FATTOHHON.COM
« Все новости
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида жойлашган “Япон боғи”да 31 май куни олтинчи марта “Болалик шарафига” хайрия бали бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг муаллифлик лойиҳаси бўлиб, унда шу кунга қадар 7000 нафар болалар иштирок этишган. Бу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, болаларнинг ижодий иқтидорларини кашф қилиш ва қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий-хайрия лойиҳаларни ривожлантириш учун маблағ тўплашдан иборат.
Хайрия бали ташкилотчилари: “Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси, Фонд Форум, “Bella Terra”, “Baby Terra” журналлари, TV “Марказ” телеканали, “Сакура” лойиҳа”, “Afsona gullari”, “Reginight”, санъат студиялари, “Sunday” ва “Антураж” ҳордиқ ва кўнгилочар машғулотлар агентлиги, шунингдек, пойтахтимиздаги хусусий мактаб ва боғчалари (“Олтин қанот”, “Уникум”, “Бек Кичкинтой”, “Етакчи”) “Континент”, “Мегапланет” савдо марказлари, “Музимпекс”, “Папаторт” савдо марказлари компанияси, “Централ” кафеси.
Бу йил ҳам, тадбир ўтказилаётган “Япон боғи” байрамона безатилган, ҳамма шароитлар яратилган, атрофда мультфильм ва эртак қаҳрамонлари болаларни кутиб олиб, улар билан суратларга тушишмоқда.
Болажонлар ҳам, қувончлари ичларига сиғмай, ўзларини кутаётган турли “бекат”лар сари ошиқмоқда эдилар. Болалар бекатларга йўл олганларида, уларни қайси бекатда иштирок этишлари аниқ бўлиши учун, улар танлаган бекатлар рамзи туширилган “наклейка”лар уларнинг билакларига ўша бекатга рўйхатга олувчилар томонидан ёпиштирилди.
Бал дастури ва анъанага кўра, иштирокчи болажонлар аввал “Диско раққоси”, “Услубли болалар”, “Мен куйлай оламан!”, “Мен-мухбирман!”, “Мен – кўзбўямачиман!”, “Биз чизамиз!”, “Мен–фотомоделман”, “Ҳунармандчилик устахонаси”, “Мен дизайнерман” каби касбий бекатларда қатнашиб, ўз маҳоратларини намойиш қилишлари керак эди. Уларга кино ва эстрада юлдузлари ёрдам бериб, йўл-йўриқ кўрсатдилар.
“Диско раққоси” бекатида болажонларни хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов кутиб олди.
“Услубли болалар” бекати иштирокчиларини хонанда Лола қўллаб-қувватлади.
“Мен куйлай оламан!” бекатида болалар хонанда Шохруххон ва ёшларнинг ҳозирги кунда энг машҳур гуруҳларидан
“Беном” йигитлари билан биргаликда куйлашди.
“Мен-мухбирман!” бекатида хонанда Нилуфар Усмонова болажонларга қандай қилиб қизиқарли саволлар беришни ўргатди. Бу бекатдаги болажонлар машҳурлардан, жумладан Нилуфар Усмонованинг ўзидан ҳам интервью олишди!
“Мен – кўзбўямачиман!” бекатида эса, болалар актёр Улуғбек Қодиров билан бирга фокус сирларини ўрганишди. Кўплаб болалар Улуғбек Қодиров билан суратларга тушишди.
Шунингдек, болалардан бири Улуғбекдан ўз билагига дасхат ҳам ёздириб олди.
“Биз чизамиз!” бекатида “Саҳро” гуруҳи йигитлари қўлга мўйқалам олиб, болалар билан биргаликда ўзларининг рассомлик маҳоратларини намоён қилишди.
“Мен–фотомоделман” бекатида эса, хонанда Улуғбек Раҳматуллаев болажонларга қандай қилиб чиройли суратга тушиш сирлари билан бўлишди ва болажонлар ҳам у билан тўхтовсиз суратларга тушиб қувонишди.
“Ҳунармандчилик устахонаси” бекатида Алишер Узоқов кулолчиликнинг қандай қийин касблиги ҳақида айтиб, болаларга бу касбга қизиққанлар унга жиддий ёндошишлари кераклигини айтиб ўтди.
“Мен дизайнерман” бекатида эса, хонанда Шахзода болажонлар билан бирга билакузуклар ясаб, дизайнерлик бўйича уларга сабоқ берди!
Бироз вақт ўтиб, иштирокчилар ўз маҳоратларини намойиш қилганларидан сўнг, барча иштирокчилар махсус сертификатлар, совғалар билан тақдирланишди. Сертификатларни улар шу бекатларга бошчилик қилган юлдузлар қўлидан қабул қилиб олишди!
