FATTOHHON.COM
« Все новости- “Дўст” қўшиғингиз хит бўлди. Бу қўшиқнинг муваффақиятини кутганмидингиз?
- Бу қўшиқни машҳур бўлиши ҳоҳлагандим. Одатда аниқ машҳур бўлади, деб ўйлаган қўшиқларим ўртамиёна қўшиқ бўлиб қолади. Унчалик яхши чиқмасмикан, деган қўшиқларим эса, хит бўлиб кетган вақтлар ҳам бўлади. Аммо, “Дўст” таронасининг машҳур бўлишини жуда ҳам ҳоҳлагандим. Унда ўзимнинг юрагимдаги сўзларим акс этган. Бу қўшиқ билан ўзимнинг ижодимдаги иккинчи ҳаётим бошланишини, ижодим гуркирашини жуда ҳам ҳоҳлагандим. Бу қўшиқ чиқишидан, яъни концертимдан аввал кимга эшиттирган бўлсам, ҳеч кимга ёқмаганди! “Бекор бу қўшиқни айтибсан! Ўзингни ичингдаги дардингни, ҳаммага очиб-сочиш шартми? Одамлар бу нарсани тушунмайди!” дейишган, ҳаттоки оила аъзоларим ҳам қарши бўлишганди! Ўшанда “Ҳали кўрасизлар бу қўшиқ машҳур бўлиб кетади” дегандим. Лекин, чиққандан сўнг, қўшиқ кутилмаганда ҳаммаёқда машҳур бўлиб кетганидан кейин, “ҳақиқатда айтган гапим тўғри экан, сезган эканман” дедим.
- Бу қўшиқ ижодингизда янги бир босқич бошлади, яъни “Ишонмасман” қўшиғингизни босиб кета олди! Лекин, агар ҳар икки қўшиғингизни тарозига қўйса, сиз ўзингиз ҳозирда қайси бирини танлаган бўлардингиз?
- Шубҳасиз, “Дўст”ни танлаган бўлардим. Биламан, “Ишонмасман” жуда ҳам зўр қўшиқ! Ҳақиқатдан мени халққа танитган, мени юксалтирган, энг муваффақиятли қўшиқларимдан бири! Лекин, “Дўст” қўшиғи, мени ижодимни тушиб кетаётган жойидан юқори кўтарган, менинг ижодий умримни қайтариб бера олган қўшиқ! Менинг давримни қайтариб берган, менда ҳаётга иштиёқ, муҳаббат, ижодга илҳом бахш этиб, мени яна оёққа турғазган қўшиқ! Қолаверса, “Дўст” кўпроқ мавзу жиҳатидан юки ҳам “Ишонмасман”га қараганда оғирроқ! Муҳаббат ҳақидаги таъсирли қўшиқлар кўп, аммо ҳаётнинг ҳақиқатини айтадиган, инсонлар дилини чертиб, юрагини жизиллатадиган қўшиқлар жуда ҳам кам. Мен улар қаторида мана шу “Дўст”ни айтган бўлардим. Бу қўшиғим “Ишонмасман”ни босиб кета олганидан жуда ҳам хурсандман. Шу “Дўст”гача, доим “ҳамма қўшиқларингиз зўр, лекин “Ишонмасман”дек қўшиғингиз йўқ-да, барибир” дейишганини кўп эшитардим. Жуда ҳам хурсандман “Дўст” ундан ўта олганига ва шундай қўшиқ қилса бўлар экан, демоқчиман. Вилоятларга борганимда, айниқса, водийда бу қўшиққа талаб катта экан! Яқинда “Рухсор” радиосига интервью бергандим. Тўрт ойдан бери, хит-парадда бу қўшиқ у ерда ҳам биринчи ўринда экан! Бир ойда 4 ҳафта бўлса, 16 ҳафтада биринчи ўриндан тушмабди! Бу қўшиқ биринчи навбатда бошимдан ўтган машаққатларнинг бежиз эмаслигини ифодалаган қўшиқ! Чунки, нимаики бўлмасин, машаққатли меҳнатнинг ортида, ўша меҳнатнинг роҳати туради. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ! Бу қоронғиликдан кейин келаётган ёруғ кунлар, деб ўйлайман. Бу ҳам бежизга эмас. Ҳаммаси, Оллоҳдан берилган омад!
- “Дўст” қўшиғини ўзи куйлаш ғояси қандай пайдо бўлди? Биров таклиф бердими ёки ғояси ўзингизникими, ёки тайёр шеърни кўриб, олиб куйлаганмидингиз? Чунки, кўпчилик бу қўшиқни қандай яралганига ҳам қизиқишмоқда!
- Йўқ, унинг шеъри тайёр эмасди! Унинг шеъри менинг дилимдаги гаплар эди! Бу қўшиқни шеърини ёздиришдан олдин, шоир Дилшод ака Аҳмадшоевнинг ёнига бориб, дилимдаги ҳамма дардимни очиқ-ойдин достон қилганман. “Нима ҳоҳлаётганимни билдингизми, мана шу нарсани ёзиб берсангиз”, деганман. У киши билан ҳар куни телефонлашиб, 2 ой деганда бу қўшиқ ёзилган! Буни қўшимча қилинг, мана бу гапни айтгим келяпти, деб шу тарзда гўёки менинг тилимдан айтилган шеър бўлди! Тўғри, шоир Дилшод ака ёзганлари билан, менинг юрагимдан чиққандек, юрагимдаги гаплар бўлди. Шунинг учун ҳам, бу қўшиқ мени қийнаб келаётган дилимдаги саволларни очиқ-ойдин ошкор этилганлигидир!
- Ундан кейин “Маликам энди қара” қўшиғингиз ҳам шов-шувларга сабаб бўлди. Бундай яна бошқа йўналишдаги қўшиқ ғояси қаердан келди?
