FATTOHHON.COM
« Все новости29 майдан 3 июнга қадар Фонд Форум, «Аёллар кенгаши» РЖБ, «Меҳр нури» жамоат жамғармаси, «Янги авлод форуми» болалар ижодиёти маркази ҳамкорлар билан биргаликда 1 июнь – “Болаларни ҳимоя килиш куни”га бағишлаб, қатор тадбирлар ўтказилди.
Мазкур байрамона тадбирлардан бири, 3 июнь куни соат 17.00 да пойтахтимиздаги “City makon” маданий-маърифий кўнгилочар марказида бўлиб ўтди. Унда болалар учун турли қизиқарли танловлар, қоғоздан ишланган либослар намойиши ва болалар ансамблларининг концерт дастури бўлиб ўтди.
Болалар айниқса, асфальтга расм чизишга жуда ҳам берилиб кетдилар.
Шунингдек, саҳнадаги турли болалар ансамбллари иштирокчилари билан бирга берилиб рақсларга ҳам тушдилар.
“City Makon” маданий-маърифий кўнгилочар марказида турли аттракцион ва арғимчоқларда учишди.
Болалар учун энг эсда қоларли ва қувончлиси эса, қоғоздан ишланган либослар намойиши бўлди!
Турли гуллар билан безатилган қоғоз “либослар” коллекциясини дизайнер Зулайҳо Раҳматуллаева тақдим этди.
Коллекциядаги либослар нафислиги билан барчани ҳайратлантирди.
Дизайнер Зулайҳо Раҳматуллаева “Эски шаҳар болалар ижодиёти маркази”да фаолият юритади: - Мен баҳор фаслини жуда ҳам яхши кўраман. Баҳорда эса, янги гуллар очилади. Мазкур коллекциямни шу гуллар асосида яратдим. Либослар эксклюзив бўлиши учун ҳар томонлама ўйлайман! Шунинг учун ҳам, материалдан эмас, қоғозлардан тайёрладим. Чунки, бу янгилик инновацион лойиҳа. Тўғри, либослар моделларга кийдирилаётган вақт йиртилиши мумкин. Натижада ҳар сафар устидан қайтадан тўғрилаб чиқиш керак бўлади.
Маннона Шодижанова “City Makon” маданий-маърифий кўнгилочар маркази бошқарувчиси: - Бугунги байрамона тадбир “Болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган. “Янги авлод” болалар ижодий театри билан ҳамкорликдамиз. Биз болаларнинг кўпроқ ижод қилишларини, ўз қобилиятларини ривожлантиришларини истаймиз. Ота-оналарни ҳам шунга чақирамиз. Ҳозир мана ҳамма болаларнинг кайфиятлари юқори даражада, ўз ижодий қобилиятларини намойиш қилмоқдалар. Бундай тадбирларни ҳамиша ўтказишга ҳаракат қиламиз.
Турғуной Олимова “Эски шаҳар болалар ижодиёти маркази” раҳбари: - Ҳозирги кунда асосий эътибор, “Соғлом авлод”ни баркамол ва маънавий-маданий жиҳатдан ҳар томонлама етук қилиб вояга етказишга қаратилган. Ҳар йили 1 июнь “Болаларни ҳимоя килиш куни” сифатида нишонланади. Бу байрам катта қувонч билан қарши олинади, шу кунга бағишлаб турли байрамона тадбирлар ўтказилади. Бизнинг ижодиёт марказимиз болалари ҳам, бу каби тадбир ва танловларда фаол қатнашиб келмоқдалар. Масалан, бугун ҳам улар қоғоз либослар намойишида иштирок этишди.
Оминахон Маҳмудхўжаева 7 ёшда: - Бугун мени биринчи марта саҳнага чиқишим! Жуда хурсанд бўлдим. Келажакда модель бўлмоқчиман. Бугунги тадбирдаги танловлар, либослар намойиши менга жуда ҳам ёқди. Либослар намойишидан кейин, асфальтга чиройли расмлар чиздик.
Района Абдугаффорова 7 ёшда: - “Эски шаҳар болалар ижодиёти маркази”га 3 йилдан буён қатнашиб келмоқдаман! Бугун саҳнага чиқиб, сариқ гулли либосни намойиш қилдим. Жуда ҳам хурсандман! Ўртоқларим ҳам, ҳар хил гулларни акс эттирган либосларда чиқишди. Товус ва асалари қиёфасида кийинганлар ҳам бор. Либослар менга жуда ҳам ёқди. Катта бўлганимда мен ҳам дизайнер бўламан. Мана шундай байрамлар кўп ўтказилишини ҳоҳлайман.
Дунёда боланинг кулгусидан ва бахтиёрлигидан ҳам, катта бахт борми? Болалари бахтиёр юртнинг келажаги ҳам, буюк бўлади, дейди доно халқимиз. Бизнинг обод ва озод Ватанимизда улғаяётган ҳар бир бола алоҳида эътиборда ва бахтиёр. Болаларга кўрсатилаётган эътибор ва уларга бағишлаб ўтказилаётган бу каби тадбирлар эса, фикримизнинг исботидир.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова