FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни жорий йилнинг 28-29 январь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Чироқчи туманида ўтказилган йиғилишда мақом санъатини янада ривожлантириш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган намунавий мақом ансамблларини чолғу-асбоблари билан таъминлаш бўйича берган топшириқларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбек Миллий Мақом Санъати маркази томонидан ҳудудларда фаолият юритаётган намунавий “Мақом” ансамблларини миллий чолғу-асбоблари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқаро мақом санъати анжуманини ташкил этиш учун тайёргарлик кўриш ва мақом жамоаларининг ижодий салоҳиятини ошириш, уларнинг янги профессионал чолғу асбоблари билан таъминлаш борасида иш олиб борилмоқда.
22 июнь куни Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан бирга Ўзбек Миллий Мақом санъати Марказига ташриф буюриб, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли созандаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг совғаси бўлмиш профессионал чолғу асбобларини топшириб, уларга келгуси ишларида омад ва ижод йўлларида улкан зафарлар тиладилар.
Шунингдек, мазкур тадбирда Ўзбекистон Халқ артистлари Исроилжон Вахобов, ҳамда Матлуба Дадабоева ҳам иштирок этишди.
Совғалар топширилгач, “Мақом” ансамбли созандалари ва хонандалари томонидан кичик концерт тарзида куй-қўшиқлар янгради.
Ўзбекистон Халқ артисти, устоз созанда Абдуҳошим Исмоилов: - Ҳаммамизга маълумки, жуда ҳам бахтли кунлар, бахтли онларда яшаётганлигимизнинг исботи сифатида, бугун бизнинг “Мақом” ансамблимизга Муҳтарам Президентимизнинг совғалари топширилиб, келажак авлодга мақомни ривожлантириш ва мақомга бўлган юксак эътиборининг бир далилини ўз кўзимиз билан кўрдик. Янги созлар, уд дейсизми, доира, ғижжак, най, умуман ҳамма созлардан мана бугун “Мақом” ансамблимиз, Президентимизнинг катта совғаларини қабул қилдик! Ўзимизда йўқ хурсандмиз! Бизнинг ниятимиз, мана шу бизга берилган ишончни, фақатгина “Мақом” ансамблига эмас, бутун Ўзбекистондаги мақомчиларга берилган Муҳтарам Президентимизнинг ишончини оқлашимиз керак! Бунинг учун нима қилиш керак? Бунинг учун ҳамма ҳушёр бўлиши, бутун фикри-зикрини мақомга бериши керак! “Мана шу мақомнинг эгасиман, шунинг учун туғилганман, шу юртнинг мақомини ривожлантираман” деган катта масъулият керак! Мана шу масъулият даражасида биз Шаҳрисабзда бўладиган Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарликни бошладик! Бугун ҳам мана шу ерда “Сарахбори Ироқ”дан бошлаб, “Сарахбор” билан тугатдик. Нима учун? Бунинг сабаби, ўртасида устоз санъаткорлар Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Камолиддин Раҳимовнинг қўшиқлари, Хоразм мақоми, Бухоро мақомларини нега қўшдик? Сабаби, булар ҳаммаси мақомдан яралган! “Бобоси” Мақом! Тагида мақом турибди! Шунинг учун ҳам, ҳозир ижро қилинганда фақат мақом деган фикр бўлиб қолмаслиги учун, қолаверса, ёшларимиз мақомни ўрганишса, сезишса деб ўртасига бошқача жанрларни ҳам қўшдик! Ёшларимиз мақомни ўргансалар, улар улуғ санъаткор, улуғ созанда, улуғ бастакор бўлиб етишадилар. Шунинг учун ҳам Худо ҳоҳласа, 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган Халқаро Мақом Анжуманида юртимизнинг катта мақомини дунёга кўрсатиш ва шунга бош-қош бўлган раҳбарларимиз олдида юзимизни ёруғ қилиш, асосий мақсадимиздир!
ТАДБИРДАН ВИДЕОЛАҲЗАЛАР!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова