FATTOHHON.COM
« Все новости
13 июнь куни «Алишер Навоий» (собиқ Панорама) кинотеатрида “Турист” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Премьерада бошқа кинопремьералардек, кўплаб шоу бизнес вакилларини учратиш мумкин эди.
Ваъда қилганимиздек, “Турист” фильми премьерасига таклифнома учун ўтказилган викторина ғолибларини эълон қиламиз. Албатта, жавоб йўллаганлар жуда кўпчилик бўлди.
Сайт бўйича барча саволларга тўғри жавоб берган Хайрулло Ҳасанов
Бир неча ғолиблар эса, вилоятдан бўлганликлари учун, премьера кунига етиб кела олмасликларини билдиришди.
Катта зал гавжум. Премьерани теле ва радиожурналист Акмал Мирзо олиб борди.
Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
“Турист” фильми режиссёрлари Аюб Шаҳобиддинов ва Ёқуб Аҳмедов
Ролларда: Ёқуб Аҳмедов, Юлдуз Ражабова, Нозим Тўлахўжаев, Дониёр Ҳафизов, Феруза Собитова, Зуҳра Солиева, Гулбаҳор Йўлдошева ва бошқалар...
Оператор Азиз Арзиқулов
Бастакор Убайдулло Каримов
Ижодкорлар таништирувидан сўнг, сўз режиссёр Аюб Шаҳобиддиновга берилди ва у барчага миннатдорчилик билдирди.
Актриса Зуҳра Солиева ҳам сўзга чиқди ва режиссёр Аюб Шаҳобиддинов билан биринчи марта бирга ишлаши эканлигини айтиб ўтди.
Сўнг, фильм намойиши бошланди.
Фильмнинг асосий ютуғи унинг ғояси бўлиб, унга кўра ҳаёти қийинчиликларга тўла қизнинг ҳаётида муҳаббат пайдо бўлиб, ҳаётини бир инсон туфайли ўзгариб кетиши тасвирланган. Алцгеймер хасталигига чалинган ота, гиёҳванд ука билан бирга таксичилик орқали кун кўриб, яшаётган қизнинг ҳаётида кутилмаганда пайдо бўлган, актёрликни орзу қилиб пойтахтга келган йигитни, кутилмаган бир тушунмовчилик сабаб, қиз турист, яъни Ҳиндистонлик деб ўйлайди. Шундан сўнг, воқеалар ривожланади.
Фильмда алцгеймер хасталигига чалинган ота образини актёр Нозим Тўлахўжаев жуда ҳам маҳорат билан ишонарли тарзда ижро қилган. Кичикроқ образ бўлса-да, ёш актёр Дониёр Ҳафизов томонидан ижро қилинган гиёҳванд ука роли ҳам жуда ишончли чиққан. Ёш актёр бир-икки эпизоднинг ўзидаёқ ўз ролини маромига етказа олган.
Фильмда Аюб Шаҳобиддиновнинг режиссёрлик ва Азиз Арзиқуловнинг операторлик ишлари муносиб даражада бўлган.
Лекин, иш бор жойда камчилик бўлади, дейилганидек, фильм сценарийсидан келиб чиқибми, ёки суратга олиш жараёнида ўзгартирилганми, баъзи бир хатолардан ҳам ҳоли эмас, назаримизда. Масалан, бош қаҳрамон йигит умуман Ҳиндистонликка ўхшамаган назаримизда. Бу ҳақида фильм якунида айтиб ўтилган, лекин унгача томошабинлар ўзлари учун хулосани чиқариб бўлиб, “Билмадингми? Наҳотки билмасанг? Кўриниб турибдию ўхшамаслиги, ўзбек ўзбекни ҳатто хорижда танийдию, шу ерда танимаса-я? Ўхшаса ҳам майли экан...” деган гапларни такрорлаб ўтиришди. Шунингдек, фильм бошланишидаёқ аэрапортдаги ҳодиса, аэрапорт муҳитининг ҳисобга олинмаганлиги, фильм давомида бош қаҳрамонлар иштирокидаги воқеалар ривожининг сунъийлиги сезилиб қолгандек... Негадир, фильм намойиши вақтида дастлабки дақиқалардан бошлаб томошабинлар экранга эмас, қўл телефонларига “ёпишиб” қолиб, чегарасиз равишда “инстаграм”у, “твиттер”ларни “гуллатган”ганликлари, фильмдаги “Ҳиндистон” линияси кўпларга эриш туюлиб, айниқса, бош қаҳрамонни опаси билан ҳиндча кийиниб келишлари, томошабинлар томонидан “бачканалик” деб баҳоланганлиги сир эмас, назаримизда.
Фильмда Нозим Тўлахўжаевнинг дардли ижроси, Дониёр Ҳафизов линияси, ҳамда Юлдуз Ражабова қаҳрамонининг тақдири нима бўларкин, деган савол томошабинларни фильмни якунигача кўришга ундай олди.
Баъзилар бу фильм ҳақида “муаллифлик фильми ва тижорат фильми орасидаги фильм” деб ҳам таъриф беришди. Одатда, баъзи фильмларга таъриф берганда, “томошабинлар онги ҳали бундай фильмларни кўриши ва тушуниши учун етарли эмас, муаллифлик фильмлари ўзига хос мазмунга эга, буни ҳамма ҳам тушунавермайди”, деб “оқлаб” изоҳ бериб кетилиши сир эмас, назаримизда. Лекин, ҳозирги томошабинлар ҳам анойи эмасликларини, глобаллашув жараёнида нафақат муҳит ва замон, балки инсонлар онги ҳам кундан кунга ривожланиб бораётганлигини ҳисобга олсак, балки чиндан ҳам томошабинларни эртакка ишонадиган вақтлари ўтиб кетгандек, назаримизда... Томошабинлар бу фильмни узоқ кутганликларини ҳисобга олсак, бундай ҳолатлар улар учун кутилмаган бўлди.
Ҳар қандай фильм тақдирини томошабинлар ҳал қиладилар.
“Турист” фильми намойиши 14 июндан “Алишер Навоий” кинотеатрида!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова