FATTOHHON.COM

« Все новости

ЯНА ИМКОНИЯТ! ИЖОДКОР ВА ЁШ ИҚТИДОР ЭГАЛАРИ УЧУН “ЗУВОЛА” ТАНЛОВИНИНГ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ! 04.04.2018 00:27

 photo (6)

3 апрель  куни “Туркистон” саройининг “Аквариум” залида “Зувола” Асил қўшиқлар миллий танловининг навбатдаги Матбуот анжумани бўлиб ўтди!

2017 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев ҳузурида Маданият вазирлиги ва Бадиий академия раҳбарларининг ҳисоботларини муҳокама қилиш якунлари бўйича имзоланган 19580-сон баёнининг 24-бандига оид вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, шоир, бастакор ҳамда, хонандаларнинг ижодий ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали яратилган янги ва энг яхши асарлар муаллифларини моддий рағбатлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ҳамда “Ўзбекконцерт” ДМ томонидан жорий йилнинг 25 январь куни “Зувола” асил қўшиқлар миллий танлови эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, “Зувола” асил қўшиқлар миллий танловининг илк йиғилиши 26 январь куни “Туркистон” саройининг “Аквариум” залида бўлиб ўтди. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

Илк йиғилишдаёқ Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков томонидан “Зувола” Асил қўшиқлар миллий танловининг асл мақсади ва шартлари баён қилиниб, (МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!) қўшиқларнинг қабул қилиниш муддати жорий йилнинг 15 февралигача этиб белгиланди. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

Танлов белгилангач, унга телеграм орқали келган қўшиқлар Ҳакамлар Ҳайъати томонидан сараланиб, қайси жиҳатларига аҳамият берилаётганлиги маълум қилинди. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

Шундан сўнг, ўтган вақт ичида Республикамизнинг барча ҳудудларидан, мазкур Танловга жами 2500 га яқин қўшиқлар юборилди. Юборилган қўшиқлар ўз ишининг профессионали бўлган шоирлар, бастакорлар, ҳамда хонандалар томонидан матни, мусиқаси ва хонандаларнинг ижро маҳоратига этибор қаратилган ҳолда саралаб олинди!

Танлов Низомига кўра, энг кучли 20 та энг яхши қўшиқ номинациясига фақат 4 тагина кўшиқ, нисбатан яхшироқ деб, рағбатлантирувчи мукофотга муносиб кўрилувчи 30 та яхши қўшиқ номинациясига эса, фақатгина 15 та қўшиқ  сараланиб олинди холос.

photo (3)

Шунинг учун ҳам, ижодкор ва ёш иқтидор эгалари учун яна бир имконият сифатида, “Зувола” асил қўшиқлар миллий танловининг муддати 20 май 20:20 га қадар узайтирилди!

photo (5)

3 апрель куни бўлиб ўтган Матбуот анжуманида мазкур танловнинг нафақат профессионал ижодкорлар, балки айниқса, ёш иқтидорлар ижодида муҳим ўрин тутиши ҳақида алоҳида айтиб ўтилди.

Матбуот анжумани аввалида Маданият вазирлиги матбуот котиби М. Асқархўжаева “Зувола” асил қўшиқлар миллий танлови ҳақида умумий маълумотлар билан таништириб ўтди.

photo (4)

 

Матбуот анжуманига йиғилганлардан “Ўзбекконцерт” ДМ Концерт-тамоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Музаффар Сайфуллаев “Зувола”нинг мақсади асосан ёшларга қаратилганлиги, Муҳтарам Президентимизнинг талабларидан бири, бу ёшларни юзага чиқариш эканлиги, мазкур Танловда ғолиб бўлган ёшлар байрам тадбирларида иштирок этишлари ва ёшларда “Президент олдига чиқиб қўшиқ айтаман” деган стимул бўлиши ҳақида айтиб ўтди. “Зувола” бу тўхтаб қоладиган танлов эмас, деб ўйлайман.-деди Музаффар Сайфуллаев. “Наврўз” байрамигача улгура олмадик” деган ёш иқтидорлар кўп бўлганлигини ҳам таъкидлаб, уларга яна бир имконият бериш учун ҳам, танлов муддати узайтирилганлигини, 2 ой муддат ичида халққа манзур бўладиган яна кўплаб янги қўшиқлар бўлишини, уларни халққа етказилишини айтиб ўтди.

photo (8)

Шоир Ботир Эргашев “Зувола” танловида жуда яхши асар бўлса ҳам, якунига етмаган асарлар борлиги, яъни, масалан, матни яхши, аммо мусиқаси йўқ, ёки мусиқаси яхши бўлса ҳам, аранжеровкаси якунламаган қўшиқлар ҳам бўлганлигини, узайтирилган муддатда эса, қўшиқ эгалари, мазкур жиҳатларни бемалол тўлдира олишлари мумкинлигини билдирди. “Асл қўшиқ талабга жавоб бериши керак!” деди Ботир Эргашев. Шунингдек, ғолиблар, ОАВ вакиллари гувоҳлигидаги Тақдирлаш маросимида муносиб тақдирланишларини ҳам маълум қилди.

photo (9)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев эса, “Зувола” номи билан кўрсатув ташкил қилиб, унда мазкур Танловда иштирок этаётган ва ғолиб бўлаётган, “ўғирланмаган” чин маънодаги қўшиқларни Телеэкран орқали халққа етказиш таклифини билдирди. Кўрсатув бўлса, халқ ҳам унга баҳо беришини, қолаверса, кўрсатув бўлса, интернет орқали ҳам кетишини, имкони бўлса бу танлов ҳам, ўша кўрсатув ҳам йил давомида бўлишини, бу эса, ёшларга ижодда йўл берилиши ва катта имконият эканлигини айтиб ўтди. Агар маромига етмаган қўшиқлар бўлса, улар қайта ишлашга тавсия қилиниши ва кўрсатувда чиқиш учун ҳам, ёшлар ижод қилишга интилиши, натижада ҳақиқий асл қўшиқлар яралиши мумкинлиги ҳақида фикрларини баён этди. Профессионаллар ҳам бу ерда ўз баҳосини беради, қолаверса, қанчадан қанча ёш иқтидорли, кучли овозга эга йигитлар бор, улар ҳам янада яхши ижод қилиб, яхши хонандалар сони кўпаяди, деди Тоир Қўзиев.

photo (2)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов Танловга келаётган қўшиқларни саралаган ҳолда, чиндан ҳам, Телевидениеда кўрсатув орқали намойиш қилинса, яхши натижа беришини, қолаверса, қўшиқлар ичидан энг яхшиларини балки бошқа Телеканаллар орқали ҳам бериб борилиши мумкинлигини айтиб ўтди. Қўшиқни ўзбек хонандаси куйлаётгани билиниб туриши кераклигини, қўшиқларда ўзбекона миллий оҳанг, нолалар бўлиши зарурлигини аввалги Бадиий Кенгашларда ҳам Азим Муллахонов кўп бор таъкидлаб ўтган. Чиндан ҳам, қўшиқ минг замонавий бўлса ҳам, унда ўзбеконалик сезилиб туриши керак. Қолаверса, Азим Муллахонов ёшлар телеэфирда ҳам жонли ижрода куйлашса мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб ўтди. “Зувола” бу авваламбор қўшиқлар танлови, қолаверса, мана шу яхши қўшиқлар орқали ёш ижрочиларни кашф қилишдир. Ёшларимизни бу танловга қизиқиши, санъатга бўлган қизиқиши, албатта ҳар бир инсонни хурсанд қилади. Танлов муддатининг узайтирилганлиги айни муддао, чунки шу муддат ичида яна кўпгина яхши қўшиқлар сараланади ва ёш ижодкорлар кашф этилади. Ёшлар бу танловда иштирок этиш учун, Танлов номидан ҳам келиб чиқиб, “Зувола”си пишиқ қўшиқлар яратишлари керак!–деди санъаткор.  

photo (3)

Қолаверса, Матбуот Анжуманига йиғилганлар Танловда иштирок этган ёшларни ғолиб бўлганларининг келгуси фаолиятида ҳам қўллаб-қувватлаш кераклигини, бунинг учун уларни Продюсерлик Марказларига бириктириш зарурлигини айтиб ўтишди.

Якуний хулоса қилиб айтганда, “Зувола” асил қўшиқлар миллий танлови ҳақиқий асл санъат асарлари яратилишига хизмат қилибгина қолмай, балки кўплаб ёш хонандаларнинг ҳам кашф этилишига ва уларнинг ижоди келгусида давом этишига ҳам сабаб бўлиши кутилмоқда!

Шундай экан, ижодкорлар, ёш хонандалар, бундай имкониятни қўлдан бой берманг! “Зувола” асил қўшиқлар миллий танловида иштирок этинг!

Аммо, таъкидлаб ўтамиз, Танлов шартларига албатта риоя қилиш сўралади. Танловга юборилаётган қўшиқлар фақатгина миллий йўналишда эмас, исталган йўналишда бўлиши, аммо фақат оригинал қўшиқ (яъни, мусиқаси хорижий қўшиқлардан ўғирланмаган!) бўлиши ҳамда қўшиқ сўзлари ҳам мазмунга эга бўлиши, яъни сифат ва савия талаб этилади!

Танловда иштирок этиш учун телеграм каналидаги

+99899 823-20-20 рақамига қўшиқларингизни, юқорида айтилганидек, жорий йилнинг 20 май санаси соат 20:20 гача юборишингиз мумкин!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

photo (7)

photo (1)