FATTOHHON.COM
« Все новости2 июнь куни Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Маданият саройи ашула ва рақс ансамблининг “Дилларда Ватан мадҳи” деб номланган Хайрия концерти бўлиб ўтди. Мазкур Хайрия концерти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди.
Концерт Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев томонидан таъсирли оҳангда “Ватан недир” шеъри ўқилиб, монитор орқали намойиш қилинган Ватанимизни тараннум этувчи Ватанпарварлик руҳидаги видеоролик намойиши билан бошланди.
Сўнг, Ички ишлар Вазирлиги ансамбли хонандалари ва созандалари ижросидаги “Жоним сенга фидо Ўзбекистоним” қўшиғи янгради.
Концертни сўз усталари Ўткир Муҳаммадхўжаев ва Зокир Очилдиев олиб боришди.
Концертнинг мусиқий қисми давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли хонандалари ўзларининг Ватанимизни, фаровон ҳаётимизни тараннум этувчи, шунингдек, муҳаббат, меҳру оқибат, ҳамда ўз хизмат вазифасини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард Ички ишлар ходимларини хотирасини ёд этиб, кўнгилга яқин бўлган куй-қўшиқларни ижро этдилар.
Айниқса, ўз хизмат вазифасини адо этиш чоғида ҳалок бўлган жасоратли, фидоий Ички ишлар ходимлари хотирасини ёд этиб куйланган С.Ҳамдамов ва Н.Макулова ижросидаги “Хотира” қўшиғи янграганда, ҳамма кўзига ёш олди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Маданият саройи бошлиғи, майор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев саҳнада, ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган фидоий Ички ишлар ходимларини ёд этиб, самимий фикрларини баён этгач,
уларнинг оила аъзоларига, ҳамда Ички ишлар идоралари фахрий ходимларига ёш офицерлар томонидан совғалар топширилди.
Дарҳақиқат, Хотира муқаддас, Жасорат мангу! Ватан учун жонини фидо қилган мард, фидоий инсонларнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий яшайди...
Концерт давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Икромжон Бўронов,
Абдурашид Йўлдошев,
Дилноза Исмияминова,
хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев ижросида дилга яқин қўшиқлар янгради.
Ички ишлар Вазирлиги ансамбли хонандаси “Ниҳол” мукофоти совриндори Фирдавс Пазлитдинов, Ички ишлар Вазирлиги ансамбли хонандалари Шерали Бекмуродов, Фаррух Раимов, Саъдулла Бадалов, Малика Халилова, Ҳ.Ҳамидов, Ф.Қамбаров, М.Эргашева, С. Ҳамдамов ва бошқалар ўзларининг кўнгилга яқин қўшиқлари билан томошабинларнинг кўнгилларини хушнуд этдилар.
Сўз усталари Зокир Очилдиев, Аваз Охуннинг самимий ҳазиллари томошабинлар кайфиятини янада юқори кўтарди.
З.Тўйчиев, Н.Шукуриллаев ижросидаги “Спецназ” қўшиғи, ҳамда бу қўшиқ учун саҳнада намойиш қилинган саҳна кўриниши, ёшларнинг кўнглида Ватанпарварлик туйғуларини янада жўш уришига сабаб бўлиб, уларнинг кўнглида Ватан ҳимоячиси бўлишга қизиқиш, ҳамда мазкур касбга нисбатан меҳру муҳаббат уйғотиб, кучли олқишларга сабаб бўлди!
Концерт дастури барча санъаткорлар биргаликда куйлаган кўтаринки руҳдаги “Биз ёнмасак” қўшиғи билан якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Маданият саройи бошлиғи, майор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев: - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Маданият саройида бир қатор санъаткорлар фаолият юритишади. Улар ички ишлар ходими сифатида, лекин санъат йўналишида хизмат қилишади. Ички ишлар Вазирлиги Маданият саройи ашула ва рақс ансамблида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, сўз усталари, ёш истеъдодли санъаткорлар ижод қилиб, фаолият юритишади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Раҳбарияти ташаббуси билан бутун Республикамизнинг барча вилоятларида халқимизга хайрия концертлари ҳавола этдик. Бу концертларимиздан асосий мақсадимиз халқимизга кўтаринки кайфият улашиш, ёшларимиз қалбига Ватанпарварлик руҳини сингдириш! Хизмат вазифасини сидқидилдан адо этиш чоғида ҳалок бўлган жасоратли, фидоий ходимларимизнинг оила аъзоларини концертларга таклиф қилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраб, уларга эътибор кўрсатиш, совғалар улашиш, ёрдамга муҳтож бўлган Ички ишлар идоралари фахрийларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам мана шундай концерт дастурлари ташкиллаштирилган. Бундай концерт дастурларимиз апрель-май ойларида Республикамизнинг барча вилоятларида бўлиб ўтди! Чекка ҳудуд, туманларгача, чегара ҳудудларгача санъаткорлар билан бориб, аҳолига хайрия концерт дастурларини ҳавола этиб, кўнгилларга қувонч улашдик, ишлаб, ижод қилдик. Энди эса, бугун пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” саройида ушбу концерт дастурларимизнинг якуний босқичини Тошкент шаҳри аҳолисига, Пойтахтимизда хизмат қилаётган Ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзоларига тақдим этдик. Бугун ҳам, Пойтахтимизда Ички ишлар соҳасида хизмат қилиб, хизмат вазифасини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини концертимизга таклиф этиб, уларга озгина бўлса ҳам, эътибор кўрсата олдик, деб ўйлайман. Ушбу концерт дастурлари билан халқимизни хурсанд қила олган бўлсак, уларнинг қалбига қувонч улаша олган бўлсак, демак, биз санъаткорлар озгина бўлса ҳам мақсадимизга эришдик, деб ўйлаймиз. Юртимиз ҳамиша тинч бўлсин, осмонимиз мусаффо бўлсин! Биз санъаткорлар ҳамиша юртимизнинг яхши кунларида хизмат қилиб, уларнинг кайфиятини кўтариб юраверайлик.
Бундай концерт дастурлари ёшларимиз қалбида Ватанимизга меҳру муҳаббат ҳиссини кучайтириб, уларни юртимиздаги тинчлик, фаровонликнинг қадрига етишга, ҳамда мана шу тинчлик, фаровонлик учун ҳамиша сафарбар бўлган, Юрт ва халқ тинчи учун жон фидо қилган фидоий соҳа ходимларининг Хотираси муқаддас эканлигини ҳамиша қалбда сақлашга ундаши шубҳасиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова