FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Бу лойиҳа ҳақиқий истеъдодлар учун катта йўл очиб берди! Бу нафақат Фонд Форум, Билайн компанияси, нафақат мана шу ёш истеъдодларнинг, балки Ўзбекистонимиз, Ватанимиз, санъатимизнинг ютуғи, деб ўйлайман. Ҳар бир истеъдод эгаси ўз йўналиши бўйича, ўзига хос. Танловнинг илк босқичларидан жараёнларда иштирок этиб, кузатиб бордим. Ҳар бир ҳайъат аъзоси ўз фикрини эркин билдириб, ҳар бир истеъдоднинг маҳорати устида тортишиб, ҳақиқий эркин рақобат бўлди. Бу лойиҳа натижасида санъатимиз учун янги истеъдод эгалари кашф этилди! Бу лойиҳанинг давомийлиги зарур, назаримда. Мана шундай юқори савияда, мақомчилар танлови ҳам, бўлса яхши бўларди, деб ўйлайман. Шахсан ўзим мақомчи эмасман, лекин классик санъатимиз, миллатимизнинг миллий бойлиги. Классик санъати бор халқлар эса жуда кам. Бизда эса мукаммал миллий классик санъатимиз бор. Классик санъат бўйича ҳам, мана шундай юқори даражадаги танловлар бўлса, классик меросимизни ҳам ёш авлодга етказишда муносиб ўрин тутган бўларди, назаримда. Менимча, “Зўр-зўр стар” танлови, келгусида анъанавий танловга айланиб кетади, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Халқ артисти созанда Абдуҳошим Исмоилов: - Фонд Форумнинг лойиҳалари ҳаммаси бир-биридан ажойиб. Булардан бири, “Зўр-зўр стар” лойиҳаси бўлиб, жуда ҳам ўз ўрнини топган лойиҳа бўлди! Лойиҳадан мақсад, қобилиятли ёшларимизни халққа таништириш, маҳоратини намойиш қилиш. Бу лойиҳа ёшларимизни янада олдинга интилишга ундайди. Ёшларимиз ҳозирги кунда жаҳон талабларига жавоб бера оладиган ёшлар! Ҳар тарафлама етук ва баркамол! Санъат тарафлама ҳам, мана бугун кўриб турганингиздек ўз истеъдодларини намоён қилишмоқда! Биз уларга омад ва бахт-саодат тилаймиз! Фонд Форум мана шундай юқори савиядаги эзгу лойиҳаларида ҳамиша чин кўнгилдан хизмат қилишга тайёрмиз!
Хонанда Шахзода: - Бу лойиҳа чиндан ҳам жуда ажойиб, юксак савиядаги лойиҳа бўлди! Жонли ижродаги бундай кенг қамровли лойиҳа, менимча Тошкентда аввал ўтказилмаган эди. Бу лойиҳа янада кенгайиши ва давом этиши керак, деб ўйлайман. Чунки, бу шоу бизнеснинг янада ривожланишида ҳам, муҳим аҳамиятга эга. Бу лойиҳанинг барча иштирокчиларига келажакда омадлар ёр бўлишини тилайман!
Хонанда Нилуфар Усмонова: - Бу лойиҳа ёшларга катта имкониятлар бермоқда! Мазкур лойиҳа туфайли, истеъдодли ёшлар қўллаб-қувватланмоқда! Лекин, бу ёшлар ҳозирда лойиҳа туфайли барча имконият ва шароитларга эга бўлишди. Аммо, мустақил ижод борасида эса, қандай йўл тутишар экан? Лекин, ўйлайманки, лойиҳа иштирокчилари ҳаммалари ақлли, истеъдодли ёшлар ва ўзларига билдирилган ишончни оқлашади. Улар “Зўр-зўр стар” лойиҳасининг юзи ҳисобланадилар. Ўзларини кашф қилган лойиҳага, устозларига муносиб, халққа манзур санъаткорлар бўладилар, деган умиддаман.
