FATTOHHON.COM
« Все новости12,13 ва 14 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида Жаҳонгир Отажонов ўзининг навбатдаги тўлиқ жонли ижродаги концертини ўтказди.
Концерт бошланишида саҳнага чиқиб келган Жаҳонгир Отажоновни мухлислари қарсаклар билан кутиб олишди ва у концертни “Хоразм элининг наволари зўр” қўшиғи билан бошлади. Қўшиқ давомида ўзи ҳам рақсга тушиб кетди.
Бу қўшиққа раққосалар саҳнанинг икки тарафида (одатда фан-клублар турадиган тарафлар)да туриб, рақсга тушишди.
Қўшиқ тугагач, санъаткор томошабинлар билан саломлашиб, концертига келганликлари учун самимий миннатдорчилик билдирди. Сўнг, “Сенсиз мен ҳеч кимман, эй она тупроқ” қўшиғи билан концертни давом эттирди.
“Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” қўшиғини синглиси Эътибор Отажонова билан биргаликда куйлашди. Лекин, қўшиқ ижроси вақтида Жаҳонгир Отажоновнинг овози, синглисининг овозини деярли босиб кетди.
Сўнг, “Диллар сўзлар”, “Муҳаббатим қайдасан?”, “Ёлғонлар тугар қачон?” қўшиқларини куйлагач, Жаҳонгир Отажонов “олди қатордагилар ҳам, бир мени узоқдан кўришсин” деб, залнинг орқа тарафига ўтиб олиб ҳам куйлади.
Ундан кейин “Аёл”, “Мен ўзимни севаман”, “Арслонман”, “Аёл макридан” қўшиқларини куйлагач, хоразмча қўшиқ куйлаб, хоразмча рақсга тушди.
Сўнг, “Бевафо”, “Иккимиз”, “Сен”, “Муҳаббат”, “Дунё отам қўлларида”, “Тушимга кир, ўнгимда ёр бўлмаганим”, “Бодом кўзлар”, Хоразмча, “Сен мени ўзингга ўргатиб қўйма”, “Онажоним” қўшиқларини куйлади.
Концерт якунида Жаҳонгир Отажонов “қанча қўшиқ яратсам ҳам, ижодим “Оқ булутлар”дан нарига ўтмаётгандек, лекин ҳар концерт шу қўшиқни айтади, деган тушунча менда йўқ” деб, талабларга биноан “Оқ булутлар” қўшиғини куйлади.
Концерт давомида Жаҳонгир Отажонов қўшиқларидан бирини шогирди билан бирга куйлади, аммо уни оммага таништирмади. Шогирднинг кимлиги сир бўлиб қолди.
Жаҳонгир Отажонов доим жонли ижрода куйлашидан ташқари, саҳнада ўзини жуда эркин тутиши билан санъаткорлар ичида ажралиб туради. Бу галги концерт ҳам бундан мустасно бўлмади. Санъаткор ўзини саҳнада шунчалик эркин тутдики, қўшиқларидан ҳам кўра унинг ҳаракатлари томошабинларни янада кўпроқ ҳайратлантириб, қарсаклар тинмади! У саҳнада тиз ҳам чўкди, айрим қўшиқларини саҳнадан тушиб, томошабинлар пойида ўтириб куйлаган бўлса, айримларини концертнинг 1 ва 2 кунлари саҳнада ётиб ҳам куйлади! Жаҳонгир Отажонов бу ҳаракати билан, илк бор саҳнада ётиб куйлаган санъаткор сифатида ҳам, тарихда қолса ажаб эмас!
Қўшиқлар вақти санъаткорнинг амалга оширган эркин рақс ҳаракатлари, айниқса хоразмча рақслари, томошабинларнинг кучли олқишларига сабаб бўлди! Яна бир жиҳати, концертда танаффус ҳам бўлмади!
Санъаткор концерт бошланишидан якунига қадар, ҳеч бир танаффуссиз куйлади ва бу таҳсинга сазовор, албатта! Концерт кўтаринки кайфиятда ўтди!
Феруза Фаттохова
Концертдан видеолар инстаграм тармоғидаги
Fattohhoncom профилида!