FATTOHHON.COM
« Все новостиХонанда Достон Убайдуллаев болалигидан ҳамиша ўз ижоди ва қўшиқлари халқ эътиборида! Уни 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган мухлислари доим қўшиқларини севиб тинглашади. Хонанда ҳали ўз яккахон концертини тақдим қилмаган эди. Ниҳоят, у “Истиқлол” санъат саройида концерт бермоқда ва ҳозирда концерт тайёргарликлари билан банд! Достон Убайдуллаев бугун “Диллашув” саҳифаси меҳмони.
- Қурбон Ҳайит айёми кунига тўғри келиб қолганлиги сабабли, концертингиз кунлари 3-4 ноябрга кўчирилди. Бу биринчи катта концертингиз, ҳаяжондан ташқари нимани ҳис қиляпсиз?
- Биринчи катта концертим, бўйнимга жуда ҳам катта масъулият юкланган. Гўёки мана шу концертим бўлиб ўтмагунига қадар, бўйнимда катта бир оғир юк тургандек. Фикру хаёлим мана шу концертда! “Қандай бўларкин, қандай ўтар экан?” деган ҳаяжон бор. Аввал концерт бермай ижод қилиб юрган вақтимда, йилига 3-4 қўшиқ ёзадиган бўлсам, ҳозирда 1 ой ичида 10 та қўшиқни ёзиб улгурдим! Ҳаммасидан кучлиси, жуда ҳам катта масъулиятни ҳис қиляпман!
- Биринчи концерт дастурингиз, лекин албатта, “концертингизда нечта қўшиқ жонли ижрода бўлади?” деган савол туғилиши табиий.
- Тўғри, бу мени биринчи яккахон концерт дастурим бўлганлиги сабабли, шу вақтгача бир ўзим бошидан охиригача яккахон концерт ўтказмаганлигим туфайли, ҳозирча концертимда фақат фонограммадан фойдаланилмоқда. Биринчи концертим, концерт қўйиш ҳавосини олиб олиш ниятидаман, ваҳоланки жонли ижро қилишдан сира қўрқмайман ва бемалол жонли ижрода куйлай оламан! Аммо, жуда ҳам ҳис-ҳаяжон катта! Ҳар холда биринчи марта “Истиқлол” санъат саройи саҳнасида бир ўзим яккахон концерт беряпман! Кучли ҳис-ҳаяжонда қўшиқнинг бирор жойини нотўғри куйлаб қўймай, бирор хато қилиб, халқимизнинг олдида хижолат бўлиб қолмаслик учун, тўғриси, ҳозирда концертда жонли ижрода қўшиқ куйламаяпман. Бошида ўзи, 5-6 қўшиқни жонли ижрода куйлаш ниятим бор эди, аммо менга кўпчилик, “биринчи концерт, аввал ҳавосини олиб олгин. Кўргин қандай бўлади? Балки, дарров мослашиб, “оддий нарса экан-ку, жонли ижрода ҳам бемалол куйлаб ташласам бўлар экан!” деб қоларсан! Балки, жуда қаттиқ ҳаяжон босиб қолиши ҳам мумкин! Шунинг учун, аввал билиб, кўникиш ҳосил қилиб олгин” дейишганлиги учун, ўзим ҳам ўйлаб кўриб, мана шу сабабли, фонограммадан фойдаланяпман! Аммо, албатта келгусида жонли ижрода ҳам, концертлар бериш ниятим йўқ эмас!
- Концертингиз режиссёри ким ва концертингизда бошқа хонандаларнинг концертларидан фарқ қилиши учун қандай янгиликлар бўлмоқда?
- Концерт режиссёри Ҳайдарали Қосимов. Бошқаларнинг концертидан қандай фарқ қилишини билмадим, бу ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ. Энг катта фарқ менинг ўзим учун бўлади! Чунки, мени биринчи яккахон концерт дастурим бўлганлиги учун ҳам, бошқа концертлардан катта фарқ қилади, деб ўйлайман.
- Концертингиз ҳақида яна қандай сирларни оча оласиз? Масалан, қўшиқлар, дуэтлар, дегандек?
- Битта дуэтдош кимлигини айтишим мумкин. Яъни, хонанда Каниза билан дуэтимиз бор. Иккинчи дуэт эса, ҳозирча сир бўлгани яхши, концерт куни сюрприз бўлади. Бу бир хонанда билан эмас, кўпчилик билан! Кимлар билан эканлигини яхшиси, томошабинлар концертда билганликлари маъқул! Концертда сўз устаси ва актёр Шукурилло Исроилов ҳам меҳмон бўлади.
- Сизни тингловчилар кўп йиллардан бери билишади. Болаликдан танилгансиз. Аммо, энди яккахон концерт беряпсиз.
- Тўғрисини айтсам, ўзи мен ҳеч концерт беришга қизиқмасдим. Нимагадир ўзимни ҳеч концерт беришга тайёр эмас, деб билардим. Лекин, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбари Баҳодир ака Аҳмедов мени чақириб, “Шунча йиллик Достонсиз, сиздан қанча йил кейин чиққанлар концерт беришяпти. Нимага концерт бермаяпсиз? Агар концерт берсангиз, биз ёрдам берамиз! Биргалашиб концерт берамиз!” дедилар. Мана шу сўзлари далда бўлди! Ўзи инсон ниманидир бошлашига ҳам, кимдир далда бўлади. Менимча, менга шундай далда бўладиган инсон топилмаётган эканми? Мен ҳам, шундай қизиқмай юраверганман! Баҳодир ака Аҳмедов чақириб, юқоридаги гапларни айтгач, ўзим ҳам ўйлаб қолдим. Шундай инсон менга “ёрдам берамиз, қўллаб-қувватлаймиз” деб, имкон беряпти. Бу имкониятдан фойдаланишим керак, деган фикрда, концерт беришни бошладим. Агар концерт яхши ўтиб, мухлислар яхши қабул қилишса, Худо ҳоҳласа, ҳар йили концерт беришга ҳаракат қиламан! Мен ҳам, мухлисларим билан ҳар йили учрашиб, ҳар сафар янги-янги ижод намуналари бўлган қўшиқларимни тақдим қилишни ҳоҳлайман. Концерт, аслида санъаткор учун бу бир йиллик ҳисобот топшириш, деб биламан.
- Концертингизда марҳум устоз санъаткор Муҳриддин Холиқов репертуаридан ҳам қўшиқлар бўладими? Аниқ устозингиз бўлмасалар ҳам, яқинларидан бўлгансиз.
- Тўғри, устоз санъаткорнинг репертуаридан қўшиғим бор. У киши менга устозлик қилмаган бўлсалар ҳам, лекин устоздек кўриб, ҳурмат қилиб келганман. Қўшиқларини севиб тинглаганман, яхши кўрган санъаткорларимдан эдилар. У кишининг қўшиғини концертимда ижро қилиш ҳақида ўйлаб кўраман.
- Фаолиятингизни “Тамоша” гуруҳида бошлагансиз. Улар билан ҳозир қандай муносабатдасиз ва концертингизда улар ҳам иштирок этишадими?
- Устозимиз Нодира Қурбонова ҳозиргача “Тамоша” гуруҳи раҳбари ва улар билан ҳозирги кунгача борди-келдимиз бор! Нодира опам билан ҳеч қачон уришмаганмиз, доим яхши муносабатдамиз. Ёшлигимни қўмсаган вақтларим Нодира опамни ёнларига бориб, гаплашиб, болаларнинг репетицияларини тамоша қилиб ўтираман. Ўғлимни ҳам қизиқиш уйғонармикан, деб олиб бордим, афсуски у санъатга қизиқмаяпти! “Тамоша” гуруҳи албатта концертимда иштирок этади.
- Айни вақтда концерт тайёргарликлари билан бандсиз. Сизни нима қувонтирмоқда ва нима ранжитмоқда?
- Ҳозирги кунда мени ранжитаётган нарсанинг ўзи йўқ! Чунки, концертга тайёргарликнинг ўзи мен учун бахт! Ниҳоят, мухлисларим билан учрашаман! “Истиқлол” санъат саройида концерт берилиши, бу сарой одамлар учун оддий ҳолат бўлиб қолган бўлиши мумкин. Чунки, концертлар кўп. Аммо, мен учун “Истиқлол” санъат саройи Муқаддас даргоҳлардан бири! У ерга кирсам мени болалигим ёдга тушади. Ўша ерда, устоз санъаткорлар билан бирга саҳнага чиққанларим, устоз санъаткорларнинг концертларига борганларимни эслайман. Ўша пайтларда “Ялла” ансамблининг концертларига борардим, мени тоғам у ерда мусиқий гуруҳ раҳбари эдилар. Ўзбекистон Халқ ҳофизи Фахриддин Умаровнинг концертларига борардим, дадам у кишининг ёнларида доира чалганлар, 40 йил давомида бирга ҳамкорлик қилишган. Ўша ҳамма севган қўшиғим “Биз томонга бир қараб қўй”, Фаҳриддин Умаровнинг қўшиғи эди! Бу қўшиқни 6 ёшимда дуэт тарзида, Фахриддин Умаровнинг концертида бирга куйлаганмиз! Бу мен учун бахт! Бу нарсалар шундоқ кўз олдимда туради. Бу даргоҳда не-не устозларни кўрмадик, не-не устозлар ўтиб кетмади. Лекин, ҳаммасини бу саҳнага қадамлари тегиб ўтган! Бу саҳнага чиқиш, мен учун бахт! Балки, ҳозир баъзи ёш хонандалар саҳнага мос бўлмаган, ҳар хил жинсиларда чиқиб, бу даргоҳнинг қадрини ерга уришаётгандир, лекин мен учун бу ниҳоятда олий даргоҳ! Шундай улуғ устозларнинг қадами теккан, шундай саҳнада концерт беришим, мен учун бахт! Сўз билан таърифлаб бера олмайман! Баъзи ёшлар “Европада бундай чиқади, жинсида ҳам саҳнага чиқаверади, замонавий чиқиш керак” дейишадию, лекин бу даргоҳдан жуда катта устозлар ўтган! Биз ўзбекмиз! Бизнинг ўз менталитетимиз бор! Бундан ташқари, саҳнанинг ўз этика, эстетикаси бор! Саҳнанинг ўз кийими бўлади, саҳнага чиройли саҳна кийимида чиқиш керак. Томошабинлар хонандани йиртиқ жинсида кўриш учун келишмайди! Кимлигини номма-ном айтмоқчи эмасману, лекин айнан шу муқаддас даргоҳ “Истиқлол” санъат саройини беҳурмат қилаётган ёш хонандаларни кўрсам, тўғриси, жаҳлим чиқади! Ахир Ўзбекистонда яшаймиз, ўзбекмиз! Ўзлигимиз, менталитетимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз бор! Ўзлигимизни ушлашимиз керак, деб ўйлайман.
- Болаликдан ижоддасиз. Бугунги кунда шогирдларингиз ҳам борми?
- Ҳа, албатта. Шогирдим бор. Даврон Шералиев, “Оқшом” гуруҳидан. Концертимда иштирок этади, уни расмана шогирдим сифатида халққа таништираман. Шогирдим бу мени ҳам юзим ва “шогирдим бор” деб халққа таништириш, мен учун ҳам бахт! Шогирдим Даврон ҳам концертга жиддий ёндошиб, янги қўшиқ ҳам тайёрлади. Худо ҳоҳласа, уни концерт куни ижро қилиш ниятида!
- Отангиз ҳам санъаткор. У киши қайси қўшиғингизни жуда ҳам ёқтирадилар ва қайси қўшиғингиз учун улардан гап эшитгансиз?
- “Соғиниб ўтади умрим” қўшиғимни дадам жуда ҳам яхши кўрадилар. Шунга биринчи концертимни ҳам, шу қўшиқ номи билан “Соғиниб” деб номладим. Шу қўшиқни тайёр бўлгач, биринчи бўлиб, олиб келиб, дадамга эшиттирганман. Билмайман, ёшлигимда онам бу дунёда вақтли ўтиб кетганликлари учунми, “Соғиниб ўтади умрим” деб куйланганини тинглаганларида, кўзларидан ёш чиқиб кетган. Балки Онамни эслагандирлар? Онамни соғинган бўлсалар керак... Ўшанда кўзларига ёш келиб, “чиройли қўшиқ чиқибди” деб, дуо қилганлар. Шу қўшиғим ҳам хит бўлган. Бу қўшиғим ўзимга ҳам жуда ёқади ва севиб эшитишади. Дилдан чиққан қўшиқ! Лекин, танбеҳ эшитган қўшиғимни аниқ эслай олмайман! Баъзи бир қўшиқларим ёқмаслиги мумкин, шунчаки “яхши чиқмабди” деб қўядилар. Аммо, ўша қўшиқлар, барибир ёшларга ёқиб кетаверади.
- Отангиздан қайси хислат сизга ўтгану, сиздан қайси хислат ўғлингизга ўтган?
- Отамдан менга кўп нарса ўтган, масалан, у кишининг йўлларидан кетаётган фарзанд, оилада битта менман. Акам Санжар Убайдуллаев бошқа касб вакили. Тўғри, доира чалмайман, аммо, оилада битта мен санъат йўлидан кетдим. Қолаверса, ташқи кўриниш тарафлама ҳам, отамга мен кўпроқ ўхшайман. Энди бошқа жиҳатларга келсак, буни атрофдагилар кўпроқ билишса керак. Энди мендан фарзандимга ўтган жиҳатга келсак, мени машиналарга қизиқиш хоббим бор. Шу қизиқиш ўғлимга ўтган. Қолаверса, ўзи менимча, ўғил болалар машинага ўч бўлишади. Аммо, негадир санъатга бўлган қизиқишим ўғлимга ўтмаган! Уни санъатга қизиқтиришга кўп уриндим. Ҳаттоки, ўзим болалигимда иштирок этган “Тамоша” болалар гуруҳи репетицияларига олиб бордим. Уларнинг репетицияларини кўрди. Чиройли кийиниб, чиройли қўшиқлар куйлаётган болаларни кўрсатиб, тушунтирдим ҳам: “сен ҳам шу гуруҳга қатнаш, шулардек чиройли саҳна кийимларгача олиб бераман, сен ҳам қўшиқ куйлагин” дедим. Ҳаттоки, “йўқ” ҳам демайди, ишора билан “йўқ”, дейди. “Йўқ”, тамом! Отам ҳам уни ҳар доим уришадилар, “дадангни 6 ёшидан бутун Ўзбекистон Республикаси таниган! Сен нега санъатга қизиқмайсан?” десалар, доим “йўқ, мен учувчи бўламан!” деяверади. Мен характер тарафлама сал ўжарроқ, инжиқроқман, шу тарафларим ҳам ўғлимга ўтган. Лекин, мен ёшлигимда жуда шўх бўлганман! Ўғлим эса, оғир-босиқроқ! Лекин, менинг шўхлигим, қизимга ўтгандек туюлади. Чунки, қизим жуда ҳам тўполончи! Ҳаттоки, акасини дарс қилаётганида ҳам келиб, шўхлик қилиб, халақит беради!
- Отангиз сизнинг тарбиянгизда қўллаган қайси жиҳатларни сиз ҳам, ўз фарзандларингиз тарбиясида қўллаяпсиз?
- Дадам, бизга жуда ҳам қаттиққўл бўлганлар. Қаттиққўллик бу фақат урушиш эмас! Дадам бизни жуда ҳам эркалаганлар! Яъни, вақти келганда қаттиққўл бўлганлар! Мен ҳам, шу анъанани давом эттирган ҳолда, бўш вақтим бўлди, деганча, ўз фарзандларимни ҳамма жойга, масалан, Ўзбекистоннинг энг сўлим гўшалари, боғлар, ҳамма ўйинггоҳларга, айланишга олиб бораман! Нимага? Ҳаммаёқни кўрсин, кўриб катта бўлсин, дейман! Дадам ҳам, болалигимда, ҳаммаёққа олиб борардилар! Санъатга кириб келишимга ҳам дадам сабабчи бўлганлар! Қўлимдан етаклаб, ҳамма нарсани кўрсатганлар! Шунинг учун мен ҳам шундай қилишга ҳаракат қиламан! Одатда болаларим билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қиламан. Аммо, ўз навбатида жуда ҳам инжиқ, бирор нарсани олдириш учун ерга ётиб олиб йиғлайдиган, ўта одобсиз болаларни хушламайман. Ўз фарзандларимни ҳам бундай бўлишларига йўл қўймайман! Уларга “шундай одобсиз бўлмаларинг!” деб, кўп таъкидлаб, шундай нарсаларга қаттиққўлман! Болалар тарбиясига катта аҳамият бераман! Чунки, фарзанд бу ота-онанинг юзи ҳисобланади!
- Болалигингиздаги энг катта шўхлигингизни эслай оласизми?
- (кулиб эслайди) 9 синфда ўқирдим. Лекин, 10-11 синф болалари билан ўртоқ эдим. Мактабимиз эшиги ёнида бир катта бетон бор экан, сал қимирлаб турган экан. Ўшани 11 синф болалари билан, роса тепганмиз! Бетон ҳам тепганимизда судралиб, қимирлаяптию, лекин ҳеч ағдарила қолмаяпти! Биз ҳам бўш келмай, тепиб ётибмиз! Бир пайт дарсга қўнғироқ чалиниб, ҳаммамиз дарсга кириб кетдик. Дарсда ўтирибману, хаёлимда ўша бетон турибди! “Нимага шуни тепиб ағдара олмадик?” деб, ўйлаб ўтирибман! Охири, дарс тугашига қўнғироқ чалиниши билан, синфхонадан югуриб чиқдим! Эсимда, физика хонаси эди! Шу хонадан югуриб чиқиб, тўғри бориб, жон-жаҳдим билан ўша бетонни тепганимни биламан, бетон синиб, деворни тешиб, бу ёғига ўтиб кетди! Ўзи ағдарилишига озгина қолган экан-да, мен эса, тепиб бир йўла деворни ҳам бузиб юборганман! Буни кўриб, албатта қочиб кетганман. Лекин, ўша пайтда дадам хориж сафаридан менга чиройли битта кепка олиб келгандилар ва мен уни доим кийиб юрардим. Мактабда ундай кепка фақат менда бор эди! 5-синф болалари танаффусга чиқиб кетишаётганда, мени кўриб қолиб, ўша кепкамни эслаб қолишган экан! Директор опамиз, мени чақириб, “бетонни ким синдирди?” дедилар. “Мен синдирмадим” десам, ўша 5 синф болаларини ёнига олиб кирдилар. Ҳаммаси синфда ўтиришган экан. Директор опамиз, “мана ўзини ёнида айтинглар, ким синдирди?” деб сўрасалар, ҳаммаси “Достон ака синдирдилар” деб туришибди! “Қаердан билдинглар?” десам, “бошингиздаги кепкадан!” дейишди. Хуллас, дадамни мактабга чақиртиришди! Албатта, гап ҳам эшитдим. Лекин, дадам ўз ёнларидан қурувчиларни гаплашиб, цемент ва ғишт олиб бериб, ўша жойни қайтадан қурдириб берганмиз! Ҳалигача, қаердан ҳам ўша бетонни тепганман, дейман. Ёшлигимда жуда ҳам шўх бўлганман-да!
- Санъат йўлида болаликдан ижод қилиб келяпсиз. Бу оламнинг барча пасту баландликларидан хабардорсиз. Ҳамма вақт ҳар хил. Санъат йўлининг қайси жиҳатларини яхши кўрасизу, қайси жиҳатларини хушламайсиз?
- Санъат йўлида инсонларнинг меҳри, ҳурмат қилиши, қаерга борсангиз, ҳурмат билан “келинг” деб, кутиб олишлари, саҳнага чиққанингиздаги олқишлар, бу ҳаммаси, албатта менга ёқади. Янги ижод намуналари яратиш ва янги қўшиқларим халқимизга ёқиб, кўнглидан жой олса, бу мен учун бахт! Санъатни энди, ёмон эмасу, қийин тарафлари ҳам бор. Айтишадию, бир нарсадан кечмасанг, бошқа бир нарсага эриша олмайсан, деб. Санъаткор кўп нарсалардан кечиши, кўп нарсадан ўзини тия билиши керак. Масалан, оддий инсон қиладиган ишни санъаткор қила олмайди! Дейлик, овқатлангани кафега ёки ресторанга кирсангиз, бемалол ўтира олмайсиз. Ҳар хил одамлар бор. Масалан, сал қаттиқроқ кулиб юборсангиз, “ўзидан кетиб қолибди” дейишади! Ёки, оддий одам, ҳар қандай ўзига қулай кийимни кийиб кетаверади. Лекин, санъаткор бирор ерга шундай кийиниб борса, эртага гап-сўзга қолади! “Ие, санъаткор бўла туриб, шундай кийимда келибди! Ўзига қараб юрса бўлмайдими?” дейишади. Доим халқ назаридасиз! Ўзингизга эҳтиёт бўлишингиз керак! Тилга эътиборли бўлиш керак! Масалан, кўчада оддий одам ким биландир уришса, ҳеч ким эътибор бермайди! Аммо, санъаткор ким биландир сал тортишса, ёки уришса, тамом! “Вой, бу ундай экан, бундай экан” дейишади. Лекин, аслида нима бўлганини билишмайди ҳам. Балки, ўша уришган одам ноҳақ, санъаткор ҳақдир? Лекин, негадир ҳамма жойда фақат санъаткор ноҳақ бўлиб чиқаверади! Чунки, инсонлар негадир санъаткорларнинг ичидан идеал қидиради! Масалан, “фалончига ўхшагим келяпти, фалончига ўхшаб кийингим келяпти” дейди. Санъаткор халқ назаридаги идеал инсон бўлиши керак. Шунинг учун ҳам, қийин тарафи, ҳеч қачон оддий одам бўла олмайсиз! Бу ёмон тарафи эмас, бу танганинг иккинчи тарафи бўлади.
- Санъат сизга нима бердию, сиз санъатга нима бера олдингиз?
- Санъат менга кўп нарса берди! Мухлислар меҳри, халқ назарини берди. Мен ҳам, озми-кўпми, мухлисларим кўнглидан жой олиб, ҳар холда ўз йўналишимда, санъатга ўз ижодим билан оз бўлса ҳам, нимадир бера олдим, деб ўйлайман. Бу мени фикрим, албатта. Балки бошқалар, бошқача ўйлашар? Лекин, менинг фикримча, ҳоҳ кеча чиққан хонанда бўлсин, ҳоҳ Халқ артисти бўлсин, бир дона бўлса ҳам, уни ўзига идеал деб топган мухлиси бўлади, деб ўйлайман. Ҳоҳ ўша санъаткор ёш бўлсин, ҳоҳ кекса, ҳоҳ 20 йилдан буён ижод қилаётган бўлсин, ҳеч бўлмаса, ўзининг ота-онаси, фарзандлари, рафиқаси, унинг мухлиси бўлади, барибир. Шунинг учун ҳам, бирор санъаткорнинг “мана бу қўшиғи, ёки ўзи бўлмабди” деса, менга оғир ботади! Чунки, ўша санъаткор барибир ижод қиляпти! Ўшани ҳам, куйлаётган қўшиғини кимдир тинглаяпти, ижодини яхши кўраётган мухлиси бор!
- Сизни баъзилар санъаткор фарзанди, шунинг учун ҳам, пиллапоялардан ҳеч бир қийинчиликсиз чиққан, деб ўйлашади. Чиндан ҳам шундайми? Ижодда ҳеч бир қийинчилик бўлмаганми?
- Тўғрисини айтаман, болаликда, энди чиқаётган вақтимда жуда катта бир қийинчилик туғилмаган. Чунки, ростдан ҳам дадамлар бор, ҳаммаёқ таниш-билиш, қолаверса, муҳит ҳам бошқача бўлган. Энг ёш санъаткорлар 20 ёшдан кейин саҳнага чиқиб келишган. Мен эса, 5 ёшимдан санъатга кириб келганман! У пайтда санъатда умуман, мен каби 5 ёшли болалар бўлмаган! Мен қандай ижод қилишим ва қандай қўшиқ ижро қилишимдан қатъий назар, яхши айтаманми, ёки ёмонми, барибир одамлар менга яхши кўриб қарашган. Қолаверса, шу бола нимани қойил қиларкин, деган фикрда ҳам эътибор беришган. Жуда ҳам халқ назарига тез тушганман. Ҳозирги кунда эса, болалар ансамбллари кўпайиб кетган ва саҳнага ёш болаларни олиб чиқиб, ҳеч кимни ҳайратлантира олмайсиз! Ҳеч ким “вой, мана бу бола чиқибди!” демайди! Чунки, қўшиқ куйлаётган ёш болалар кўп! У пайтда мен битта ва ягона бўлганман, шу сабабли ҳам халқ назарига тушишим ҳам осон бўлган! Мен жуда ҳам зўр ижро қилиб юбормаганман, аммо ўша ёшлигимда куйлаган қўшиқларимни тингласам, битта ҳам фальш, ёки нотўғри айтилган жойи йўқ! Ўйлашимча, жуда ҳам чиройли куйлаганман. Овоз ҳозирги кундан 1000 баравар зўр, десам муболаға бўлмайди, чунки ёш боланинг овози энг баланд нуқталарга чиқишга қодир бўлади. Бу тарафлама ҳам жуда осон бўлган. Аммо, кейин яъни ўтиш давридан сўнг, санъаткорларда “мутация” дейишади, ўшандан сўнг, қийинчиликлар бошланди! Чунки, мен тенги санъаткорлар кўп! Рақобат кучли, мен эса, аввалгидек биттаю ягона Достон эмасман! Мен тенги санъаткорлар ҳам бор! Уларнинг ичида, ўша оломоннинг ичига кириб, ўз йўлида ижод қилиши керак бўлган, бир санъаткорга айландим! Лекин, Худо менга омад берди! Ўшанда яна қўшиқ айтиб чиққанимда, “Иккаламиз боғдаги...” деб куйланган қўшиғим, унинг ортидан эса, “Айт менга гўзал” қўшиғим тингловчиларга манзур бўлди. Уларнинг ортидан яна яхши-яхши қўшиқлар чиқариб, халқнинг назарига яна қайта тушиб олдим. Лекин, ёшлигимдаги машҳурлигимни ҳеч қачон қайтариб, ола олмасам керак, деб ўйлайман! Чунки, ҳозирги кунда оломоннинг ичидаги Достон, бу санъат йўлида жуда ҳам қийинчиликларга дуч келган Достон! Негаки, рақобатчилар кўп, тенгдошлар кўп, Достоннинг ўзи ижод қилиб ҳаракат қилмаса, ёнидагилар омадни олиб кетиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, “ёнимда дадам борлар, бўлди, санъаткорлар оиласида туғилган” дегани, санъат йўлида қийинчиликларга дуч келмайди, ҳеч қандай муаммо йўқ, ижод қилмай юраверади, дегани эмас! Ҳаттоки ҳозиргача ҳам, ҳар хил муаммолар учрайди. Масалан, тўғрисини айтаман, ҳозирги кунда ҳамма нарсага катта маблағ керак бўлиши сир эмас. Тушунмовчиликлар ҳам бўлиб туради.
- Санъатнинг бир неча йўналишида баробар ижод қилаётганлар ҳам бор. Масалан, сиз болалигингизда роль ижро қилгансиз. Ҳозирда, масалан, сизда ҳеч кўрсатувга бошловчилик қилиш фикри бўлмаганми?
- Менга бу борада бир таклиф бўлди ва мени жуда ҳайрон қолдирди. (ҳайрон бўлиб) Мени раҳматли устоз актёр Эргаш Каримов олиб борган “Миниатюралар театри” кўрсатувини олиб боришга таклиф қилишди! Ўйлаб кўринг, “Соғиниб ўтади умрим” деб, оғир-босиқ, жиддий қўшиқлар куйлаб юрган хонанда бўлсам, қандай қилиб сатира, юмордан иборат бўлган кўрсатувни олиб боришим мумкин? Мен сўз устаси бўлмасам? Мени ҳозирги йўналишимга умуман тўғри келмайди-ку! Мен бир комик ҳаракатлар қилиб, шовқинли қўшиқлар айтиб юрган бўлмасам? Шу сабабли ҳам, бу таклифга рад жавобини бердим ва йўналишимга тўғри келмаслигини айтиб, тўғри тушунтиришга ҳаракат қилдим. Билмадим, балки мендан хафа бўлишгандир? Балки, болаликдаги чиқишларимни эслаб, шунинг учун таклиф қилишгандир? Билмадим. Лекин, бошқа кўрсатувдан таклиф бўлмади.
- Ёшлигингизда ижро қилган ролингиз ҳалигача ҳамманинг эътиборида! Ҳозир ҳам фильмда роль қилган бўлармидингиз?
- Йўқ, бугунги кунда кинода роль ижро қилмайман, деган фикрим бор. Санъат соҳасида мен битта ишни, яъни хонандаликни танлаб бўлганман! Санъатнинг охиригача ҳеч ким етмаган! Лекин, хонандаликда ўз ижодимдан кўнглим тўладиган даражага етганимдагина, бирор фильмда суратга тушиш фикри туғилиб қолмаса, унгача кинода роль ижро қилмайман, деб ўз олдимга мақсад қўйганман! Тўғри, фильмлардан таклифлар бор, роллар беришяпти, жуда яхши роллар ҳам таклиф қилишди... Лекин, тўғрисини айтсам, ўзимни роль ўйнагим келмади! Бундан афсусланмайман! Инсон аввал бир ишни қилиши керак, икки ишни қилиб, иккови ҳам чала бўлиб қолмасин, дейман!
- Ҳаётда ҳам актёрлик маҳоратидан фойдаланганмисиз?
- (кулиб) Ҳаётимизнинг ўзи кино-ку! Лекин, ҳар доим самимий бўлишга ҳаракат қиламан! Аммо, санъаткор бўлганингиздан кейин, барибир жуда кўпчилик инсонлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади. Ҳаётда жуда ҳам ҳар хил характерли инсонлар кўп. Ҳамма сиздан ҳар хил нарса талаб қилишга ҳаракат қилади. Биров ерга урмоқчи бўлса, биров осмонга олиб чиқишга ҳаракат қилади. Биров мақтаса, биров ёмонлашга ҳаракат қилади. Биров асабингизга тегиб, жаҳлингизни чиқармоқчи бўлади. Бундай жойларда актёрлик маҳоратини ишлатиб, ҳамма билан чиройли муомалада бўлиб, “Хўп ака” деб, ўтиб кетган вақтларим ҳам бўлган. Тўғриси, мен баъзиларга ўхшаб бозорга бормайман, одамлар ичида юрмайман, демайман! Мен доим одамлар орасида, халқ ичида ҳам юравераман!
- Сизни ҳақиқатни инсонни юзига айтадиган санъаткор дейишади! Бу одатингиз ҳеч панд берганми?
- Ҳа, бу одатим, жуда кўп панд беради ва бир хилларида, “нима қиламан, шундай қилиб, менга нима?” деб ўйлаб ҳам қоламан! Лекин, ноҳақликка жим қараб тура олмайман! Билмадим, шу одатимни тўғрилашим керакми, ёки сақлаб қолайми? Ўзим ҳам ўзимга тушуна олмайман, баъзида, ўйлаб қоламан. Панд еган деганда, биров билан уришганим йўқ, фақат бировларни хафа қилиб қўяман. Ўзи тўғри гап, туққанингга ёқмайди, деган гап бор-ку. Тўғри гапни эшитса ҳам, тан олмай, ўзини хафа бўлганга олиб юрганлар ҳам бор. Шундай пайтларда, “менга нима эди?” деб юбораман.
- Сўз усталари одатда, санъаткорларнинг қўшиқларини пародия қилиб, ёки қўшиқ сўзларининг устидан ҳазил қилишади. Аммо, сизга ва сизнинг қўшиқларингизга нисбатан пародия ва ҳазил қилишмаган! Бунга сабаб, нима деб ўйлайсиз? Ёки сиздан чўчишадими?
- Йўқ, билмадим, балки шунга мос қўшиғим чиқмагандир? Мен таниш бўлган сўз усталарига ҳам бу ҳақида айтганман, “мени ҳам ўхшатиб, пародия қилинглар” десам, “сизни ўхшатадиган нарсангиз йўқ, алоҳида бир қилиқлар қилмайсиз! Шундоқ қўшиғингизни куйлайсиз, кетасиз! Шунинг учун сизни ўхшата олмайман!” деган гапларни эшитдим. Мени ўзимни шахсан ундай пародия ва ҳазилларга қаршилигим йўқ! Балки, чиндан ҳам уларнинг ҳазил ва пародияларига тўғри келмаётгандирман?
- Сизни ҳамма ҳар хил таърифлайди. Кимдир камтар, деса, кимдир кибрли, кимдир жаҳли тез, яна кимдир қатъиятли, дейишади. Аслида, саҳнадаги Достон Убайдуллаев билан ҳаётдаги Достон Убайдуллаевнинг фарқи нимада?
- Ўзим ҳақимда, “ўжар, ўзини катта тутади” деган фикрларни ўзим ҳам эшитганман! Масалан, мени “кибрли, ўзини катта оладиган” деб ўйлайдиганлар, мен билан ҳаётда гаплашиб кўришсин! Мен фақат шундай дейишим мумкин. Энди ташқи кўринишига қараб, инсоннинг феълини билиб бўлмайди-ку. Лекин, “Достон ҳеч кимни менсимас экан” деган гапларни ўзим ҳам четдан кўп эшитганман. Энди, менинг ташқи кўринишим шундай бўлса, нима қила олишим мумкин? Кўпчилик ичига кирганда, таниган ва танимаган одамларга қараб, ҳадеб кулавермайсиз-ку. Ўзимни оғир-босиқ тутганим учун, балки шундай кўринарман? “Жиддий турибди, кибри баланд бўлса керак, ёнига яқинлашиб бўлмаса керак, гапирсак менсимаса ҳам керак!” дейишади. Бундай гапларни эшитиб, ўзим ҳам ҳайрон қоламан, нега одамлар бундай фикрлашади? Аввал гаплашиб кўрмайдими, чиндан ҳам шундай иш қилсангиз, кейин гапирмайдими? Энди саҳнадаги ва ҳаётдаги Достоннинг фарқига келсак, ҳаётдагиси самимий, ҳақиқатпарвар, оддий инсон! Саҳнадагиси жуда жиддий бўлса керак, шунинг учун ҳам, уни одамлар “ҳеч кимни менсимайдиган, кибри баланд” деб ўйлашса керак! Аслида ундай эмас!
- Одатда санъаткорлар ҳақида кўп ҳар хил гаплар тарқалади. Сиз ҳақингизда эса, ҳеч қачон бирор ортиқча гап эшитмаганмиз. Бу сизни халқ шунчалик яхши билганиданми?
- Мен доим халқ ичидаман, балки шунинг учундир? Чунки, мен ҳам санъаткор бўлсам ҳам, оддий инсонман, деб ўйлайман. Балки мени ҳамма жойда кўп кўришларидандир? Мени бир яширадиган сирим ҳам йўқ.
- Ижод борасида, ҳар хил тажрибалар қилиб кўриш фикри бўлмаганми?
- Бўлади, баъзида ўхшамай ҳам қолади. Мухлисларга қилган янгилигимиз ёқмай қолади. Бошқа йўналишга ўтсаммикан, деган фикрлар бўлади. Бу ҳар қандай санъаткорда бўладиган ҳолат. Қолаверса, мени йўналишим фақат битта эмас, масалан, миллий йўналишда ҳам куйлаганман. Ижодимга 20 йил бўлган бўлса, масалан, мен 6 ёшимда 20 ёшга кирган мухлислар, ҳозир 40 ёшга киришди. Ўша мухлисларимга ҳам манзур бўлсин, деган мақсадда шундай йўналишда ҳам куйлайман. Ахир мухлислар 7 ёшдан 70 ёшгача бўлишади. Баъзи вақтларда онахонлар қўшиқ сўраб қолишади. Уларга эстрада йўналишидаги қўшиқни айтиб беролмайсиз-ку. Шунинг учун, миллий қўшиқлар ҳам тайёрлаганман. Шундай вақтларда уларга ёқадиган қўшиқларни бемалол куйлаб бераман. Ниятим, ҳамманинг кўнглидан бирдек жой олиш!
- Санъат соҳасидаги баъзи инсонлар билан суҳбатлашганда, тушкунликка тушиб қолиш ҳақида гапиришади. Сиз кўп йиллардан буён санъатдасиз ва доим сизни яхши кайфиятда учратамиз. Ҳеч қачон тушкунликка тушмайсиз, тушманг ҳам! Сизнинг тушкунликка тушмаслик сирингиз нимада?
- (ўйланиб) Тушкунликка тушмаган инсоннинг ўзи йўқ, барибир. Менда ҳам баъзида бундай ҳолат бўлади, аммо мен буни енгишга тушкунликка тушмасликка ўзимда куч топаман! Биринчи ўринда бир нарсани ўйлайман, масалан, Яратган мени эл назарига тушириб, халқ ичида “Достон” деб, номимни чиқариб қўйган бўлса, халқимиз меҳрини бериб, азиз инсонлардан бири сифатида тилга олишса, ҳурмат қилишса, озми-кўпми мухлисларим бор, шуларни ўйлаб, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қиламан! Халқ меҳри, эътибори, бу катта бахт! Чунки, 30-40 йиллаб санъат йўлида меҳнат қилиб, биров бир қўшиғини тингламаган, ёки “фалончи” деб билмаганлар ҳам бор. Шуларни ўйлаб, шукур қиламан, Яратган тарафидан менга шу бахт берилган, халқ назаридаман, азиз инсонидек ҳурмат қилишади, бу жуда катта бахт! Ўзимга ўзим доим “шунга шукур қилгин Достон!” дейман. Чунки, барибир оддий инсонмиз, баъзида “вой, кимдандир қолиб кетяпман. Мана бу ишим ўхшамаяпти”, деб ўйлаб қоламиз. Ёки, кутилмаганда яқинда чиққан бир хонанданинг қўшиғи хит бўлиб, сизнинг қўшиғингиздан ўтиб кетса, ўйлаб қоласиз. Шундай пайтларда, ўзимга “ўзингни бос, ҳаммаси олдинда, эл назаридасан, халқ учун азиз инсонсан, шукур қил” дейман. Шу тарзда ўзимни тушкунликдан олиб чиқиб оламан ва тушкунликка тушмайман!
- Ўз ҳамкасбларингиз ижодини кузатасизми?
- Албатта! Ҳамма ижодкорларни кузатаман! Энг ёш ижодкорлардан бошлаб, бугунги кунда энг зўр ижод қилаётганларгача кузатаман! Чунки, мен ҳам шу ижоднинг ичидаман. Баъзилар, “мен фақат чет эл эстрадасини эшитаман” дейишади. Нотўғри, бўлмаган гап. “Фалончи зўр қўшиқ айтибди, эшитдингми?” десангиз, “йўқ” дейишади. Бўлмаган гап, ўша қўшиқни эшитган ва билади! Билмаганликка олади. Мен эса, тўғрисини айтаман, ёлғон гапириб нима қиламан? Ҳаммани эшитаман! Чунки, баъзида ёшлардан ҳам янгиликлар чиқиб қолади. Баъзилар, бировларни “эй, кеча чиққан бола” деб менсимай гапиришади. Ўша кеча чиққан бола, эртага сендан ўтиб кетади, ўзинг ҳам билмай қоласан. Шунинг учун ҳамма нарсани кузатиб, билиб юриш керак, деб ўйлайман. Кимдандир ниманидир ўрганиш ҳам мумкин, буни яширмайман.
- Уларнинг муваффақиятини кўриб, табриклаб, камчиликларини очиқ айтган вақтларингиз ҳам бўладими?
- Албатта, ўзимнинг яқин дўстларим бўлса, доим фикрларимни айтаман. Бирор ери нотўғри чиққан бўлса, қўшиғи ёқмаса ҳам очиқ айтаман. Яхши қўшиқ айтган бўлса, табриклайман. Ўша дўстларим, танишларим, ўзимга нисбатан ҳам шундай йўл тутишади. Қўшиқларимнинг яхши ва камчилик тарафларини айтишади. Лекин, агар танимасам, ўзимдан ўзим гапирмайман, албаттта.
- Санъат оламида яқинларингиз борми?
- Яқинларим кўп, Абдурашид Йўлдошев, Абдували Ражабов, Музаффар Абдуазимов, Даврон Эргашев ва деярли барча тенгдошлар. Ҳаммамиз деярли ҳар куни кўришамиз, бирга ўтирамиз, бирга йиғиламиз. Аҳиллигимизга кўз тегмасин!
- Рафиқангиз сизни қўшиқларингизни тинглайдиларми? Қайси бирини яхши кўрадилар? Уларга атаб куйлаган қўшиғингиз ҳам борми?
- Рафиқам мени ўз йўналишимдаги қўшиқларимни жуда ҳам яхши кўриб эшитади. Айнан унга атаб куйлаган қўшиғим йўқ. Лекин, “Менинг ягонам” деган қўшиғимни рафиқам жуда ҳам яхши кўради ва мен бу шўх қўшиқни қайта ишлаб, сокинлаштириб, қайта мусиқий сайқал бериб, туғилган кунида ўтирганимизда, айнан унинг учун ижро қилганман! Фақат унинг ўзи учун шундай куйлаганман, бошқа жойга чиқмаган!
- Ўзингиз рафиқангизни севганингиздан ва фарзандларингизни онаси бўлганлигидан ташқари, яна нима учун қадрлайсиз?
- Уни яна мени тушунганлиги, касбимни тушунганлиги учун ҳам қадрлайман. Масалан, мени кеч келишларимга чидайди. Санъаткорнинг рафиқаси бўлиш жуда қийин ва масъулиятли! Масалан, бир кунда 4-5 марталаб кийим алмаштирадиган вақтларим бўлади. “Мана буни кияман, ёки киймайман” деб айтиб ўтиришим шартмас. Ҳар доим кийимлари тайёр бўлади. Бу тарафдан рафиқамдан жуда ҳам кўнглим тўлган. Бундан ташқари, яна бир ҳурмат қилган жиҳатим, қўли жуда ҳам ширин, пазанда, жуда ҳам ширин таомлар тайёрлайди. Меҳрибон, озода, ширин сўз! Қолаверса, мени бир қарашдаёқ тушунади, айниқса, кеч келганларимда тушунишини ҳурмат қиламан! Масалан, баъзи жойларда эшитиб қоламан, “фалончини хотини кеч келганда жанжал қилибди, ёки хотиним ҳеч тушунмайди, келиша олмаяпман” деган гаплар бўлади. Мен эса рафиқамдан бирор марта “қаерда юрибсиз?” деган тергов, ёки шунга ўхшаш гапни эшитмаганман ва бизда бундай гаплар ишлатилмайди! Мен ўзим ҳам иложи борича, бунга йўл қўймайман ҳам. Ўзи аёлни ўта қизғанчиқлиги ҳам, эркакнинг таъбини хира қилади! “Эй, аҳамият бермайман” деган тақдирингизда ҳам, уйдан чиқиб кетаётганингизда, масалан, хизматга кетаётган бўлсангиз ҳам, “Вой, анови сизга қарайдими? У ерда чиройли қизлар ҳам бўладими?” деб қўйса, тамом, минг аҳамият бермасангиз ҳам, “Нима деяпсан? Хизматга кетяпман!” десангиз ҳам, лекин шу нарса миянгизда айланиб, асабингизга тегади, кайфиятингизни бузади! Барибир ўша гап, аҳамиятга эга бўлиб қолади. Бундай ҳолатларни эркак кишининг таъбини хира қиладиган ҳолат, деб биламан. Бизнинг оилада бундай гаплар бўлмаган, бўлмайди ҳам! Чунки, рафиқам, ақлли ва қатъиятли аёл! Ҳамма нарсамни, кийимларимни тайёрлаб беради ва “адаси яхши бориб келинг” деб, очиқ чеҳра билан кузатиб қўяди, келганимда ширинсўз билан кутиб олади. Шу тарафлама ҳам, рафиқамдан жуда миннатдорман!
Саида Вахобова
"Тасвир" газетасида чоп этилган