FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистон Халқ артисти Камолиддин Раҳимов! Бу ном жаранглаши билан беихтиёр бу устоз санъаткорга нисбатан чексиз ҳурматни ҳис этасиз.
Устоз санъаткор 30 май куни, ўзининг 70 ёшида “Истиқлол” санъат саройида “Эл ичра назар топдим” деб номланган жонли ижродаги, янги яккахон концерт дастурини тақдим қилди.
Концерт бошланишидан олдин, зал ортида барча тайёргарлик билан банд.
Концерт режиссёри Зокиржон Қаюмов созандалар гуруҳи билан саҳнага йўл олди. Концерт дастурини ҳам шу киши олиб борди.
Айтиб ўтиш жоиз, залда бирорта ҳам бўш ўриндиқ йўқ, зал тўла. Залда ҳар хил ёшдаги томошабинларни кўриш мумкин, фақат катта ёшлилардангина иборат эмас! 7 ёшдан 70 ёшгача десак, муболаға бўлмас!
Концерт декорацияси ҳам ўзбекона безаклару, битта катта монитордан иборат. Бошқа концертлардан фарқли равишда созандалар гуруҳи саҳнанинг ўртасига терилган ўриндиқларга жойлашдилар. Уларнинг ўртасида, устоз Камолиддин Раҳимовнинг ўзи соз чалиб, қўшиғини бошлади...
Устоз санъаткор концерт дастурининг аввалида “Эл ичра назар топдим” қўшиғини ижро қилди. Овозининг кучига қойил қолса арзийди. Жонли ижрода, адашмай бу қадар равон куйлаш, овозда титроқнинг йўқлиги, бир текисда куйлаш, албатта томошабинлар томонидан кучли олқишларга сабаб бўлди!
Бирин-кетин концерт давомида, «Қайлардасан, қайдасан гулим?», “Сени ўйлайман”, “Соғинганман”, “Бўлмаса”, “Енгади”, “Бир сўз”, “Хаёлинг”, “Ўртар”, “Қошима”, “Дунёнинг ишлари қизиқ, ажойиб”, “Иши йўқ”, “Марсия”, “На қилай?”, “Наргиз” ва “Маржон” қўшиқлари янгради.
Концертда Камолиддин Раҳимовнинг шогирдлари Эркин Рўзметов ва
Абдулла Шомаъруповлар ҳам иштирок этдилар. Ҳар иккови бир жуфтдан жонли ижрода қўшиқ куйладилар.
Ота касбни қилган ижодкор барака топади, деган нақлга амал қилиб, ота касбни маҳкам тутиб, устознинг ўғли Ҳусанбой Раҳимов ҳам, қўлига тор олиб саҳнага чиқди ва икки қўшиқ ижро этди.
Албатта, санъаткор ота қаршисида, эл олдида имтиҳон топширмоқ, ота ўғилга осон бўлмади. Аммо, имтиҳондан яхши ўтди, эл олқишини олди.
Камолиддин Раҳимов “Ўртар”ни айтар чоғида Зокиржон Қаюмов шу қўшиқ билан боғлиқ тарихни сўзлаб берди. Бу қўшиқни биринчи бўлиб ижро қилган санъаткор Муроджон Аҳмедов, бу қўшиқни ижро қилиш учун айнан Камолиддин Раҳимовни муносиб кўрган эканлар ва “Ўтган кунлар” фильми учун “Ўртар”нинг икки бандини ташлаб кетганлигини айтиб, Камолиддин Раҳимов қўшиқни тўлиқ вариантда ижро қилишини айтган эканлар.
Концерт якунига келиб, Камолиддин Раҳимов “Наргиз” қўшиғини бошлаганида залда олқишламаган томошабин қолмади, десак адашмаймиз. Бундан ташқари, туриб рақсга тушган томошабинларнинг ҳам саноғи йўқ! Бу қўшиққа уч раққоса ҳам, таманно билан хиром этдики, томошабинларни ҳам завқлантириб юборишди.
Концертдаги бир неча қўшиқларга дид билан миллий рақслар саҳналаштирилганлиги ҳам, томошабинлар эътиборини қозонди.
Концертда бир қарасангиз кулгили, бир қарасангиз табиий туюлиши мумкин бўлган воқеа, катта ёшли бир амакининг аввалига Абдулла Шоъмаруповнинг “Мастона бўлдим” қўшиғига, сўнг Камолиддин Раҳимовнинг “Наргиз” қўшиғига роса рақсга тушгани бўлди. Бу шинаванда амаки, гўёки саҳнадаги раққосалар билан беллашгандек бўлди)))
“Наргиз”дан сўнг, яна Камолиддин ака Раҳимовга томошабинлар томонидан гуллар ёғилди! Дўппию заррин чопонлар тақдим қилинди, гул тақдим қилиш, қўл бериб кўришиш илинжида бўлганлар бир зум ҳам саҳна олдидан чекинишмади.
Ҳозирги кунда баъзи эътибордаги ёш хонандаларнинг концертларининг ярмида томошабинларнинг маълум бир қисми чиқиб кетиб, зални тарк этиши одатий ҳолга айланган бир даврда, Устоз санъаткор Камолиддин Раҳимовнинг концертидан ҳеч ким туриб, эшик томон йўл олмади! Барча сеҳрлангандек санъаткорнинг классик қўшиқларини берилиб тинглашди! Устоз концерт якунига қадар, жонли ижрода бэк вокал, ёрдамчи овозларсиз куйлади.
Концерт якунида, томошабинлар талаби билан, “Маржон” қўшиғи ижро қилинди. Халқ, устоз санъаткорни қўйиб юборгиси келмаётган эди. 20 яқин классик қўшиқларни тинглашган бўлса ҳам, “яна, яна“ деган хитоблар тинмасди!
Концерт якунида барчага миннатдорчилик билдирган ҳолда Камолиддин Раҳимов саҳнага йиғилган гулларни самимийлик билан, раққоса қизларга улашди. Сўнг, бир қисмини залдаги томошабинларга “илинди”!
Концерт жуда ҳам файзли ва ўзбекона руҳда ўтди.
Лекин, концертнинг иккинчи яъни, 31 май куни қолдирилди! Бунга сабаб эса, 1 май куни тадбир ўтказилиши керак бўлиб, 31 май куни мазкур тадбирга тайёргарлик жараёнлари бўлиб ўтиши режалаштирилган экан.
Шу туфайли ҳам, устоз санъаткор Камолиддин Раҳимов концерти фақатгина бир кун, янги 30 май куни ўтказилди!
Фотолар учун “Delux media” студияси Қиличбек Жумабоевга ва Саиджон Жумабоевга миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова