FATTOHHON.COM
« Все новостиИлм йўлида изланаётган инсоннинг фаолияти бевосита кўпчиликнинг иштироки ва муҳокамалари асосида сайқалланиб боради. Шу боисми, ўтмишга назар солсак, олиму фузалолар турли анжуманлар, суҳбатлар, нафис мажлислар ўтказиб, ўзаро фикр алмашишган, муаммоларга баҳамжиҳатликда ечим ахтаришган. Ҳозир яшаётган заминимиз буюк аждодлар изларидан жо бўлганлиги аён. Уларнинг тарихий мероси, бой илмий ижоди ва самарали меҳнати бугун бутун дунё тамаддуни ривожига ҳисса қўшмоқда.
5-7 май кунлари Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-ф-Фармойишининг “Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда ўтказиладиган анжуманлар режаси”га мувофиқ “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирлари тарихий меросида санъат ва маданият масалалари” мавзусида халқаро илмий-назарий ва амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференциянинг очилишида Маданият вазири, профессор Бахтиёр Сайфуллаев, институт ректори, профессор Иброҳим Юлдашев, Мирзо Турсунзода номидаги Тожикистон давлат маданият ва санъат институти илмий ишлар бўйичапроректори, Тожикистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси Хайритдин Идиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудовлар сўзга чиқишиб, анжуман борасидаги илиқ фикрларини билдиришди. Қувонарлиси, ушбу конференцияга хорижий мамлакатлардан электрон почта орқали табрикномалар келиб тушди ва улар ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг, конференциянинг катта ялпи мажлиси иш бошлади. Конференция мавзусига доир халқаро доирадаги маърузалар тақдимоти ўзбек, рус ва инглиз тилларида тингланди. Шунингдек, Хорватия Республикаси Загреб университети Драма санъати академиясидан профессорлар Борна Балетик ва Аида Буквикларнинг маърузалари инглиз тилида жаранглаб, таржима асосида барча иштирокчи ва меҳмонларга етказилди.
Ялпи мажлис сўнггида мулоҳаза учун Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов сўзга чиқиб, буюк аждодларимиз хотираси олдида ҳамиша бош эгишини айтди.Конференция дастурлари аъло даражада ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.