FATTOHHON.COM
« Все новости6 апрель куни «Ўзбекистон Халқ артистлари клуби»нинг апрель ойи режалари бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Клуб раиси Озодбек Назарбеков очиб берди ва Клубнинг шу кунлардаги фаолияти ҳақида қисқача сарҳисоб қилингач, Клубнинг аввалги йиғилишида тилга олинган ташкилий масала (МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!) кўриб чиқилиб, “Ўзбекистон Халқ артистлари Клуби” қошида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар гуруҳи” ташкил қилинди.
Клуб Раҳбари Озодбек Назарбеков таклифига кўра, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар гуруҳи”га Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов Раҳбар этиб сайланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармонига мувофиқ “Обод қишлоқ” дастури бўйича маданий тадбирлар ташкил қилиниши борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Клуб Раҳбари Озодбек Назарбеков қишлоқ аҳолисини маънавий ва маданий томонлама қўллаб-қувватлаш борасида таклифларини билдирган ҳолда, Клуб аъзоларини ҳам бу борада фаолликка чорлади. Бу қишлоқ аҳлига руҳий ва маънавий мадад бўлишини айтиб ўтди.
Шунингдек, Клуб Раҳбари Озодбек Назарбеков томонидан мазкур қишлоқлардаги иқтидорли, истеъдодли болаларни излаб топиб, уларни мусиқа мактаблари ва ўқув юртларига тавсия қилиш масаласи, ҳамда вилоятлардаги мусиқа мактабларини ўрганиб чиқиш масаласи ҳам, кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида 30 апрель куни “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтиши кутилаётган Ўзбекистон Халқ артистлари Клубининг илк концерт дастури борасидаги таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Клубда ёш хонандалар, шоир ва бастакорлар билан учрашувлар ташкил қилиш режалаштирилди.
Шунингдек, Клубда Халқ артистлари иштирокида Баҳорий Сумалак сайли ўтказиш фикри, барча иштирокчилар томонидан маъқулланди.
“Тўй-ҳашамлар бўйича” тайёрланаётган Қарор борасида мулоҳазали фикрлар билдирилди.
6 Давлат Халқ артисти Фаррух Зокиров томонидан тўйларнинг маънавий тарафларига эътибор қаратиш ҳақида муҳим фикрлар айтилди. Устоз ўзбек тўйининг тарихи, маънавияти ҳақида тарихчилар билан маслаҳатлашиш ҳақида таклиф берди. Устоз созанда Абдуҳошим Исмоилов миллий бош кийимидаги оддий дўппида ҳам ўзига хос маъно борлигини, ёшларга миллий либосларимизнинг маъноси ва афзалликларини тушунтиришимиз зарурлигини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ артисти устоз санъаткор Шерали Жўраев ҳам, юртимизнинг ҳар бир вилоятини миллий тўй либосларининг ўзига хослиги, улар ҳозирдаги тўйларда урф бўлган либослардан афзаллигини айтиб, тўйларда мазкур либослардан фойдаланиш таклифини билдирди.
Шунингдек, ўйлаб топилган ҳар хил менталитетимизга хос бўлмаган ортиқча урф-одатлардан воз кечиш борасида ўринли таклифлар берилди. Клуб Раҳбари Озодбек Назарбеков томонидан бу ўринли таклифларни авваламбор, “ўзимиздан бошлайлик, ўз фарзандларимизнинг тўйларида қўллайлик” деган фикр, Клуб аъзолари томонидан маъқулланди.
Шунингдек, тўй ташкилотчилари мавзусига ҳам алоҳида тўхталиниб, ҳозирда тўйларнинг ўтиши, тўй ташкилотчиларининг савиясига боғлиқ бўлаётганлиги айтиб ўтилди. Айрим ташкилотчилар (баъзида қонуний равишдаги ташкилотчи ҳам эмас, тўй эгасининг таниши) қайсидир санъаткорнинг ўрнига тўй эгасига “у санъаткорнинг вақти йўқ экан” деб ёлғон гапириб, ўрнига бошқа (айрим ҳолларда ҳақиқий хонанда ҳам эмас) хонандани киргазиб юбориш ҳолатлари, “вақти йўқ” дейилган санъаткорни эса, ўша тўйдан ҳаттоки хабари ҳам йўқлиги, баъзида эса бир санъаткорни “яқин қариндошим, ёки савоб учун, қийналган оила” деб, тўйга киргазиб, тўй эгасига “мана бунчага кўндириб зўрға олиб келдим” деб ёлғон гапириб, катта маблағ ишлаб олаётганлар ҳам кўпайиб кетаётганлиги айтиб ўтилди. Шунинг учун ҳам, санъаткорни тўйга айтмоқчи бўлган одам, ҳар кимнинг гапига ишонмай, фақатгина унинг администраторига мурожаат қилиши керак, деган таклифлар бўлди. Бундан ташқари, тўйларда айрим хонанда бўлмаганлар томонидан таниқли хонандаларнинг фонограммасини қўйиб, ўрнига оғиз қимирлатиб туриш ҳолатлари ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов томонидан “маданий хизмат” деб белгиланган ҳолда халқ хизматига шартнома асосида бориш борасида, ўринли таклифлар берилди. Шунда юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар юз беришининг ҳам олди олиниши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Клуб Раҳбари Озодбек Назарбеков томонидан Ўзбекистон Халқ артисти марҳум устоз санъаткор Муроджон Аҳмедовни 100 йиллиги муносабати билан Хотира кечасини ташкил қилиш таклифи билдирилди, ҳамда бу таклиф Клуб аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон Халқ артистлари Хайрулла Лутфуллаев, Абдуҳошим Исмоилов томонидан устоз санъаткор Муроджон Аҳмедов билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди.
Шунингдек, Клубнинг Телевидение билан ҳамкорлиги, тайёрланаётган Телекўрсатувлар ҳақида айтиб ўтилди.
Ҳозирда Клуб фаолиятида жонланиш, ғайрат, шиддат сезилмоқда! Мазкур Клуб келажакда ёшларга ўзига хос ибрат бўлиб, ўзбек санъати ривожи учун жон куйдираётган фидоий ташкилот сифатида ўрнак бўлса ажаб эмас.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова