FATTOHHON.COM
« Все новостиЁш хонанда Жўрабек Жўраев устози “Замин” студияси раҳбари, таниқли режиссёр Саъдулла Абдуллаев ҳамроҳлигида, шу кунларда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Бала дауысы” болалар қўшиқлари фестивалида иштирок этди!
Мазкур Фестиваль 2015 йилдан буён ўтказилиб келинаётган бўлиб, Алия Назарбоева фонди томонидан ташкил этилган ва Фестивалга Алия Назарбоеванинг ўзи ҳам ташриф буюрди.
Фестивалга катта тайёргарлик кўрилиб, унда Қирғизистон, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг ўзидан ҳам жуда кўп иштирокчилар қатнашдилар.
“Ўзбекистондан фақат Жўрабек таклиф қилинган бўлиб, 2-3 кун аввал кутиб олиниб, Фестиваль олди репетицияларида ҳам иштирок этди” деди Жўрабекнинг устози режиссёр Саъдулла Абдуллаев.
ВИДЕОДА!
Ёш хонанда Жўрабек Жўраев Фестивалга фахрий меҳмон сифатида таклиф қилиниб, Февстиваль финалида ўзига хос чиқиш билан иштирок этди. Унинг чиқиши олдидан 4 ёшлигида ижро қилган, интернет орқали кўплаб мухлислар орттиришига сабаб бўлган, машҳур “Чаки-чаки” қўшиғининг видеоси монитор орқали берилиб, унинг ижодий ютуқлари ҳақида айтилиб, сўнг Жўрабекнинг ўзи “Индиана Жонс” қиёфасида “учар гилам”да саҳнага чиқиб, “Оқ билак ойим” қўшиғини ижро қилди! Унга махсус рақслар саҳналаштирилиб, шарқона саҳна кўриниши намойиш қилинди.
ВИДЕОДА!
“Жўрабекнинг чиқиши олқишлар билан кутиб олинди. Унга Гран при соврини топширилди.” деди унинг устози “Замин” студияси раҳбари, режиссёр Саъдулла Абдуллаев.
ВИДЕОДА!
Шу ўринда Саъдулла Абдуллаевга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
-Фестиваль ҳақидаги таассуротларингиз? Жўрабекни Фестивалга тайёргарлиги қандай бўлди?
Саъдулла Абдуллаев: - Бундай Фестиваллар кўпроқ бўлиб туриши керак, деб ўйлайман. Чунки, бу каби фестиваллар болаларга ўз иқтидорини намоён қилишга имконият бериб, уларни янада ижодга қизиқишларини кучайтиради, деб ўйлайман. Жўрабекни Фестивалга тайёрланишига келсак, таклиф қилишганида унинг қўшиқларини юбордим. Қўшиқларни танлаб олишгач, Қозоғистонга бордик. Фестивалда энг ҳурматли меҳмон Жўрабек бўлди, десам адашмайман. Бундан албатта хурсандмиз! Борган кунимиздан парда ортида бўладими, гримхонадами, ҳамма Жўрабек билан бирга суратга тушиб, гаплашиб, ҳурмат билан жуда яхши муносабатда бўлишди. Энди бу фестивалдан сўнг, олдинда яна бир Фестиваль бор! Буниси Шанхайда бўлиши кутилмоқда! Ҳозирда унга тайёргарликни бошладик. Ўша Фестиваль ташкилотчилари томонидан Хитой тилидаги қўшиқ юборилиб, “имкони бўлса, Жўрабек унинг бир куплетини ўргансин” деган таклиф бўлган. Ҳозирда Жўрабек шунга тайёргарлик кўряпти.
-Сиз Жўрабекни иқтидорини намойиш этишига, халқ олдига чиқишига сабабчи бўлган Инсонсиз. Ҳозирда сиз уни продюсеримисиз?
Саъдулла Абдуллаев:- (самимий камтарлик билан) Энди продюсер деймизми, устоз дейиладими, ёки унга беғараз ёрдам бераётган инсон деймизми, билмадим. Продюсер дейиш учун арзийдиган иш қилдикми, билмайман, қўшиқлари, клипларига имконият борича ёрдам қиляпмиз. Аммо, ҳозирги вақтда “продюсер” деганда, хонандага пул сарф қилиб, кейин ундан келадиган маблағдан фойда оладиганлар тушинилса, йўқ, демак, мен продюсер эмасман! Беғараз ёрдам бериб келаётган инсонман!
-“Оқ билак ойим” қўшиғини аввал бошқа хонандалар ҳам куйлашган. Бу қўшиқни Жўрабек ижро қилишининг бирор тарихи, ёки сабаби борми?
Cаъдулла Абдуллаев: - Йўқ, санъат барибир тақлиддан бошланади, дейилади. Жўрабек ўз қўшиқларини куйлашдан ташқари, устоз санъаткорлар ижросидаги қўшиқларни, элда оммалашиб кетган қўшиқларни ҳам, куйлаб боради. Битта қўшиқни куйлагандан кейин, у кутмаганда тингловчиларга маъқул бўлиб қоладиган вақтлар бўлади. Бу қўшиқ ҳам шундай бўлди! Жўрабек бу қўшиқни шу йил бошида март ойида бўлиб ўтган “Сен азиз ва муқаддассан аёл” концерт дастурида чиройли саҳна кўриниши билан ижро қилган эди. Рақсида “Паризода” ансамблининг ёш қизлардан иборат, кичик “Паризода” гуруҳи қизчалари рақсга тушишди. Томошабинлар томонидан ҳам жуда яхши кутиб олинди. Қозоғистонликларга ҳам шу қўшиқ манзур бўлган экан, Фестивалдаги чиқиш учун шуни танлаб олишди! Шунингдек, Жўрабек бу қўшиқни 18 май куни Бекободда стадионда ўзим режиссёрлик қилган “Металлурглар куни” муносабати билан бўлиб ўтган катта концерт дастурида ҳам ижро қилган.
Саида Вахобова