- Тўғри, чиндан ҳам яна бир бошқа йўналиш. Бу йўналишда мен қўшиқ куйламагандим! Бу шансонсифат эстрада! Ўзим энг яхши кўрган йўналишларимдан! Шунинг учун, мана шу йўналишда ҳам қўшиқ куйлаш ниятим бор эди. Ниятларим амалга ошмоқда, насиб қилса, бу йўналишнинг яна давоми бўлади! Чунки, бизнинг эстрадамизда бундай йўналишда қўшиқ куйлайдиган хонандалар кам! “Маликам энди қара” қўшиғимнинг машҳур бўлиб кетиши, жуда ҳам қизиқарли ҳолат бўлди. Бу ҳам омад! Чунки, қўшиқ ҳали чиқмай туриб. “Маликам энди қара” деган гапни машҳур бўлиб кетиши, ҳар қандай ижодкорни қувонтиради. Қўшиғимни ўзгача услубда реклама қилиш ғояси қандай келиб чиқди? Ҳозирда энг ривожланган ижтимоий тармоқлардан бири инстаграмм эканлиги сир эмас. Ҳоҳлайсизми, йўқми ижодкор бўлганингиздан кейин ижтимоий тармоқларда фаол бўлишингиз талаб этилади. Чунки, диққат-эътиборда бўлишингиз керак. Демак, бошидан қўшиғимни нимадир қилиб машҳур қилишим керак, шуни ўйладим. Машҳур қилишнинг йўли эса, нимадир қилиб, инстаграммда шов-шув қилиш эди. Одатий тарзда янги қўшиқ премьераси, деб ёзсам қизиқ бўлмасди. Чунки, ҳамма шундай ёзади. Қарасам, бутун дунёдаги фуқаролар “Донбассни қутқаринглар” деган ёзув билан суратларга тушишмоқда. Шундан келиб, чиқиб, “Маликам энди қара” деган ёзув билан, ҳаммани суратга туширсам-чи, деган фикр келди ва санъаткор дўстларимиздан буни илтимос қилдим. Манзура, Муниса Ризаева, Шохруххон, хуллас, ҳаммалари ёзувни кўтариб суратга тушиб беришди. Уни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга жойлаштирдим, лекин нималигини ёзмадим! Бошқалар қўшиқлигини билмасин, шунда одамларда савол туғилиб, “интрига” бўлади, деб ўйладим. Чиндан ҳам шундай бўлди! “Маликам энди қара” нима у? Ҳаммада шу савол туғилиб, ўзи шундай ёзув кўтариб суратга туша бошлашди. Ўз-ўзидан халқнинг ўзи илиб кетиб, шов-шув бўлиб кетди! Демак, одамларга ёқди! Жуда ҳам хурсандман, қўшиғим чиқишидан аввал номининг ўзиёқ машҳур бўлиб кетди! Энди ҳозир қаерга борсам, айниқса, вилоятларда “Маликам энди қара”ни сўрашмоқда! Қўшиғингиз клипсиз хит бўлса, бу зўр натижа! Бу чиндан ҳам қўшиғингиз яхши чиққанидан дарак бўлади! Водийга борганимда, “Дўст”ни қандай сўрашса, “Маликам энди қара”ни ҳам худди шундай сўрашмоқда! 2-3 марта қайталаб куйлашимни сўрашмоқда! Бошланиши ёмон эмас!
- Ўзингиз ҳам айтдингиз, ижодда танаффусдан сўнг, яна юксак чўққини эгаллаш жуда ҳам қийин. Бу камдан кам ижодкоргагина насиб қилади. Сизга бу борада нима ёрдам берди? “Дўст” қўшиғингиздан ташқари, албатта.
- Биринчи навбатда, сизни қўллаб-қувватлайдиган, бу сўзсиз сизнинг оилангиз! Мени ҳам, оилам ёрдам берди. Менга далда бериб, қўллаб-қувватлаб турган, мени яна оёққа туришимни дуо қилиб, Оллоҳдан сўраган оилам бўлди. Қолаверса, яна бир нарса бу тоза қалб, яхши истак-ният бўлса, албатта, амалга ошади. Ҳар қандай вазиятда ҳам, инсон қалби поклигини сақлаб қолиши керак. Ҳеч кимга ғараз, ҳасад билан қараши керак эмас. Ҳавас билан, нима бўлишидан қатъий назар, фақат яхшиликка, деб қараб, ҳаракатни тўхтатмаслик керак! Шу нарсалар менга ёрдам берди. Яхши ният, ота-онам, оилам, қалб поклиги, яхши истакнинг чин дилдан эканлиги ва албатта, иймон!
-“Жамилахоним ёмонлар!” Бу қўшиқ фақат аёлларга бағишланганми ва бу қўшиқ орқали чиндан ҳам, аёлларни чиндан “ёмон”ламоқчимисиз?
-Йўқ, йўқ! Асло! Бу қўшиқ ҳазил қўшиқ бўлиб, айрим рашкчи, беҳуда рашк туфайли ҳам ўзининг, ҳам эрининг асабини ейдиган аёлларга бағишланган ҳазил қўшиқ. Бу орқали мен шунчаки мухлисларимизнинг кайфиятларини кўтармоқчи, ўз ижодимда янги йўналиш кашф этмоқчи бўлдим, холос. Ўзи илк бор сурхонча йўналишда қўшиқ куйладим! Бу менинг ижодимда янгилик! Қўшиқ шеъри Аҳад Қаюмники, ғояси эса, ўзимга тегишли. Учқун Шарипов мусиқаси ва аранжеровкаси. Қўшиқ ҳам антиқа, клип ғояси ҳам! Назаримда, шу кунларда, тингловчиларга, мухлисларга озгина яхши кайфият, хурсандчилик етишмаётгандек. Шунинг учун ҳам, бу галги қўшиғим, ҳазиломуз, кайфиятни кўтарадиган қўшиқ бўлди!
- Бугунги Сардор Раҳимхон билан кечаги Сардор Раҳимхоннинг фарқи нимада?
- Жуда катта фарқ бор! Бугунги фикрларим анча теран, бугун анча “пишган”ман. Бугунги қарашларим ҳам анча улғайган. Бугун мен кўпроқ инсоний муносабатларга, инсоний оқибатга кўпроқ эътибор бераман! Аввал эса, кўпроқ атрофимдаги машҳурлик, шон-шуҳрат, касбий муваффақиятларга эътибор берган бўлсам, ҳозир кўпроқ инсонийлик, қадр-қиммат, меҳру муҳаббат, оқибат, оиладаги муҳит, шу кабиларга кўпроқ эътибор беряпман! Бугунги кунда ёнимдаги бахтим, омадимни кўпроқ қадрига етадиган бўлганман! Олдин менда шошқалоқлик бор эди, ҳозир анча хотиржамман, анча босиқроқман, ҳамма нарсага теран фикр билан қарайман! Бугун мен ота бўлганман! Бу тарафлама ҳам фарқ катта, қолаверса, ташқи кўринишимда ҳам ўзгаришлар бордир? Кейин, қолаверса, бугунги кундаги майда нарсаларга эътибор бермайдиган бўлганман.
- Майда нарсалар, деганда ишдаги асаббузарликларни назарда тутяпсизми?
- Касбий майда асаббузарликларни! Майда-чуйда гап-сўзлару, иғволарни айтяпман. Тирноқ остидан кир қидиришлару, камчиликларга ўткинчидек қараб, ҳамма нарсага хотиржам ёндошадиган бўлганман!
- Ҳозирги кунда сизни турли тадбирларда кўп учратмоқдамиз. Ватанпарварлик бобида ўрнак бўлиш деганда, биринчи навбатда нимани тушунасиз ва ҳис қиласиз?
- Инсон биринчи навбатда ўзи ибрат бўлиши керак. Ўшанда ундан кимдир ўрнак олади. Ўшандагина у кимгадир чинакам кумир бўла олади. Замонамиз қаҳрамони ҳақида кўп айтилади. Замонамий қаҳрамони ким у? У ҳар битта соҳанинг ўз мутахассиси! Масалан, Америкада Бетмен, Супермен, Ўргимчак одам каби қаҳрамонлари бор ва улар нима бўлишидан қатъий назар яхшилик билан ютиб чиқадиган қаҳрамонлар. Улар халқига фидоий бўлиб, ёшларга ўрнак бўлишади. Ҳаммани уларга ўхшагиси келади. Биз ҳам, мана шундай қаҳрамон бўлишимиз керак. Ҳар биттамиз ўз мисолимизда фарзандларимизга, мухлисларимизга ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак! Оғизда, гап билан эмас, амалда ўзимиз фидоийликни кўрсатиб, мисол бўлишимиз керак. Шунда инсонлар ишонишади ва ўрнак олишади. Мана ўзи қиляпти-ку, шундай бўлса, яхши инсон бўлар экан, деб ибрат олишади. Менинг фарзандларим, мени кўриб, мен айтмасам ҳам, ўзи кўриб, “дадам шундай яхши инсон-ку”, деб ибрат олиб, вояга етишларини ҳоҳлайман. Менинг мухлисларим ҳам, мендан ўрнак олиб, яхши тарафга ўзгариб, ҳеч бўлмаса, биттагина хатосини тўғрилаб кетса ҳам, мен қилаётган ишим тўғрилигига амин бўламан. Бизнинг касбимиз диққат-эътиборда бўлганлиги учун ҳам, бизнинг таъсир кучимиз жуда ҳам катта! Бизнинг касбимиз билан жуда ҳам кўп ўзгаришлар қилиш мумкин. Машҳурлик бу фақатгина қўшиқ куйлаш эмас, жамиятга ҳам фойдангиз тегиши керак, деб ўйлайман. Ҳаттоки, юртимиздаги фаровон ҳаёт ва Ватанимиз юксалишида ҳам сизнинг ўрнингиз бўлиши мумкин. Нафақат инсон, балки фуқаросиз ва сизнинг фуқаро сифатида ҳам бурчингиз бор! Мен ҳозирги глобал ривожланаётган замонда, бизнинг тинч-тотув ҳаётимизда бизнинг ҳам ўрнимиз бўлишини ҳоҳлайман! Шунинг учун ҳам, ибратли бўлишга, фаол бўлишга интиламан.
- Тадбирлар доирасида вилоятларда ёшлар билан кўп ижодий мулоқотда бўлмоқдасиз. Уларни сизга берадиган саволларига аҳамият берасизми? Кўпроқ қандай саволлар билан мурожаат қилишади?
- Мени ачинтирадиган бир ҳолат бор, нечта вилоятда бўлган бўлсам, афсуски баъзи ёшларни майда-чуйда нарсалар кўпроқ қизиқтиради. Масалан, чекиш, интернет, дўстлар билан майда-чуйдалар ҳақида суҳбатлашиш, ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар, юзаки муҳаббат мавзулари, хонандалар машҳурлиги ва шахсий ҳаёти, шу каби нарсаларга ўралашиб қолишган. Бу ҳолатга эътибор бермасликнинг иложи йўқ. Бундай ҳолатни кўргандан кейин ҳоҳлайсанми, йўқми буни ўзгартиргинг келади. Ёшлик қайтиб келмайди, ёшлар бундай пайтда катта орзулар, катта ишлар билан машғул бўлиши керак, деб ўйлайман. Ўз олдиларига катта мақсадлар қўйиб, мана шу мақсадлар сари интилиши керак. Чунки, ҳозир уларнинг айни пойдевор қўядиган вақти. Ёшлар билан ижодий мулоқотлар ҳам бекорга ўтказилаётгани йўқ. Айнан, мана шу нарсани ўзгартиришга бўлаётган ҳаракат бу. Ижодий учрашувларда мен одатда шундай йўл тутаман, ёшларга қарата “сизлар бизни касбимизга оид савол берманглар, аксинча биз сизларга савол берайлик!” дейман. Шу тарзда, ўзаро мулоқот юзага келади. Токи, суҳбатлар “сиз қачон туғилгансиз? Яхши кўрган қизингиз борми?” каби саволлар билан эмас, керакли мавзулар билан ўтсин! Негаки, ҳозир биз муҳим нарсани ҳал қиладиган вазиятда турибмиз. Масалан, жаҳон урушлари бўлган вақтда, кўплаб давлатлар ва инсонлар тақдири ҳал бўлган. Ҳозир ҳам, шундай вақт, дейиш мумкин. Аммо, бу қуроллар билан бўладиган уруш эмас, аксинча “информацион уруш” дейиш мумкин. Яъни, маънавият, маданиятдан қурол сифатида фойдаланилаётган вақт. Оммавий маданият қурол сифатида ишлатилмоқда. Биз бунга нима билан қарши тура олишимиз мумкин? Фақатгина ўз онгимиз ва фикримиз билан! Агар фикримиз паст, қолоқ бўлса, ҳоҳласак, ҳоҳмасак ҳам, енгилиш мумкин! Унинг таъсир кучига кириб қолиш мумкин. Дунёдаги ҳозирда бўлаётган урушлару жанжаллар келиб чиқишининг энг асосий асорати, биринчи навбатда халқнинг онгига таъсир қилиш билан бўлмоқда. Биз бунга бефарқ бўлишимиз асло мумкин эмас! Чунки, вазият қалтис ва бизнинг ўлкамиз ҳам бундан мустасно эмас! Негаки, ёшлар онгини бузишга ҳаракат қилинаётган бўлиши мумкин, уларни оммавий маданиятга йўналтириш учун ҳаракатлар бўлмоқда. Шундай вазиятларда фуқаро сифатида, ҳар битта санъаткорнинг ҳам бурчи, ёшларнинг онгига ижобий таъсир кўрсатиб, уларни фидоийликка ундаш, кўзини очиш, бефарқ бўлмаслик! Масалан, хорижга чиққанимда гувоҳ бўлганман, Америкаликлар, “мен Америкаликман” кўксини кериб гапиради, мадҳиясини бирга куйлайди. Уларни ҳеч ким бунга мажбур қилмайди, бу уларнинг ичида бор! “Мен буюк миллатман” деган нарса бор, бизда эса, афсуски, бу нарса камроқ... Шуни ривожлантириш, кучайтириш керак, назаримда! Бу қаердан келиб чиқади? Албатта, ўз-ўзидан эмас! Қачонки, биз ўзимиз шуни бир-биримизга гапирсак, тушунтирсак, бу нарса келиб чиқади! Уни кимдир бизнинг онгимизга солиб қўймайди. Мен гапирсам, мени куйиб-пишаётганлигимни мухлисларим кўришса, уларда ҳам пайдо бўлади. Уларда кўриб, бошқаларда... Ҳар биримиз шу тарзда ибрат бўлишимиз керак! Шу тарзда секин-секин бу нарса ривожланади. Шунинг учун ҳам, ҳар биримиз ўз соҳамизда қаҳрамон бўлиб, замонамиз қаҳрамонларини ўзимиз яратишимиз керак!
- Сизнинг-ча, ёшларни оммавий маданиятдан қандай қайтариш мумкин? Қандай қилиб, оммавий маданиятнинг олдини олиш мумкин? Санъаткор сифатида фикрингиз? Сизни ҳам 2 фарзандингиз бор. Бу борада қандай чораларни қўллаш керак, деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда, фарзандларимизни оммавий маданиятнинг ўчоқларидан чегаралаб қўйиш керак. Бу интернет, телеведение! Интернетдан чегаралашнинг ҳам иложи бор! Биринчи навбатда, болаларга смартфон телефонларини бериш керак эмас! Оддий, интернетга кириб бўлмайдиган телефон бериш керак! Ҳеч қайси бола ота-онасига қарши бормайди, барибир. Бир-икки марта гапга қулоқ солмаслиги мумкин, аммо кейин барибир ўйлаб иш қилади. Агар шу нарса боланинг ҳаётини ҳал қиладиган бўлса, керак бўлса, қаттиққўллик қилиш керак! Телевизор кўрганида ҳам, ёшига мос, онгига ижобий таъсир кўрсатадиган каналларга қўйиб қўйиш керак. Ҳар хил чет эл каналлари, фильмларини кўрсатиш керак эмас. Ахир ота-она назорати, деган нарса бор-ку. Ҳар қандай ота-она кунига бир-икки соат вақтини албатта, фарзанд тарбиясига бағишлаши керак! Чарчаса ҳам, уйқусидан воз кечиб бўлса ҳам, шу нарсани қилиши керак! Болани назорат қилиш керак! У ким билан ўртоқ бўляпти, қандай инсонлар билан мулоқотда бўляпти, ўқитувчиси нимани ўргатяпти, атрофидагилари нима иш билан машғул, нима гаплар эшитяпти? Ота-она ҳаммасидан хабардор бўлиши керак! Ҳамма нарсани олдини олса бўлади! Ҳаракат ва ҳоҳиш бўлса бас! Афсуски, охирги вақтда ҳамма фақат бугунги кун ўтиши билан машғул бўлиб қолгандек... фарзанд тарбияси иккинчи даражали нарсага айланиб қолгандек... Шунинг учун ҳам, оммавий маданиятнинг ривожланишига йўл очилаётгандек... Кўпчилик фақат қорнини тўйғазиб, чиройли кийинишни ўйлаяпти, маиший нарсалар билан машғул бўлиб қоляпти! Буни ўрнига тарбияни оиладан бошлаш керак! Ота-она, атрофдаги дўст, буви, бува, таъсир кучга эга бўлган биз каби санъат вакиллари, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак, бемалол оммавий маданиятнинг ҳам олдини олишимиз мумкин!
- Сизнинг-ча, нафақат санъаткорлар, балки умуман, инсон маънавияти ва маданияти қандай бўлиши керак?
- Маънавият ва маданият, замон ўзгариши билан ўзгарадиган нарса! Бу тарафлама ҳам, замонга мослашмаса бўлмайди. Қайси маънода? Масалан, маънавият ва маданиятингиз 30-40 йилларда қолиб кетган бўлса, инсонлар билан киришиб кетишингиз қийин бўлади! Замон билан ҳамнафас бўлиш керак! Лекин, ҳамма нарсада ўзига хос чегара бўлиши керак! Мен маданият тарафлама ҳамма билан бирга бўлишим керак экан, деб ғарбга оғиб кетиб, уларга кўр-кўрона эргашиш бутунлай нотўғри! Ҳамма нарсани инобатга олиш керак! Қайси ўлканинг фарзандисан? Ота-онанг, аждодларинг ким? Ўзинг кимсан? Келажагинг қандай бўлиши керак? Қаерда яшаяпсан? Шу нарсаларнинг ҳаммасини инобатга олиш керак, назаримда! Албатта, ўзимизнинг менталитет, қадру қимматимиз, урф-одат ва анъаналаримиздан келиб чиқиб, уларни унутмаган ҳолда маданиятимизни қуришимиз керак. Чунки, маданият, илм-фан ўчоғи, ҳар доим Шарқ, Ўзбекистон бўлиб келган. “Бошқалар сомондан оёқ кийими ясаб кийиб юрганда, биз маҳси-калиш кийиб юрганмиз” деган сўзлар бежиз айтилмаган. Маданият, маънавият дейилганда, ўзининг кимлигини ҳисобга олиб, шундан келиб чиқилиши керак. Чунки, ҳеч қачон бошқаларнинг маънавияти, маданияти билан яшай олмайсиз. Масалан, мен ўзим ҳам, дейлик, Американинг маданияти, маънавияти билан яшай олмайман! Мен ўзбекман, масалан, мен паловни яхши кўраман, Америкада эса, ўзининг хот-догини яхши кўришади. Бу ҳам, маданият. Чунки, ўша палов билан ҳар биримизнинг кўнглимизга ўзбек ғурури, ўзбек нафаси кириб келади. Оддийгина тандирда ёпиладиган нонлар билан, ўзбеклигимиз, ҳароратимиз, ўзимизнинг қадру қимматимиз кириб келган. “Ассалому алайкум” деган ўзига хос саломимиз бор, бошқалар “Хелло” деб кетса, биз ҳам шундай деб, кетмаймиз-ку! Лекин, афсуски, баъзи ёшлар орасида бундайлар ҳам учраб туради. “Ассалому алайкум”ни унутиб қўяётганлар бор. Шунинг учун ҳам, ҳар битта нарса, ўз миллати, ўз ғурури билан, қаерда дунёга келганлиги билан қурилиши керак. Бу энг тўғри йўл, маданият ва маънавият ҳам шундан келиб чиқади!
- Агар имконият берилиб, болаликка қайтган бўлганингизда, нимани тўғрилаган бўлардингиз?
- Агар шундай имконият бўлса, кўпроқ китоб ўқиган бўлардим! Кўп бекор ўтган вақтларим бўлган. Дадам, шу нарсага кўп уришардилар, “ўқи, кейин афсусланасан” дердилар. Мана шу нарсанинг қадрига энди етяпман! Нима бўлишидан қатъий назар мусиқа мактабига ўқишга кирган бўлардим! Мусиқа йўналиши бўйича, мустаҳкам билимга эга бўлган бўлардим. Кўз ўнгимда тақдири яхши бўлмаган болаларни, ўша вақтнинг ўзида тақдирини ўзгартирган бўлардим! Уларга нотўғри йўлдан кетаётганлигини тушунтирардим. Бугунги кундаги кўнгилсизликларнинг олдини, ўша вақтда олган бўлардим. Имкони бўлганда, глобал даражадаги муаммоларнинг ҳам ўша вақтда олдини олган бўлардим. Тўғри, бу нарса иложсиз. Аммо, масалан, бугунги кунда ҳам эртага бўладиган муаммони бугун олдини олсангиз бўлади. Бунинг учун, ҳар битта одам ўзининг эртасини кўра билиш керак. Ҳар бир инсон, тўғри йўлдан кетяпманми, деб ҳушёр бўлиб, ўзига ўзи савол бериши керак. Масалан, сиз тўғри йўлдан кетаётган бўлсангиз, кимдир сизни тўғри йўлингиздан 2 градусга буриб қўйса, сиз ҳозир ариққа йиқилмайсизу, аммо 10 кундан кейин секин-секин бориб, ўша ариққа йиқиласиз! Шу нарсани инсон кўра билши керак. Шунинг учун ҳам, инсон бугун билан эмас, эрта билан яшаши керак! Ҳар бир инсон қилаётган ишининг натижасини, асоратини теран англаб ета олиши керак. Бугунги кун ўтса бўлди, эмас. Бугун ўтган билан, эртанги кун ҳал бўлиб қолмайди!
- Машҳурликнинг тугашидан қанчалик қўрқасиз?
- Бу нарса ҳар битта инсонга оғир таъсир қилади! Ҳар битта инсоннинг ҳаётида бу бўлиши керак бўлган, жуда ҳам қийин вазиятлардан бири! Мени назаримда, инсон ўзини бу нарсага ҳам секин-секин тайёрлаб бориши керак. Бир пайтлар мен, “машҳурлигим, омадим кетишига тайёрман. Бу нарсани бир кунмас, бир кун юз бериши биламан” дердим. Аммо, йўқ бўлиб кетмадиму, лекин 2-3 йил ичида бошимга синовлар келганида, озгина рейтингим тушганида ҳам, инсон сифатида анча сиқилдим. Чунки, ҳамма ҳам тирик жон ва ҳаммада ҳам асаб бор! Ҳамманинг эътиборида бўлган инсон, салгина омади кетиб қолса, ҳоҳлайсизми, йўқми, бу ҳолат уни эсанкиратиб қўяди. Шунинг учун ҳам, тайёрман, демайману, аммо, бир марта бошимдан ўтди. Шунинг учун ҳам, мен ҳозирдан бу нарсанинг олдини олишга ҳаракат қиламан. Чунки, бу нарса барибир бир кунмас, бир кун юз берадиган ҳолат. Лекин, бу нарсанинг ўрнини бошқа нарса билан босиб кетишга ҳаракат қиламан. Яъни, билинмасин. Машҳурлик кетса, нима учун инсон сиқилиб қолади? Чунки, эътибор ва молиявий имконияти йўқ бўлиб қолади. Ана шундан сиқилади. Агар эркак кишининг чўнтагида пули бўлса, хурсанд бўлиб юраверади, агар пули бўлмаса, кайфияти ҳам йўқ бўлиб қолади. Шу нарса ҳам инсон кайфиятига таъсир қилади. Шунинг учун ҳам, бунинг олдини олиб, ҳозирдан замин яратиб қўйиш керак. Ўзимни ижод соҳасида ҳам машғул қилиб қўйишим керак. Шунинг учун ҳам, менинг назаримда, агар ҳоҳиш-истак бўлса, ҳамма нарса қилса бўлади.
- Лекин, кексайганида ҳам машҳурлигини йўқотмаган, машҳурлиги тугамаган санъаткорлар ҳам бор-ку? Шундай бўлиши учун нима қилиш керак?
- Биринчи навбатда, яхши инсон бўлиш керак! Масалан, шундай устоз санъаткорларимиздан Ғуломжон ака Ёқубов. У кишини ҳамма нега ҳурмат қилади? Биринчи навбатда яхши инсон эканлиги учун ҳам ҳурмат қилишади! Яхши инсон эканликлари билан обрўни ҳам, рейтингни ҳам, ижодни ҳам сақлаб турибдилар. Ҳамма у кишини ҳақиий эркак, гапининг устида туради, дейишади. Ҳеч кимнинг ортидан гапирмайдилар, ғийбат қилмайдилар, ҳасад қилмайдилар, бировнинг дилини оғритмайдилар, ўз йўналишида ижод қилиб, ўз ҳаёти билан яшайдиган яхши инсон! Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда яхши инсон бўлиш керак! Яхши инсон бўлсангиз, сизнинг касбингиз ва ижодингиз ҳеч қачон эскирмайди! Ҳар доим, диққат-эътиборда бўлиб қолаверасиз.
- Яна продюсерлик фаолиятини давом эттириш ниятингиз борми?
- Йўқ! Тўғрисини айтаман, бундан “тилим куйди”. Туҳматларга қолган вақтим ҳам бўлди. Мени нотўғри тушунишди ва бунинг ортидан кўп қарзлар тўлаган вақтларим бўлди. Бу ҳам ўша 2-3 йиллик танаффусим, муаммоларимнинг сабабларидан бири. Шунинг учун ҳам бу хатони қайтармайман! Чунки, баъзи ҳолларда яхшиликнинг қадрига етишмайди. Кимгадир яхшилик қиламан, деб гап, иш орттириб оласиз! Яхшиликни билган инсонга қилиш керак экан! Кейин иложи борича, ўз ҳаётингизга салбий таъсир кўрсатмайдиган даражада яхшилик қилиш керак экан! Мени эса қилган яхшилигим, ўзимга салбий таъсир қилиб қўйди. Ўзимни вақтимни, имкониятларимни ва ўзимни топаётган маблағимнинг ярмини олиб қўйди! Бу нотўғри иш бўлди.
- Кекса Сардор Раҳимхонни қандай тасаввур қиласиз?
- (кулади) Рафиқамга кўпинча “қариганимизда ҳам сен билан иккаламиз ҳам, бирга кексайиб юрамиз” дейман. Албатта, ҳамма қатори менга ҳам чиройли қариш насиб қилсин, дейман. Бувим, доим шундай деб, дуо қилардилар. Чиройли қариш, деганида бунинг тагида жуда катта гап бор. Ҳаммага чиройли қариш, насиб қилсин. Ўтириб, ҳаммани дуо қилиб, набиралар тарбиясида ҳам фаол қатнашиб, набираларини боғчаларга олиб бориб, уларга яхши нарсаларни ўргатадиган, чиройли кийиниб юрадиган, бошқалар кўрганда “мана шу додага ўхшаб юрай” дейдиган мўйсафид бўлиш, насиб қилсин! Ўзимни кексалигимни шундай тасаввур қиламан. Ҳаммага шундай нуроний кексалик насиб қилсин!
- Инсон машҳурликда ўзини йўқотмаслик учун нима қилиши керак? Чунки, 2 та қўшиғи машҳур бўлса, ўзини йўқотиб қўядиганлар ҳам кам эмас.
- Энди бу нарсани ҳамма гапирса ҳам, буни олдини олиш қийин, деб ўйлайман. Токи, ўша нарса ўзингизнинг бошингиздан ўтмагунча, ҳақиқатни тушуниб етмайсиз. Инсон ўзини йўқотиб қўйиши, бу ҳам бизнинг камчиликларимиздан, иллатларимиздан бири! Бу нарса ҳамманинг ичида бор, омад келганида инсон ўзини йўқотиб қўяди. Ман-манликка берилиб қолиши мумкин. Гўёки, омад ҳеч қачон тарк этмайдигандек, ҳамма ҳамиша фақат сизга қарсак чаладигандек руҳингизга руҳ қўшаверади. Ҳоҳлайсизми, йўқми, ҳаволаниб кетасиз. Ҳар қанча огоҳлантиришса ҳам, тушуниб етмайсиз. Токи, бош деворга урилмагунча! Шунинг учун ҳам, қанча гапирилган билан фойдаси йўқ. Токи, ўзини бошидан ўтгач, тушуниб етади. Лекин, “кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган гап ҳам бор. Бу ҳам бекорга эмас. Афсуски, кўпинча юлдузликка, манманликка бериладиганлар, булар ўша кўрмаганнинг кўргани қурсин, сўзига мос инсонлар. Агар, инсоннинг меъдаси тўқ бўлса, яхши оилада, яхши тарбия кўрган, кўзи тўқ бўлса, ўзини йўқотиб қўймайди! Ҳамма нарса бу дунёда ўткинчи, айниқса, омад ва машҳурлик! Энг тез ўтадиган нарсалардан бири шулар! Энг тез эскирадиган касб, бу бизнинг касбимиз! Тез эътибордан қолиш ва тез давр ўтиши мумкин. Тўғри, эл назаридан қолмайдиганлар ҳам бор. Аммо, 80-90 фоиз ҳолатларда, хонандалар бугун бор эртага йўқ. Жуда саноқлилар қолади. Бундай вазиятларда иложи борича, инсоний қадр-қимматни биринчи ўринга қўйиш керак. Шундагина санъаткор ютади ва умрибоқий бўлади!
- Ижоддаги асаббузарликларни қандай енгасиз?
- Бу вақти соати билан енгадиган нарса! Бошида енгиш қийин бўларди. Вақт ўтиши билан, кўникдим. Секин-cекин чиниқдим ва охири ўргандим. Чунки, вақт ўтиши билан соғлигингизга таъсир қилишини, бундай яшаб бўлмаслигини тушунасиз. Охири ўзингиз хулосага келиб, “йўқ, бундай яшаб бўлмайди. Ёки мен бунга беэътибор бўлишим керак, ёки бу касбдан кетиш керак”, деган фикрга келасиз! Бундан тўғри хулоса чиқариб, “мен беэътибор бўлишим керак, мен ўз мақсадим сари интилишим керак. Агар уларга нисбатан кўзим кўр, қулоғим кар, ўзим беэътибор бўлсамгина мақсадимга эриша оламан” деган хулосага кела олсангиз бўлди. Биргина йўли шу, бошқа йўли йўқ!
- Жаҳлингиз чиққанидан қандай қилиб жаҳлдан тушасиз?
- Ўзимни чалғитаман. Вақтим бўлса, уйга бориб оилам учун овқатлар тайёрлайман, болаларим билан ўйнайман. Баланд қилиб мусиқа тинглайман, ёки дўстларимдан бирига кутилмаганда қўнғироқ қилиб гаплашаман! Шу тарзда юрагимни “бўшатиб” оламан. Шундай пайтда юрагингизни бўшатиб олмасангиз, бу сизнинг соғлигингизга албатта, таъсир кўрсатади. Юрак шундай ҳолатлар сабабли ишдан чиқади. Эркак кишиларда шу туфайли ҳам, инфаркт кўп бўлади. Тиббиёт ходимларининг ҳам хулосалари бекорга эмас. Чунки, эркак киши баъзида ўз дардларини чиқариб юбора олмайди ва ичида сақлайди. Аёл киши бўлса, бақириб, йиғлаб, чиқариб юбора олади. Шунинг учун, эркак киши ҳам, юрагида сақламай, чиқариб юбориши керак. Жуда бўлмаса, чеккага бориб, бақириб бўлса ҳам, чиқариб юбориши керак. Жуда бўлмаганда сувга дардини айтиши керак. Мен ўзим, баъзида маза қилиб ширинлик ейман! (кулади)
- Агар шундай жаҳлингиз чиқиб турганда фарзандингиз келиб, нимадир сўраб қолса-чи?
- (кулади) Ундай пайт ҳаммада бўлади! Агар, шундай пайт, “чиройли гапираман, уришмайман”, деса, ҳамма ёлғон гапираётган бўлади! (кулади) Жуда ўзингизни боссангиз ҳам, сал қаттиқроқ гапириб юборишингиз турган гап. Бундай пайтларда, қизим, четга чиқиб, (кўрсатиб беради) “Хафа бўлдим, сиздан! Сиз билан гаплашмайман!” дейди. Шуни кўриб, кайфиятим кўтарилиб кетади! Боламни бағримга босиб, “асалим, шакарим” деб, кўнглини олиб, шунинг ўзида болам билан овуниб кетаман. Бола дардни олади, дейишади-ку. Бу ҳам бор гап! Болангиз билан сиз овунасиз, бола сизни ҳаётга қайтаради! Ҳамма энг яхши, беғубор фазилатлар болада мужассам. Яхшилик барибир енгади, деган гам ҳам аслида шундан! Меҳру муҳаббат барибир ғолиб бўлади! Шунинг учун ҳам, яхшиликка интилиб яшаш керак!
- Кўпчилик қизини санъаткор бўлишини ҳоҳламайди. Агар қизингиз санъаткор бўламан деса?
- Мен, ҳозирдан бунинг олдини олишга ҳаракат қиламан. Қизимга, “ким бўласан”, десам, “шифокор бўламан”, дейди. Бола шундай нарсаки, у ниҳол! Агар ниҳолни ҳам, қаёққа буриб қўйсангиз, ўша ёққа қараб ўсади. Худди шунга ўхшаб, болани ҳам бошқарса бўлади. Биринчи, уни ёшлигидан тўғри йўналтириш керак. Бу дегани, уни мажбурлаш керак эмас, ўзини қобилиятига қараб, тўғри йўналтира билиш керак. Фарзандларим, авваламбор, дейишмасину, агар “санъаткор бўламиз”, дейишса, мутлақо қаршиман! Нафақат, аёл кишига, балки эркак киши учун ҳам, бу жуда машаққатли касб! Асаббузарликлари кўп. Биз бераётган қурбонликлар, биз олаётган нарсадан кўп, кўп нарса йўқотамиз. Мен бу нарсани фарзандларимга раво кўра олмайман.
- Ўзингиз нималарни йўқотиш эвазига, нима топа олдингиз?
- Ҳаловатимизни ва оддийликни йўқотганмиз! Яъни, оддий турмуш тарзини йўқотганмиз! Ҳамма қатори яшай олмаймиз. Доим диққат-эътиборда бўлиш катта юк ва масъулият! Бу масъулиятга ҳар доим ҳам жавоб бериш қийин. Ҳар доим мана шу масъулиятни ҳис қилиб яшаш, бу жуда ҳам қийин нарса. Масалан, машинада юраман, ёнимдаги инсонлар менга қараётганликларини биламан. Рулда ҳам хотиржам ўтира олмайман. Кимдир қараб турганини сезсангиз маза қилиб овқатлана олмайсиз-ку. Худди шундай нарса. Аммо, бошқа тарафдан олганда, бу касбимизнинг ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган жиҳати, катта бахт! Аммо, катта масъулият! Бахт ва масъулият! Яъни, плюси ҳам, минуси ҳам бор. Кейин, иш билан кўп банд бўлиб, ота-онам билан бирга бўлиш вақтларимни йўқотиб қўйдим, деб ўйлайман. Отамни касал вақтлари бирга бўлдиму, аммо соғ вақтлари ишим билан овора бўлиб, улар билан кўп бирга бўла олмадим. Соғ вақтларида у киши билан кўп суҳбатлаша олмадим. Ўз оиламнинг кўп бахтли кунларини йўқотдим. Ишимиз, касбимиз шундай, кўп нарсани талаб қилади. Хизмат бўлса, чиқиб кетиш керак, бу вазифангиз. Чунки, бу ишни ўзингиз танлагансиз! Бизда эрта-кеч деган нарса йўқ. Вақту соат, вақтида овқатланиш, деган нарсалар йўқ. Шунинг учун ҳам, йўқотилган нарсалар кўпроқ. Лекин, яхши ҳамки, эришганларимиз бор ва шулар билан овунамиз. Халқ меҳри, халқ эътибори билан овуниб яшаймиз. Агар эътибор қилсангиз, санъаткорлар барибир дилида ёлғиз! Нимага? Чунки, назаримда ҳамма санъаткор ўз дунёсида яшайди! Бўлмаса, у санъаткор бўлмасди! Ҳамма ижодкор борки, у романтик! Ўз ясаб олган дунёси бор! Лекин, афсуски, ўша ясаб олинган дунё, бу оламга тўғри келмайди! Шунинг учун ҳам, биз санъаткорлар ёлғизмиз! Биз эртаклардаги ҳис-туйғуларни, яхшиликни, ёрқинликни, меҳру муҳаббатни орзу қилиб, шу билан яшайдиган инсонлармиз! Шунинг учун ҳам, бизларни ижодкор, дейишади. Лекин, биз ясаб олган дунё, асл ҳаётга тўғри келмайди! Шунинг учун ҳам, биз дилда ёлғизмиз!
- Ижтимоий тармоқлар кўп вақтингизни эгаллаши, айнан шу туфайлими?
- Йўқ! Мен ижтимоий тармоқларда мажбурият нуқтаи назаридан фаолман! Чунки, бугунги кунда интернет жуда ҳам ривожланган. Санъаткор интернетда фаол бўлмаса, у эътибордан қолади. Ҳозирги куннинг шавқатсиз талабларидан ҳам бири шу. Чунки, ёшлар ҳаммаси интернетда ва улар сизни кўриб, ижодингиздан хабардор бўлиб туришлари керак. Ҳозирги кунда янгиликларни энг биринчи етказишнинг энг қулай воситаси, бу интернет.
- Унда қўл телефонингизга қанчалик боғлангансиз?
- Жуда ҳам боғланганман. Аммо, имкон даражасида ҳозир шу нарсани чегаралашга ҳаракат қилмоқдаман! Вақт белгилаганман, 2-3 соатда бир кираман. Агар шундай қилмасам, қарасам, интернетнинг ичида яшаб қоляпман. (кулади) Уйим интернетда бўлиб қоляпти. Буни олдини олишнинг биргина йўли, ўзини ўзи чегаралаш! Интернет керакли нарса, аммо унда ҳам меъёр бўлиши керак, у касалликка айланиши керак эмас!
- Қандай инсон сизнинг ҳурматингизни қозониши мумкин?
- Самимий, ўз ишига масъулиятли, бошқаларга ҳасад эмас, ҳавас билан яшайдиган мард инсонлар!
- Ўзингиз мана шу санаб ўтган фазилатлар эгаси бўлишга қанчалик интиласиз?
- Мен ўзим кимдан нима кутаётган бўлсам, биринчи навбатда ўша фазилатни ўзимда камол топтиришга ҳаракат қиламан. Биринчи навбатда, боя айтганимдек, ўзим ибрат бўлишим керак! Кимдандир талаб қилишдан аввал, мен ўзим шу нарсани бера олишим керак.
- Ҳозирги кунда, фикрингизча, мард эркак қандай бўлиши керак?
- Авваламбор, мардлик бу кучда эмас, вафо, садоқат, ақл ва меҳру муҳаббатда! Чинакам мардлик, бу туриб бера олиш ва керак бўлса, жонини фидо қилиш демакдир. Эркак киши нафақат оиланинг боши, балки шу яшаб келаётган она тупроғини жуда кенг маънода ҳимоячисидир.
- Оилада ким билан сир бўлиша оласиз?
- Энди шундай сирлар ҳам бўладики, уларни турмуш ўртоғингизга, оила аъзоларингизга ҳам билдира олмайсиз. Сир, шуниси билан сир! Ҳар битта инсоннинг сири ўзида қолиши керак, деб ўйлайман. Энди турмуш ўртоғингиз ёки онангизга, яқинларингизга айтишингиз мумкин бўлган сирлар ҳам бўлади. Лекин, менимча, эркак киши иложи борича сир сақлай олиши керак! Сирни кимгадир айтдингизми, сиз унинг асирига айланасиз. Сир сизда экан, у сизнинг асирингиз. Шунинг учун, иложи борича, сирни ўзингизда сақлаганингиз маъқул.
- Қачон охирги марта автобусда юргансиз?
- (кулиб эслайди) Йўловчи бўлиб, охирги марта институтда ўқиётган вақтимда автобусда юрганман. Яқинда эса, шундай вазият бўлди, вилоятга борганимизда бизни концертга автобусда олиб кетишди. Буни суратга олиб, интернетдаги саҳифамга ҳам жойладим. Автобусда туриб олиб, ёшлигимни эсладим. Маҳаллий рейсларда ҳам, аэрапортга автобусда олиб боришади. Шундай пайтларда маза қиламан.
- Ҳаётингизда жавобсиз муҳаббат бўлганми?
- Жавобсиз муҳаббат қачон бўлади? У инсон сизнинг севгингизни билсаю сизга жавоб қайтармаса, ўшандагина севгингиз жавобсиз бўлади. Аммо, у инсон билмаса, у жавобсиз севги эмас! Бу пинҳоний севги бўлади! Менда шундай бўлган, мен айтмаганман. Ҳозирда эса, севгим, бу аёлим! Унгача бўлган муҳаббатим, мактабда бўлган, севгимни унга айтолмаганман, яъни айтгунимча, вазият қўлдан бой берилган. Шунинг учун ҳам, жавобсиз севги бўлмаган! Севги ўзи икки тарафлама бўлиши керак. Фақат икки тарафлама бўлсагина у бахтга олиб келади. Чунки, ҳеч кимни мажбурлаб севдира олмайсиз! “Ўзимни ўлдираман, у сиз ҳаёт тамом”, дейиш бу енгилтаклик. Бу иродасизликдан далолат бўлади. Вазиятни қўлга олиб, ҳамма нарсага теран кўз билан қараш керак. Ҳаммани Оллоҳ пешонасига ёзиб қўйган бахти бор! Фақат биз буни баъзида кўра билмаймиз ва ўтказиб юборамиз. Бахтсиз, келишмовчиликлар, нотинчликлар кўп бўлган оилалар, эру хотинлар бор, улар ёр танлашда адашганлар, яъни ўша ўз бахтини топа олишмаган, ёки кўрмай ўтказиб юборишган. Чунки, тақдир ҳам инсоннинг ўз қўлида! Инсон, ўзига бахт олиб келадиган инсонни кўра билиши керак! Турмуш қуришда, “бу инсон чиндан ҳам менга мос келадими, мен ҳоҳлаётган инсон шуми, мени тушунадими, гапларимиз бир-бирига тўғри келадими”, деб ҳам ўйлаб кўриш керак. Кўзни, бойлик юмиб қўйиши керак эмас! Ақл билан иш қилиш керак. Бахтга олиб келадиган нима ўзи? Бу юрак, кўнгил, қалб! Ҳамма нарса жонга тегиши мумкин, охири барибир ҳаммаси қалбга тақалади! Қалбан яқин бўлиш, бир-бирини тушуниш, ҳаммага ҳам насиб этавермайди! Шунинг учун ҳам, бахтни қалбдан келиб чиқиб, кўра билиш керак! Ана ўшанда, “мана шу менинг бахтим” деб инсон ўшани тутиб ололса, ўшандагина чиндан ҳам бахтли бўлади!
- Қайси ўзбек фильмини маза қилиб, томоша қиласиз?
- Ҳамма эски ўзбек фильмларини маза қилиб, тамоша қиламан. Чунки, ҳаммаси билан болалик хотираларим боғлиқ. Ҳам улар ҳозирги кундаги баъзи фильмлардан ҳам маънан, ҳам сифат тарафлама устун. Улар сизга нимадур бера оладиган фильмлар.
- Ўз ҳаётингизга боғлиқ бўлган, кўрганингизда бирор хотирани ёдга соладиган фильмингиз борми?
- Ҳа, “Ромео ва Жульетта” фильми. Негаки, мен ўзимни ҳар доим Ромео, деб тасаввур қиламан. Дилимда Ромеоман, кўнглимда шундай инсонман. “Ромео ва Жульетта” фильмининг ўзбекча талқини суратга олинаётганда, мени кастингга чақиришганда, бу ролни ижро қилишни жуда ҳам ҳоҳлагандим. Ўшанда кўз тарафлама ўхшашликлари бўлгани учун Шохруххонни танлашган. Аммо, ташқи кўриниш тарафлама мен тўғри келардим. Лекин, насиб қилмаган экан. Аммо, мен ўзимни шу ролда тасаввур қиламан.
- 3 йил концерт бермаган эдингиз. Аммо, танаффусдан кейинги янги концерт дастурингиз шу қадар муваффақиятли чиқдики, нафақат аввалги концертларингизни ортда қолдирди, балки йилнинг энг яхши концертларидан бири бўлди! Бунинг сири нимада?
- Биринчи навбатда сири, мана шу 3 йил давомида бошимдан ўтган машаққатлар, синовлар ва мана шунинг тагида ётган сабру тоқат! Инсон ҳамиша сабр қилиши керак! Бахт келганда шукур қил, дард келганда сабр қил, дейишади. Бахт берганда қувонган, нега дард берганда ношукур бўлишим керак? Дард келганда, чиройли сабрни ҳам билиш керак! Мен чиройли сабр қила олдим, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда шунга ҳаракат қилдим. Буни шунга берилган мукофот, деб ўйлайман. Тўғри, кетказилган маблағ, ижодий гуруҳдагилар меҳнати, ижод, ҳаммаси аҳамиятга эга, лекин асосий сабаб, чиройли сабр қила олганим, деб ўйлайман. Машаққатли вақтларда тўғри йўл тута олганим, ота-онам дуоси, отамнинг вафотидан аввал қилган дуоси, қийин кунларда менга тиргак бўлган истаклари, деб ўйлайман.
- Концертда нималарга кўпроқ аҳамият бердингиз?
- Иложи борича, концертда очиқ бўлишга ҳаракат қилдим. Концертимнинг яна бир муваффақияти шу, деб ўйлайман. Концертда мен ҳеч нарсани яширмадим. Қандоқ бўлсам, шундоқлигимча чиқиб, ҳеч нарсани яширмай, чиройли қилиб безатмай, очиқ гапирдим. Мен ҳам, сизлардек оддий инсонман, менда ҳам сизлар каби камчиликларим, ютуқларим бор, 3 йил давомида шу ерга чиқишга ҳаракат қилдим, чиқа олмадим. Ниҳоят, вақти соати бугун экан, келдим. Келганимдан жуда ҳам бахтиёрман, худо ҳоҳласа, яна қайтиб келишни ният қиламан! Худо ҳоҳласа, дейман, чунки аввал, шунчаки “хайр” дегандим, гўёки кейинги йил сизлар билан аниқ кўришадигандек, буни аниқ биладигандек хайрлашгандим. Ваҳоланки, бу нарса 3 йилга чўзилиб кетди! Энди, худо ҳоҳласа, дейман, чунки олдинда мени нима кутаётганлигини билмайман, дедим. Қўшиқларимда ҳеч нарсани яширмай, бор ҳақиқатни намоён қилганим, деб биламан.
- Янги концерт дастурига тайёргарликларни бошладингизми?
- Янги концертга тайёргарлик, ўша концерт тугаган куннинг эртасига бошланган! Чунки, ҳар битта ижодкор концертдан қандайдир хулоса билан чиқади. Ўзини хато ва камчиликларини тарозига солиб, ўйлаб кўради. Энди ўтган йилги концертда битта қилган хатойимиз бўлди. Бу ҳам бўлса, концерт жуда совуқ кунларда бўлди. Бошқа бўш кун йўқ эди! Бу ҳам яна бир марта ўзимни синаш учун жуда зўр имконият бўлди! Энг совуқ кунда ҳам, зал тўла бўлди! Ўзим эса, аслида концерт бошлангунга қадар, томошабин келмаса, деб қўрқдим. Лекин, томошабинлар келишди! Аммо, довон ёпиқ бўлганига, кўплаб водийлик мухлисларим кела олишмади. Лекин, шунга қарамай, зал тўлганига жуда ҳам хурсанд бўлдим. Энди бу йилги концертимни худо ҳоҳласа, 7,8,9 март кунларига ўтказмоқчимиз! Насиб қилса, аёллар байрамига ўзига хос туҳфа бўлади! Репертуарларимнинг ярми, деярли тайёр, янгидан янги ғоялар бор! Ўйлаймизки, ўша кунларга етказса, чиройли концерт бериб, халқ олдида юзимиз ёруғ бўлсин!
Саида Вахобова
Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган