FATTOHHON.COM
« Все новости“Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг Республика кўрик-фестивали ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳамда, якуний гала концерт куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бўлиб ўтди.
Мазкур Фестиваль 5 йилдан буён, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ёш истеъдодларнинг маҳоратини намойиш этиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, ёш ижрочилар маҳоратини ошириш, уларни янада рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.
Кўрик-фестивалнинг бу йилги мавсуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Фестиваль ғолибларини Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ва Ҳакамлар ҳайъати раиси Ўзбекистон халқ артисти Рамз Усмонов тақдирлаб, бу йилги саралаш босқичида юксак истеъдодга эга бўлган ёш ижрочилар сони ҳар йилгидан кўпайганлиги сабаб, уларни саралаш жараёни бир мунча қийинчилик туғдирганини ҳам таъкидлашди.
Фестиваль ғолиблари ва фаол иштирокчилар янада кўпроқ изланиб, ўз устида ишлаб мамлакатимиз опера санъатини дунё саҳналарида тараннум этишга ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдиришди.
ВИДЕОДА!
Ғолиб ва совриндорлар Маданият вазирлигининг диплом, фаҳрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
ВИДЕОДА!
Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўрик фестивалнинг фаҳрли 1-ўринига:
Рахмонов Дамир Уктамович (эркин ижодкор),
Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Мухаммадиев Камолиддин Фахриддин ўғли;
2-ўринга:
Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри опера солисти Абдурахимов Султонбек Шокиржон ўғли,
Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Содиқова Ҳилола Салоҳиддин қизи;
3-ўринга:
Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Жуманиязов Аминзода Ғайратович,
Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Шерманов Сапарбай Насирович лойиқ, деб топилди.
Шунингдек, фестивалнинг “Ёш ва умидли опера ижрочиси” номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар академик лицейи ўқувчиси Закирова Ленара Рафаелевна, “Кўрик-фестивалнинг энг яхши жўрнавози” номинацияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси концертмейстери Тернових Ольга Константиновна ғолиб деб топилди.
Андижон санъат коллежи ўқувчиси Абдурашитова Хуснидахон Анваржон қизи, Самарқанд санъат коллежи ўқитувчиси Волф Азиз Хайдарович, Бухоро санъат коллежи ўқувчиси Садиллоев Ҳусниддин Иззатбек ўғли, Термиз санъат коллежи ўқувчиси Эргашев Суюнбек Жуманазар ўғли, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Алиева Розия Муродали қизи эса фестивалдаги фаол иштироклари учун Фаҳрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.
Шундан сўнг, йиғилганлар учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик катта театрининг устоз санъаткорлари, етук опера ижрочилари ҳамда кўрик-фестиваль ғолиблари иштирокидаги гала концерт намойиш этилди.
Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг Республика кўрик-фестивали ёш истеъдодларнинг маҳоратини намойиш этиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, ёш ижрочилар маҳоратини ошириш, уларни янада рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Фестивалда 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган 70 нафарга яқин профессионал ёш опера ижрочилари ўзаро беллашдилар. Фестиваль бир босқичда бўлиб, иштирокчиларнинг барча чиқишлари омма олдида ўтказилди.
“Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг Республика кўрик-фестивалининг бу йилги мавсуми ҳам, кутилгандан ҳам аъло даражада ўтди.
Маданият Вазирлиги фестивалнинг бу йилги ғолиб ва совриндорлари ҳам ўзларига билдирилган ишонч ва эътирофни оқлаб, келажакда бунданда юқорироқ чўққиларни эгаллашлари ҳамда, санъатнинг ноёб тури бўлган опера ижрочилигини янада катта саҳналарда ва баланд пардаларда жаранг сочишига ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдиради.