FATTOHHON.COM
« Все новости“Тарона” студияси “Сетора” гуруҳига ёш хонанда қизларни жамлади. Гуруҳнинг бу галги янги таркиби, бутунлай ўзгача. Ундаги хонанда қизлар, томошабинларга мутлақо нотаниш эмас! Бу галги “Сетора” гуруҳига хонандалар қандай қабул қилинди? Гуруҳнинг келгусидаги фаолияти ҳақида, янги “Сетора” гуруҳи қизлари ва “Тарона” студияси директори Даврон Муқимов билан суҳбатлашдик.
- Гуруҳ таркибига хонанда қизларнинг қабул қилиниши қандай кечди? Биз ҳеч қандай катта кастинг ҳақида эшитмадик...
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Албатта, биз катта кастинг уюштирганимиз йўқ! Ёпиқ кастинг уюштирдик, бунинг сабаби, биз бу хонанда қизларни аввалдан билардик. Масалан, Гўзал, у хореограф сифатида бизнинг кўпгина хонандаларимизнинг қўшиқларига рақслар саҳналаштирган. Лоланинг концертлари ва клипларидаги рақсларнинг кўплари унга тегишли. Азизани эса, яхши вокалист сифатида биламиз. Анчагина вақт давомида гуруҳларда фаолият юритган. Самира гуруҳда энг ёши ва иқтидорли майин овоз соҳибаси. Уччовини жамлаганимизда, яхши гуруҳ чиқишига ишончимиз комил бўлди. “Сетора” гуруҳининг аввалги таркиби билан шартнома муддатимиз тугагач, биз “Сетора” номи барибир бренд эканлигини ҳисобга олган ҳолда, унга янги хонанда қизларни жалб этиб, янги таркиб туздик. Биз бу номни йўқотишни истамадик, лекин биз бу билан, бу янги “Сетора” айнан биринчи “Сетора”дек бўлади, демоқчи эмасмиз. Биз бошидан очиқ ва аниқ айтамиз, биз бу янги таркибни “Сетора” гуруҳининг аввалги таркиблари билан солиштирмоқчи эмасмиз! Чунки, биз ҳозирда бу янги таркибга бутунлай бошқача ёндошмоқдамиз! Биринчи навбатда, масалан, “Сетора” гуруҳининг бу янги таркибидаги хонандаларнинг вокал борасидаги билими кучли! Буни томошабинлар ҳам сезишган бўлсалар керак, иккинчи клипимиз ҳам тайёр бўлди, илк мусиқий альбом ёзиб тугатилмоқда! Гуруҳнинг аввалги таркибидагилар билан вокал борасида муаммолар бўлган, лекин булар билан вокал борасида ҳеч қандай муаммо йўқ! “Сетора”нинг бу таркиби универсал дея оламан, чунки уларнинг барчасининг овозида муаммо йўқ, ташқи кўриниш манераси ҳам яхши ва улар ишга ҳам тез киришиб кета оладилар. Масалан, қўшиқни ҳам тез ўзлаштириб, куйлайдилар. Биз уларга ижод борасида эркинлик берганмиз, сабаби, улар ёш ва ҳозирги кунда ёшларга нима ёқишини яхши биладилар, деб ўйлаймиз. Масалан, “Бу юрак” уларнинг бастакорлар билан ҳамкорликдаги ижод намунаси. Улар ҳаммасини бастакорлар ҳам билан ҳамкорликда тайёрлаб продюсерга кўрсатишган эди, маъқул бўлди. Клипни ҳам ўзлари ижод қилишди.
- Лекин, сиз барибир томошабинлар, тингловчилар таққослайдилар, деб ўйламадингизми?
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов:- Таққослашлар бўлиши мумкин. Лекин, балки бу тарафлама яхши ҳамдир. Негаки, агар биз бутунлай бир янги гуруҳ ташкил қилганимизда, ҳеч ким таққосламаслиги, аҳамият ҳам бермаслиги мумкин эди.
- Демак, пиар учун ҳам, яна “Сетора” номи остида?
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Ҳа, шундай деса ҳам бўлади.
- Ҳозирги вақтда “Сетора”нинг янги таркиби нималар билан банд?
