FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида белгилаб берган вазифалари ва Хатирчи туманида ўтказилган йиғилишдаги кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда ҳамда хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари иштирокида жорий йилнинг 30-31 май кунлари Навоий вилоятининг Нурота тумани ва Навоий шаҳрида “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали ўтказилди.
Маданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, Фестивалнинг биринчи куни Навоий вилояти Нурота туманида Қорақалпоғистон Республикасининг “Мейрас”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Бухоро вилоятининг “Қасри Орифон”, Жиззах вилоятининг “Ойпари”, Наманган вилоятидан “Уйчи тонги”, Навоий вилоятидан “Сардоба”, Самарқанд вилоятининг “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона”, Фарғона вилоятининг “Гулёр”, Хоразм вилоятининг “Наврўз”, Қашқадарё вилояти “Ризвонгул” каби энг намунали фольклор-этнографик жамоаларининг 250 нафардан ортиқ қатнашчилари ўз ҳудудига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган дастурларини намойиш этдилар.
Навбатдаги фольклор байрами бўлган “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалида Тожикистон, Афғонистон Республикасидан меҳмонлар ташриф буюришди.
Фестиваль доирасида “Алишер Навоий” номидаги маданият ва истироҳат боғининг Амфитеатрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Халқ артисти Мардон Мавлонов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Илҳом Жўраев, Санобар Раҳмонова, Рустам Абдуллаев, Асатилла Холиқов, Тўшпўлат Маткаримов, Муҳсинжон Мўминов,
Яҳёбек Мўминов, Равшан Комилов, Тўлқин Жабборов, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Мақсет Утемуродов, устоз санъаткор Равшан Намозов, хонандалар Алижон Исоқов, Сардор Мамадалиев иштирокидаги гала концерт намойиш этилди.
Фестивалда Германия, Франция, Хитой, Корея, Россия каби 50 га яқин хориж мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эл ваколотхоналарининг вакиллари иштирок этишди. Шубҳасиз, фольклор қўшиқлари ижрочилари иштирокидаги “Нурли наволар” халқаро фестивали, юртимизнинг яқинлашиб келаётган мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди. Мазкур Фестиваль янги-янги истеъдод эгаларини кашф этиб, ёшларимизнинг қадимий санъатимизга бўлган қизиқишларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
31 март куни фестивалнинг якунлари бўйича фольклор жамоаларнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.