FATTOHHON.COM
« Все новости
Кутилмаганда тарқалган хабар барчани ҳайрон қолдирди. Аввалига твиттер орқали Даврон Кабулов гуруҳ аъзолари номини ёзиб, “ҚВЗ якунланди” твити билан эътиборни тортди. Бир зумда “улар аразлашиб қолишди” ва ҳаттоки “бўлиниб кетди” деган гаплар ҳам пайдо бўлди. Кутилмаганда эса, барчаси “Божалар” гуруҳининг 25 май кунги “Чўгирмам бор” концертида маълум бўлди!
Даврон Кабулов: - ҚВЗ нинг биринчи концертдаги имтиҳони ҳам, 2008 йил айнан “Божалар” гуруҳининг концертига тўғри келганди. Ўшанда жуда ҳам ҳаяжон билан, қўл-оёқларимиз титраб, саҳнага чиққандик! Яратганнинг марҳамати билан юзимиз ёруғ бўлганди. Буни қарангки, орадан беш йил ҳам шамолдек ўтиб кетибди. Бугун эса, янги ном билан саҳнага қадам қўйяпмиз! Буни ҳам, айнан “Божалар” концертига тўғри келганида, рамзий маъно бор, деб ўйлайман! Чунки, айнан “Божалар”даги дебютимиз муваффақиятли чиқди ва халқ олдида, ўз мухлисларимиз аудиториясини бироз бўлса ҳам, кенгайтириб олиш имконига эга бўлдик. Бугун мустақил жамоа сифатидаги дастлабки имтиҳонимизни назаримда, ёмон топширмадик! Нокамтарлик қилгим келмаяпти. Иккинчи тарафдан устозларимизга раҳмат, дейишни истайман. “ҚВЗ” танловида бизни танлаган ва тоблаган, чиниқтирган инсонларга, Шукурулло Маҳкамовга, қолаверса, Зоир ака, Олим акаларга миннатдорчилик билдираман. Бу инсонлар қайсидир маънода бизни “ҚВЗ” кўрик-танловининг дастлабки расмий қалдирғочлари сифатида ҳозир учирма қилишяпти! Уларнинг юзини ерга қаратмасликка ҳаракат қиламиз. Бошлаган ишимизни муваффақиятли давом эттиришга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, мухлисларимизни ҳар доим кулдиришга, уларнинг юзида табассум пайдо қилишга ҳаракат қиламиз. “Миллион” деган номни мухлисларимиз манманлик сифатида қабул қилмасликларини сўраган бўлардим. Чунки, “миллион” деганда баъзиларнинг хаёли негадир лотореяга кетиб қолади. Лекин, бизда гуруҳ номини “миллион” деб қўйишимизнинг сабаби, миллионлаб мухлислар учун, миллионлар ҳазилларини намойиш этишни ният қилганмиз. Олдинда яна миллиондан кўпроқ ҳазилларимиз турибди, деган рамзий маънода, гуруҳ номини “Миллион” деб қўйдик. Янги ишимиз муваффақиятли бўлишига умид, ҳаракат ва ишонч бор!
- “Миллион” номи кимдан чиқди?
Даврон Кабулов: - Бу номни жамоа билан маслаҳатлашган ҳолда, жамоамиз аъзолари бир овоздан шу номни топдик. Насиб этса, бундан буёғига “Миллион” жамоаси сифатида, фаолият юритишни бошлаймиз. Ҳар доим шоу бизнесда ном ўзгариши, бироз хавфсираш билан қабул қилинади. Чунки, муайян бир мухлислар аудиториясини йиққандан кейин, янги ном, кейинчалик концертларга томошабинларни чақиришга зарар қилиб қолиши мумкин. Биз ҳозир мана шундай таваккал ишга қўл урдик. Ўша таваккал ишимиз, ўйлаймизки, ёмон якунланмайди ва ижобий натижа беради. Чунки, мухлисларимиз учун биринчи навбатда ном эмас, биз намойиш қиладиган ҳазиллар ва уларга яқинлигимиз муҳимроқ, деб ўйлаймиз.
Дарҳақиқат, “Миллион” жамоасининг концертдаги чиқиши томошабинлар томонидан кучли олқишлар билан кутиб олинди.
Даврон Кабуловнинг эса, оёғидаги гипс олинганлиги билан, у ҳали тўлиқ юриб кетгани йўқ. Шундай ҳам бўлса ҳам, концертда жамоа аъзолари билан муваффақиятли иштирок этди!
Феруза Фаттохова