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Ҳозирда улар ўзларининг илк мусиқий альбомини ёзиб тугатмоқдалар. Альбом номи ҳали қўйилмади. Биз ҳеч кимга кераги бўлмаган кўп қўшиқлар ёзгандан кўра, яхши ва сифатли қўшиқлар тарафдоримиз. Ҳозирда гуруҳ репертуари жуда аниқ ва дид билан танланмоқда! Улар бир неча хорижий қўшиқлар ҳам куйлашди. Чунки, Қозоғистон ва бошқа жойларга гастролга боришганида, ўзбек тилидаги қўшиқлардан ташқари, хорижий қўшиқларни ҳам сўрашади. Уларнинг илк мусиқий альбоми кузда тайёр бўлади!
- Нима учун, доим ёпиқ кастинг ўтказасизлар?
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Катта очиқ кастинг учун, жуда кўп бўш вақт керак бўлади! Масалан, бир янги гуруҳ тузиш учун очиқ кастинг ўтказсангиз, камида 2 ой вақт кетади. Балки, бу бир тарафдан яхшидир, лекин сиз кўп вақт йўқотасиз, харажатлар ҳам кўпаяди. Агар сиз ёпиқ кастинг қилсангиз, сизга кимлар кераклигини ва уларни қаердан топишни яхши биласиз! Натижада сиз аниқ мақсад сари ҳаракат қиласиз! Консерватория, Эстрада цирк коллежи, мусиқий билим юртлар... айнан сиз истаган йўналиш! Масалан, Консерваторияни ёки мусиқий йўналишдаги ўқув юртларни олсангиз, йилига қанча битирувчи бўлади.
- “Сетора”ни яна қайта ташкил қилишдан мақсад? Фақат номи учунми?
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Биринчи навбатда “Сетора” гуруҳи деган номни, унутилиб йўқолиб кетмаслиги учун! Чунки, бу гуруҳ, барибир Ўзбекистондаги биринчи энг машҳур гуруҳ, биринчи машҳур бўлган қизлар гуруҳи! Бу оммалашиб, танилган гуруҳ ва биз бу номни йўқотишни истамаймиз! Биз албатта, айнан биринчи гуруҳдек гуруҳ қилмоқчимиз, дея олмайман. Лекин, улар энг яхши ўнталикда бўлишлари учун ҳаракат қиламиз!
- Аввалги “Сетора” таркибидаги хонандалар учун студияда шароитлар яратилган бўлиб, улар вокал бўйича шу ерда сабоқ олишарди. Янги “Сетора”-чи?
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Уларга олдингидан ҳам кўра, яхшироқ шароитлар яратилган! Аввалги хонандалар келиб, бу ерда фақат вокал дарси олиб, сўнг уларга тайёр қўшиқлар бериларди. Ҳозир эса, гуруҳнинг янги таркибига кенг ижодий имкониятлар берилган. Улар ўзлари истаган услубда қўшиқ яратиш ва куйлаш имкониятига эгалар. Масалан, сокин қўшиқ куйламоқчимисиз, марҳамат, мана сизларга бастакор, аранжеровкачи, шоир, биргаликда яратинг! Ижод намунаси тайёр бўлгач, биз унинг продюсерлар ва раҳбарият билан биргаликда тинглаб кўрамиз. Уларга қўшиқ танлаш, имидж ва клиплар борасида, ижодий эркинлик берилган! Лекин, албатта назорат ҳам бор. Масалан, қўшиқлар савияси, имидж ва клиплар ғоясига албатта, раҳбарият томонидан кўриб чиқилади. Аммо, уларнинг истаги ҳам инобатга олинади. Улар нимани исташса, нима зарур бўлса, барчаси бор. Масалан, хореографиядан сабоқ олишмоқчими, вокал бўйичами, марҳамат! Барча имкониятлар яратилган. Лекин, гуруҳ қизлари билан шартнома муддати сир. Муддат ўзгариши ҳам, узайтирилиши ҳам мумкин. Ҳаммаси гуруҳнинг фаолиятига боғлиқ.
Гуруҳ қизларига юзландик.
Азиза Низомова 1991 йил 21 октябрда туғилган. “Успенский” номли мусиқа лицейини тамомлаган. Ҳозирда Консерваториянинг 3 босқич талабаси.
- Азиза, сиз қачондан буён “Тарона” билан танишсиз?
Азиза: - 2006 йилдан буён, ўша вақтларда биз ҳозирда актрисалик фаолияти билан шуғулланаётган Асал Шодиева билан биргаликдаги гуруҳда фаолият юритардим. Биз “Тарона”га келганимизда, бизга қўшиқ совға қилишганди. Унда ёш эдик ва жуда хурсанд бўлганмиз. Қўшиқни шу ерда куйлаб, ёздирганмиз. Шу тарзда, “Тарона” билан танишганмиз.
- Сиз яккахон хонанда сифатида фаолият юритиш фикрида бўлмаганмисиз?
Азиза: - Биласизми, мен гуруҳда ҳам қўшиқ айтганман, яккахон ҳам, Асал билан ҳам гуруҳда куйладик. Сўнг, мен “Дурдона” гуруҳи таркибида ҳам фаолият юритдим. Маълум бир вақтдан сўнг, ўзим яккахон тарзда ижод қилдим. Клиплар ҳам суратга олдирдим. Шу вақтда, янги “Сетора” гуруҳига таклиф қилиндим ва буни ажойиб имконият деб ўйлайман. Чунки, шундай бир таниқли гуруҳ ва унга қабул қилинишни шараф, деб биламан.
- Гуруҳдаги фаолиятингиздан сўнг, яккахон ижод қилишингиз мумкинми?
Азиза: - Менимча, гуруҳда куйлагандан кейин бундай фикрда бўлмаслик керак. Гуруҳнинг бу таркиби анча вақт давомида фаолият юритиб, ўз мухлисларига эга бўлишимизга ишонаман!
- “Тарона”да сизларга яратилган шароитлар?
Азиза: - Ўйлайманки, “Тарона”да биз учун энг қулай ва энг зўр шароитлар яратилган! Энг муҳими, ижодий эркинлик бор ва ҳеч қандай бир чегаралаш йўқ! Бу ўзингни кўрсата олиш учун энг муҳим жиҳатлардан бири! Бизнинг шоу бизнесдаги энг яхши имкониятлар ва ҳуқуқлар, барчаси бизда бор.
- Агар вақт ўтиб, гуруҳнинг шартнома муддати тугаса, сизлар бошқа гуруҳлар каби ажралиб кетмай, биргаликда фаолият юритишларингиз мумкинми?
Азиза: - Мен “Тарона” биздан юз бурмаслигига умид қиламан! “Тарона” Ўзбекистондаги энг машҳур компаниялардан бири ва усиз бу гуруҳнинг фаолият юритиши мумкин эмас, деб ўйлайман! Биз олдиндан бир нарса дея олмаймиз, агар сиз айтган ҳолат юз берганида ҳам, кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади.
- Қанчалик дўст, аҳилсизлар?
Азиза: - Биз жуда ҳам аҳилмиз! Бунинг асосий сабабларидан бири, ёшимизда фарқ бор. Қизиқишларимиз ҳам турлича ва биз бир-биримиз учун қизиқарлимиз. Ҳар биримизнинг ўз ҳаётимиз бор. Ҳар биримизнинг ўз дунёйимиз бор. Биз қўшиқ куйлашни ва ижод қилишни истаймиз. Бизни “Тарона рекордс” бирлаштиради. Масалан, Гўзал гуруҳимиз юраги, бизни доим олдинга ундайди. Жуда ҳам ғайратли қиз! Унинг ўз рақс гуруҳи ҳам бор ва улар кўплаб машҳур юлдузларимизнинг концертларида, клипларида рақсга тушишади. Самира эса, ичимизда энг ёши ва у ўқишни жуда яхши кўради. Институтга тайёргарлик кўрмоқда, инглиз тилини ўрганмоқда. Бизнинг дўстлигимиз узоқ давом этади ва ҳеч қачон бир-биримизнинг жонимизга тегмаймиз, деган фикрдаман.
Гўзал Бурҳонова 1987 йил 3 мартда туғилган. Юридик коллежда таҳсил олган. Хореограф, рақс билан шуғулланади. Рақс гуруҳи билан кўплаб хонандаларнинг клип ва концертларида мунтазам иштирок этиб келган.
- Сиз ўз фаолиятингизни рақсдан бошлагансиз. Эндиликда эса, “Сетора” гуруҳига хонанда сифатида қабул қилиниш сиз учун қандай кечди?
Гўзал: - Болаликдан рақс билан шуғулланиб келганман. Қўшиқ айтишни доим орзу қилардим. Бу компания билан шартнома тузиш ва гуруҳда бўлиш, мен учун катта бахт! Болаликдан “Сетора”нинг қўшиқларини тинглаб катта бўлганман ва бу гуруҳда қўшиқ айтишни орзу қилгандим.
- “Тарона” билан қанчадан буён ҳамкорликни йўлга қўйгансиз?
Гўзал: - 2008 йилдан буён! Бу мен учун ҳам, гуруҳимиз қизлари учун ҳам, шунчаки компания эмас! Бу оила! Бу ерга келганингда, доим бу ердагиларни сени қўллаб-қувватлашларини, сенга ёрдам беришга тайёрликларини ҳис қиласан ва аниқ биласан. Масалан, концертларда ҳар қандай қийин вазиятдан чиқишга ҳам йўл топа оладилар. Улар нафақат ўзларининг, балки бирга ишлаётган ва ҳамкорлик қилаётган хонандалари, ходимларининг қизиқишларини ҳам эътиборга оладилар, улар ҳақида ўйлайдилар.
- Болаликдан рақс билан шуғулланган экансиз. Вокал билан-чи?
Гўзал: - Болаликдан қўшиқ куйлашни жуда яхши кўрардим ва машқ қилганман. Менинг микрофоним бу дезодорант бўлган. (самимий кулади) Ҳар қандай қизда ҳам шундай бўлса керак. Рақсга тушардим ва жуда ҳам фаол эдим. Болалар боғчасида ҳам, лагерларда ҳам, доим танловларда иштирок этардим. Бир ярим йил аввал эса, вокал билан жиддийроқ шуғуллана бошладим. Лекин, мунтазам равишда эмас, вақтимга қараб, қачон бўш вақтим бўлса доим вокал шуғулланардим. Аммо, аниқ бир тўхтамга келишимга тўғри келди ва хонандаликни танладим.
- Юридик соҳани рақсга алмаштириш қандай кечди?
Гўзал: - Мен бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсага қизиққанман ва шуғулланишга ҳаракат қилганман. Менга юридик соҳа жуда ёқади ва бу соҳада ҳам ишлаганман. Рақс билан ҳам шуғулланишга вақт топа олганман. Ҳозирда келажакда юридик соҳа бўйича олий маълумот олиш ниятим ҳам бор! Бу менинг ижодимга халақит бермайди, деган фикрдаман.
- Гуруҳдаги биргаликдаги ижод сиз учун қандай кечмоқда?
Гўзал: - Ниҳоятда яхши! Биз чиндан ҳам, ҳаммамиз ҳар хилмиз! Ёшларимиз ўртасидаги фарқ ҳам ҳар хил! Мен каттаман, Азиза ўртанчамиз, Самира эса кенжамиз. Худди опа-сингиллардекмиз ва ҳаммамиз, бир-биримиз ҳақида қайғурамиз! Масалан, Самира энг кенжамиз бўлгани учун ҳам, у ҳақида қайғуришимиз, ўйлашимиз одатий ҳол.
- Сизларни аввалги таркиблар билан таққослашларига муносабатингиз?
Гўзал: - Менимча, фақатгина мана шу “Сетора” номи ҳақида айтишади, шу номни таққослашади, деб ўйлайман. Лекин, биз куйлай оламиз, бу гуруҳга ижодий тажриба билан келганмиз ва тингловчилар шуни ҳам ҳисобга олиб, муносиб баҳолашлари керак, деб ўйлайман.
- “Сетора”га қабул қилингунга қадар, сиз ҳам Азиза каби куйлаб, клиплар суратга олдириб улгурганмидингиз?
Гўзал: -Йўқ! Клип суратга олдирмаганман. Лекин, ўзим учун қўшиқлар куйлаб, ёздирганман. Аммо, уларни ҳеч қаерда тақдим қилмаганман!
Самира Муҳамедова 1994 йил 17 октябрда туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети қошидаги лицейни тугалламоқда. Университетга ўқишга топшириш ниятида.
- Гуруҳдаги фаолиятингиз ҳақида?
Самира:- Ҳозирда бу гуруҳда эканлигимдан жуда ҳам хурсандман! Қизлар билан ҳам дўстлашиб олганимиздан мамнунман. Улар менга керакли маслаҳатлар бераётганликларидан ва қўллаб-қувватлаётганликларидан, бу ердаги менга ёрдам бераётган инсонлардан хурсандман. Мени тажрибам йўқ ва аввал вокал билан профессионал равишда шуғулланмаганман, аммо уйда ўзим учун қўшиқлар куйлардим. Аммо, ота-онам хорижда, мен эса бувим билан яшаганман. Ҳозирда эса, менга вокал билан жиддий шуғулланиш имкони берилди.
- Гуруҳга қабул қилиниш сиз учун қандай кечди?
Самира:- Менга бу ҳақида Гўзал қўнғироқ қилиб айтди. Лекин, қандай гуруҳлигини кетаётганлигини айтмади, фақат ёпиқ кастинг ҳақида гапириб, мени жуда ҳам қизиқтириб қўйди! Мен кечаси билан ухлай олмадим ва бу ҳақида кўп ўйладим. Гуруҳга қабул қилинишни жуда ҳам истагандим. “Тарона”га келганимда, менга қўшиқ беришди ва ёд олишимни, сўнг қўшиқни ёздиришга келишимни айтишди. Мен албатта, буни амалга оширдим ва ёпиқ кастингдан ўтдим.
Гўзал суҳбатга қўшилиб: - Ундан аввал ҳам, бошқа қизлар ҳам келишганди. Уларга ҳам матн берилган ва улар ҳам қўшиқ ёздиришга келишган. Кастинг шу тарзда ўтказилган. Уларнинг овозини текшириш, қўшиқ куйлаш маҳоратини аниқлаш учун ҳам шундай йўл тутилган. Ҳозирда эстрадада овоз муҳим аҳамият касб этади. Илгари бошқача бўлган бўлиши мумкин. Лекин, ҳозирда, энг биринчи ўринда асосийси овоз, деб ўйлайман.
- Самира, сиз гуруҳнинг бу икки аъзоси Азиза ва Гўзал каби, вокал бўйича бир оз бўлса ҳам маълумотга эга бўлмасангиз, сизни гуруҳга нима учун, қайси жиҳатга кўра, қабул қилишди, деб ўйлайсиз?
Бу саволга “Тарона” студияси директори Даврон Муқимов жавоб беради: - Биз гуруҳга Азиза ва Гўзални қабул қилганимизда, яна бир овоз топиш муаммо бўлди. Бизга учта кучли овозда куйлайдиган хонандалар керак эмасди. Муҳими, уч хонанданинг овоз тембри шундай бўлиши керак эдики, ҳар бири ўзига хос бўлиб, ажралиб тура олсин! Куйлашини эшитиб, аниқ мана бу Гўзал, мана бу Азиза, деб билиниши керак эди. Самиранинг ўрнига ҳам бир неча талабгорлар бор эди. Лекин, Самирани нима учун гуруҳга қабул қилдик? Майин, овоз тембри учун! Балки, уни бошқалардан кўра вокал бўйича тажрибасизроқ бўлиши мумкин. Лекин, лицейдаги ўқишини тугатиши билан у вокалдан бошқалардан кўра кўпроқ сабоқ ола бошлайди. Аммо, ҳозирда қўшиқларни ёзиш вақтида, Гўзал ва Азиза Самирага ҳар тарафлама ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашмоқда!
- Самира сизни гуруҳга қабул қилишганда, нимани ҳис қилдингиз?
Самира:- Таърифлаб ва тушунтириб бера олмайман! Жуда ҳам бахтиёр эдим. Чунки, мана ҳалигача ота-онам ҳам, мени бу гуруҳга қабул қилишганига ҳайратда. Чунки, оилада ҳамма менинг шундай орзуйим борлигини билишарди. Лекин, буни вақт ўтиб, барча қизлардаги каби ўтиб кетадиган ҳолат, дейишарди. Аммо, менинг орзуйим амалга ошди ва мен бунга ҳалигача ишона олмай, гоҳида ўзимга, “қандай қилиб бўлди?” деб савол бераман.
- Ҳозирги кунда сиз учун ижод?
Самира:- Албатта биринчи ўринда! Шунингдек, ўқиш ҳам, чунки мен олий маълумот ҳам олмоқчиман!
- Бу саволим уччовингизга тегишли. Жонли ижрода ҳам куйлай оласизларми?
“Сетора” гуруҳи: - Буни жуда тўғри савол деб, ўйлаймиз. Албатта, ҳа! Чунки, бу гуруҳга куйлай оладиган қизларни олишган. Агар техник тарафлама имконият бўлса, бемалол жонли куйлай оламиз. Баъзида микрофонсиз ҳам, жонли ижро қилиб беришимизни сўрашганида, куйлаб берганмиз. Масалан, кўрсатувлар вақтида шундай бўлади.
- “Марди майдон” жонли ижро фестивалида қатнашиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизларми?
“Сетора” гуруҳи: - Ижод бошлаганимизга эндигина ярим йил бўлмоқда, яъни энди бошлаяпмиз. Лекин, албатта бу фестивалда қатнашиш истагидамиз. Худо ҳоҳласа келгусида, албатта қатнашамиз.
“Тарона” студияси директори Даврон Муқимов: - Ўйлайманки, “Сетора”нинг бу янги таркиби бизни уялтириб қўйишмайди. Биз уларга жуда юқори ишонч билдиряпмиз, демоқчимасман. Биз уларга реал ишонч билдиряпмиз. Ўзингиз кўриб турганингиздек, улар ўзаро аҳил, тажрибали, ақлли, истеъдодли қизлар. Масалан, улар 3-4 кун кўришмасликлари, сўнг студияга келиб хотиржам ўзаро келишиб, белгиланган вазифаларни бажаришлари, бемалол қўшиқ ёзишлари мумкин. Уларнинг ҳар бири ўз иши билан банд, лекин гап ижодга, қўшиқ айтишга келганида, улар жуда ҳам пунктуал, тез ўзлаштиришади ва амалга оширишади.
- Шахсий ҳаётга оид савол! Баъзи бир гуруҳларда, шартномада гуруҳ иштирокчиларининг турмушга чиқиши ҳақида ҳам банд киритилади. Масалан, шартнома тугагунча турмушга чиқиш мумкин эмас. Ёки мана бу вақтда турмуш чиқиш мумкин, дегандек... Сизларда-чи?
“Сетора” гуруҳи: - Балки, аввал шундай бўлгандир? Лекин, аввал шоубизнес бошқача эди, ҳозир бошқача! Бошқа гуруҳларнинг шартномаларида бу нарса бор, ёки йўқлигини билмаймиз. Аммо, бизнинг гуруҳ шартномасида, бу нарса аниқ йўқ! Улар бизга ижодий эркинлик берганликларидан ташқари, шахсий ҳаёт масаласида ҳам, эркинлик беришган. Биз биринчи навбатда қизлармиз, ўзбекмиз, шарқдаги қизлар учун оила биринчи ўринда ва энг асосийси ҳисобланади. Ҳар бир ўзбек хонандаси учун, шундай бўлса керак. Бу “Тарона”нинг ўз хонандалари ва ходимларининг ҳаёти ҳақида ҳам, қайғуришининг яна бир исботидир. Шахсий ҳаётга оид ундай ноўрин ва қаттиқ талаблар бўлмаганлиги учун ҳам, “Тарона”дан беҳад миннатдормиз!
- Гуруҳда лидер ким?
“Сетора” гуруҳи: - Бизда лидер йўқ! Ҳар биримиз ўзимизча лидермиз! Ўзаро маслаҳатлашиб, аҳилликда бир қарорга келамиз. Кимдир бош бўлиб, унинг гапи қонун, деган нарса йўқ. Ҳар бир қиз, гуруҳ солисти ва ўз фикрига эга. Бу гуруҳда жуда ҳам муҳим жиҳат, деб ўйлаймиз, чунки кимдир асосий солист бўлса, бу гуруҳни инқирозга ҳам олиб келиши мумкин. Бизда ҳамма ўз амплуасида. Ҳал қилувчи сўзни эса, доим “Тарона” айтади!
Таққослашлар борасида “Сетора” гуруҳи: - Баъзилар бизни аввалги таркиблар билан таққослашлари табиий ҳол. Бу ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Биринчи гуруҳ, бу доим биринчи бўлгани учун ҳам, биринчи. Яъни, оригинал, доим оригинал, дегандек. Лекин, биз уларнинг ўрнида ёки улардек бўлмоқчи эмасмиз. Биз бутунлай бошқа гуруҳмиз! Фақат, “Сетора” номи остидамиз! Аммо, биз бутунлай бошқа инсонлармиз! Умид қиламиз, ўз ижодимиз билан қачон бўлса ҳам, тингловчилар қалбидан жой оламиз! Биринчи “Сетора” даражасида бўлмаса ҳам, тингловчилар бизнинг қўшиқларимизни тинглаб, ўз фикрларини билдирадилар, деб ўйлаймиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова