Вафотларидан сўнг, эслаганимизда, ўша қўшиқ сўзларига аҳамият бериб, ҳайрон қолганмиз, “худди кетишларини билгандек ёзган эканлар” дегандик.
Саида Вахобова