Кичик ёшдаги болалар учун ҳам махсус ўйин майдончалари ташкил этилган бўлиб, унда болажонлар турли ўйинлар билан банд бўлдилар.
Анъанага кўра балга ташриф буюрган меҳмонлар учун, концерт дастури намойиш қилинди. Дастурни ТВМ телеканали бошловчилари Жаҳонгир Мирзо ва Ойбек Рихсибеков олиб боришди.
Концерт дастури давомида, болажонлар учун махсус викторина ўйини ташкил қилиниб, унда 9 бекатдан 9 иштирокчи иштирок этдилар. Уларга “Болалик шарафига”хайрия балига оид саволлар берилди.
Саволларнинг бир нечтасига тўғри жавоб қайтарган Мухлиса исмли қизалоқ ғолиб бўлди ва у лойиҳа муаллифи Гулнора Каримованинг дасхати туширилган “Болалик шарафига” футболкасини қўлга киритди!
Қизалоқнинг қувончи чексиз эди!
Концерт дастурида, хонандалар, “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов,
Шаҳзода,
Лола,
Райҳон,
Нилуфар Усмонова,
Улуғбек Раҳматуллаев,
Шохруххон,
Бахтиёр Раҳмонов,
Рухшона,
“Зарба”,
“Саҳро” гуруҳлари ва ёш хонанда болалар гуруҳлари ҳам иштирок этишди.
Концерт бошловчилари томонидан тез-тез таъкидлаб турилган ва барча орзиқиб кутаётган сюрприз ниҳоят ошкор қилинди! Кеча меҳмони Googoosha ўзининг “Ёнимда бўлинг” қўшиғини ижро қилди. Бутун боғ, барча болакайлар ва катталар, ҳамма биргаликда унга жўр бўлишди. Бу қўшиқ барчанинг кўнглидан бирдек жой олиб улгурган эди! Бу чиндан нафақат болажонлар, балки барча меҳмонлар учун чинакам сюрприз бўлди!
Шундан сўнг, Фонд Форум Васийлик кенгаши Раиси Гулнора Каримова барча болажонлар ва меҳмонларга ўзининг самимий дил сўзларини билдиргач, болажонларга ўзининг махсус совғаларини тақдим қилди. Сўнг, ҳаммани анъанага кўра, дилидаги энг пок ниятларни айтган ҳолда, қўлларидаги шарларни осмонга учиришини таклиф қилди.
Шу вақт қизалоқлардан бири, саҳнага югуриб чиқиб, у кишини қучоқлаб олди.
Гулнора Каримова жилмайганча самимий ниятлар билан шарни само бағрига қўйиб юборди, бу вақтда эса, боғдаги барча меҳмонлар қўлларидаги саноқсиз шарлар энг пок ниятлар билан самога йўлланди!
Тадбир якунлангач ҳам, анча вақтгача болажонлар Гулнора Каримовани қўйиб юборгилари келмади. Уларнинг, улар учун болаликнинг бахтиёр дамларини англатувчи, бу ажойиб кечани ташкил этган инсонга самимий меҳрлари чексиз эканлиги шубҳасиз эди!
Эслатиб ўтамиз: Илк бор “Болалик шарафига” бали 2008 йилда ўтказилган бўлиб, мазкур лойиҳани қўллаб-қувватловчи ҳомий ва ташкилотлар йилдан йилга ошиб бормоқда! Бал илк бора ўтказилганда, унда 1000 га яқин болалар иштирок этишганди. Лойиҳа меҳмонлар ва иштирокчилар орасида ажойиб таассурот қолдирди ва уни ҳар йили ўтказиш анъанага айланди! Бугунги кунда бу лойиҳа, болалар учун аталган ёзнинг энг ёрқин лойиҳаларидан биридир. Унинг доирасида Фонд Форум ва унинг ҳамкорлари бир қатор байрам ва тадбирлар уюштириб, (Меҳрибонлик уйларида хайрия концертлари, суратлар кўргазмалари, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига саёҳатлар, театрлаштирилган спектакллар, ижтимоий лойиҳалар каби) болаларга қувонч ва шодлик улашиб келмоқдалар.
Ўтган йилларда ўтказилган бал натижаларига кўра, жами 90 та Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи тўққиз минг нафардан ортиқ болажонлар кийим-бош, пойабзал, мактаб анжомлари ва бошқа зарурий буюмларга эга бўлишди. Шунингдек, Тошкентдаги полиомиелит билан касалланган болалар махсус Меҳрибонлик уйлари, Эшитиш ва сўзлаш тизимида етишмовчиликлар мавжуд болалар учун махсус “Қўл билан гапирувчилар” хайрия жамғармасининг қўллаб-қувватлаш ҳамда, “Халқаро Тинчлик куни” лойиҳасини амалга оширишга сарфланди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова