FATTOHHON.COM

« Все новости

РОССИЯДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРТИСТ, САНКТ-ПЕТЕРБУРГ ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИ ПРОФЕССОРИ ТАМАРА ДМИТРИЕВНА НОВИЧЕНКОНИНГ МАҲОРАТ ДАРСИДАН! 22.11.2014 21:46

foto (1)

21 ноябрь куни Ўзбекистон Давлат  Консерваториясида Россияда хизмат кўрсатган артист, вокал бўйича педагог, Санкт-Петербург Давлат Консерваторияси профессори Тамара Дмитриевна Новиченконинг маҳорат дарси бўлиб ўтди.

foto (12)

Тамара Дмитриевна Новиченко “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан юртимиз ёшларига машғулотлар ўтиш учун таклиф этилди. Бу малакали мутахассис Германия, Чехия, Словакия, Польша, Жанубий Корея, Шотландия каби опера санъати ривожланган мамлакатларда ҳам мунтазам равишда маҳорат дарслари олиб боради. Унинг Анна Нетребко, Елена Миртова, Татьяна Павловская, Елена Устинова, Ирина Матаева, Марина Шагуч сингари эллик нафардан ортиқ шогирдлари, жаҳон опера саҳналарида етакчи ижрочилар сифатида шуҳрат қозонганлар.

Юртимизнинг таниқли ёш опера ижрочиси, кўплаб халқаро танловлар ғолиби, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти лауреати Ширин Маматова ҳам, бир неча бор Санкт-Петербург давлат консерваториясида Тамара Новиченко машғулотларида қатнашиб, малака оширган. 

foto (5)

Тамара Новиченконинг юртимиздаги машғулотлари 27 ноябрга қадар давом этади. Сабоқлар асосан Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтади.  Сафар давомида Тамара Новиченко ер юзининг сайқали – Самарқанд шаҳри дурдонларини ҳам бориб кўришни режалаштирган.

foto (9)

Ўзбекистон Давлат  Консерваториясида бўлиб ўтган маҳорат дарси давомида Тамара Новиченко кўплаб талабаларнинг қўшиқларини тинглаб кўрган ҳолда, уларга керакли маслаҳатлар берди. Консерватория талабалари ундан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ҳам олишди.

foto (10)

Маҳорат дарсидан сўнг, Тамара Новиченко Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззоқова ва бошқа педагог, ҳамда талабалар билан ҳам қисқача суҳбатлашди.

 foto (14)

Тамара Дмитриевна Новиченко: - Ўзбекистонда таълим ривожи, олий ўқув юртларининг маҳобати бу қадар юксак, деб ўйламагандим. Ўзбек ёшларининг санъатсеварлигини ўз кўзим билан кўриб, ҳам ҳайратланяпман, ҳам ҳавас қиляпман! Ҳозир талабаларга маҳорат дарси ўтганимда, уларнинг орасида овоз маҳорати юқори бўлган талабалар жуда кўплигидан хурсанд бўлдим. Биз педагоглар талабалар учун, уларнинг муваффақияти учун ҳаракат қиламиз. Бунинг учун эса, ҳар бир талабага индивидуал ёндошиш керак, албатта. Ҳар бир талабага қайсидир жиҳатни ўргатиш керак. Лекин, муҳими эркин куйлаш, қўшиқни ҳис қилиб, дилдан ёқтириб куйлай олиш! Шундагина тингловчига завқли ва ёқимли бўлади. Менимча, баъзи ёш хонандаларнинг хатоси, уларнинг бақириб куйлаши, асло бақириш керак эмас! Аксинча, ўзини бўш қўйиб, эркин ва дилдан куйлаш керак! Опера, бу менинг ҳаётим! Мен ўзим ҳам жуда кўп куйлаганман, муваффақиятга ҳам эришганман. Аммо, мен кўпроқ дарс ўтгим, талабаларга билим бергим келади. Менимча, бу камёб ҳодиса бўлса керак. Чунки, мен куйлашдан ҳам кўра, талабаларга дарс берганимда кўпроқ завқланаман.

 

Ҳусниддин Орифжонов Ўзбекистон Давлат Консерваторияси Академик хонандалик бўйича магистратура 1 курс талабаси: - Бу инсон жаҳонга машҳур хонандаларнинг устози, машҳур педагог, маҳоратли устоз! Бугун у талабалар учун маҳорат дарси ўтди. Устоз маҳорат дарси давомида, талабаларга ўргатиш жараёнида, қўшиқ куйлаётганда юқори ноталарни қандай қилиб олиш борасида керакли маълумотлар берди. Куйлаш жараёнида асарни қандай маҳорат билан куйлаш кераклигини ўргатди. Мен бу маҳорат дарсидан ўзим учун кўп нарса олдим.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto (13)

foto (15)

foto (11)

foto (8)

foto (7)

foto (6)

foto (4)

foto (2)

foto (3)