FATTOHHON.COM
« Все новости28 апрель куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг “Паданг” қишлоғида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалининг тантанали очилиш маъросими бўлиб ўтди.
Маданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Бес перде”, “Зилол”, “Вардонзе наволари”, “Боғдон гуллари”, “Ванғози”, “Ёр-ёр” сингари энг намунали фольклор жамоаларининг 250 нафардан ортиқ қатнашчилари ўзларининг ранг-баранг репертуарларини намойиш этишди. Сурхондарё вилояти фольклор жамоалари ҳамда вилоят мусиқали драма театри театрлаштирилган намойишлари, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодий беллашуви, дизайнерларнинг миллий либослар намойиши, дорбозлик томошалари, “Болалар шаҳарчаси”да вилоят қўғирчоқ театри спектакллари ва шоу-дастурлари, миллий кураш мусобақалари, миллий халқ ўйинлари варрак учириш, арқон тортиш, хўроз ва қўчқор уриштириш каби чиқишлар барчани ўзига тортди.
Байрам тадбирини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва
Сурхондарё вилоятининг ҳокими Эркинжон Турдимовлар очиб беришди.
Унданг сўнг, Республикада таниқли санъат усталарининг концерт дастури бошланди. Унда Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлари Ҳосила Рахимова, Сайёра Қозиева, Анвар Собиров, Норали Алланазаров, эстрада хонандалари Равшан Намозов, Наргиза Азимова, Қаҳрамон Мўминов, Рохила Рўзимова ҳамда “Сурхон” гуруҳи каби санъаткорлар иштирок этишди.
Фестиваль учун ҳозирланган майдон гўё эртаклар оламини ёдга солади, — дейди чехиялик археолог Ладислав Станко. — Бундай тадбирлар ўтмиш ва бугун ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Юртингизнинг бой моддий ва номоддий меросига бўлган катта қизиқишим мени фестиваль тадбирларига бошлаб келди. Ватанимга қайтгач, бу ерда кўрганларим ҳақида яқинларим, шунингдек, ўзим фаолият олиб бораётган Карлова университети ўқитувчи ва талабаларига мамнуният билан сўзлаб бераман.
Бундан ташқари, фестиваль доирасида Тожикистон Республикасининг “Падида” театр жамоаси ва машҳур хонанда Шабнам Сурайё, афғонистонлик ҳофиз-хонандалар Абдумажид, Абдурауф Адлхуий иштирокидаги гала концерт санъат ихлосмандларини хушнуд этишди.