Хонанда Райҳон: - Бу лойиҳага танлов асосида, юртимиздаги ёшлар орасидан, энг қобилиятли ва энг маҳоратлилари танлаб олинган. Бу ерда иштирок этишнинг ўзи фахрли. Чунки, ҳақиқий ижодий муҳит, бу ерда иштирок этаётган ёшлар эса, эстрадамизнинг келажагидир. Мен эстрадамиз келажаги мана шундай яхши овоз соҳиблари бўлган, фаол, етук ёшлар эканлигидан хурсандман ва фахрланяпман.
“Саҳро” гуруҳи: - Бу телелойиҳа жуда ҳам қизиқарли ва ёш истеъдодлар учун жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Бу телелойиҳа қўшиқ куйламоқчи, ўз келажагини хонандалик билан боғламоқчи бўлган ёшлар учун жуда ҳам керак! Чунки, унинг шартларига кўра, жонли ижрода куйлаш керак. Бу жуда ҳам қийин бўлса ҳам, ҳаракат қилиш керак. Ҳозирда баъзи ёшлар ўз ижодини фонограмма билан боғлаётган бир пайтда, бу лойиҳанинг аҳамияти катта! Лойиҳа иштирокчиларининг ҳаммаси истеъдодли ёшлар, ҳаммаларига ижодда омад тилайман!
Хонанда Лола: - Бу лойиҳа менга жуда ҳам манзур бўлди ва уни чин дилдан қўллаб-қувватлайман! Бу бизнинг шоубизнесда катта ва муҳим қадам бўлди, деб ўйлайман. Энг муҳими, бу лойиҳа ёш истеъдодларни қўллаб-қувватламоқда! Негаки, лойиҳа сабаб, истеъдодли ёшларимизда ўз маҳоратини кўрсата олиш имконияти пайдо бўлди! Масалан, илгари бундай имкониятлар йўқ эди. Энди эса, ёшлар ўзларини намоён қилиб, катта саҳнага чиқишлари, ижодий йўлдан боришлари мумкин. Мен бу ёшларнинг ҳаммасига овоз берган бўлардим. Санъат, истеъдод, дўстлик, қобилият, истеъдод, барчаси мана шу лойиҳада мужассам.
Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев: - Бугун кутилган кун, етиб келди! Барча иштирокчиларнинг ҳаяжонлари ва қувончи чексиз эканлиги кўриниб турибди. Бугун мана шу иштирокчиларга овоз берган мухлислар интизорлик билан кутган кун! Сабаби, бугун энг кучлилар танланган. Бу мен учун ҳам узоқ кутилган кун, сабаби мен бугун “Истиқлол” санъат саройида, шу лойиҳа иштирокчиси бўлган ёш хонанда Мадина билан нафақат куйлаш, балки мусиқаси ҳам созандалар томонидан 100 фоиз жонли чалинган қўшиқни ижро қилдик. Мен ҳам, қайсидир маънода мухлислар олдида имтиҳон топширдим, десам бўлади. Бу аввал хонанда Райҳон билан биргаликда куйлаган, “Ўқилмаган китоб” қўшиғи. Шуни айтиб ўтишим керак, декорация, саҳна безатилиши, ниҳоятда ажойиб! Ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, бизга шундай имкониятлар яратиб, зўр созандаларни йиғиб беришди, шундай жонли ижрода куйлаш бахтига муяссар бўлдик. Менда кимдандир машҳурроқман, деган тушунча йўқ! Мен ҳам улар билан бир хилман. Энг муҳими эса, Мадина билан қўшиқни жонли ижрода куйлашимиз, жонли ижрода ҳам куйлай олишимизни кўрсатиш ва қўшиқ, ижройимиз мухлисларга манзур бўлишидир.
Хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов: - Телелойиҳа ёш истеъдодларнинг ижодида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Менга телелойиҳанинг финал босқичи жуда ҳам манзур бўлди! Катта саҳна, бир-икки номерларни кўрганимда, ҳаттоки этларим жимирлаб кетди. Ўзим ҳам ҳайъат аъзолари сафида эдим. Уларнинг иштироки билан боғлиқ жараёнларни мунтазам равишда кузатиб бордим. Санъаткор сифатида яхши истеъдод, қобилият эгасига овоз бердим. Биринчи ўрин эгаси Улуғбек Холиқов ўйлайманки, ўз қобилиятига кўра муносиб ўрин олди!
Телебошловчи журналист Ойбек Рихсибеков:-Бу Ўзбекистондаги илк мусиқий катта лойиҳа! Аввал шундай танловлар бизда ҳам бўлармикан, деган фикр ўтганди. Мана бугун ўзимизда, ўзимизнинг ёш истеъдод эгалари иштирокида, шундай танловнинг гувоҳи бўлиб турибмиз! 3 ой давомида бўлиб ўтган “Зўр-зўр стар” телелойиҳаси жуда ҳам муваффақиятли бўлди! Энг муҳими, ҳар бир иштирокчи устозлар томонидан юқори дид билан саралаб олинди! Кейинги босқич, иштирокчилар 3 ой давомида маҳорат, вокал ва рақс дарслари билан тарбиялаб борилди, яхши сабоқ берилди. Уларга ҳавасим ҳам келяпти. Айниқса, улар орасида махсус грантни қўлган киритган Роман Ветровга жуда ҳам ҳавасим келди. Чунки, у ҳар бир актёр ўқишни орзу қилган олий ўқув юртида ўқиш имкониятини қўлга киритди! Бундан ташқари, барча иштирокчиларга ўз самимий ниятларимни билдираман! Асло тўхтаб қолишмасин! Мунтазам ижод қилиб, олдинга қадам босишсин! Улар нафақат ўзбек эстрадаси, балки жаҳон эстрадаси юлдузига айланишларининг тилакдошиман! Лойиҳа ҳақида айтсам, энг юқори баҳога муносиб! Лойиҳа ташкилотчиларига ўз ташаккуримни изҳор этаман!
“Zo`r - zo`r star” лойиҳаси ғолиби Улуғбек Холиқов: - Умуман, якунловчи концертда финалга тушишимни ўйлаганимда, жуда ҳам ҳайрон бўлганман. Чунки, танловнинг дастлабки концертларида маълум бир сабабларга кўра, ўзимни кўрсата олмаган эдим. Финалда чиққанимдан кейин эса, биринчи ўринни олганимни эшитганим, мен учун жуда ҳам кутилмаган қувончли ҳолат бўлди! Ҳозир ҳаяжонимни тушунтириб бера олмайман! Менга баъзилар “сен биринчи ўринни олсанг керак” деб тахмин қилишганида, ишонмаган эдим. Менга омад кулиб боқди! Лекин, фақат ва фақат мухлислар ёрдам беришди! Уларга раҳмат! Шунингдек, мана шундай катта лойиҳа ўтказиб, бизга имкониятлар яратиб берганликлари учун Фонд Форум ва “Билайн” компаниясига ўз миннатдорчилигимни билдираман! Жонли мусиқа жўрлигида, жонли ижрода куйлаб, ўз маҳоратимизни кўрсата олганимиздан бахтиёрман! Бундан олдин ҳам катта саҳнага чиққандим, лекин унда фонограмма куйлаганман. Бу гал эса, тўлиқ жонли ижро, катта масъулият, тушунтириб бериш қийин, ҳаяжон жуда ҳам кучли бўлди! Келажакдаги ижодимда ҳам жонли ижрони давом эттираман, чунки, жонли ижро билан танилдим, деб ўйлайман. Бундан ташқари, бошқа янги йўналишларда ҳам қўшиқлар ижро қилиш ниятим бор.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова