FATTOHHON.COM
« Все новости12 июнь куни соат 11.00 да Фонд Форумнинг Анжуманлар залида III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофорумига тайёргарлик мавзусига бағишланган илк матбуот анжумани бўлиб ўтди. Шу йилнинг 19-24 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми, Фонд Форум томонидан “Ўзбеккино” миллий агентлиги кўмаги остида ўтказилади. Унда тўлиқ метражли, қисқа метражли ва анимацион фильмлар иштирок этади.
Мазкур анжуманда “Олтин гепард” ТХКФ бош директори Акбар Ҳакимов, киношунос, “Олтин гепард” ТХКФ дастурлари директори Нигора Каримова, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Жаҳонгир Қосимов, ҳамда актёр Мурод Ражабов иштирок этиб, анжуман иштирокчиларининг саволларига жавоб қайтариб, III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми юзасидан фикр ва мулоҳазаларини баён этишди. Жумладан, III “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофорумининг бу йилги мавзуси (слогани), концепцияси, унда иштирок этиш учун қайси давлатлардан аризалар тушаётгани, фильмларни Кинофорум учун саралаш, Кинофорумнинг танловдан ташқари дастурини ҳам ўзига хос равишда ўтказиш ва бошқа мавзулар тилга олинди.
Шунингдек, анжуманда ОАВ вакиллари ва кино оламининг бошқа намоёндалари иштирок этдилар. Жумладан, режиссёрлар Баҳодир Одилов, Аюб Шаҳобиддинов, киношунос Феруза Нодирова, актрисалар Лола Элтоева, Жамила Ғофурова, Шаҳзода Муҳамедова ва бошқалар...
2013 йил 26 февраль куни “Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми дирекцияси Кинофорумнинг танловга киритилган ва танловдан ташқари дастурларида иштирок этиш учун тўлиқ метражли, қисқа метражли ва анимацион фильмлар қабули бошлангани эълон қилинган эди. Аризалар топшириш 2013 йилнинг 10 июлига қадар давом этади. Режиссёрлар, киношунослар ва кинотанқидчилардан таркиб топган саралаш комиссияси ўз ишини бошлаб юборган. Германия, Франция, Италия, Венгрия, Польша, Болгария, Корея Республикаси, Хитой, Вьетнам, Туркия, Эрон, Бразилия, Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа кўплаб мамлакатлардан фильмлар келиб тушишда давом этмоқда. Саралашдан ўтган ва танлов дастурига киритилган фильмларни баҳолаш учун маҳаллий ва хорижий кино арбобларидан иборат алқаро ҳакамлар ҳайъати тузилиб, ҳакамлар яширин овоз бериш орқали ғолибни аниқлашади. Энг кўп овоз тўплаган фильм ютуқни қўлга киритади.
Тўлиқ метражли фильмларни саралаш комиссияси ҳакамлар ҳайъати аъзолари: ТХКФ дастурлари директори Нигора Каримова, режиссёр Қамара Камалова, режиссёр Баҳодир Одилов ва бошқалар.
Қисқа метражли фильмларни саралаш комиссияси ҳакамлар ҳайъати аъзолари: кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддинов, киношунос Феруза Нодирова, кинорежиссёр Умид Ҳамдамов.
Анимацион фильмлар бўйича саралаш комиссияси ҳакамлар ҳайъати аъзолари: режиссёр-аниматор Нозим Тўлахўжаев, режиссёр аниматор Дмитрий Власов, киношунос Эльмира Ҳасанова.
Тошкент Халқаро Кинофорумининг шиори - “ХХI аср тамаддунлари: маданиятлар мулоқоти” бўлиб, бу шиор ўзгармас ҳисобланади, лекин унинг мавзуси (слогани) ҳар йили, Кинофорумнинг айнан ўша вақтдаги вазифалари ва форматидан келиб чиққан ҳолда танланади. Мавзу (слоган)нинг ўзгариши ҳар сафар жаҳон киносининг динамикаси ва ўзгариб бораётган ландшафтини ҳисобга олишга имкон беради. 2011 йилда ўтказилган биринчи Кинофорум мавзуси – “Инсоният тақдири: туйғулар фалсафаси” ҳаётий воқеалар орқали инсон туйғулари ва кечинмалари ифодаланган жанрли асарларга эътибор қаратиш имконини берган бўлса, 2012 йилдаги Кинофорум қадимги грек файласуфи Гераклит Эфесскийга тегишли - “Яширин уйғунлик ошкорасидан кучлироқ” деб танланди ва у интеллектуал, арт-хаус йўналишидаги киноларга эътиборни кучайтирди.
Учинчи кинофорумнинг слогани: лотинча Per Speculum Et In Aenigmate бўлиб, у “Кўзгу ва тилсимда, акс-садо ва маъжозий ифодада” деган маънони англатади.
III “Олтин гепард” Халқаро кинофорум дастуридан анъанага кўра, танлов дастурига киритилган фильмлар намойиши, хорижий кино арбобларидан маҳорат дарслари, “Глобал дунёда миллий кино”илмий анжумани, танловдан ташқари дастур (“Томошабин билан юзма-юз”, “Ўзбек киноси панорамаси”, Ретроспективалар ва бошқалар) ўрин олган.
“Олтин гепард” ТХКФ бош директори Акбар Ҳакимов: - Биз кинофорумни учинчи марта ўтказяпмиз. Унинг ташаббускори Фонд Форум Васийлик кенгаши Раиси Гулнора Каримовадир. Мазкур Кинофорум Art Week Style.uz лойиҳасининг бир қисмини ташкил этади. Биз унинг концепциясини ўйлаётганда жаҳон киносининг ўзгариб бораётган ландшафтини, ўтган йиллар тажрибасини ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Кинофорум шиори “ХХI аср тамаддунлари: маданиятлар мулоқоти” ўзгармайди, лекин мавзуси (слогани) ўзгариб боради. Мавзу (слоган) ўзгариши фильмларни танлов дастури учун саралашнинг муҳим воситаси ва шарти ҳисобланади. 2011 йилда фильмлар кенг томошабинлар оммаси учун бўлган бўлса, 2012 йилда арт-хаус, интеллектуал, муаллифлик фильмларига эътибор қаратилди. Бу йил эса, асосий эътибор фильмлар сифатига қаратилади.
Баҳодир Одилов кинорежиссёр: - Матбуот анжуманида кинофорумнинг қачон бўлиб ўтиши, мавзуси эълон қилинди. Кинофорум кунларигача ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Мен ҳам саралаш комиссия ҳайъат аъзолариданман. Кўплаб тўлиқ метражли фильмларни кўриб, саралашдан ўтказишимиз керак. Ҳозирда баъзи бирларини кўриб улгурдик. Лекин, олдинда жуда бир катта дастур турибди. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари кино ижодкорларидан таклифлар тушяпти. Кинофорум географияси, ландшафти кенгайиб бормоқда. Ўтган йилларда иштирок этмаган давлатлар киножодкорларидан ҳам иштирок учун аризалар тушмоқда. Эндиликда, бизнинг олдимизда, жуда катта масъулиятли вазифа турибди. Томошабинларга манзур бўладиган, кинофорум шиори ва мавзусига мос келадиган, ҳақиқий асл киноасарларни танловдан ўтказиб, ўнталикка киргазиш. Ҳали ҳаммаси олдинда.
Аюб Шаҳобиддинов кинорежиссёр: - Бу йил ҳам қисқа метражли фильмларни саралаш комиссиясига таклиф қилиндим. Ўйлайманки, бу йил саралаш ишларига янада жиддий ёндошиш керак. Биринчи йили қатнашганимда бироз қийинчиликлар бўлганди. Лекин, барибир ўзига яраша ютуқлар ҳам бўлган! Масалан, умид Ҳамдамовнинг “Назар” фильми, Ҳайъат томонидан муносиб баҳоланди. Ўйлайманки, ҳар бир Кинофорум ёшларга кенг имкониятлар беради. Қисқа метражли фильмни суратга олиш учун катта маблағ кетмайди, лекин ижодкор учун ўзига яраша эркинлик беради. Ўйлаган ғоясини, кино тилида бадиий жиҳатдан иложи борича мукаммал қилиб, яратиб бериши мумкин! Шундай фильмлар кўпайиши керак, деб ўйлайман. Қисқа метражли фильмлар ижодкорни оддий йўл билан лекин, ўзи ҳақида ёрқин таассурот қолдириш учун имконият яратадиган жанр.
Феруза Нодирова киношунос: - Анжуманда жуда ҳам конструктив масалалар, таклифлар кўриб чиқилди. Ўйлайманки, бу йилги Кинофорумнинг кўлами янада кенгроқ бўлади. Буни ўтказиладиган дастурлар, танлов фильмларининг сони, сифатидан ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда, саралаш комиссияси танловга топширилаётган фильмларни кўриб чиқиб, уларнинг энг муносибларини саралаб олишмоқда. Шу кунгача тўлиқ метражли фильмлар бўйича, саралаш кенгашига 60 дан зиёд фильмлар келиб тушди. Қисқа метражли фильмлар бўйича 100 га яқин фильмлар келиб тушмоқда. Бу ҳам бу йилги ўтказиладиган Кинофорумнинг кўлами кенгаяётганлигидан далолатдир. Энг асосийси, бу йилги кинофорумда сонга эмас, сифатга аҳамият берилади. Буни кинофорумнинг бу йилги мавзуси (слогани)дан ҳам кўриш мумкин. Бу слоган, нафақат мажозий истиораларга бой фильмларни, балки реал ҳаётни акс эттирувчи фильмларни ҳам, танловга қабул қилишга ундайдиган бир жиҳат бўлди. Бундан ташқари, бу йилги Кинофорумнинг асосий жиҳатларидан бири, бу маҳорат дарсларининг кўпайганлиги ва мазмунан бойитилганлигидир. Бунда жаҳоннинг таниқли киноижодкорлари, бизнинг киноижодкорлар билан нафақат суҳбатда бўладилар, балки бевосита тажриба ҳам алмашадилар. Бу эса Кинофорумнинг амалий жиҳатларини ҳам намоён қилмоқда. Кинофорум бу фақатгина фильмлар намойиши, юлдузлар ташрифигина эмас, балки авваламбор истеъдод, изланиш, янги қиёфаларни, янги истеъдодларни кашф қилиш ва тажриба алмашиш, маҳорат мактаблари ҳамдир.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова